"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Тоҳир ШЕРМУРОД МУАММОЛАРНИНГ ЖАВОБИ (А.Мамарасулов ҳикоялари)

Адабиёт, Бош мақола, Маданият ва Санъат | 25/01/2021 20:55-     11368 марта ўқилди

Тоҳир ШЕРМУРОД

МУАММОЛАРНИНГ ЖАВОБИ

(1990 ҳикояларига бир назар)

Абулқосим Мамарасуловнинг «Учинчи йўл» номли ҳикоясида ҳол-аҳвол, саъй ҳаракат, фикр, кечинма тасвири ягона ғояга бўйсундирилган.

Ўзбек оиласи тирикчилигидаги машаққатлар баёни ҳикоя оҳангининг арзи ҳолга мойил бўлишини тайин этган. Ноҳақлик гурзиси бошига тушиб, ҳаловатдан айрилган, оиласи чилпарчин бўлган, одамлар орасида беобрў қилинганлар оз эмас. Ўн бир болани боқиш кун сайин мушкуллашса, янги машина учун икки минг сўм пора берилса, раиснинг устидан ростини ёзсаю, сотқин тафтишчилар арзчини итдан баттар қилиб ҳайдаса, туҳматчига чиқарса…

Бу кечмиш йўл йўлакай, гўёки ҳафсаласизлик билан эсланса-да, Тожибойнинг раисга бежиз пичоқ урмаганига ишонч пайдо бўлади. Икки ой касалхонада ётиб тузалган порахўрнинг «олижаноблик билан» даъвом йўқ, дея судга келмаслиги, лекин зимдан қилиғини қилиши, терговчининг маҳбусни бемалол «чиниқтириши», умуман, бу каби иллатлар жамиятимизда мавжуд ва айни ҳикоя учун мувофиқ танланган.

Шу боисдан ҳам ҳикоядаги бошқа персонажлар, хусусан, қамоқдагилар Қоплон ва Ирисмат эътиборни тортади. Иккаласи Тожибойнинг тарихини эшитибоқ,унинг фаҳми етмаган ишлар тагидаги бор гапни «ойнада кўриб тургандай», тўғри шарҳлашади. Хидир раис қамоқда юрган Тожибойнинг оиласига ҳам тинчлик бермаётганидан, ҳатто шўрликнинг кенжатойи умрига зомин бўлганидан ғазабланган Қоплон Тожибойни энди қотилликка даъват этади, қамоқдан чиқиб келишини ташкил қилади.

«Ёшлик»да эълон қилинган озар адиби Оғамали Содиқнинг «Бошсиз» ҳикояси қаҳрамони носоғлом муҳитнинг гирдобида азобланади. Усмон пора беролмайди. Лекин… «Шоирни дунёнинг бутун ноз неъматларидан маҳрум этган тангри… унга ҳеч нарса бермаса ҳам, ҳамма учун йиғлаш бахтини берган». Бундай муқаддас иноятни у ҳеч нарсага алишмайди. Қутирган муҳит баттар сиқувга олади. Уни тубан, ғаламис кимсага айлантиришга қаттиқ жазм этади. Алқисса, Усмон порани (биллур кулдонни) стол устига қўяди. Бир сония барча қийинчилиги барҳам топган, аммо одам деган номни олиб юрмоққа ҳаққи қолмагандай туюлади. Совғасини рад этган риёкор ғанимини бўғиб ўлдиради.

Синчиклаб кузатилса, ҳар икки ҳикояда ўхшашлик кўриниб туради. Бу фақат уларда юз берган ҳодисалар илдизининг теран бадиий ечимидагина эмас, балки ички услубий аломатлар, натижаларда ҳам аён бўлади. Шаклий мантиқий уйғунликни ҳамда таъсирчан яхлит бадиий тасвирни вужудга келтириш, уларга «ўз руҳининг такрорланмас, оригинал муҳрини тушириб ўта олиш» (Белинский) борасидаги изланишда ҳамоҳанглик сезилиб туради. Оғамали Содиқ дилбар инсонни қотилга айлантириб, оёқ ости қилиб, «сохта ва заиф муҳокамаларнинг якунидан» бошқа нарса бўлмаган қонунга биноан уни ўлимга йўллаган шарт шароит устидан ўз ҳукмини чиқаради.

Муаллиф қаҳрамоннинг адолат ва софликка нисбатан эътиқодига, шунинг оқибати бўлган моддий омадсизлигига эътиборни қаратади. Буни ғубор қўнган мусаффо қалбнинг бўзловчи, ҳибсдаги олижаноб руҳиятнинг даҳшатли жунбуши ичида туриб кузатади. Образни сохта ҳаракат ва нотабиий қилиқдан асрайди, улуғвор ғоя деб унга ортиқча жабр, талофат, зарбалар юклашдан сақланади. Абулқосим Мамарасулов ҳикоясининг мазмуни улғайтирувчи туб фикр учинчи йўлдир. Ҳаётий, фалсафий,, таъсирчан бадиий топилма.

Учинчи йўл бу сўнгги исён, сўнгги чора. Нафсиламбирини айтганда, учинчи йўл фожиасини сўз билан таърифлаш қийин. Сарлавҳанинг ўзигина «Учинчи йўл» ҳали ҳеч нарсани билдирмайди. Бироқ бу хулоса чиқармоққа асос бўлади. Адашиб раиснинг етмишлардан ошган отасини пичоқлаган, қамоқхонага элтгувчи такси атрофида милиционерларни кўрган «Тожибой беихтиёр қўйнига қўл югуртириб, иккинчи пичоғининг дастасини маҳкам тутди ва йўлини ўзгартирди: қишлоққа ҳам эмас, таксига ҳам эмас, балки, учинчи номаълум тарафга жўнади». Учинчи йўлнинг қўққис пайдо бўлиши ажабланарли туюлмайди.

Негаки бутун воқеаларнинг учинчи йўлга «хизмат қилгани», сюжет ривожининг танҳо тақозоси шу учинчи йўл экани яққол намоён бўлади.

Шунга қарамай, ҳикояда бош қаҳрамонга «юклатилган» талофот, омадсизлик бироз кўпроқ ва баъзан сунъийроқ туюлади.

 

Тоҳир ШЕРМУРОД,

Филология фанлари номзоди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси

1991 йил 5 апрел № 14 (3118)

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Эврил ТУРОН: ДУНЁ ЦВИЛИЗАЦИЯСИ БЕШИГИ (Мақоланинг тўла қисми)))
  2. Абдусаид Кўчимов: МЕН ШОИРМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ! (Янги китобнинг 1-қисми)
  3. Муҳаммад Исмоил: Шляпа кийинг, устоз! Абдусаид Кўчимов ҳақида (Бадиа)
  4. Абдусаид Кўчимов: МЕН ШОИРМАН, ИСТАСАНГИЗ ШУ! (Янги китобнинг 5-қисми)
  5. ШАВКАТ МИРЗИЁЕВГА: Адабиёт соҳасига ҳам эътибор беришингизни сўрайман
  6. Абдулло ЗУҲУР: НАЙНИ БЎЗЛАТИБ КЕТГАН ШОИР (Туркия сафари хотиралари)
  7. Нурбек Алимов: Михаил Шолоховнинг «Инсон тақдири» ҳикояси ҳақида…
  8. Бугун таниқли ўзбек ёзувчиси Улуғбек Ҳамдам туғилган кун. Табриклаймиз!
  9. Сиз севган адиблар — Назар Эшонқул. Шамолни тутиб бўлмайди (ҳикоя)
  10. «Умрнинг қандай ўтганини сездингми?» Шолоховнинг «Инсон тақдири» ҳикояси ҳақида
  11. Шарифа Салимовадан: «Руҳимда минг йиллик жим исён ётар…»
  12. Алишер Айматли: Устоз Абдулла Орипов хотирасига («Ўтганлар ёди» туркумидан)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.