Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қутбиевга: СОЛИҚЧИЛАРМИ ЁКИ…
Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?
Исматбек! Бундан бир ойдан кўпроқ вақт муқаддам Чироқчидаги битта дорихонада йўл қўйилаётган қонунбузарликлар ҳақида Чироқчи туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига мурожаат қилгандим. ДСИдагилар ҳақни жойида қарор топтириш ўрнига, бутунлай бошқача номақбул йўл тутишди. Оқибатда, ушбу хусусда «Дунё ўзбеклари» орқали ЎзДавсолиққўм раиси Шерзод Қудбиевга ҳам билдириш ва у кишидан ёрдам сўраш мақсадга мувофиқ кўринди.
Айни ниятда сизларга «СОЛИҚЧИЛАРМИ ЁИНКИ ОЛИҚЧИЛАРМИ?!» сарлавҳали битигимни, тавсия тариқасида, юбораяпман. Илтимос, ушбу мақолам билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз, ундан фойдаланасизлар, деган умиддаман.
Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:
Бердиёр ЖУМАЕВ.
Бердиёр ЖУМАЕВ,
халқаро журналист.
СОЛИҚЧИЛАРМИ ЁИНКИ ОЛИҚЧИЛАРМИ?!
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг раиси Шерзод ҚУДБИЕВ эътиборига!
Мен 2020 йилнинг 17 декабрь куни Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси қарама-қаршисида жойлашган «Turdi Rasulovich» ХКга қарашли «36,6» номли дорихонадан 83 минг сўмлик дори сотиб олиб, мазкур харидим учун чек беришларини сўрадим. Ўша жойда савдо қилаётган ходимлардан биттаси, ўзича, назорат-касса машинасини ишлатиб кўргандай бўлди-да: «Бизнинг аппаратимизга 1000 сўмлик пулларни ҳисоблаш киритилмаган, шунинг учун, сизга 84 минг сўмлик чек ёзиб бераман» мазмунида гап қилди. Нимага бунақа эканлигини сўраганимда: «У янги эканлиги боис, шундай!» – дея жавоб қайтарди.
Шундан сўнг, бунақа бўлиши мумкин эмаслигини айтиб, эътироз билдирдим. Негаки, биринчидан: ҳар қандай савдо-сотиқ объекти ҳисоблаш тизими нотўғри ўрнатилган назорат-касса машинаси (НКМ) билан ишлаши мумкин эмас; иккинчидан: мазкур дорихонада НКМга 1000 сўмлик пулларни ҳисоблаш киритилмаган бўлса-да, ундан фойдаланиб келинаётганлигига, яъни бу ердагиларнинг ҳар хариддан 1000 сўмдан зиён кўраётганлигига ҳеч ким ишонмайди; учинчидан: айни иддаодан англашилади-ки, мазкур дорихонада, умуман, назорат-касса машинасидан фойдаланилмаган, яъни ҳеч кимга сотиб олинган дори-дармонлар учун чек берилмаган, илло, ҳар бир харид учун 1000 сўмдан зарар кўрадиган аҳмоқлар ҳеч қаерда йўқ.
Мен ўша куниёқ ўзим ҳамда «36,6» номли дорихона ходимлари билан содир бўлган тортишув юзасидан Чироқчи туман давлат солиқ инспекциясининг бошлиғи Бахтиёр Усмоновга, 4 та аниқ саволлар қўйган ҳолда, ёзма равишда мурожаат қилдим. Солиқбоши йўқлиги сабабли, унинг жойида ўтирган ўринбосари Низомиддин Ҳақбердиевга вазиятни тушунтирдим-да, эътирозномани тақдим этдим. Муовин, ўз навбатида, ушбу соҳа учун масъул бўлган яна бир ўринбосар Аброр Юсуповни таклиф қилиб, унга мурожаатимни топширди.
Эртасига Чироқчи туман ДСИ бошлиғи Б. Усмоновга, телефон орқали, айни масала юзасидан ҳузурига кирмоқчи эканимни айтганимда, у сектор ишлари билан жуда бандлиги сабабли, қабул қила олмаслигини билдирди.
* * *
Орадан бир ойдан-да кўпроқ, яъни ёзма мурожаатларга жавоб қайтариш бўйича муддатнинг 2 таси ўтиб кетганидан кейин суриштирсам, менга яшаш манзилим кўрсатилмаганлиги учун, жавоб вақтида юборилмаганлигини айтишди. Ваҳоланки, мен ўзимнинг мурожаатимга 3 та телефон рақамларим ҳамда электрон почтам қайд қилинган ташриф қоғозимниям илова этгандим.
Хуллас, Чироқчи туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғининг ўринбосари Аброр Юсупов имзоси остида жўнатилган жавоб билан танишиб чиққанимдан кейин, унда ўзим қўйган саволларнинг бирортасигаям жавоб қайтарилмаганлигига ишонч ҳосил қилдим. Бу – собиқ советлар давридан қолган ҳамда ҳозир ўзимиздаям кенг қўлланиб келинаётган номигагина ёзилган хат (отписка)ларнинг намунаси эди.
Жумладан, жавобда уқтирилиши-ча, «36,6» номли дорихонага 2020 йил 25 майда ўрнатилган назорат-касса машинаси соз ҳолатда ва ишлаётган экан. Дорихона сотувчиси менинг 84 000 сўмлик дори харид қилганим ҳамда бунинг учун ўзимга 84 000 сўмлик чек ёзиб берилганлигини айтибди. Бундан англашилади-ки, «Turdi Rasulovich» ХКга қарашли «36,6» номли дорихонага туҳмат уюштирган бўлиб чиқаяпман.
Мен мурожаат бўйича ўрганиш ўтказган ходимни ёнимизга чақиришларини сўрадим. ДСИ бошлиғининг ўринбосари Аброр Юсупов, гўёки, унинг ҳозир инспекцияда йўқлигини ва ҳаливери келмаслигини таъкидлади.
Сўнгра, жавоб юзасидан эътирозларимни солиқбошининг муовинига билдирганимда, А. Юсупов ўрганиш жараёни тўғри олиб борилганлигини пеш қилди. Унга: «Ҳозирги туришда мен туҳматчи бўлиб чиқаяпман, гарчи, ҳақиқатан-да, шундай бўлса, унақада, менинг туҳматчи эканлигимни исботлаб беринглар!» – дея айтган сўзларим беэътибор қолдирилди.
Аброр Юсупов тортишувимиз жараёнида «UZKASSA №5»нинг вилоятдаги масъули Шерзод Дўстқобилов билан телефон орқали боғланганида, ундан: «Мана шундай тизимдаги 1000 сўмлик пулларни ҳисоблаш киритилмаган НКМлардан дорихоналарда фойдаланиш мумкинми?» – дея сўраганимда у: «Йўқ, мумкин эмас!» – деб жавоб қайтарди.
Кейинчалик, профессионал мутахассис билан ушбу хусусда маслаҳатлашганимда, у ўзининг исми-шарифини ошкор айламаслигимни сўраб, қуйидаги фикрларини билдирди:
«Сизнинг масалангиз билан шуғулланган солиқ ходими ёлғон гапираяпти. У, аслида, сездирмаган вазиятда, ўша дорихонага бориб, мурожаатингиз асосида, онлайн назорат-касса машинасининг бузуқлик ҳолатини аниқлаши ҳамда тегишли тарзда ҳужжатлаштириши керак эди. Чунки, 1000 сўмлик пулларни ҳисоблаш киритилмаган НКМни ҳеч ким ишлатмаслиги барчага аён. Бундан маълум бўлади-ки, агар ўша онлайн назорат-касса машинаси «36,6» дорихонасига ўтган йилнинг 25 майида ўрнатилган бўлса, ўшандан буён бу НКМ ишлатилмасдан, демак-ки, мижозларга тегишли чеклар тақдим этилмасдан келган».
* * *
Ҳурматли жаноб Қудбиев! Мен ўз ҳақ-ҳуқуқимни муҳофаза этиш ниятида Чироқчи туман давлат солиқ инспекциясининг бошлиғи Бахтиёр УСМОНОВга мурожаат қилиб, охир-оқибат, мазкур ДСИнинг ва «36,6» дорифурушларининг наздида туҳматчига айланиб ўтирибман.
Аслида, юқоридаги ҳолатлардан аён ҳамда намоёндир-ки, айни муаммога аралашган солиқчилар билан «Turdi Rasulovich»чилар ўртасида қандайдир ўзаро келишувчанликми ёхуд муросасозликми мавжудлиги аниқ.
Яна тағин шуни таъкидламоқчиман-ки, мен Чироқчи туманидаги ўзим кўрган ҳамда кирган бирортаям савдо-сотиқ шохобчаси ёинки умумий овқатланиш корхонасида харидорлар ва хўрандаларга ихтиёрий равишда чек берилганлигини билмайман. Булар ҳам, албатта, чироқчилик тегишли солиқчиларнинг «хизматлари» бўлса керак…
* * *
Жаноб раис! Мен чироқчилик солиқчиларга мурожаат қилиб, ҳақни жойида қарор топтира олмагач, шахсан ўзингизга ушбу муаммо тўғрисида билдиришга мажбур бўлаяпман. Умидим-ки, айни масаланинг холисона ҳал этилишига ёрдам берасиз.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ