Даҳо бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланади…
Бердиёр ЖУМАЕВ.
Даҳо бобокалонимиз Алишер НАВОИЙ таваллудининг 580
йиллиги олдидан!
ЭЛ ҒУРУРИ, МИЛЛАТ СУРУРИ, СЎЗ СОҲИРИ, НАЗМ МОҲИРИ…
Маълумки, ҳар бир халқнинг, ҳар қайси миллатнинг ўз она тили ҳамда адабиётига яратувчилик мақомида ва даражасида беқиёс ҳамда бемиқёс ҳиссаларини қўшган ўлмас-йитмас даҳолари мавжуд. Бизнинг кўҳна ва қадим тарихимиздаги ана шундай буюк-у бетакрор бобокалонларимизнинг олий раҳнамоси, шубҳасиз, Мир Алишер Навоий ҳазратлари бўлиб ҳисобланадилар!
Айни боисдан ҳам, у кишини, эндиликда: элнинг ғурури, миллатнинг сурури, сўзнинг соҳири, назмнинг моҳири, каломнинг пири, мутафаккирларнинг зўри, кўнгилларнинг нури, қалбларнинг қўри, донишмандларнинг дури, мискинларнинг ёри, саховаткорларнинг сардори… – дея ҳар қанча шарафласак-да – оздир!
Алишер Навоий жаноблари, энг аввало, ўз даврининг 16 хилдаги адабий услубида ёзган юзлаб бемисл асарлари орқали сўзнинг-каломнинг (демак-ки, тилнинг ҳам) қудратини-қувватини кашф айладилар, уларнинг обрў-эътиборини самолар қадар юксакликларга кўтардилар. Ушбу хусусда фикр юрита туриб, у киши ўзининг «Сабъаи сайёр» достонида оламдаги барча нарсаларнинг бошланиши — ибтидоси ҳам, ниҳояси — интиҳоси ҳам сўз (калом) эканлигини моҳирона тарзда қуйидагича ифодалайдилар:
Сўзга, бас, васф будурур мужмал,
Ким, неким аввал, ул анга аввал.
Сўз келиб аввал, жаҳон, сўнгра,
Не жаҳон, кавн ила макон, сўнгра.
Ҳар киши даҳр аро ҳаёт топиб,
Сўнгғи дам сўз била нажот топиб.
Аввал-у охирингға солғил кўз,
Бил, аввал сўз-у ҳам охир сўз!
Бобомиз ҳазратлари такрор-такрор равишда сўзнинг ҳамда тилнинг таъриф-тавсифини улуғлаганлари ҳолда, уларнинг аҳамияти бемисл ва бетимсол эканлигиниям бот-бот урғулайдилар. Жумладан, ушбу хусусда «Ҳайрат-ул-аброр»да шундай битилади:
Хайр муяссар, гар эмас эл била,
Нафъ тегурмак эрур ҳам тил била.
Ганж бериб бўлмас экан, тутса кўз,
Улча қилур вақтида бир яхши сўз.
Сўз била куфр аҳли мусулмон бўлиб,
Сўз била ҳайвон, деган инсон бўлиб.
Ҳам сўз ила элга ўлумдин нажот,
Ҳам сўз ила топиб, ўлук тан ҳаёт.
Бир сўз этиб, онча балиятни дафъ,
Ким сочибон ганж етишмай бу нафъ.
Маъдани инсон гуҳари сўз дурур,
Гулшани одам самари сўз дурур.
Сўз била нафъ бўлмаса эл пешаси,
Яхши керак кўнглида андешаси.
Юқоридаги эътирофлардан келиб чиққан ҳолда, биз – туркий ўзбеклар ўзимизнинг она тилимиз суронли даврларнинг талотўпларида эсон-омон сақланиб қолишида, равнақ топишида ва ҳозирги мартабасига эришишида Алишер Навоий ҳазратларининг фидойиликлари-ю адойиликларини, зинҳор-базинҳор, унутмаслигимиз даркордир.
Манбалардан маълум-ки, XV асрнинг ўрталаригача – ҳали даҳоларнинг даҳоси Алишер Навоий бобомиз ўзининг беқиёс ва бемиқёс ижоди билан адабиёт жабҳасига қадам қўйгунларига қадар туркий, яъни эски ўзбек адабий тилига эътибор кам, унинг истеъмол доираси маиший муносабатлар даражасида чегараланган (яъни оилавий муомала воситасигагина айланган), имкониятлари ниҳоятда тор, демак-ки, ижодий қўлланилиши-да ҳаминқадар аҳволда эди. Ҳатто, вазият шундай даражага етганди-ки, миллати туркий (ўзбек) бўлган шоирларгаям, фақат, форсийда назм битиш одат тусига кирганди.
Яна айтилади-ки, Низомиддин Мир Алишер зоти олийлари ижод майдонида тулпор сурган йилларда туркий адабий тилни сақлаб қолиш, ҳимоя этиш, тараққий топтириш ва янада бойитиш учун ҳаётий-мамотий зарурият туғилганди. Бундайин масъулиятли ҳамда машаққатли вазифани ўз зиммасига олиб, туркий (эски ўзбек) адабий тил учун курашган ягона паҳлавон Мавлоно Навоий бўлдилар.
Ҳазрат бобомиз мазкур забонда бетимсол ва бетакрор «Хамса»сини, ажойиб-ғаройиб бадиий асарларини, сермазмун-пурмаъно илмий-адабий маноқибларини яратдилар, бебаҳо лирик ғазаллардан иборат тўрт девони («Хазойин-ул-маоний»)ни битдилар, она тилимизнинг инжа ва ганжина сўз гавҳарларини излаб топиб, ижодларида қўлладилар, унинг хазиналари-ю дафиналарини элнинг-улуснинг маънавий мулкига айлантирдилар.
1499 йил охирида ёзилган «Муҳокамат-ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») рисоласи Навоий ҳазратларининг ўз она тилига тиклаган бетимсол ҳайкалидир. У киши мазкур асарида туркий (эски ўзбек) забоннинг мислсиз қудратга эга, грамматик қурилиши мустаҳкам, сўз бойлиги улкан, услубий имкониятлари жудаям кенг эканлигини исботладилар. «Муҳокамат-ул-луғатайн»да туркий ва форсий ўзаро таққосланиб, она тилимизнинг нозик-нафис-латиф ва ўзигагина хос ҳамда мос хислатлари назарий-илмий-амалий жиҳатдан асослаб берилди, шунингдек, тилшуносликда илк бор қиёсий усулнинг замини яратилди.
Тағин уқтирилиши-ча, Алишер Навоий жаноблари туркий-ўзбек тилининг адабий-азалий аҳамиятини, моҳиятини тушунтириб, уни ҳормай-толмай тарғиб-ташвиқ этдилар, унга нописанд ва менсимай қараш тарафдорларига кескин зарба бердилар, туркий (ўзбек) бўлатуриб, ўз она тилида қалам сура олмаслик сингари нуқсонларни-қусурларни кескин танқид остига олдилар, эл-юрт шоирларини кўпроқ туркий тилда ёзишга ундадилар, даъват этдилар. Бунинг учун, ул зоти шариф туркий (эски ўзбек) тилнинг луғат бойлиги, омоним-синонимлари, сўз ясаш ва услубий имкониятлари жуда кенг ҳамда бундай лисоний заҳиралар форсийдагидан кўп бўлса кўп-у, илло, ҳечам кам эмаслигини далиллай билдилар.
Мир Алишер ҳазратлари мазкур рисоласида ҳозирги она тилимизнинг дастлаб дунёга келиши иккинчи Одам Ато ҳисобланмиш Нуҳ алайҳиссаломга етиб боғланишини шундай айтадилар: «…туркий ва форсий ва ҳиндий тилларнинг маншаи (келиб чиқиши)дур-ки, Нуҳ пайғамбарнинг уч ўғлиғаким – Ёфас ва Сом ва Ҳомдур, етишур… Ва уч тил-ки – туркий ва форсий ва ҳиндий бўлғай, бу учовнинг авлоди ва атбои (тобелари) орасинда шоеъ бўлди (тарқалди)».
Бобомиз айни ўринда: «Ёфасни-ки таворих аҳли (тарихчилар) Абут-Турк (Туркларнинг отаси) битурлар» – дея таъкидлаб, тағин, бош бобокалонимиз пайғамбар эканлигини-да фахр-ифтихор ила қайд этадилар.
Умуман олганда, Мавлоно Навоийнинг астойдил хизматлари туфайлигина туркий тилнинг бадииятдаги салмоғи сақланиб қолиши билан биргаликда, она тилимиз жадал ривожлантирилди ҳам. Айнан у кишининг саъй-ҳаракатлари сабабли, эски ўзбек тилимиз XV асрда айрича юксалиш кашф айлади, обрў-эътибори самолар қадар кўтарилди. Зако ҳамда бақо шоиримиз туркий (эски ўзбек) тил теварагига атроф салтанатларда яшовчи элдошларини-тилдошларини-дилдошларини, алломаларни-уламоларни, шуарони-фузалони муваффақиятли тарзда уюштира олдилар, жипслаштира билдилар ҳамда ўзининг сўнгги достони «Лисон-ут-тайр» («Қуш тили»)даги ушбу қуйма сатрларида бу ҳақда шундай эътирофларини баён қилдилар:
Турк назмида мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни якқалам.
«Тўрт девон» бирла назми «Панж-ганж»,
Даст берди чекмайин андуҳ-у ранж.
Низомиддин Мир Алишер ҳазратлари «Икки тил муҳокамаси» рисоласининг ниҳоясида мазкур асарида она тилимиз ва туркий эл-улусимиз шаънини иложи етгани қадар кўкларга кўтарганлигини камтарона таъкидлаб: «умид улким, бу фақирни хайр дуоси бирла ёд қилғайлар ва руҳумни анинг бирла шод қилғайлар» – дея яхши ният билдиргандилар.
Биз – ҳозирги ва келгуси авлодлар ул беназир сиймога она тилимизга боқийлик бахшида этганликлари учун чексиз эҳтиромимизни бағишлаб, чуқур таъзим бажо келтиришга бурчдордирмиз.
Аммо, унутмаслигимиз даркор: – Ҳали-ҳануз такрорланиб-урғуланиб келаётган: «Навоий – ўзбек адабий тилининг асосчиси» ҳатто, айрим ўринларда: «Навоий – ўзбек адабиётининг асосчиси» – деган баландпарвоз иддаолар ўринсиз. Мир Алишер ҳазратлари бундай «улуғлаш»ларга мутлақо муҳтож эмасдирлар. Ул беназир зотнинг башариятга-бадииятга кўрсатган бошқа хизматлариям минглаб ижодкорларга-ю юзлаб асрларга татигуликдир.
Қолаверса, Мавлоно Навоийга қадар яшаб ўтган Хожа Аҳмад Яссавий, Хоразмий, Отойи, Саккокий, Лутфий сингари атоқли мумтоз шоирлар ҳам туркий-ўзбек адабий тилида баракали-самарали қалам тебратганлар, туркий-ўзбек адабиёти ҳам аллақачонлар мавжуд бўлгандир.
Таъкидламоқ жоиз-ки, «Назм соҳибқирони, ғазал мулкининг султони» – дея ардоқланган Навоий бобомизнинг олий мақомоти у киши ҳали ҳаёт пайтларидаёқ муносиб баҳоланган эди. Жумладан, улкан мумтоз форс-тожик шоири, Мир Алишер ҳазратларининг устози ва дўсти Абдураҳмон Жомий ўзининг муносиб шогирдининг фавқулодда истеъдодига тан бериб: «(Навоий) туркий тилда бир ажойиб қўшиқ куйлади-ки, жоду нафаслилар оғзи муҳрланиб қолгандай бўлди. Бу қаламга фалакдан офаринлар ёғилсин. Чунки бу ёқимли назмий нақшни ўша қалам яратди ва форсий тил эгалари, дарий шеърият дурларини тизувчиларга раҳм қилди: мабодо, у ҳам форсий тилда ёзганида, бошқаларга сўз айтишга мажол қолмасди…» – дея уқтирган эди.
Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро эса, ўз дўстига бағишлаган «Рисола» асарида бобомиз ҳазратларига қарата: «…ҳақ сўз айтишнинг қаҳрамони, яъни Навоий тахаллуси билан машҳур Мир Алишер турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ (қазо топганларни илоҳий нафаси ила қайта тирилтиришга қодир Исо пайғамбар алайҳиссалом назарда тутилиб, унга нисбат берилаётир – Б. Ж.) нафаси билан руҳ-жон киргизгунча ва шу жонланганларга туркий сўз ипакларидан тўқилган қимматбаҳо ва нафис кийимлар кийгизгунча (шундоқ бўлди. Энди эса), сўз гулистонида Навоийнинг навбаҳор истеъдодидан жон бағишловчи ёғинлар ёғиб, ранго-ранг гуллар очди ва у назм дарёсига ўзининг фикрлари булутидан жон киргизгувчи томчилар ташлаб, хилма-хил дурлар сочди. У ҳар бир шеър тури майдонига чопқир отини сурар экан, ўша мамлакатни тил қиличи билан ўзига тобеъ этди. Унинг назмиётини мақташга тил ожиздурур» сингари эъзозлари-ю эҳтиромлари билан лутф қилади.
Турли асрларда яшаб ўтган ҳамда турфа табақаларга мансуб бўлган улуғ ҳамда буюк зотларнинг Мавлоно Навоий тўғрисида билдирган юқоридаги сингари инжа эътирофларини-ю олий эҳтиромларини юзлаб келтириш мумкин.
* * *
Қачонлардир ёзилган «Онажон тилим!» шеъримдан иқтибос келтираётганим қуйидаги тўртлик ҳам даҳо-зако-бақо бобокалонимиз – Мир Алишер жанобларининг туркий элимиз-у тилимиз-у дилимиз олдидаги таърифлар-у тавсифларга сиғмас хизматларига нисбатан уммондан томчи қадар эътирофдир:
Баҳрингдин назмий жавоҳирлар термишдур, Ҳазрат Навоий,
Жойингни жаҳон айвонида кўрмишдир, Ҳазрат Навоий,
Беш асрдан кейин ҳам-ки, боз, нуфузинг путурини сезиб,
Вовайло, энди, гўрида тик турмишдур, Ҳазрат Навоий!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ