"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Азамат Шамсиев: Таълим ислоҳотлари халқаро стандартларга мосми?

Бош мақола, Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 27/01/2021 00:19-     12231 марта ўқилди

Таълим ислоҳотлари халқаро стандартларга мосми?

Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари диққатига!

Бугун улуғ мақсадлар йўлида мамлакатимиз таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда.Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таълим-тарбия соҳасини янги босқичга кўтаришга қаратилган тарихий аҳамиятга эга вазифалар белгилаб берилди.

Янги Ўзбекистонни барпо этишдек юксак мақсад учун курашилаётган ҳозирги жараёнда мақтов айтишдан кўра, камчиликларни танқид қилиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар айтиш минг баробар муҳим ва фойдалидир.

Самарқанд давлат медицина институтида 2004-2020 йилларда ректор лавозимида фаолият кўрсатган профессор, таниқли олим Азамат Шамсиевнинг “Таълим ислоҳотлари халқаро стандартларга мосми?” сарлавҳали таҳлилий мақоласини ўқиб, кўнгилдан ана шундай фикрлар ўтди. Унинг таклифлари ҳар тамонлама асослантирилгани билан эътиборимизни тортди.

Бу таклифлар тегишли вазирликлар ва бошқа масъуллар томонидан диққат билан ўрганилиши ва холис хулосаларга келиниши лозим, деб ўйлаймиз.

ТАҲРИРИЯТ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ўзгартириш, уни халқаро стандартларга интеграциялаш, меҳнат бозори талабига мос юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш ҳамда миллий уйғониш ғоясини рўёбга чиқарадиган юксак маданиятли янги авлодни вояга етказиш механизмларини яратиш мақсадида тарихий ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистоннинг кейинги тараққиёти жараёнида мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, умумтаълим мактаблари фаолиятини яхшилаш, олий таълим тизимини дунё стандартларига мослаштириш, халқаро рейтингларга киритиш, ўқув юртларига қабул қилишда адолатли тизимни ўрнатиш, мамлакатимизда нуфузли чет эл университетларининг филиалларини очиш каби кўплаб ишлар олиб борилмоқда.

Аммо минг афсуслар бўлсинки, мамлакатимиз таълим тизими ривожига, айниқса, унинг дунё стандартлари даражасига чиқишига тўсиқ бўлаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Булар нималардан иборат ва уларни бартараф этиш йўллари қандай?

Мамлакатимиз таълим тизими ривожига тўсиқ бўлиб турган энг биринчи муаммо, бу – давлат таълим стандартларининг ЮНЕСКО томонидан қабул қилинган Халқаро таълим классификацияси стандартига (ХТКС) мос келмаслиги. Ваҳоланки, бу халқаро стандартда таълим соҳасининг барча босқичларига оид меъёрлар аслида қандай бўлиши, қандай тарзда бўлса, юқори натижаларга эришиш мумкинлиги аниқ ва равшан белгилаб берилган. Лекин бизнинг таълим тизимимизда шу кунгача бу меъёрлар кўзда тутилмаган.

Ҳолбуки, жаҳон тажрибасига кўра, миллий таълим стандартлари, ўз ижтимоий, иқтисодий ва маданий хусусиятларига эга бўлган алоҳида олинган айрим давлатлар тажрибасига эмас, балки Халқаро таълим классификацияси стандартига (ХТКС) асосланиши зарур. Фақат шундагина жаҳон стандартлари талабларига жавоб бера оладиган юқори малакали, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш имконияти пайдо бўлади.

Дунёнинг ривожланган давлатлари қатори Ўзбекистонда ҳам йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида, то ўтган асрнинг охирларигача Халқаро таълим классификацияси стандартидан (1976 й.) фойдаланиб келинди. Бироқ, дунё таълим тизимига киритилган кейинги янгиликлар натижасида ушбу асосий концептуал ҳужжат икки марта янгиланди (ХТКС-1997 ва ХТКС-2011).

Аммо янгиланган бу муҳим халқаро ҳужжатлар, мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилиш учун 1997 йилда “Таълим тўғрисида” ва “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунларни қабул қилишда, шунингдек, 1999-2001 йилларда “Давлат таълим стандартлари”ни ишлаб чиқиш жараёнида ҳисобга олинмади. Натижада мамлакатимиз таълим тизими жаҳон таълим стандартларидан узоқлашди ва анча ортда қолди.

Таълим соҳасига оид ҳужжатларни тайёрлаш ва амалиётга жорий қилиш билан боғлиқ масалаларга жиддий эътибор қаратмаганимиз боис, ўтган даврда таълимга доир қабул қилинган қонун ва давлат таълим стандартларидан кўзланган натижаларга эришмадик. Шу боис, мамлакатимизда давлат таълим стандартлари 2015-2017 йилларда яна ўзгартирилди. Аммо бу ўзгартиришлар ҳам барча давлатлар фойдаланиб келаётган 2011 йилда ишлаб чиқилган янги халқаро стандартларга тўғри келмайди. Аксинча, ундан янада узоқлашди, айниқса, таълим сифати, кетма-кетлиги, давомийлиги ва узлуксизлигига жиддий путур етди.

Амалдаги таълим тизимимиз халқаро таълим стандартига мослашмагани, интеграциялашмагани сабабли яна кўплаб муаммо ва камчиликлар юзага келди.

Аввало таъкидлаш жоизки, ХТКС (2011) таркибида учта классификация бўлиб, улар таълим даража ва дастурлари классификацияси (ТДДК), таълим малакалари классификацияси (ТМК), таълим соҳаси ва мутахассисликлар классификацияси (ТСМК), деб номланади. Мана шу учта классификация, дунё мамлакатларида тан олинган ва юқори самара бериб келаётган, халқаро таълим стандартининг асоси сифатида эътиборга лойиқдир.

Аммо бизда, биринчидан, шу кунга қадар таълим даража ва дастурлари классификацияси (ТДДК) ишлаб чиқилмаган. Яна бир жиҳат, ХТКСда бизнинг таълим стандартларимиздан фарқли ўлароқ, таълим тизимини мактабгача таълимдан докторантурагача бўлган саккизта даражага ажратилади. Негаки, таълим тизимини даражаларга ажратиш таълим сифатини яхшилашда ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки ҳар қандай таълим даражасининг дастурларида аниқ талаблар, мақсадлар, унинг давомийлиги, кутиладиган натижалар ва ҳар бир босқични битирганда қандай билимга эга бўлишнинг стандарт даражаси белгиланади.

Халқаро стандартга асосан ҳар бир таълим даражаси учун таълим дастурлари ва уларга мос равишда малака талаблари ишлаб чиқилиши таълим сифатининг ошишига асос бўлади. Таълим тизимини даражаларга ажратиш унинг узлуксизлиги ва кетма-кетлигини таъминлайди. Бу тушунча ва тамойиллар халқаро таълим классификациясининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Бизда, ана шу даражаларга ажратилган классификация йўқлиги таълим сифатининг пасайишига олиб келди.

Таълим тизими ривожига тўсиқ бўлаётган иккинчи масала, бу – мамлакатимизда халқаро ва Европа малакалар стандартига мослашган таълим малакалари классификацияси (ТМК) ҳозиргача ишлаб чиқилмаганлигидир. Жорий этилганлари тўлақонли эмас ва эски маълумотларга асосланган бўлиб, ундан бугунги кунда фойдаланиб бўлмайди. Эътибор беринг, юртимизда 20 йилдан буён олий таълим битирувчиларига бериладиган дипломларда касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини берадиган, халқаро талабларга мувофиқ тегишли малака, таълим даражалари, хусусан, касби, ихтисослиги ва бошқалар кўрсатилмаяпти. Натижада дипломларимиз ривожланган давлатлар томонидан тан олинмай келинмоқда.

Мамлакатимизда ТМКни жорий этиш ва ундан фойдаланиш, янги таълим стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда ўқув юртларининг таълим ва касбга оид дастурларини тузишда муҳим аҳамиятга эга. ТМКнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, у давлатнинг иқтисодий ўсишини таъминлайдиган таълим тизими билан меҳнат бозорини ўзаро боғловчи муҳим восита ҳисобланади. Аттестация ва сертификациядан ўтказувчи идоралар ҳам шу асосда кадрларни синовдан ўтказади.

Учинчидан, мамлакатимизда 1997 йилда қабул қилинган, эскирган таълим классификаторидан фойдаланиб, 300 дан ортиқ бакалавр ва 600 дан ортиқ магистр тайёрланади. Бизнингча, бундай тор профилли мутахассисларни тайёрлаш тез ўзгарувчан меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. Қолаверса, бу иқтисодий жиҳатдан давлат учун манфаатли эмас. Олий ўқув юртини битирган тор профилли кадрлар ўз йўналиши бўйича иш топиши қийин бўлиб қолмоқда, чунки меҳнат бозорида кенг профилли мутахассисларга бўлган талаб доимо юқори.

Жаҳон амалиётида 2013 йилда ишлаб чиқилган ТСМКнинг янги халқаро стандарти ишлатилмоқда. Унга кўра, 80 га яқин ихтисослашган соҳа доирасида кенг профилли мутахассис кадрлар тайёрлаш кўзда тутилган. Шу муносабат билан янги халқаро стандарт асосида унга мослашган ўзимизнинг ТСМК жорий этилиши ҳозир тайёрланаётган 900-1000 га яқин тор ихтисосликлардан қайси бири керак, қайси бири керак эмаслигини аниқлаб, замон талабига мосларини қолдириш мақсалга мувофиқдир. Эътибор беринг, бугунги кунда биргина қишлоқ хўжалигининг агрономия соҳасида жуда кўп тор доирадаги мутахассислар тайёрланмоқда. Масалан, анорчилик, пахтачилик, ем-хашак экинлари, мевачилик ва узумчилик, сабзавотчилик ва картошкачилик каби мутахассисликлар шулар жумласидан. Зооинженерия соҳаси бўйича ҳам вазият шундай, асаларичилик, паррандачилик, қўйчилик ва эчкичилик, қорамолчилик, йилқичилик ва туячилик каби ўнлаб тор мутахассисликлар тайёрланмоқда. Улар ўрнига, янги замон талаб қилаётган, кенг доирадаги мутахассис агроном ёки зооинженерлар тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Тўртинчидан, бугун олий таълим тизимининг халқаро таълим стандартларига тўла мос келмаслиги ва интеграциянинг йўқлиги туфайли бу ҳолат тайёрланаётган мутахассислар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Маълумки, амалдаги давлат таълим стандартида таълимнинг мураккаблиги, кредит диапазони ва ҳар хил ихтисосликдаги мутахассисларни тайёрлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинмасдан, асоссиз равишда фақат икки босқичли олий таълим тизими (бакалавриат ва магистратура) киритилган, холос. Ваҳоланки, халқаро таълим стандартларида икки босқичли олий таълимдан ташқари, магистр даражасида мутахассис тайёрловчи бир босқичли олий таълим тизими ҳам мавжуд. Бизда бу жараён инобатга олинмаган.

Хусусан, халқаро меъёрларга кўра, медицина, стоматология, фармацевтика, ветеринария, архитектура, инженерлик иши, юриспруденция ва фундаментал фанлар соҳасида магистр даражасида мутахассислар тайёрлаш давомийлиги 5 йилдан кам бўлмаган, бир босқичли олий таълим дастури асосида амалга оширилади. Чунки 3-4 йилга мўлжалланган бакалавриат дастури бу ва бошқа айрим мутахассисликлар бўйича билим олиш ва танланган соҳа бўйича ишга жойлашиш учун етарли эмас. Яна бир муҳим масала шуки, мактабгача таълим, бошланғич ва умумтаълим мактаблари учун ўқитувчиларни икки босқичли олий таълим асосида тайёрлаш (бакалавриат ва магистратура) дастури ҳам ўзини оқламаганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Бешинчидан, бу – мактаб таълимининг заиф томонлари билан боғлиқ. Аввало, бугунги 11 йиллик умумий ўрта таълим мактабларидаги уч босқичли таълимда (1-4, 5-9 ва 10-11-синфлар) ўзига яраша замон талабларига мос меъёрлар йўқ. Фақатгина 1-9-синфлар учун битта таълим стандарти ишлаб чиқилган холос. Бошқача айтганда, ҳар қайси ўқув босқичига алоҳида таълим дастурлари ва аниқ малакавий талаблар халқаро стандарт даражасида расмийлаштирилмаган. Ҳолбуки, шунга қараб, масалан, ҳар бир босқичда ўқув жараёни, мазмуни, ўқитиладиган фанлар сони, мақсади, вазифалари, қайси босқичда ва қайси синфда қандай билим бериш кераклигини аниқлаш мумкин. Аммо бундай ёндашув асосида ўқитиш бугунги 11 йиллик таълимда кўзда тутилмаган.

Дунё тажрибасига кўра, 10-11-синфларда ўтиладиган ҳамма фанлар бўйича таянч ва ихтисослаштирилган икки турдаги стандартлашган дастурлар яратиш давр талабидир. Негаки, бу мактабларда ихтисослашган синфлар ташкил қилишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Халқаро стандартларда болаларни биринчи синфга ўқишга қабул қилишда бирдан-бир асосий талаб уларнинг ёши ҳисобланади. Халқаро таълим стандартига кўра, болаларни беш-етти ёшдан мактабга қабул қилиш уларнинг жисмоний ва ақлий жиҳатдан ривожланганини эътиборга олган ҳолда амалга оширилади. Улар беш ёшга тўлган ва етти ёшдан ошмаган бўлишлари керак. Бизда бу жараён сал бошқачароқ, таълим тўғрисидаги янги қонунимизда болалар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Ҳолбуки, бизда ҳам ушбу халқаро амалиёт жорий этилиши болаларнинг эртароқ билим ўзлаштиришига замин яратади, қолаверса, мактабларга қабул жараёнидаги турли хил тўсиқлар, таъмагирлик ва коррупциянинг олди олинади. Албатта, болаларни 5-7 ёшдан мактабга қабул қилиш масаласи жиддий баҳсларни уйғотиши табиий. Бироқ бу ўринда биз тарихий манбаларда улуғ аждодларимиз имом Ал-Бухорий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Амир Темур, Алишер Навоий сингари юзлаб атоқли шахслар беш, ҳатто уч ёшларидан таълимга жалб қилинганини эслатиб ўтмоқчимиз. Бу мисолни келтиришдан мақсад шуки, болани 5 ёшдан таълимга жалб қилиш бизнинг тарихимиз учун бегона эмас, балки синовдан ўтиб ўзининг ижобий натижасини берган ҳақиқатдир.

Бутун дунё давлатларида 9 йиллик таянч ўрта мактаб таълими мажбурий бўлиб, ўқишни давом эттиришга мойиллиги сустроқ, лекин ҳунар-техникага қизиқиши кўпроқ бўлган ёшларга касб танлашда тўсқинлик қилинмайди ва касб-ҳунар мактабларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда иш жойида касб-ҳунар ўрганишига шароит яратиб берилади. Айрим ёшлар 10-11-синфда ўқишни давом эттириб, мактабдан ташқари вақтда касб-ҳунар мактабларининг ишлаб-чиқариш корхоналарида ёки ташкилотларда жойлашган ўқув базаларида касб-ҳунар ўрганади (дуал тизим асосида). Қолган ўқувчилар умумий ўрта мактабларнинг ихтисослашган синфларини битириб, университет ва техникумларда ўқишни давом эттиради. Битирувчи ёшларнинг яна бир қисми – олий ўқув юртларига ўқишга кира олмаганлар ёки ўқишни давом эттиришни истамаганлар касб-ҳунар билим юртларида ўзлари қизиққан касбни эгаллаб, тўғри меҳнат бозорига чиқишади ва ҳаёти давомида касбини такомиллаштириши ва ишдан ажралмаган ҳолда меҳнат бозори талабига қараб қўшимча касбларни эгаллаши мумкин.

Шу ерда қўшма (дуал) тизим ҳақида тўхталар эканмиз, унинг ўзига хос талаблари мавжуд эканини қайд этиб ўтмоқчимиз. Биринчидан, 10-11-синфда ўқиш мактабда ўтилади, ҳунар ўрганиш касб-ҳунар мактабини ўқув базасида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда тўғридан-тўғри иш жойида ўрганилади. Иккинчидан, умумий ўрта мактабни тугатгани ҳақида алоҳида аттестат, касб-ҳунар мактабини битириб, касб эгаллагани тўғрисида алоҳида гувоҳнома берилиши шарт. Бу талабларни бажармаслик таълим сифатига жиддий таъсир қилади ва малакали ишчи кадрлар тайёрлашнинг ёмонлашувига олиб келади. Шунингдек, Европа давлатларининг кўп йиллик тажрибасига кўра, тўққизинчи ёки ўн биринчи синфни битирувчи ўқувчилар, касб-ҳунар мактаблари ва билим юртларига, биздан фарқли ўлароқ, тўғридан-тўғри танловсиз қабул қилинади. Бундан ташқари, касб-ҳунарга ўргатиш уларда мутлақо бепул, ҳаттоки доимий иш ўрнида ишловчи ходимларнинг 60-70 фоиз ойлик маошига тенг маблағ бериш тизими ҳам мавжуд.

Бу келтирилаётган маълумотлар тегишли халқаро меъёрий ҳужжатларда белгиланган. Назаримизда, мамлакатимизда ҳам таълим тизимини айни шу кўринишлар асосида ривожлантирадиган бўлсак, биринчидан, таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро интеграцияни таъминлаган бўламиз, иккинчидан, камбағалликни қисқартиришга, ҳудудларда янги иш ўринлари ташкил этишга эришган бўламиз.

Таълим ислоҳотига тўсиқ бўлаётган яна бир ҳолатни келтирмоқчимиз. Ҳаммага маълумки, таянч ўрта мактабни битирувчи (9-синф) ўқувчилар 10-11-синфни ўз мактабларида, касб-ҳунар мактабларида ёки академиклицейларда давом эттирадилар. Лицейда 10-11-синф фанларини асосий қисми одатий, йўналишга тегишли фанлар чуқурлаштирилган тартибда ўқитилади холос. Лекин мактаблар Халқ таълими вазирлигига, академик лицейлар ва касб-ҳунар мактаблари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига қарайди. Аслида улар ўқиётган илм даргоҳи ўрта мактаб, касб-ҳунар мактаби, академик лицей, коллеж ёхуд гимназия деб номланишидан қатъи назар, бу халқаро таълим стандартига асосан умумий ўрта таълимнинг учинчи босқичи ҳисобланади (ХТКС – 3 даража). Шунинг учун улар тўғридан-тўғри Халқ таълими вазирлиги тасарруфида бўлиши керак. Бу таълимнинг узвийлигини ва кетма-кетлигини таъминлайдиган энг муҳим омилдир.

Яна бир масала, бизда ўрта махсус профессионал таълим, деб номланаётган техникумлар халқаро стандартларга кўра (ХТКС – 5 даража) ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан буён олий таълимнинг қуйи босқичи ҳисобланади. Бу таълим муассасасини битирувчиларга мутахассис-техник ёки ассоциат даражаси (Associate Degree) ва олий маълумотли диплом берилади. Миллий таълим тизимининг халқаро тизим билан мувофиқлаштирилиши, яъни техникумлар олий таълим даражасига кўтарилиши, умумий ўрта таълимни тўлиғича Халқ таълими вазирлиги таркибига киритилиши катта ижобий ўзгаришларга олиб келади ва таълим сифати кескин яхшиланади. Натижада ривожланган давлатларнинг биронтасида бўлмаган, олий таълим таркибидаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига ўз-ўзидан ҳожат қолмайди.

Мамлакатимиз таълим тизимининг бугунги аҳволи, хусусан, умумтаълим тизимини ривожлантиришдаги энг долзарб муаммолар ҳақида сўз юритар эканмиз, мактаб ўқитувчиси тайёрлаш билан боғлиқ бир қанча ноаниқликлар ва чалкашликлар мавжудлигини ҳам қайд этиш жоиз. Мисол учун, 2001 йилда қабул қилинган ва 2015 йил қайта кўриб чиқилган Давлат таълим стандартининг олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторида тайёрланаётган ихтисосликлар даражаси ва номлари халқаро стандартларга умуман мос келмайди. Масалан, ушбу классификаторга кўра, олий таълим битирувчиларига “биологиядан дарс бериш методикаси” ёки “математикадан дарс бериш методикаси” ва бошқалар бўйича бакалавр даражаси берилмоқда. Ваҳоланки, халқаро стандартларга кўра, мактабгача таълим ўқитувчиси, бошланғич таълим ўқитувчиси, ўрта мактаб биология ўқитувчиси, ўрта мактаб математика ўқитувчиси мутахассислиги бўйича олий маълумотли диплом берилиши кўзда тутилган. Демак, педагог кадрларни тайёрлаш ва уларга диплом бериш борасида ҳам камчиликлар бор.

Олтинчидан, 1997-2001 йилларда ўтказилган ислоҳотлар натижасида 10-11-синфлар, касб-ҳунар билим юртлари (ПТУ) ва техникумлар асоссиз равишда битта таълим босқичига бирлаштирилиб, коллежларга айлантирилди. Ҳолбуки халқаро стандартларга мувофиқ, бу уч кўринишдаги таълим кадрлар тайёрлаш мақсади ва мазмунига, ўқув дастурлари мураккаблиги ва ўқиш давомийлигига кўра, ўзаро фарқланиб, таълимнинг алоҳида босқичлари ҳисобланади. Энг асосий фарқ шуки, техникум мутахассис-техниклар, касб-ҳунар мактаби ва билим юртлари эса малакали ишчи тайёрлайди. Айниқса, касб-ҳунар мактабларида ўқувчиларга бир пайтнинг ўзида ҳам 10-11-синфларнинг йигирмага яқин умумтаълим фанларини ўқитиш, ҳам касб-ҳунарга ўргатиш кутилган самарани бермаслигини ўтган йигирма йилдан ортиқ вақт кўрсатди.

Бу хато-камчиликларга барҳам бериш, кадрлар тайёрлаш жараёнини замон талабларига мослаштириш мақсадида 2019 йил 6 сентябрда Президентимизнинг «Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ аввалги ислоҳотлар даврида асоссиз тарзда қўшиб юборилиб, коллежга айлантирилган таълим муассасаларини учта алоҳида – бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, профессионал таълим тизимига ажратиш тўғрисида топшириқ берилди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳам қабул қилинди. Бунда бошланғич ва ўрта профессионал таълим босқичларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиб, малакали ишчи етиштириш, ўрта махсус профессионал таълим босқичида мутахассис-техниклар тайёрлаш кўзда тутилган. Булар ўртасида жуда катта фарқ борлиги яққол кўриниб турибди.

Аммо мавжуд фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2020 йил 20 февралда ишлаб чиқилган “Профессионал таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва касблари классификатори”да бир қатор чалкашликлар мавжудлиги кўзга ташланади. Бу Президент фармонида кўрсатилган топшириқ ва вазифаларга мос келмайди.

Масалан, ушбу классификаторга кўра:

-спорт йўналиши бўйича тренер ва тренер инструкторлар тайёрлаш учта таълим босқичида амалга оширилиши кўзда тутилган. Ҳолбуки, халқаро стандартларга асосан тренерлар ва тренер-инструкторларни тайёрлаш усулига кўра, ваколат фақат техникумларга тааллуқли;

-шунингдек, техникумларда тайёрланиши керак бўлган ҳамширалик иши, стоматология ва фармацевтика йўналиши бўйича мутахассисликлар касб-ҳунар коллежларида ҳам тайёрланаяпти;

-ҳаттоки олий ўқув юртларида тайёрланиши керак бўлган (!) мутахассисликларни бошланғич касб-ҳунар мактабларида (9-синф битирувчилари) тайёрлаш кўзда тутилган. Мисол, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси йўналиши бўйича ўттиздан ортиқ ҳар хил турдаги театр, кино ва телевидение рассомлари ҳамда дизайнерлар тайёрлаш белгиланган. Улар бир пайтнинг ўзида 10-11-синфда ўтиладиган йигирмага яқин фанларни ҳам ўзлаштиришлари керак. Таълим тизимимизда мавжуд бўлган шу каби камчиликлар йигирма йил давомида йўл қўйиб келинган хатолар яна такрорланаётганидан далолат беради.

Таълим ислоҳотидаги иккинчи муаммо — бу амалдаги Давлат таълим стандартларининг бундан ўттиз йил олдин Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан ишлаб чиқилган, аслида эскирган халқаро касблар классификацияси стандартига (ХККС-88) мос келмаслигидир. Таълим тизими ва ишлаб чиқариш ўртасида бундай ўзаро ҳамкорлик ва интеграциянинг йўқлиги сифатли таълим ва мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимидаги жиддий камчиликлар доирасига киради.

Бунинг устига, давлат таълим стандартларимиз ўзимизда ишлаб чиқилган миллий касблар классификацияси стандартига (МККС-2010) ҳам мос эмас. Ушбу касблар классификатори 2015 ва 2017 йилларда икки марта ўзгарди, лекин, афсуски, яхши томонга қараб эмас. Бизда таълим жараёни билан ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро боғлиқлик яхши йўлга қўйилмаган.

Жаҳон ҳамжамияти аллақачон меҳнат бозорида ишчи ва мутахассис кадрларга қўйиладиган талаб, вазифа ва мажбуриятларга оид муҳим, батафсил тафсилотларга эга бўлган янги таҳрирдаги халқаро касблар классификацияси стандартидан (ХККС-08) фойдаланмоқда. Аммо ўн йилдан ортиқ вақт ўтганига қарамасдан, ҳозиргача бу муҳим халқаро ҳужжатга асосланиб, унга мослашган ва интеграциялашган ўзимизнинг миллий касблар классификацияси стандарти (МККС) ишлаб чиқилмагани ва расмий равишда қабул қилинмагани таълим ислоҳотига тўсқинлик қилиб келмоқда.

Аввало, шуни таъкидлаш керакки, халқаро касблар классификацияси стандарти (ХККС-08) бўйича дунёдаги ҳамма касблар бажариладиган ишнинг ҳажми, мураккаблиги ва талаб қилинадиган билим даражасига қараб чегаралари аниқ белгиланган тўртта малака даражасига ажратилган. Уларда ҳар бир босқичнинг ўзига хос меъёр вазифалари аниқ кўрсатилган. Аммо бизнинг давлат таълим стандартларимиз ва касблар классификатори ушбу меъёрларга умуман мос келмайди.

Бир сўз билан айтганда, бу муаммоларнинг барчаси халқаро стандартларга мос келмаган давлат таълим стандартлари асосида иш юритаётганимиз оқибатида рўй берган. Бугун биз билган давлат таълим стандартлари маънан эскирган, улар янги Ўзбекистонимиз тараққиётида рўй бераётган бошқа ўзгаришлар сингари тамомила янгича кўриниш касб этиши даркор. Зеро, таълимни ўзгартирмасдан жамиятни, давлатимизни ўзгартиришимиз қийиндир. Хўш, бунинг учун нималар қилмоқ керак?!

Таълим соҳасидаги бугунги муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилиши халқаро меъёр ва қоидаларнинг тезроқ қабул қилиниши ҳамда жаҳон стандартларига асосланган миллий таълим классификацияси стандарти (МТКС) ва миллий касблар классификацияси стандарти (МККС) яратилиши янги Ўзбекистоннинг халқаро таълим ҳамжамиятига интеграциялашувига ва малакали кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга олиб келади. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш ва таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш мақсадида эскирган ва халқаро стандартларга мослашмаган давлат таълим стандартлари ўрнига барча босқичлар учун ягона бўлган мутлақо янги миллий таълим классификацияси стандарти (МТКС) ва миллий таълим тизими тузилмасининг схематик диаграммаси ҳамда миллий касблар классификацияси стандартининг (МККС) фойдаланиш жуда қулай бўлган электрон варианти ишлаб чиқилди. Биз таклиф этаётган миллий таълим классификацияси стандарти (МТКС) қуйидаги учта асосий қисмдан иборат:

Таълим даража ва дастурлари классификацияси (ТДДК). Ушбу классификация халқаро таълим классификацияси стандарти (ХТКС-2011) асосида яратилган бўлиб, мактабгача таълимдан докторантурага қадар таълимнинг барча даражаларини қамраб олган. Шунингдек, у кредитлар оралиғини, талабалар ёшини, ўқиш давомийлиги, биринчи ва иккинчи бакалавриат ва магистратура дастурларини ҳисобга олади. Таълим даражалари классификациясига Европа олий таълим ҳамжамияти томонидан қабул қилинган олий таълимнинг қисқа, биринчи, иккинчи ва учинчи квалификациялари киритилган. Янги таълим даража ва дастурлари классификацияси (ТДДК)нинг қабул қилиниши бир босқичли ва икки босқичли олий таълим дастурлари асосида мутахассис кадрлар тайёрлашга, таълимнинг ҳар бир даражаси учун таълим стандарти ва дастурлари ишлаб чиқишга имкон беради. Бу кадрлар тайёрлаш сифатини жиддий яхшилайди, таълим жараёнининг узлуксизлиги ва кетма-кетлигини таъминлайди.

Таълим малакалари классификацияси (ТМК). Таклиф этилаётган таълим малакалари классификацияси (ТМК) Европа квалификациялар рамкасига (ЕКР) ва Европа олий таълим квалификациялар рамкасига асосланган. Таълим малакалари классификацияси (ТМК) таълим даражаларига мос равишда 8 та даражага ажратилган бўлиб, унда бир поғонадаги малака даражасининг иккинчисидан сифат жиҳатидан фарқини белгилайдиган билим, қобилият, кўникма, масъулият, муносабат, муомала, мустақил фикрлаш каби компетенциялар мавжуд. Таълим малакалари классификациясини татбиқ этиш ва ундан намуна сифатида фойдаланиш янги таълим дастурлари ва малакаларини ишлаб чиқиш ҳамда таълим ва касбга оид ўқув режа ва дастурларини тузишда таянч вазифасини ўтайди. Аттестация ўтказувчи ва сертификатловчи идоралар ҳам кадрларни шу асосда синовдан ўтказишлари мумкин бўлади.

Ушбу тақдим қилинаётган малакалар классификацияси таълим тизимида очиқ-ошкораликни таъминлайди, халқаро даражадаги квалификациялар стандарти ёки бошқа давлатлар миллий таълим тизими билан таққослашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Таълим соҳаси ва мутахассисликлар классификацияси (ТСМК). Ушбу классификация халқаро таълим классификацияси стандарти (ХТКС-2013) асосида яратилган бўлиб, унга кўра, 80 га яқин ихтисослашган соҳа доирасида олий таълим ва касб-ҳунарга ўргатиш тизимида кенг профилли мутахассис кадрлар ва малакали ишчилар тайёрлаш кўзда тутилган. Янги яратилган классификациянинг фанлараро дастурларига мувофиқ, танлаб олинган касб бўйича бир неча ихтисосликни эгаллаш имконини беради. Масалан, тадбиркорликнинг ҳуқуқий ва иқтисодий асосларини биладиган инженер кадрларни тайёрлаш мумкин. Ушбу фанлараро дастурга асосан, мактабгача таълим, бошланғич ва ўрта мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш жараёнида улар бир босқичли олий таълим дастурига мувофиқ, бир вақтнинг ўзида камида иккита ихтисослик бўйича олий маълумотли диплом олишлари мумкин.

Миллий таълим тизими тузилмаси янги ишлаб чиқилган миллий таълим классификацияси стандарти (МТКС) асосида яратилган бўлиб, у таълим дастури ва малакалари даражасини, ўқувчилар ёши, таълимнинг давомийлиги, кетма-кетлиги ва узлуксизлигини яққол намоён қилади ҳамда халқаро таълим классификацияси стандартига мос келади. Ушбу тузилмани схематик диаграммасини бемалол Европанинг 40 дан ортиқ давлатидаги шу каби тузилмалари билан таққослаш ва жаҳон таълим тизимидаги янгиликларни кузатиб бориш мумкин.

Умуман олганда, тақдим этилаётган мутлақо янги миллий таълим классификацияси стандарти (МТКС) нафақат халқаро таълим классификацияси стандарти (ХТКС-2011)га, балки халқаро касблар классификацияси стандарти (ХККС-08)га ҳам уйғунлашган. Ушбу лойиҳа 2006-2018 йилларда 50 дан ортиқ давлатлар таълим тизими, ЮНЕСКО ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) томонидан қабул қилинган барча таълим ва касблар классификацияларининг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрланган. Шунга асосан, 2013 йил Самарқанд давлат медицина институтида халқаро таълим стандартларига мос таълим дастурлари, ўқув режа ва фан дастурлари яратилди ва кредит-модуль тизимида ўқитиш жорий этилди. Ушбу тизим онлайн усулда масофавий таълим бериш, малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, дунёнинг ривожланган олий таълим муассасалари битирувчилари билан рақобатлаша оладиган кадрлар тайёрлашга муҳим замин яратди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2019 йил 11 январда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари бу янгиликка юқори баҳо бериб, уни қўллаб-қувватлади. Президентимизнинг 2019 йил 9 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасаларини 2030 йилга қадар кредит-модуль тизимига ўтиши белгилаб қўйилди.

Биз таклиф этаётган миллий таълим классификацияси стандартининг (МТКС) қабул қилиниши таълим тизимини тўлақонли ислоҳ этишга асос бўлади. Бу таълим соҳасида катта ютуқларга олиб келади, унинг узлуксизлиги, кетма-кетлиги ва дунё таълим тизимига интеграциясини таъминлайди, сифатли таълим ва мутахассис кадрлар тайёрлашни яхшилайди ва бугунгидан фарқли ўлароқ, бизнинг дипломларимиз дунёнинг ривожланган давлатлари томонидан тан олинади. Янги миллий таълим классификацияси стандарти тегишли вазирликларга таълим даражалари ва соҳалари бўйича таълим дастурлари ва малакаларини яратиш, Европа кредит-трансфер тизимини жорий этиш, ўқув режа ва дастурларни ҳамда илмий-услубий қўлланмаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш имконини беради.

 

Азамат ШАМСИЕВ,

Самарқанд давлат медицина институти профессори

Манба: “Ўзбекистон овози”

Ўхшаш мақолалар:

  1. Хасанбой боксни Ислом акадан, Руслан штангани Мирзиёевдан ўрганган демайлик
  2. Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга Америка Қўшма Штатларидан
  3. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар ҳақида
  4. 10 йилликнинг 50 одами, жумладан, 7 давлат раҳбаридан бири! — Б.Жумаев
  5. Намоз НОРМЎМИН——: БАЪЗИ МАЪЛУМОТЛАР ВА НАСИҲАТЛАР
  6. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга Бухоронинг Қоракўлидан шикоят
  7. Алишер Назар: COVID-19 Дардингни бировга айтсанг, оғзингдан чиқиши билан қочади
  8. Бобомурод Абдулла: Мен «Қора мерган» эмасман…
  9. Норқобил Жалил дилрози: МЕНИНГ РОҲАТОЙ ОНАМ-A!
  10. ШАКАР: Муаммонинг қўрқинчли томони тилга олинмаяпти. Нега???
  11. Акмал Саидов ҳақида Кун.ўз даги ижобий мақолага танқидий муносабат — Б.Жумаев
  12. Бердиёр Жумаев: СУДХЎРЛИК – ЖАҲАННАМИЙ ХОРЛИК ВА ХЎРЛИК!
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.