"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Фаолиятшунослик фани — ижодкорлик ва кашф этиш илми — Дадахон Ёқубов

Бош мақола, Демократия сабоқлари, Муҳокама учун мавзу | 15/01/2021 19:16-     11237 марта ўқилди

ФАОЛИЯТШУНОСЛИК ФАНИ–ИЖОДКОРЛИК ВА

КАШФ ЭТИШ ИЛМИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида шундай фикрлар бор: “Биз бугун ўз олдимизга улкан марраларни қўйганмиз. Она Ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга киришдик. Биз оила, мактабгача таълим, мактаб ва олий таълимни ҳамда илмий-маданий даргоҳларни бўлғуси Ренессанснинг энг муҳим бўғинлари деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли, ушбу соҳаларда туб ислоҳотларни изчил амалга оширмоқдамиз.”

Дарҳақиқат, глобаллашув жараёни ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқишни ва рўёбга чиқаришни талаб қилади.  Мамлакатимизда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5313-сон, «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сонли Президент фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармони ҳамда “Таълим тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши Янги Ўзбекистон таълим тизимини барпо этишда катта роль ўйнамоқда.

Мазкур ҳужжатда Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси 2030 йилга бориб халқаро ташкилотлар мингталигидан жой олиши керак, деб белгилаб берилган бўлиб, у бизни ҳалқаро стандартларда кўрсатилган марралар сари етаклайди, таълим сифати бўйича дунё андозалари даражасига олиб чиқади. Бу борада биринчи навбатда ЮНЕСКО томонидан 2011 йили қабул қилинган Халқаро таълим стандартлари тансифи меъёрларини миллий таълим анъаналарини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда республикада 129 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 97 таси маҳаллий ҳамда 24 таси хорижий олий таълим муассасаси, 8 та нодавлат олий таълим муассасаси ва уларнинг филиаллари ҳисобланади. Жумладан, сўнгги 3 йилда янги 7 та олий таълим муассасаси, 17 та филиал ва 14 та хорижий олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида қабул қилинган 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармонида соҳанинг иқтисодий мустақиллиги ва самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш;

халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, жумладан ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш;

олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган, меҳнат бозорида ўз ўрнини топа оладиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;

олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш;

олий таълим муассасаларида таълим, фан, инновация ва илмий-тадқиқотлар натижаларини тижоратлаштириш фаолиятининг узвий боғлиқлигини назарда тутувчи «Университет 3.0» концепциясини босқичма-босқич жорий этиш;

хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказларини ташкил этиш ҳамда уларни тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ қилувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқиш вазифалари қўйилган бўлиб, мамлакат олий таълими учун иннавацион ва инвестициявий ҳаракат йўналиши белгилаб берилди.Ушбу ҳужжатда кредит модуль тизими мамлакат ривожланиши омилларидан бири қилиб белгиланди.

Маълумки, мамлакатимиз узлуксиз таълимида, хусусан, Олий таълимда ҳам ҳануз эскириб қолган фанлар, ўз моҳиятини йўқотган, бугунги иқтисодий ва технологик талабларга бутунлай жавоб бермайдиган касбий йўналишлар амал қилмоқда. Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси паст даражада қолмоқда. Мутахассислар тайёрлашда тизимли ёндашувларнинг йўқлиги, замонавий компетенцияга эга бўлган педагог-ўқитувчи, мутахассисларнинг етишмаслиги, сифатсиз ўқув дарсликлари ва эскириб қолган методларда машғулотларнинг олиб борилиши, бутунлай кераксиз предметларга асосий вақтнинг ажратилиши, назарий машғулотлар билан амалиётнинг ажралиб қолганлиги каби жиддий камчиликлар мавжуд.

Шуларни ҳисобга олган ҳолда бир неча ўқув предметларини ўзида бирлаштирган,кредит-модул тизимига миллий ўзигахослик анъаналарини узвийлаштирувчи, таълим, фан ва амалиётни интеграциялаштирувчи, дунё таълими тажрибаларини таҳлил этувчи, талаба ва педагоглар ҳамда истеъмолчиларнинг инновацион қарашларини рўёбга чиқаришда кўмаклашувчи ҳамда катализатор вазифасини ўтовчи, бир неча касбий йўналишларни боғловчи унверсаль ўқув предмети ҳисобланмиш “Фаолиятшунослик” фани методологик дарслигини яратиш, “Фаолиятшунослик” касбий йуналиши бўйича педагог-фаолиятшунослар тайёрлаш юзасидан “ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” концепция лойиҳаси тақдим этилади.

“ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” фанининг долизарблиги ХХI асрда кашф этилган ва ихтиро қилинган ишланмалар, янги технологияларнинг, айниқса, ахборот технологияларининг инсоният фаолиятида кенг қўлланиши, фикрий ғояларни моддийлаштириш билан боғлиқ бошқа технологияларнинг татбиқ этилиши, ақилли технологиялар ва синергетика, акемалогия, сингуляр билимларнинг ривожланиши натижасида “лойиҳалаш маданияти- дизайн” атамасини “фаолият” атамасига ўзгартирилишини тақазо этмоқда.

Янги фан йўналишини эса ФАОЛИЯТШУНОСЛИК деб номланиши мақсадга мувофиқ келади.Фан предмети сифатида инсон фаолияти билан боғлиқ учта унивесаль йўналиш бирлаштирилиши назарда тутилади.

1. Лойиҳалаш маданияти, дизайн таълими, тарихи, назарияси, принциплари ҳамда уни ташкил этиш асослари

2. Касбларнинг технологик асослари. Ахборот технологияларининг ривожланиши ва қўлланиш услублари.Бошқа технологик ишламалар.

3. Сингулярлик, синергетика, акемология асослари.Кашфиёт ва ихтиролар яратишнинг тарихий зарурати, келажакни лойиҳалаш, инсон фаолиятини лойиҳалашнинг назарий асослари.

Шу ўринда янги ўқув предмети мақсадидан келиб чиқиб, назарий ва амалий натижаларни умумлаштириб, “ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” фани моҳиятини қуйидагича таърифлашни таклиф этаади:”ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” –инсон фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методи демакдир.”

Ушбу таърифимиз инсон фаолияти билан боғлиқ моддий ва маънавий оламни қамраб олади. Энди инсон маълум бир мақсадда ўз фаолиятини лойиҳалайди. Бунда инсон нарсалар оламини эмас, балки нарсалар олами муҳитини яратиш учун ўз фаолиятини лойиҳалашнинг технологик яхлидлик ва табиий уйғунлик методига мурожаат қилади. Лойиҳалаш маданиятига эса таълим-тарбия туфайли эришилади. Фаолиятшунослик таълимининг моҳияти шундан келиб чиқади. “Фаолиятшунослик” таълими инсон ҳаётий фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методини ўрганиш ҳақидаги билимлар демакдир”.

Фаолиятшунослик таълимини фаолиятшунос тайёрлаш деб тушуниш– бу соҳанинг энг катта хатоси ва парадокси саналади. Фаолиятшунослик – бу ҳамма нарсага тадбиқ этса бўладиган методология, бир бутунликни ташкил қилувчи илмий назария ва амалиёт ҳамда фикрлаш услуби, барча муаммоларни ечиш йўли демакдир. Фаолиятшунослик ёндашуви натижасида топилган ечимлар ҳаётни янада яхшилайди ва енгиллаштиради. Бу дегани барча муаммоларни прфессионал фаолиятшунослар хал қилади дегани эмас, балки аксинча.

Менделеев жадвали ахборот фаолиятшунослигининг ёрқин намунасидир. Шу каби конвеерларни ишлаб чиқариш жараёнларига тадбиқ қилиш ва сут солувчи қоғоз қопчанинг кашф этилиши саноат фаолиятшунослигининг маҳсулотлари саналади.

Инсон ўз ҳаётини қулай ва чиройли тарзда режалаш ва бу режаларни рўёбга чиқариш илми психофаолиятшунослик, яъни психологик лойиҳалаш маданияти ўз натижасини беради. Бахтга интилиш инсон табиатига хос ҳусусият. Аммо унга етмоқлик учун инсон йиллар давомида жуда кўп нарсаларни ўрганиши лозим. Болаликда гапиришга ва юришга ўрганамиз. Мактабда ёзиш-ўқишга, бизни ўраб турган олам сирларини билиб олишга интиламиз. Ёшликда касб-ҳунар эгаллаймиз, оила қуриб, унинг қонунларига итоат қиламиз. Ҳаётнинг ўзи бетўхтов-узлуксиз таълим тарбиядан иборат, ҳаракатдан тўхташ эса бизни ўраб турган оламдан ажраб қолиш демакдир. Биз учун энг муҳими ўқиш –ўз шахсий бахтини қуриш маҳорати — ўз ривожланишини онгли равишда бошқара олиш санъати ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз ҳаётини самарадор ўтказиш, одамлар учун фойда келтиришда ўзининг барча имкониятларини ишга солишни истар экан, ўз шахсий бахтини ҳаётий ижодининг бош предмети қилиб белгилаши лозим. Бу инсон хусусияти ирсиятдан ўтмайди, балки фақат ўрганиш орқали қўлга киритилади. Бунинг учун эса кўзлаган мақсалга етмоқлик учун барча имконият ва манбааларни сафарбар этишга тўғри келади. Бахтли яшаш, бахтиёр бўлмоқлик инсоннинг ўз қаршисидаги барча муаммоларни муваффақиятли еча олганлиги натижасидир.

Фаолиятшунослик бадиий конструкциялаш, лойиҳалаш гўзаллик ва мақбулликни бирлаштирувчи оханграбодир. Қадим замонларданоқ ҳар қандай буюм ёки асарнинг хақиқийлиги ва асллиги ўлчови сифатида унинг гўзаллиги эътиборга олинган. Чор атрофингизга қарасангиз, турли-туман фаолиятшунослик лойиҳалари қуршовида қолганлигингизни тасаввур қиласиз.Улар ичида меъморий-архитектура фаолиятшунослиги, интерьерлар, ноёб мода ва либослар фаолиятшунослиги, саноат ва бошқа фаолиятшунослик лойиҳаларига кўзингиз тушади. Биз ҳам фаолиятшунослик, яъни психофаолиятшунослик унсурлари ёрдамида ўз ҳаётий жараёнларимизни ва руҳимизни лойиҳалаймиз. Уларнинг баъзиларига эътиборингизни қаратамиз: ўз шахсий соғлиғини бошқаришни англаш; очилмаган исътедод ва қобилиятларни ривожлантириш; илҳомланиш хиссини кучайтириш; касбий самарадорликка эришиш; хизмат зинопояларидан тез кўтарилиш илмини билиш; молиявий самарадорлик йўлларини билиш; ўзгалар ҳурмат қилиши техникасини қўллаш;• мулоқот санъатини эгаллаш технологиясини билиш; ёмон хаёл ва ниятларни онгидан чиқариб ташлаш; қариндош уруғлар ва яқинларга сезиларли ғамҳўрлик кўрсатиш кўникмасини ўрганиш; чорасизликдан усталик билан чиқишни билиш; ўз шахсий истакларига нисбатан муносабат ва қарашларини ўзгартира олиш; ўзини қатъий ҳурмат қилиш; атрофдагиларга нисбатан ўзи истаганидек таъсир ўтказиш; қизиқарли ва самарали яшаш санъатини эгаллаш ва ўз ҳаётидан максимал ҳузурланиш; ўз истакларини муносиб руёбга чиқариш маҳоратини эгаллаш; исталган хар қандай соҳада ўз компитенциясини оширишни билиш; ўз ўзини доноларча англаш; воқеалар жараёнини ўзи истаган томонга ўзгартира олиш.

Бизни ўраб турган олам икки қисмдан иборат, Биринчиси табиат томонидан яратилган табиий, аслий нарсалар бўлса, иккинчиси инсон томонидан ясалган сунъий нарсалардир. Эски замонларда улар бир биридан бутунлай фарқ қилиши билан биргаликда, улар иккиси ўзаро бир бирлари билан зиддиятда бўлиб келганлар.Уларни бир биридан ажратиб турадиган энг асосий мезон уларнинг уйғунлиги ва гўзаллиги даражасида — олий даража табиатга хос, қуйи даража тамаддун оламига хос эди.

Кўп замонлар фақат санъатгина уйғунлик ва яхлитлик доираси сифатида табиат яратган мўъжизавий олам билан сунъий яратилган буюк ижод намуналари ўртасида боғлиқликни таъминлаб келди. Аммо ўтган асрнинг охирларида вазият тубдан ўзгарди, инсоният яратаётган кашфиётлар гўзаллик қонунлари асосида дунёга кела бошлади. Бу гўзал қиёфага киришдек буюк ўзгариш бадиий конструкциялаш санъати ва фаолиятшунослик технологиясининг ҳаётимизга кириб келиши билан чамбарчас боғлиқ эди.

Кундалик эҳтиёжларимиз учун зарур бўлган ҳар қандай буюмга, хоҳ у авторучка, диван, автомобиль, портфель ёки компьютер бўлсин,улардан истаган нарсангизга диққатингизни қаратиб кўринг. Уни сотиб олишингизнинг асосий сабаби фақат ана шу буюм функционал зарурлигигина эмас, балки унинг бадиий бежиримлиги ҳам диққатингизни тортгани аниқ.

Дўкондан қандил харид қилмоқчисиз, уларнинг ранг-баранг ва турли шаклларини, безакларини кўриб, кўзингиз қамашади. Аслида уларнинг ҳаммаси фақат бир хил техник ечимда ишлашини ҳаёлингизга ҳам келтирмаслигингиз аниқ. Автомобилларни кўринг, уларнинг турларини кўриб, ҳайратга тушиб кетасиз. Қанча ранг, қанча услуб ва қанча шаклий тақдимот. Фикримиз тўлиқ бўлиши учун шу ерда кичик фикрий чекиниш қилиб ўтсак, фаолиятшуносликнинг ривожланиши, эски принципда ишловчи автомобиль моторлари, қандилларнинг электр эннергиясини ямлаб ютиши, умуман табиатга зарар келтирувчи технологияларга нисбатан зиддиятга киришнинг ҳам гувоҳи бўлаяпмиз. Яна парадокс, фаолиятшунослик бугунги кунда табиат сари уйғунликнинг мезонига айланмоқда. Қуёш энергиясидан қувват олувчи космик кемалар, автомобиллар, қандиллар аллақачон ҳаётимизга кириб келди.Ҳатто лазер нурлари билан осмонни парда қилиб, томоша кўрсатувчи мосламалар, ахборот узатиш воситалари галлактика сари тасвирларни юборяпти. Олдинги фикримизни яна давом эттирамиз.

Фаолиятшунослик ғоясини яхшироқ тушиниб олиш мақсадида атрофимизни ўраб турган нарсаларнинг бадиий шаклларига нигоҳ ташладик. Сезган бўлсангиз, сизни ўраб турган нарсалар олами борган сари табиатнинг мангу гўзаллик ва уйғунлик қонунларига асосида ташкиллашиб бормоқда.

Дўконга кириб чойнак олмоқчи бўлдингиз. Худди музейга кириб қолганга ўхшайсиз. Чойнакларнинг турлари ва ранго-ранг бичимларини кўриб, қайси бирини танлашни ҳам билмай қоласиз. Кийимларни, либосларни айтмайсизми!?. Уларнинг вазифаси аниқ. Аммо уларнинг камалак рангларида товланиши, фасонлари, безаклари ақлингизни лол қолдиради. Аммо Сиз ўзингизнинг дидингизга ўтирадиган, ёқадиган бадиий шаклга эга бўлган буюмни сотиб олдингиз. Қаерга борманг, қандай нарсаларни кўздан кечирманг, ўзингиз одатланиб қолган оддий буюмлар оламига санъатнинг ғолибона кириб борганлигини сезасиз.

Аммо фаолиятшуносликнинг саноат ишлаб чиқариши, маиший ҳизмат, таълим , қўйингки, барча соҳаларда катта аҳамият касб этар экан, нега инсон ички оламига бадиий конструкциялаш орқали бетакрок ноёб ўзигахослик ва уйғунлик касб этишига шубҳа қилиш мумкин.Тўғри, чиройли бу қандилларни тажрибали ва иқтидорли фаолиятшунослар бунёд этган. Шу каби ҳар биримиз ҳам чиндан ҳам руҳий бутунлик ва ҳақиқий гўзалликка эришмоқликни истасак ўз ички оламимизнинг мусаввирига айланишимиз зарур. Психофаолиятшунослик тушунчасини инсоннинг ички ва ташқи энергиясини бир мақсадга йўналтириш деб тушунсак, ҳато бўлмас. Чунки инсон бутун ҳаёти давомида тўплаган билимлари, тажрибаси, кўникмаси харакатсизликдан, ёки тарқоқликдан кам наф бериги аниқ. Уни йўналтируви харита бу фаолиятшунослик, фикрий лойиҳалаш демакдир. Лойиҳалаш инсон қобилиятлари ва ижодкорлигини янада ривожлантиради. Мақсад сари етаклайди.

Ижодкорлик ва кашф этиш. Улар Форобий фалсафасида, Беруний харитасида, Сино илми-билмида, Ал-Хоразмий илм калитида, Темур тузукларида, Улуғбек жадвалида, Навоий мисраларида, Беҳзод минатюраларида, хаттотлар ёзувида, меъморлар обидаларида, наққошлар нақшида, маданиятимиз изларида, яратилувчилишимиз намуналарида, чор атрофимизда, бизни ўраб турган оламдаги мўъжизалар инсониятга хизмат қилар экан, улар инсон ички оламдан тошиб чиққан булоқлардир. Улардан чанқоғимизни қондирамиз. Мукаммалликка интиламиз. Ижодорлик бу мева берувчи дарахтга қиёс. У сув ичмаса қуриб қолади. Фаолиятшуносликни эса миробга ўхшатамиз.

Юқоридаги китоб ва китоб ўқиш ҳақидаги фикрларимизга қайтсак, айтишларича, энг таниқли одамларнинг ўз ҳаётида нимага эришган бўлсалар, унинг манбаси китоб эканлигини такидлайдилар. Биз эса китоб муаллиф билан лойиҳавий боғланишнинг дастлабки ахборот узатқичи эканлигини таъкидлаймиз. Ижод ирмоқлари қалбимиздан бошланишини тасаввур этамиз. Буюк физик олим Исаак Ньютон: “Узоқ вақт мобайнида ўз фикрини жамлаб, бир нуқта томон йўналтира олган инсон у донишманд– доҳодир”,– деган эди.

Фаолиятшуносликка қизиқиш инсон ижодкорлик фаолиятини ривожлатириши ва натижасини инъом этиши ҳақида гап кетар экан, номдор одамлар муваффақияти асоси уларнинг шахсий изланишлари ва ҳаётий фаолиятини режалаштира олганликларида эканлигини англаб етамиз. Уларнинг кўпчилиги бахтли тасоддиф туфайли ном таратган эмаслар. Буюк фаолиятшунослар, дизайнер ва рассомлар ҳаётидан олинган лавҳаларимиз ҳам бу сўзларимизни тасдиқлаб турибди.

“ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” фани таълим муассасаларида унверсаль машғулот бўлиб, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан барча фан соҳалари ва касбий йўналишларда муҳим ўрин эгаллайди ҳамда узлуксиз таълимнинг барча поғоналарида (мактабгача таълим, умумий ўрта, коллеж, лицей ва мактабдан ташқари таълим, ҳусусан олий таълим ўқув юртлари) ўқувчи-талабаларига мўлжалланган фан дастури ҳисобланади.Ҳар бир узлуксиз таълим босқичи учун алоҳида ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.

Фаннинг мақсади талабаларга инсон онгги, ғояси ва қўли билан яратилган оддий ва мураккаб ҳаётий зарур нарсалардан тортиб энг буюк кашфиёт, иҳтиролар, ахборот технологиялари ва юқори технологик маҳсулотлар, ҳизматлар, лойиҳалар, ишламалар яратилиши тарихи ҳақида билим бериш билан биргаликда дунёнинг бир қатор мамлакатлари ва Ватанимизда инсон фаолияти моҳиятини белгиловчи лойиҳалаш маданияти билимларини ўргатишдан иборатдир.

Бир сўз билан ҳар бир соҳада кашф этиш, ихтиролар яратиш, ғоя ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ эта оладиган, рақобатбардош илмий, касбий ва технологик жараёнларни узвий қўллай оладиган мутахассислар тайёрлашга кўмаклашишдан иборат.

Танлаган касбидан катьий назар олий маълумотли кадрлар онгида ўз ҳаетий фаолиятини тугри лойиҳалай олишга йўналтирилган фикрлаш маданиятини шакллантирувчи билим ва кўникмалар ҳосил килиш фаннинг асосий максадини белгилайди.

Ҳаётий фаолиятини режалаштира оладиган ва ўз максадларини ифодалаш усул, восита ва технологиясини ўзлаштирган мутахассисларга дунёнинг исталган мамлакатида, ҳар қандай жабҳаларда эҳтиёжнинг катталиги фаннинг долзаблигини белгилаб беради.

Фаннинг энг муҳим вазифаси комил инсон тарбиясидир. Авваллари таълим жараёнларига алоҳида ва тарбия, ахлоқий масалаларга алоҳида ёндашилган ва зўрма зўраки улар узвийлаштирилган бўлса, Фаолиятшуносликда миллий, илмий анъаналарга асосан илм, касб ўргатиш орқали аҳлоқий мукаммалликка эришилади.

“Фаолиятшунослик”дан кутиладиган натижа сифатида ўрганилган ва яратилган лойиҳалар Технопарк ва ишлаб чиқариш объектлари, илмий–тадқиқот марказлари томонидан ҳаётга татбиқ этилади. Юксак технологиялар технологик жараёнда иштирок этувчи одамлардан юксак даражада касбий маҳоратга, танқидий ва таҳлилий фикрлаш қобилиятига, тўғри қарорлар қабул қилиш кўникмасига эга бўлишни талаб қилади. Айни шу сабабли ўқув юртларининг битирувчилари шу жумладан, глобал фикрлаш салоҳиятига эга бўлишлари, ўз минтақаси, мамлакатидагина эмас, балки бутун дунёда юз бераётган жараёнларни билишлари ва тушунишлари лозим. Бу таълимнинг мазмун ва моҳиятига нисбатан бутунлай янгича ёндашувдир.Келгувси авлодлар Ер юзида иқлим ўзгариши, аҳолининг тез суратлар билан ўсиши, хомашё танқислиги, очарчилик ва иқтисодий қийинчиликларни бошларидан кечиришлари мумкин. Бу муаммоларни бартараф этиш учун бутун инсониятни зарур билим ва кўникмалар билан қуроллантириш талаб этилади. Ешларда бундай малакани шаклантириш учун уларга сингдирилиши керак бўлган билим ва кўникмалар мажмуи фаолиятшунослик фанининг вазифаларини белгилайди.

ФАОЛИЯТШУНОСЛИК фани ва ўқув дастурини тадбиқ этиш юзасидан амалга оширадиган дастлабки вазифаларни қуйидагича белгилаш мумкин. Белгиланган тартибда 1. ОТ ДТС га лойиҳалаш фаолияти деган тушунчани киритиш тавсия этилади. 2. Бакалавр ўқув режаси жадвали Гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар режасига ФАОЛИЯТШУНОСЛИК фани ва Умумкасбий фанлар қисмига ФАОЛИЯТШУНОСЛИК фани киритилиши тавсия этилади.

Магистр ўқув режаси жадвали Умумметодологик фанлар режасига ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТ ВА ДИЗАЙН ЛОЙИҲАЛАШ МЕТОДОЛОГИЯСИ фани киритилиши таклиф этилади.

Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори таркибига:

Таълим соҳаси: Ўқитувчилар тайёрлаш ва педагогика Фанида Меҳнат таълими йўналиши ўрнига ФАОЛИЯТШУНОСЛИК деб ўзгартирилади ҳамда ДИЗАЙН ТАРИХИ ВА НАЗАРИЯСИ ва ТЕХНОЛОГИЯ ВА ДИЗАЙН АСОСЛАРИ бўйича мутахасисликлар киритилади.

Таълим йўналиши: ФАОЛИЯТШУНОСЛИК (Таълим йўналишлари бўйича) барча мутахассисликларга киритилади.

2. ФАОЛИЯТШУНОСЛИК дарслик ва ўқув қўлланмалари яратиш. Технология ва дизайн асослари. Лойиҳалаш маданияти. Архитектура ва дизайн (соҳа ва йўналишларга қараб ўқув қўлланмалари ва дарсликлар яратилади).

3. Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази қошида инновацион педагогик лойиҳаларни тадқиқ этувчи бўлим ташкил этилади ҳамда жамоатчилик илмий кенгаши фаполияти учун шароит яратади. Бунда узлуксиз таълимнинг бошқа бўғинлари ишловчи ва бошқа манфаатдор вазирликларининг мутахассислари, илмий ходимлар иштирок этади. Махсус Низом асосида кенгаш Илмий-лойиҳавий ишларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, таълим ва бошқа соҳаларга тадбиқ этилишига кўмаклашади ҳамда уларнинг натижаларига қараб илмий унвон ва моддий манфаатдорлик масалаларини амалга оширади.

4. Миллий Университет билан Техника университети қошида “Миллий фаолиятшунослик институти” ташкил этилади. 2021–22 ўқув йили учун Мамлакатимиз барча Олий ўқув юртларидан мутоносиб равишда 260 нафарга мўлжалланган ФАОЛИЯТШУНОСЛИК мутахассислиги бўйича магистратура ташкил этилади ва имтиҳон асосида энг қобилиятли талабалар ўқишга қабул қилинади. Магистратурани ташкил этиш билан боғлиқ масалалар белгиланган тартибда амалга оширилади.

Шу ўринда биз таклиф этаётган лойиҳага кўра, мамлакатимиз узлуксиз таълимига Фаолиятшунослик фанини тадбиқ этмасдан туриб турли соҳада замонавий, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашнинг имкони йўқ. Фақат лойиҳалаш маданиятига эга бўлган фаолиятшунос мутахассислар инсоният фаровонлиги учун янги янги кашфиёт ва ихтиролар яратади, илмий- аҳлоқий комилликка эришади.Технология ва дизайн дунё тараққиётининг ва мамлакатимиз фарвонлигининг омили бўлса, фаолиятшунос мутахассислар унверсаль билимларни ўргатувчи олимлар бўлиб етишадилар. Хар бир касбий йўналишда лойиҳалаш маданиятига, кашфиётлар яратишга, ишламалари билан жамият тараққиётига хизмат қиладилар.

АДАБИЁТЛАР

1. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” қабул қилинган 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармони.

2. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни.

3. Сотболдиев З. Дизайн асослари. Ўқув қўлланма. “Iqtisod-moliya”. Т., 2008.

4. Булатов С. Халқ амалий безак санъати. Тошкент.”Меҳнат” 1991 йил.

5. Лаврентьев А.Н. История дизайна: Учеб. Пособие –М, Гайдарики, 2007.

6. Розенсон И.А. Основы теории дизайна. Учебник для вузов . ПИТЕР-2009.

7. Безмоздин Л. Н. Дизайн в современной культуре. — С. 166.

8. Зупарова Д. Каримова Н. Дизайн тарихи. Ўқув қўлланма.2015.

9. Зиёмуҳаммедов Б. Комилликка элтувчи китоб. Turon—iqbol нашриёти. Т., 2006.

10. Бобряшова О.В., Мосиенко Л.В. Компаративниый анализ Российского и зарубежного опыта развития дизайн образования. Вестник ОГУ №2 (163) февраль 2014.

11. Dumont Schnellkurs Design / Thomas Hauffe. – Koln: Dumont, 1995.

12. Дизайнерское образование в США //Дизайн в высшей школе. М.: ВНИИТЭ,1994.

13.Pubs A. American Design Ethic: A History of Industrial Design. Dilnot С The State of Design History — Design. Discourse. History. Theory. Criticism / Ed. V. Margolin. Chicago; London, 1989.

Дадахон Ёқубов,

Ўзбекистон санъат арбоби.

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Бахтиёр Шоҳназаров: Конституцияни ўзгартиришга таклифлар…
  2. Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир ёҳуд қачонгача “қовун туширасиз”? — Қалампир.ўз
  3. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси билан суҳбат
  4. Холниса Раҳмонқулова: Башоратчининг бошидан кечирганлари Янги асар (7)
  5. Иғвогар карантинда ҳам иғвогарлигини қилади ёки Баҳодир Чориев ҳақида
  6. Бердиёр Жумаев: «Халқ сўзи» бош муҳаррирининг бетаъсирлиги хусусида…
  7. Бош муҳаррир И.Хушевга: Президентнинг олтин косасидан ош егансиз…
  8. Ўзбекистон Президентига Қашқадарё МХХ собиқ раҳбари оиласи номидан хат
  9. Муҳаммаджон Обидов: Муаммонинг илдизи қаерда?
  10. Қудратилла РАФИҚОВ: ВАТАН ВА МИЛЛАТ ҚАЙҒУСИ
  11. Бош прокурор Н.Т.Йўлдошев диққатига: Порахўрлик миллий удумга айландими?
  12. Бош прокурорга мактуб: “ИССИҚЛИК МАНБАИ” КАЛАМУШЛАР ҚЎЛИДА…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.