Ибрат Сафо: Путиннинг қасри ҳақидаги фильмни томоша қилаяпман…
Путиннинг қасри ҳақидаги Навальный фильмини бўлиб-бўлиб томоша қиляпман. (Навальныйни 20 дақиқадан ошиқ тингласам, бошим оғрийди.)
Суриштирув ҳақиқатдан жуда яхши олиб борилган. Журналистикада, айниқса data journalism трейнингларида очиқ маълумотлар ёрдамида мана шундай терговлар олиб бориш ўргатилади, шу жиҳатдан бу фильмни кўриш журналистларга ҳам фойдали.
Ҳужжатлар ишончли, ва шу пайтгача кутдим, ҳатто ашаддий путинпараст воизлар ҳам биронта тузук раддия билан чиқиша олмади. Бу Навальный жамоаси йиққан маълумот ва манбалар қанчалар мустаҳкам эканидан дарак беради.
Ҳужжатларда қасрга 1 миллиард доллар сарфлангани айтилган. 1 миллиард доллар. Дискотека ҳовузлар, ўз хоккей майдони, ҳар бирининг нархи бир шаҳарнинг бюджетига тенг италян мебеллар. Ва қизиғи, дарвоза устига ўрнатилган рус пошшосининг тож кийган икки бошли бургути. Царь қайтди дейиляптимикан..
Қизиқ, ўз ватанини (афтидан) шунчалик севадиган ва уни Ер юзидаги энг қудратли державалардан бири бўлишини истайдиган давлат раҳбари қандай қилиб шунча пулни иқтисодга, мактабларга, касалхоналарга ё инновация ва технологияларга эмас, бу каби саройга сарфлаши мумкин? Тарихда инқилоблар нега юз берганини у ҳам билса керак.
Кеча трендга чиққан буюк адибимиз Алишер Навоийнинг Туҳфатул афкор қасидасида бир қизиқ гап бор: “Агар разил одам қимматбаҳо либослар кийиш учун умрини барбод қилса, ажабланма, пилла қурти ҳам ўзига ипакдан кафан тўқийди.”
