Улуғбек Ҳамдам ижодидан: ХАЁЛ ВА ҲАЁТ (ҳикоя)
ХАЁЛ ВА ҲАЁТ
(ҳикоя)
1.
Устозим адабиёт дарсларини шундай ўтардики, қандай қилиб унинг ичига кириб қолганимни ўзим ҳам билмайман. Энди ундан чиқиш бормикан…
Устозим адабиётни одамларни бирлаштирадиган олам, дерди. Ирқидан, жинсидан, динидан ва ҳатто динсизлигидан қатъий назар, барчани инсон деган умумий бир уйда жам айлаб, юрак-юракдан гурунг берадиган мезбон, дерди. Адабиёт инсонга, аввало, инсон эканлигидан сабоқ беради, сўнг қаршисидаги бошқа ҳар қандай тирик жоннинг – хоҳ у наботот, хоҳ ҳайвонот оламига мансуб бўлсин, – яна бир ўзига ўхшаш хилқат эканлиги ҳиссини юқтиради, жамики мавжудодлар ўртасига кўприк ташлайди, уларни яқинлаштиради, дерди.
У шеърни ҳам ёниб ўқирди: туркийда, форсийда, арабийда… Ора-сира ўрисча, французча, инглизча ҳам айтиб қоларди. Устозим олдин ўзбек филологиясини, сўнг хорижий тиллар факультетини битирган эди. Полиглотлиги шундан. “Уммон қадар билими бўла туриб нега азим шаҳардан чекка бир қишлоқ мактабида келиб дарс бериб юрибди экан?”, дейишарди катталар. Лекин буни тушуниш учун ҳали мен жудаям кичиклик қилардим. Кичик ёшим билан тушуниб етганим – бизлар бутун синф бир бўлиб унинг дарсларини интиқлик билан кутардик. Ҳамманинг дарсидан қочиб юргич шўх-зинда болалар ҳам айнан унинг – адабиёт устозининг дарсига кириб, мулла минган эшакдек сокинлашиб, ҳалимлашиб қоларди. Дарс бошланса, тугамаса дерди.
Ҳаммамиз шундай дердик, ҳаммамиз йиғилгандик унинг атрофига, ҳаммамиз – яхшию ёмон, урушқоғу ювош, ўғилу қиз…
Устоз муҳаббат ҳақидаги шеърларни, айниқса, ёниб ўқирди, ёниб! Балки бизнинг ўзимиз ёнадиган ёшга келиб қоганимиз учун шундай туюлгандир. Ёнган вақтларимизда, назаримда, биз билган оламга ёндош яна бир олам бордек эди. Ана ўша ёндош оламга бош суқишимиз билан эса, ўзимиз билган кўҳна оламга қайтгимиз келмасди. Ҳар ҳолда менда шундай бўларди. Тезроқ катта бўлсаму – дердим мен хаёлан ўзимга ўзим, – янги оламнинг фуқаросига айлансам, адабиёт устозим каби ёниб шеърлар ёзсам, шеърлар айтсам, адабиёт ҳақида дарслар берсам…
Дарвоқе, у ўқиган шеърларнинг орасида ўзи ёзганлари ҳам талай эди, назаримда. “Бу шеър кимники?” дея чуғурлашиб сўраганимизда, агар муаллифини айтмай кулиб қўяқолса, демак, бу уники бўларди. Мана, ҳозир ҳам устознинг бир шеъри унинг овозида шундоқ қулоқларим остида жаранглаб турибди:
Ўйларим сўнгига етмади,
Тушларим ўнгига кетмади,
Гунг тақдир бир Висол битмади…
Сенсиз мен ғарибман то абад
Муҳаббат,
муҳаббат,
муҳаббат…
2.
Йиллар ўтди. Энди мен ҳам ўз йўлимни излаб катта йўлга чиқдим. Университетга ҳужжат топширдим. Илк уринишдаёқ “думаладим”. Кейин армияга кетдим. Икки йилу икки ой аскар бўлиб хизмат қилдим. Ўтиб кетармикан десам, ўтиб кетмади муаллим қалбимга юқтирган адабиёт туйғуси. Армиядан келиб ҳам яна адабиёт йўналишига бош урдим. Бу сафар ошиғим олчи тушди: талаба бўлдим.
Кейин бир қизни кўриб қолдим. Кўриш билан етинмай, биратўла севиб ҳам қўя қолдим. Майда кетиб ўтираманми, бўладиганнинг ишнинг бўлгани яхши, дедим чамаси. Катта кетишнинг нима эканлигини эса ҳаёт кўрсатиб қўйди: нақ учқўрғон томондан ўзиям! Курсдош қиз эди у. Кўнглимга, билмайман, қаёқдандир – қуйилиб шеърлар кела бошлади. Олдинига устозимнинг севги ҳақидаги шеърларидан ўқиб юрдим. Имконини топганда қизга ҳам ўқиб бердим. Бўлмади. Бировнинг оғзи билан муҳаббат изҳор қилаётгандек бўлавердим. Шартта ўзимнинг оғзимни ишга солдим: шеър ёза бошладим. Зеро, ўзгаларнинг шеърлари менинг курсдош қизга бўлган бутун туйғуларимни ифода қилолмас эди. Мана, нима учун янги шоирлар туғилади?.. Улар эҳтиёждан дунёга келаркан, чўнг бир эҳтиёждан!.. Хуллас, мен бошқачароқ шеърлар қоралардим: на қофияси бор эди уларнинг, на нуқта-вергули. Шеър оғзаки нутқда қандай айтилса, қоғозга ҳам шундай – тиниш белгиларисиз тушмоғи керак, деб билардим. Сайқал бериб тарошлаганинг, шеърнинг юзига атир-упа сурганинг сари сунъийлик туғилади, сунъийлик бор жойда эса, гўзаллик ўлади, дердим. Қолаверса, бу ёқда дунё ўзгариб кетганди, унга қўшилиб кўнгилни изҳор қилиш йўллари ҳам бир эврилиб олганди. Ҳамма нарса ўзгаргандию лекин кўнгил ҳамон ўша кўнгил эди – у севгига, севиш ва севилишга муҳтож эди:
хаёл сурсам сен ҳақда бетин
ҳаяжоним тишлаб ва титраб
изн бермас фақат ҳаётим
дунё бошқа дунёдир энди
лекин кўнгил…кўнгил ўшадир
севмоқ истар дунёдан кечиб
Нимасини айтай, суйиб… куйиб… туйиб… шоир бўлиб қолдим. Газета-журалларда кўрина бошлади битикларим. Бир ёқдан шеърларни таҳлил қилувчи мақолалар ёздим. Улар ҳам тор мутахассислар оғзига тушди. Хуллас, қаёқдан қараманг, университетни битираётганимда севган қизимни йўқотган эсам-да, ижодкор сифатида ўзимни, ўзлигимни топа қолган эдим. “Йўқотган жойингда топасан, топган ерингда эса йўқотасан”, деганлари балки шудир. Оҳ, менга қанчалар қимматга тушганини билсангиз эди бу топиш…
3.
Орадан яна йиллар ўтди. Кўп йиллар. Бу вақтда мен бадиий, адабий- танқидий йўналишларда қатор китоблар чоп эттирдим. Энди мендан сўз ёздириб олишар, у ёки бу асар ҳақида фикр-мулоҳазаларимни сўраб мурожаат қилишарди. Кунлардан бир кун устозим қўнғироқ қилиб қолди.
– Аъло, Аваз!..
– Ассалому алайкум, устоз!
– Ваалайкум ассалом! Аваз, яхшимисиз?
– Раҳмат, устоз, яхши, ўзингиз тинчмисиз? Соғлиқлар яхшими?
– Шукур, яхшиман, соғлиқдан асло шикоятим йўқ, раҳмат. Фақат дариғдан озгина гинам борга ўхшайди.
– Хўш-хўш, қандай гина экан устоз, айтинг, уларни биргалашиб кўтарайлик.
– Энди шундай ўтиб кетаманми мен, Аваз? – томдан тараша тушгандек бошлаб қолди устоз, – нафақага чиқдим, лекин кучим-ғайратим ўзим билан. Ўғил-қиздан тинчиганман. Хўш, бу ёғига тонгнинг отишинию куннинг ботишини томоша қилишдан бошқага ярамайманми?..
– Тўппа-тўғри, устоз, нимадир қилишимиз керак, – дедим мен Дон Кихот ортидан эргашган лақма Санчо Пансага ўхшаб. – Лекин устозга қандай ёрдам беришимни, унга нима кераклигини билмасдим.
– Бир маслаҳатли иш билан телефон қилаётувдим, – деди устоз энди андак хижолат тортиб.
– Қўлимдан келса, бош устига, устоз, – дедим мен мавҳум кўмакка тараддудланиб.
– Шу десангиз, ёзилган нарсалар бориди. Анча тўпланиб қопти. Шуларни, – нима деб ўйлайсиз, – бир кичикроқ китобча қилиб қўйсакмикан, дегандим… Агар бизга ярашмаса, ростини айтаверинг, воз кечиб қўя қоламан.
– Нега энди ярашмас экан, устоз, жуда ярашади-да!.. Нималар бор, шеърлардир? – Сўрайман мен.
Устоз бир зум ўйланиб туриб дейди:
– Ҳа, ўшалар… Шундай деяпману, ёш бир жойга бориб қолганда китоб чиқараман дейиш ўзимга ҳам эриш туюляпти. Ўзимга эриш туюлиб турганда одамлар нима деркин?..
– Одамлар нима дерди, устоз! Ажаб қипти, хўп қипти дейди-да. Ахир сиз бошдан оёққача адабиёт одами бўлсайз, тилийздан тушмайдиган ўша Нодираи даврон айтганидек, дунёга келдийзми, кайфиятийзни баён этиб кетасизда, устоз. Йўқса, у гаплар шунчаки гап эдими, устоз?.. Чўчиманг!.. Шеърларийзни менга интернетдан ташлаб беринг, бир кўриб нашриётга топшираман. Ҳаражатини ўйламанг.
– Ҳаражатини сиз ўйламанг, Аваз. Нафақа пулим тўпланиб қолган, нимагаям ишлатардим шунга сарфламасам… Сиздан бошқа илтимосим бор: агар маъқул келса, икки оғиз сўз қоралаб берсайз. Дабдурустдан китоб чиқариб қўйишдан тортиняпман. Ўқувчига бироз тушунтириш берсайз. Ахир, кўп китобларга сўзбоши ёзгансиз, сўзбошини муаллиф ва ўқувчи ўртасидаги кўприк деб атагансиз, менга ҳам бир кўприклик қилинг, агар рози бўлсайз, албатта…
– Нега рози бўлмас эканман, устоз, жон деб рози ҳам, кўприк ҳам бўламан. Ахир, сиз эмасми, бизга раҳнамолик қилиб, қўлимиздан тутиб адабиёт даргоҳига етаклаб опкирган. Бир эмас, минг марта кўприк бўлсак ҳам оз, устоз, оз!
Устоз жим бўлиб қолди.
– Аъло, устоз, аъло!..
Нариги томондан пиқиллаган сас келди. Э воҳ, устоз йиғлаётган эди. Бирдан менинг ҳам кўнглим тўлиб кетди. Кўзларимни аччиқ ёшлар билан маҳкам юмдим…
– Узр… ёши ўтгани сари одамнинг кўнгли бўшаб борар экан, узр, Аваз…
– Ҳеч қиси йўқ, устоз, хижолат бўлманг, – дедим мен ҳам йиғили овозимни аранг яшириб.
4.
Устознинг аёли бундан ўн йилча бурун қазо қилганди. Устоз бўлса, қайтиб уйланмади, уйланаман демади. Бу ҳақда иккими уч кез сўз очганимда мавзуни ёпди-қўйди… Майли, ихтиёри, ахир!..
Устознинг икки қизию бир ўғли бор бўлиб, улар аллақачон учирма бўлиб кетишган: қизлар – палаҳмон тошлари турмушга чиқиб, тушган жойларида тош қотишган, ўғли бўлса, Жанубий Кореядами, Хитойдами, дастурчи бўлиб ишлайди. Устознинг айтишича, у ҳам ўша жойларда уйланиб, ўша жойларда қолишга қарор қилган экан. Ҳаётни қаранг, бир думалаб келганда инсон тақдирида нималар рўй бермайди дейсиз! Устоз эса ҳамон сўққабош. Ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз яшайди, илк китобим чиққанда қувониб кўтариб боргандим, ўшанда кўрганман. Боғига кириб оғзим очилиб қолган-ей: мана адабиётчининг ҳовлиси, мана адабиётчининг боғи! Худди адабиёт дарсларидаги тароватни боғига кўчириб ўтгандек эди устоз. Кўриб, боғнинг ҳавосидан нафас олиб тўймагандим, дилим яйраганди!.. Хайрлашиб кетаётганимда, устоз машинамнинг олдигача кузатиб чиқиб, машина қўзғалганда ҳам ортимдан қараб қолган, қараб қолгандигина эмас, изимдан анчагача юриб келганди – орткўргич ойнада ҳаммасини кўргандим. Ўшанда негадир хаёлимдан: “устозимнинг мендан қандайдир бир илинчоғи, илтимоси бормасмикан?..” деган ўй кечган. Ҳай майли, бўлса, бир кун айтар дедим-да, негадир устознинг бир шеърини ёд айта бошладим:
Менинг севгим…
Узоқларда қолиб кетди,
Ёшлигимни – бойлигимни олиб кетди.
Юрагимга тинмас ғавғо солиб кетди,
Менинг севгим…
У йўқ энди,
Соғинчларим дилни ёқар…
Қанча ёқса, менга яна шунча ёқар.
Ёзда ойча ёқар, қишда кунча ёқар…
Менинг севгим,
Сени яна кўрсам девдим…
Бу шеърни илк бор устознинг оғзидан эшитганимдаёқ, “у кимнидир қаттиқ суйган, кейин ундан ҳам қаттиқроқ куйган” деб ўйлагандим. Суйиш қандай бўлишинию куйиш қандай бўлишини у вақтлар билмас эдим. Чунки ёш эдим, тажрибасиз эдим, суймагандим, куймагандим. Аммо, барибир, ички бир савқитабиий билан устозни, унинг оғзидан чиқаётган шеърлар изтиробини бошқача ҳис қилардим. Кейинчалик ўқиб билганларим, иссиқ танамда ҳис қилиб англаганларим айтардики, туғилгандаёқ чақалоқ борлиғида етук инсонда бўладиган ҳамма нарса бўлади, фақат у вақти-соати билан рўёбга чиқади. Чунончи, муҳаббат туйғуси ҳам у билан бирга туғилади, мавриди етиб, ўғил ё қиз физиологик, психологик, ижтимоий ва маданий жиҳатдан севги туйғусини яшайдиган ҳолга келгандагина ичидаги ўша борлиқ ўзини намоён қилади. Шундан бўлса керакки, устознинг дардларини ҳали мактаб партасида ўқиб юрган пайтларимдаёқ фаҳмлаганман десам, асло ошириб юбормаган, билъакс, инсонга ато этилганларни яна бир карра ўз ҳаётим билан исботлаган бўламан, холос.
Қисқаси, устоз ёлғиз эди. Давраларга кам қўшилар, маҳалла-гўйга ҳам элдан чиқиб қолмаслик учунгина аралашган киши бўлар, ундан нарисига ўтмас эди. Қишлоққа ҳар борганимда устозни бир йўқлар, кейин у ердан келган-кетганлардан ҳолини сўраб турар эдим. Кўрганлариму эшитганларимни жам қилиб айтадиган бўлсам, устознинг ҳаётдан бир илинжи, илинчоғи бордек эди. Бироқ нима бўлса экан у? Ёки ким?.. Бунинг жавобини билмасдим… Хитой ё Кореяда ишлаб юрган ўғлини кутяптимикан, десам, сира бунақага ўхшамайди. Чунки фарзандлари ҳақида: “Қаерда бўлса ҳам соғ-саломат, бахтли бўлса, бас!” деганини кўп бор эшитганман. Унда устоз кимни ёки нимани кутяпти?.. Мана шуниси жумбоқ эди!..
5.
Устоз шеърларини қоғозда юборибди.
Яна сархил қоғозда, денг. Ҳар бир шеър янги қоғоздан бошланган. Ҳошияларига гуллар, турли безаклар туширилган. Хуллас, меҳр билан тайёрланган шеърий тўпламнинг қўлбола нусхаси! Шубҳасиз, бу устознинг ўз қўлмеҳнати эди. У нимагаки қўл урса, шундай бекаму кўст адо этарди: дарслари ҳам шундай эди, боғи ҳам, мана энди шеърлар гулдастаси ҳам…
Мен шеърларни бир-бир кўздан кечира бошладим. Турли мавзуларда битилган дил изҳорлари эди улар. Юксак адабиёт мезонларидан туриб баҳоланганда, биласизми, фақат ишқий шеърларгина юракка жиз этиб тегарди. Қолган мавзулардагиси кўп қатори эди. Назаримда, ҳаётда устоз қалбини ростакамига ўртаган, ҳатто уни тилиб, қора қонини ташқарига оқизган бирдан бир тиғ бу – муҳаббат тиғи эди, ҳа:
Асли келдим бу дунёга суймоқ учун,
Аввал суйиб, кейин фақат куймоқ учун,
Юрагимда Яратганни туймоқ учун…
Менинг севгим,
Сен дилингни очган кунинг
Кўзларингни қаърларида кўрдим Уни!..
Менинг севгим – узоқларда қолиб кетган,
Дунё қўйган тузоқларда қолиб кетган.
Шеърлар ёзсам, туроқларда қолиб кетган,
Менинг севгим,
Сен борсанки юрагимда – бахтлиман мен,
Аслин сўрсанг, уриб турган юрак ҳам сен!..
6.
Бир ҳафта деганда шеърларни ўқиб, энг сараларини олдинга олиб, қолганини иккинчи ярмига “яшириб”, жуда бундайроқларини тўпламдан чиқариб ташлаб, хуллас, етмиш бетлик мўъжаз бир тўплам тайёрладим. Отини “Хаёл…” деб қўйдим. Чунки шеърлар устознинг орзули, армонли, умидли хаёллари меваси эди, назаримда. Қўнғироқ қилиб, устоздан китоб номига розилик олдим. Сўнг унга устознинг истагига кўра сўзбоши ёздим. Асли, устоздан шогирдлар сўз олиши керак эди, лекин нима қилайликки, бизнинг устоз билан мулоқотимиз шундай ривожланди, алалоқибат натижа ҳам шундай бўлди. Сўзбошининг мазмуни адабиётнинг инсон ҳаётидаги ўрни билан боғлиқ бўлиб, айримлар ижодкорлик даъвосида бўлмасалар-да, бутун умр адабиётга ошно тутиниб, унинг сеҳру файзини ўз ҳаётларига тадбиқ этиб, адабиёт хаёли билан яшайдилар, улардан бири менинг устозим Эминжон Қобилов, қабилида эди.
7.
– Ассалому алайкум, устоз! Яхшимисиз?
– Валайкум ассалом, Аваз! Яхши, шукур! Ўзингиз яхшимисиз?
– Худога шукур, яхши. Устоз, китоб чиқди, китоб!..
– Чиқдими? Менинг китобим-а? Ростанми?..
Устоз китоби чиққанига гўё ишонмаётган эди, шундай воқеа унинг ҳам тақдирида юз бериши мумкинлигини ақлига сиғдиролмаётганди гўё.
– Ҳа, устоз, сизнинг китобийз чиқди! Жуда чиройли чиқди ўзиям! Кейинги ойда қишлоққа борганда олиб бораман ёки таксидан бериб юборайми?
– Йўқ-йўқ! Ўзим бораман, Аваз, ўзим бораман, бошкентда ишим бор. Эне китобни ўзим олиб қайтаман!.. – деди негадир шоша-пиша устоз.
– Ҳа, шундайми? Унда майлингиз, устоз, келаверинг!
8.
Устоз менинг уйимга келди!..
Менинг уйимга устоз келди!..
Менинг уйимга-я!..
Гўё уйимга ҳизр келгандек ўзимда йўқ қувондим. Топган-тутганимни дастурхонга қўйдим. Хотинга ҳам “ўз отангни қандай кутиб олсанг, шундай кутиб ол”, дедим. Соғ бўлсин, у кутганимдан ҳам ҳам яхшироқ меҳмон қилди устозни. Ўғил-қизим ҳам ҳайрон: “бу қандай меҳмон-амаки бўлдики, бизга берилмаган конфетлар унга берилди, қўлимиз тегмаган қошиғу идишларда унга овқат сузилди, бизга кўрсатилмаган эътибор шу амакига кўрсатилди?” деб. Майли, улар ҳам катта бўлганда “устоз отангдек улуғ” деган ҳикматнинг мағзини чақиб қолар. Чақсин-да, ишқилиб…
Устоз олтмишни аллақачон ҳатлаб ўтган бўлса-да, анча ёш ва ғайратли эди. Энг муҳими, у “ҳали ҳаммаси олдинда!” деб шахдам одимлар билан олға кетаётган, ҳаётдан жуда-жуда умидвор одамга ўхшарди. Мана шуниси мени ҳайратга солар, қизиқтирар, қитмирлик қилиб устознинг кўнглига қўл солишга ундар эди. Ундар эди-ю, бу йўналишда неча замондан бери амалга ошираётган барча уринишларим зое кетган, кетаётганди. Ажаб, у қандай куч, қандай сеҳр эканки, устоз қаддини йигитларникидек тик тутиб келмоқда?.. Мен-чи, мен қачон ўша сеҳрли кучнинг сирига етаман, устозни кашф қиламан?!..
Устознинг хаёли бўлса, шундоқ қаршисида, стол устида турган “Хаёл..”да! Ўзининг китобида! Илк китобида! Шу чоққача у бошқаларнинг китобларидан бизга шеърлар ёд айтганди, энди, мана, унинг ўз китоби бор. Энди биз ҳам ундан шеърлар ёд айтамиз.
Устоз, бундай олиб ўтирсангиз-чи, дейман мен.
– Оляпман, оляпман, – дейди устоз пиёлани лабига бир тегизиб. Кейин яна фикру ёди китобда – уни силайди, варақлайди, жойига қўйиб, биз билан бирга ўтиргандек тутади ўзини, лекин буни сира уддалай олмайди.
Эҳ, устозжоним! Олтмишни ҳатлаб, етмишга қараб кетяпсиз-у, энди шеъри чиққан бўз йигитдек қувонасиз!..
Нонуштадан кейин устоз менга яқинроқ сурилдию қулоғимга пичирлади:
– Аваз, мен билан бир жойга бориб келмайсизми?
– Бажонидил бориб келаман, – дедим мен устозимга ёрдамим тегишидан, шунингдек, балки ўша сирнинг тагига етарман, деган ўй-тахминдан қувониб. Чунки устозни чулғаб олган ҳис-ҳаёжон, ўзгача кўтаринки кайфият шундай эдики, уларнинг бари бир бўлиб, бизни ана шу сир томон етаклаётганди. Мен буни ич-ичимдан сезиб, англаб турардим. “Ва ниҳоят!..” дедим дилимда чандон суюниб. Лекин тилимда бошқа гап туздим:
– Хўп, устозжон, қаерга йўл оламиз?..
– Ҳозир… ҳозир мен манави китобга бир нималар ёзиб олай, йўлда айтаман.
– Хўп дедим ва сир бой бермай устозни кузата бошладим…
Устоз столнинг биздан узоқдаги бурчагидаги стулда ўтирган кўйи тараддуд ичра пиджагининг ич чўнтагидан бир парча қоғозу ручка чиқарди. Сўнг “Хаёл…”ни очиб, ич муқовасига қоғоздаги ёзувни шошилмай, авайлаб кўчиришга тутинди. Уни хижолатга қўймаслик учун кийингани ётоққа ўтиб кетдим.
– Хўш, устоз қаерга олиб борай сизни? – Дедим машинани катта йўлга ҳайдаб чиққанимизда.
– Марказга… хиёбонга!.. – деди у қўлидаги телефонига бир қараб қўйиб.
Демак, устоз ким биландир эрталабдан хатлашиб хиёбонга чақириб қўйган. Лекин ким бўлди экан у?!..
– Хиёбон бўлса, хиёбон-да, устоз! – Дедим мен қувноқ оҳангда.
– Хуллас, иккимизнинг кайфиятимиз шунчалар чоғ эдики, дунёдаги бирон куч, бирон сабаб бу кайфиятни буза олмасди гўё. Айниқса, бугун!
Узоқроқ жойдан машинага бошпана топиб, икковлон хиёбон томон яёв йўл олдик.
– Ҳавони қаранг яхшилигини! – Дейман мен ўзимдан ўзим севиниб.
– Ҳа, – дейди у, – жудаям яхши, ҳатто аъло!.. – Кейин бирдан тақа-тақ тўхтаб, атрофга хавотирли аланглаб сўради:
– Ия, дарахтлар қани?
Мен бир унга, бир унинг кўзлари қараб турган томонларга кўз югуртириб олиб, тушунгандек бўламан.
– Чинорларни айтяпсизми?.. Уларни кесиб ташлашган-ку, устоз!.. Ўрнига манавиларни экишган, – дейман бўйи бўйимизга етиб улгурмаган ёш кўчатларни кўрсатиб.
– Ҳммм… – дейди устоз карахтланиб, – эсиз… шунча чинор, шунча тарих, хотира…
– Юринг!
Биз автоуловлар тўла йўлни кесиб ўтиб, хиёбонга қадам қўямиз.
– Бисмилло! – Деди устоз эшитилар-эшитилмас. Лекин мен эшитдим. Эшитдим, чунки бутун вужудим кўз ва қулоққа айланиб, устозни кузатардим. Ахир, неча йиллик кўҳна сирга яқинлашиб қолгандик, мен буни ҳар қачонгидан-да аниқроқ, кучлироқ ҳис қилиб турар эдим.
Ўн одимча юрганимиздан сўнг устоз тағин оёқ илди. Оёқ илиб, ёш кўчатлар экилган майдоннинг бир нуқтасига тикилиб қолди. Мен бироз кутдим. Устоздан садо чиқавермагач, “Ҳа, устоз, яна хотирами?” дея сасландим.
– Ҳа, деди у ўйчан, – хотиралар. Мана шу ерда чинорларнинг энг каттаси, энг бақуввати ўсарди. Унга Зулфия билан отимизни ёзгандик… – майин жилмайди устоз. – Кўраман, деб умид билан келгандим, аммо…
– Чинорни қўйинг, Зулфия-чи, Зулфия? У келадими ишқилиб? Зулфиядан гапиринг, устоз? – Дедим мен калаванинг учини топгандек шодланиб.
– Ҳа, у келади, муҳими ҳам шу, тўғри эмасми, – дея менга юзланди устоз аллақандай қоришиқ ҳисларга тўлиб.
– Ҳа-да, муҳими – шу, устоз! – Дея устозни бағримга босиб олдим. Ахир сир фош бўлган, устоз эса энди ёлғиз эмасди, ҳа, ёлғиз эмасди! Ўзига шукур!..
– У ҳам ёлғиз, мен ҳам… – деди устоз мен уни қучоғимдан бўшатганимдан сўнг кўзларимга қараб, – тавба, хаёлимни ўқиб тургандек гапирдими?.. – Нима деб ўйлайсиз, тўғри бўладими шу ишимиз?
– Нега тўғри бўлмасин, устоз, нега? Ким нима дея олади, кимнинг бирон нима дейишга ҳадди сиғади, устоз!? – Дедим мен шодланганимдан шодланиб. – Зўр бўлади, тўй бўлади!!!
– Нима?! – Деди устоз юзи чимилдиққа илк бор рўбарў келган йигитникидек дув қизариб. – Тўй?!..
– Зўр бўлгандан кейин тўй бўлади-да, устоз. Ё сиз ҳам оврупаликлардек “гражданлик никоҳи” билан ишни юмалоқ ёстиқ қилмоқчимисиз!.. – куламан.
– Сизга ҳазил қилишга зўр сабаб топилиб қолди-а! – Кулади менга қўшилиб устоз ҳам. Сўнг атрофга ҳаяжонли аланглайди.
– Зулфия… э, Зулфия хола келганда мен ҳув анави ўриндиқда ўтириб тураман. Агар кетишим керак бўлса, бир имо қилсангиз, қуённи расмини чизвораман, – яна куламан мен.
– Шогирдимга роса эрмак бўлдиму, а, қариганда, – кулади устоз ҳам менга қўшилиб, – хўп, шундай қиламиз.
Биз кута бошлаймиз.
Якшанба куни бўлгани боис одам сийрак. Онда-сонда битта-яримтаси хиёбонни кесиб ўтиб турганинию ҳув бурчакдаги ўриндиқда чолу кампирнинг офтобшувоқда тобланиб ўтирганини айтмаса, ҳайҳотдек шаҳарнинг машҳур хиёбонида зоғ ҳам йўқ. Ҳадемай, анави қариялар ҳам жуфтакни ростлашади. Ахир, қуёш тиккага келмоқда! Қуёшнинг оловли нафасига бас келгувчи чинорлар эса йўқ – улар кесилиб кетган…
Бир маҳал иккита ёши катта аёл шу томонга йўл олди. Устоз уларга қараб-қараб қўяди, лекин тикилиб туришга журъат қилмайди. Аёллар шундоқ ёнимиздан хотиржам гаплашиб ўтиб кетишади. Устоз чуқур-чуқур нафас олади: умасакан!
Икки аёл кетган ёқдан бошқа аёл кўринади. Устоз яна типирчилай бошлайди, гир айланади, менга қарайди, кесилиб кетган чинор томон умидвор нигоҳ ташлайди, кейин яна яқинлашиб келаётган аёлга бир қараб олади.
– Йўқ, у ҳам эмас!
– У қанақа эди, устоз, бўйи-басти, кўриниши?.. – дейман мен.
– Сизга айтсам, талабалик вақтимиздан бери кўришганимиз йўқ, Аваз, – дейди устоз гапни айлантирмай. Кейинги бир йилда фақат телефонда гаплашамиз. Баланд бўйли, узун сочли, хипча белли, гўзал қиз эди. Шу…
– Расмини юбормадими? – Дейман мен қувлигим тутиб.
Устоз кулади.
– Нега керак расм? Ўша Зулфияда, мен билган, мен севган, балки бутун умр кутган Зулфия! Расмга не ҳожат!..
Энди мен куламан:
– Билиб бўладими, устоз!..
Биз гап билан бўлиб пайқамай қолибмиз, шундоқ қарасам, устознинг орқасида баҳайбат чинордек келадиган бир аёл турарди. Устоз бўйдор эди. Аёл ҳам тахминан устоз қадар бўйчан экан. Лекин устоз йигитлардек тик, ихчам бўлса, аёл тарвақайлаб кетган улкан дарахтдек келбатли эди. “Ишқилиб шу бўлмасинда ўша Зулфия, ишқилиб шу бўлмасин!..” – пичирлайман худди дуодек.
– Устоз… устоз…орқада… устоз.. бир аёл турибди… аёл!.. – тилим аранг айланади. – Тавба, дуоларим ўтмадими, дейман. Бунча тез рад этилмаса!..
Устоз ҳайрон бўлиб орқасига бурилиб боқди.
– Келинг, яхшимисиз? – Деди устоз ўзи туғилиб ўсган ернинг саломлашиш усулида.
– Ассалому алайкум, Эминжон! Нима, танимадийзми?! – Ҳа-ҳа-ҳа, – гулдираб кулди аёл.
– Ваалайкум ассалом… Йўқ, танимадим, опа, кечирасиз…
– Қўйсангиз-чи, ҳазилкашлигийз сира қолмапти-да, – ноз қилди энди аёл. Зулфияман ман, ўша Зулфия!..
“Зулфия бўлишингиз мумкин, лекин ўша эмаслигийз аниқ!” – хаёлимдан ўтди менинг… Шундай ўй ичра устозга қарайман. Оҳ, унинг бўлари бўлиб бораётганди: юзи бирдан турли хил рангларга, эҳтимол, дунёдаги борлиқ рангларнинг барига бир-бир кириб чиқди. Тили тутилди, ўзи довдиради, гавдаси ҳаяжон, қўрқув ва кутилмаганликдан бўлса керак, бешиктебратардек тебранишга тушди.
– Сиз… сиз… Зулфия??!!.. – аранг тили калимага келди устознинг.
– Ҳа… ман Зулфия, ўша Зулфия!…
Шу асно боланинг хархаша қилиб йиғлагани эшитилди. Қарасам, Зулфия холанинг қўлида тўрт ё беш ёшлардаги ўғил бола бор экан. Зулфия хола уни маҳкам ушлаб олган, бу эса болага ёқмас, сиқилган қўлини бўшатиб олиш учун ўзини гоҳ у, гоҳ бу ёнбошга ташлаб, сиқтаётган экан. Тавба, шу чоққача уни кўрмаганимни-чи! Бир менми, устоз ҳам уни пайқамаган эди, чамаси, зеро у ҳам худди мен каби йиғлаётган болага чўчиб қараб турарди.
– Жим бўл, дедим! – Ўшқирди Зулфия хола болага қараб.
Унга сари бола чинқириб йиғлай бошлади.
– Бас қил, ҳайвон! – Қўлини бир силтади, Зулфия хола. Кейин бизга юзланиб: “неварам, ўғлимнинг боласи. Жуда эрка…” деди жилмайишга беҳуда уриниб.
Э воҳ, бу аёл бегона эди. Мен билган устозга, унинг руҳига, табиатига, дунёқарашига ёт бир кампир эди. Э воҳ, ҳаёт тегирмони ҳазил нарса эмаскан, унга бир кириб чиқишнинг ўзи бўлмаскан!..
– Жим бўл, ғингшима, дедим!.. Бўлмаса, музқаймоқ ҳам йўқ сан ярамасга!..
Бу гаплар боланинг қулоғига кирмас, аксинча, борган сари бувисининг чангалидаги қўлини озод қилиб, нарироққа кетиш учун ўзини чор томонга урар, овозини борича бақирар, оғзидан боди кириб, шоди чиқар эди.
– Мана санга, нодон бола! – Зулфия хола қўлини қўйиб юборган эди, оғзи шалоқ бола юзи билан нақ асфальтга бориб урилди.
Ана энди кўринг доду фарёдни! Нақ қиёмат қўпди-ёв!.. Худди жиноят қилиб қўйиб, қочишга жой ахтаргандек у ёқ бу ёққа аланглайман мен, устознинг-ку ҳолини таърифлашга тил ожиз: унинг руҳи чўкиб, баланд ва тик қомати икки букилиб қолганга ўхшарди. Ўзи эса миқ этмасди. Агар оғзини очса, худди жони ҳам чиқиб кетадигандек лабларини жипс тишлаб олганча карахт турарди. Ё тангим, бу қандай кўргилик!..
Зулфия хола айиқникидек келадиган баҳайбат танаси билан ерда, чангга қоришиб, хиёбонни бошига кўтарганча ариллаб думалаётган неварасини турғазаман дея икки уч эгилмоқчи бўлди – ўхшамади, ҳансираб қолди. Шунда мен бу даҳшатли тушдан ўзимни уйғотгим келди. Бўлади-ку тушларда шунақаси: сизни эшакдек ит қувиб келади, қочаман дейсиз-у оёқларингиз бўйсинмайди, йиртқич бўлса тобора яқинлашиб келаверади, келаверади… Шунда сўнгги чорани қўллайсиз – уйғонасиз! Ҳозир ҳам айни уйғониш пайти эди. Ҳаяллаб бўлмасди. Ҳаялладингми ит келиб қопади, нақ бир жойингни узибгина олади. Узиб олмасин, дея ўзимни тез уйғотдим: худди шундай шитоб билан бориб ерда ириллаб думалаб ётган болани шартта кўтариб тик қилдим: “Бас қил!”. Кейин устознинг қўлидан ғижимланиб бораётган китобни олдим-да, холаларнинг холасига тутқаздим. “Буни сизга олиб келгандик. Мана! Хайр энди, хола, борадиган жойимиз бор эди, хайр!..”.
Шундай дедим-да устознинг қўлидан тутганча тортиб олиб кетдим…
9.
– Мени вокзалга олиб бориб қўйинг, илтимос, – деди устоз зўрға овози чиқиб машинага келиб ўтирганимизда.
– Бугун бизникида қоласиз, кетиш йўқ, устоз, тонготар қилиб суҳбатлашамиз, – дедим мен оғзимга нима келса, валдираб.
– Вокзалга! – Деди секин, аммо қатъий қилиб устоз.
Унга эътироз билдириб бўлмасди. Чунки овозида қатъий қарор бор эди. Гоҳо шундай бўлади ўзи: баланд чиққан овозларда ҳам иккиланиш, таруддуд яшайди, гоҳо шивирлаб айтилган овозлар бирсўзли келади – уларга қарши туриб бўлмайди, тамом–вассалом! “Вокзалга!” деган сўз ҳам шундай эди. У қарордан ҳам кўра кўпроқ ҳукмдек эшитилганди. Устоз йўлга чиқмоқчи, бошқа гапга ўрин йўқ.
– Хўп!..
Мен уй олдида тўхтадим, кириб устознинг нарсаларинию қолган китобларини олиб чиқиб, машинанинг юкхонасига жойладим.
– Чинорлар кесилиб кетибди… – деди пичирлаб устоз йўлда.
– Нима? – Дедим мен яхши эшитмаган киши бўлиб.
Устоз индамагач, мен ҳам тилимни тийдим.
Вокзалга келгач, машина юкхонасини очиб, устозга: “сиз нарсаларийзни тайёрлаб туринг, мен чипта олиб чиқаман” дея ичкарига кириб кетдим…
10.
Мана, неча кундир устозни йўқлаб сим қоқа олмайман. Ахир, нима дейман? У-чи? Меники ҳеч нима эмас, у тушган ҳолатига қандай изоҳ беради? Майли, изоҳ бермасин ҳам дейлик, қандай қилиб бу ҳолни жим туриб ўтказиб юбора олади. Ахир, унинг ҳаётдан кутгани, илинжи шу учрашувда жо эмасмиди!.. Балки унинг бутун ҳаёти мана шу учрашувнинг хаёли билан ўтгандир…
Устоз жим эди…
“Сенинг жимлигинг нима ҳақда?” – дейишади-ку!.. Жимлик, сукут баъзан жуда оғир бўлади, ҳатто фожиалар ҳақида бўлади улар, ҳа…
Устоз ўз фожиаси ҳақидаги сукутни қандай қилиб мен билан баҳам кўра олади? Нимадир ҳақида сўзлаб беришдан кўра ўша ҳақда сукут сақлаш баъзан чиндан-да мушкул. Сўзлаш – оғир, сукут сақлаш ундан-да бадтар. Ҳозир шундай вазият эди назаримда…
Устоз кетганининг учинчими тўртинчи куни эди, машина юкхонасини нимадир қўйиш учун очгандим, не кўз билан кўрайки, китоблар турган эди!..
– Воҳ-воҳ! Қолиб кетибди-ку!.. Балки ташлаб кетилгандир?!.. Устоз-ку, бир аҳволда эди, мен ахмоқнинг хаёли қаерда эди? Нега мен китобларни устознинг қўлига тутқазмадим, нега?!..
Шошиб устозга сим қоқдим. Ўчирилган.
“Тўхта-чи”, дедимда, уйга – кенжа укамга сим қоқдим.
– Аъло!.. Элёр, яхшимисан, укажон?
– Ассалому алайкум, ака!
– Ваалайкум… Элёр, устоз… устозни…
– Ака, бугун эрталаб устозни бериб қўйдик!..
– Нима?!..
…мен бошига гурзи келиб теккан одамдек гандираклаб бориб машинага ўтириб қолдим. Қанча вақт ўтди – билмайман, қарасам, қўлимда устознинг китоби турибди. Дуч келган жойини очдим, кўзларим “Муҳаббат” деб номланган шеърга тушди:
Сенсиз бу офтоблар нимадир?
Эл чеккан азоблар нимадир?
Ёзганим китоблар нимадир?..
Кутганим мўъжизам – саодат –
Муҳаббат,
муҳаббат,
муҳаббат…
– Йўқ, мен устоз ҳақида, унинг шеърлари ҳақида ҳали ёзмапман. Унинг хаёлларини ҳис қилибману ҳаётини ҳали англаб етмапман. Мен устознинг хаёлини ҳаётидан ажратмаган ҳолда ёзишим керак экан… – миямни шу хил ўйлар банд этар экан, машинани қишлоқ томон учириб кетдим…
Улуғбек ҲАМДАМ,
Тошкент, 2021 йил, февраль