Бирнчисидан бошламоқчиман. Ишхонага телефон қилган одам «сиз билан кўришиш учун Қашқадарёдан келдим, гаплаша оламизми?», деди. Ташқарига чиқдим. Рўпарамда соч-соқоли оппоқ, юзларидан қандайдир ҳорғинлик сезилиб турган одам мени қарши олди.
-Узоқдан келдим. Лекин жуда чарчадим, -деди менга бошдан оёқ назар ташлаб, — виждоним қийналяпти. Бир неча йилдирки, раҳматли акамнинг фарзандлари билан судлашамиз.
Бизнинг низомизни кўрган судлардан норозиман. Шу пайтгача менинг фойдамга ҳал қилишган эди. Энди Олий суддагилар жиянларимнинг фойдасига ҳал қилишибди. Эшитишимга қараганда ўн минг «кўки»дан берибди. Агар йўқ демасангиз шуларни телевизорда кўрсатиб, шармандасини чиқарсангиз деб келдим. Яна камлик қилганидек уларнинг туҳмат гапларини телевизорга қўйиб юборишди.
… Яқиндагина тайёрлаб, эфирга берилган кўрсатувимиз ёдимга тушди. «Водариғ, наҳотки ўша иккита аёл шу одамнинг жиянлари бўлсая». Ўшанда улар ўз амакисини пора бериб судларни қўлга олишда айблаган эди. Бугун эса амаки жиянларни айбламоқда.
Биз қандай миллат ва қандай халқ эдик. Наҳотки, шундай кўзи оч, қалби қашшоқ ва ачинарли аҳволга тушиб қолдик. Нега, нега деган саволлар вужудимни тирнади. Шунча йилдан буён жигарлар ўзаро мерос талашиб судлашса, тап тортмасдан ойнаи жаҳонга, миллионлаб одамлар ҳузурида бири иккинчисини бадном қилса… — Ўша сиз норози бўлган кўрсатувни мен тайёрлаган эдим ака, -дедим унинг ёмон одамникига ўхшамаган чеҳрасига боқиб. «Йўғе», деди ака хижолат бўлиб,
-Ўша жиянларингиз судларни қўлга олгани аниқми, — дедим. «Ҳа, Ҳамма ишни пора билан ҳал қилишаётган экан.» Унда нега менга пора бермасдан телевизорга чиқишди,»дедим. Ака бир оз хижолат бўлиб, хомуш тортди.
Бир таклиф айтсам майлими, дедим акани ноқулай вазиятдан чиқариш учун.
— Иккинчи таклифим. ўша ўзаро талашиб, судлашаётган кўчмас мулкингизнинг бир бўлагини жиянларингизга ҳадя қила олармидингиз, дейишим билан аканинг кўзлари ёшга тўлди.
— Ўша мол-мулкнинг падарига минг лаънат, деди кўз ёшларини мендан яширмоқчи бўлиб,- бир бўлагини эмас, ҳаммасини бераман. Чунки, эртага мен ҳам қабрда тинч ётишим керакку!
Йиллар давомида судлашиб, бири иккинчисига душман бўлтган жигарларнинг яқинлашувига сабабчи қилган Оллоҳимга чексиз ҳамду санолар айтдим. Гуноҳлардан фориғ чақалоқдек ҳис этдим ўзимни.
Яқин орада бунчалар қувонмаган эдим. Эртагаёқ аканинг жиянларига қўнғироқ қилиб айтаман. Билмадим, бу хушхабарни улар қандай қабул қилишар экан. Ўртада бўлиб ўтган кўнгил хираликдан хижолат чекиб, кўзлари ёшга тўлиб, амакиларининг ҳузурига бош эгиб келсалар ажаб эмас.
Чунки, биз бу дунёнинг арзимас мол-мулкларидан баланд турадиган ва сара қадриятларга бой халқнинг фарзандларимизда.
…Сизга ваъда қилинган икки воқенинг биринчиси шу эди.