Талант Александеров: ШАЙХ (Ўтган узоқ йилларга ва яқин ўтмишимизга бағишланади)
Ассалому алайкум, муҳтарам Бош муҳаррир!
Мазкур шеърни 2009 йилда ёзишни бошлаганман, кейин у сақлагичда ўчиб кетди, бир амаллаб, уни техник мутахассислар тиклаб беришди.
Аслида тушнарсиз жойи йўқ, назаримда, кимни назарда тутилаётганлиги, бу ишларни фақат бир ваколатли инсон қилиши мумкин, бундан ташқари шеърни энг тагида ШАЙХ — бирон бир қавмнинг раҳбари деб тушунтириш берилган.
Хуллас бу шеър эндиликда марҳум мамлакат раҳбари хақида киноя билан ёзилган, бунга исломий уламоларнинг ҳам, араб зодагонларининг ҳам, ҳозирги раҳбарнинг ҳам мутлақо алоқаси йўқ.
Бу ўтган олис йилларда бўлиб ўтган ҳодиса ва амалларга бағишланган шеър эди.
Ҳеч бокиси йўқ, муҳтарам бош муҳаррир, беҳижолат, чоп этишни лозим топмасангиз…
Ҳурмат бн,
Талант Александеров
…ШАЙХ*
(Ўтган узоқ йилларга бағишланади)
Бор эркан бир мамлакатда ўзин билган гўёки деб маъбуд шайх,
Кибр этурмиш, Ҳақни билмасмуш мисли қавму Самуд шайх.
Ваъз айлоғонда дермуш — Яратғонға кўп шукур, хамду-сано,
Амалда-чи фуқароға қилдирурмиш ўзиға хўб сужуд шайх.
Асролмади ўзбегимни 2010 да ёввойилардин ношуд шайх,
Кийдирмади аскарлариға ҳимоячун ўзбекни совут шайх.
Деди:”менинг фуқароммас, гарчи бўлса хам алар ўзбек”.
Оқибатда юзлаб ўзбекни билмоғондай этди нобуд шайх.
Эгаллади зулми бирлан шаҳар, туман, қишлоқ- ҳудуд шайх,
Оқсоқ илми бирлан иқтисодни этди буткул бехуд шайх.
Оддий халқ ночор бўлди, амалдорлар-чи тўқ, меш қорин,
Таассуф, халқ ризқию, рўзидин аритди баракаю-қут шайх.
Эктирди барча тупроққа пахта- Мирзачўлу то Боёвут шайх,
Қолдирмади боғли ерлар — Қиброй, Қовунчию, Ургут шайх.
Аҳли қавми пахта терур базўр, ёмғиру қор демай, тўнқойуб,
Пахта тергувчи ялангоёқ, юпун, ўз уст-боши эрса бут шайх.
Йиғди фақат юрт конидин ўзи учун олтин, кумуш, ёқут шайх,
Равнақ топган халқ бошиға олиб келди қуёш эмас булут шайх.
Хазинани хеч ким билмас , қайға кетди ёмби- юрт бойлиғу,
Талади бор улусни, чўқуб бошин гўёки оч, этхўр бургут шайх.
Тортиб олди тадбиркордин корхонаю, ширкат, зовут шайх,
“Нега бундай қилдинг” десанг, айёрона сақлагайдур сукут шайх.
Не қилсин завжасию, қизлари, куёвтўро, бор набира,
Барчасиға изн берди халқ мулкиға солмоқликка човут шайх.
Хақиқатни айта кўрма — йиртиб ташлар икки бут шайх.
Камига қолдирур яқининг яланғоч, этиб мусодара бору-буд шайх.
Кимга арз қилишни билмас фуқаро, фақат ёлборур Худоға,
Инсонларнинг ҳурлигига, ҳаққига ташлади тўр- анкабут шайх.
Ночор халқи ейди қотган нону, хушлар ўзи олмурут шайх,
Оқсаройда кунда базм, машшоқлариға чалдиради Уд шайх.
Боёнлари, вазирлари қарсак чалар, барчалари рақс тушар,
Халқ очликдин тишин кирин сўрур, ўзи эса ёғлиқ қурут шайх.
Ўқиб, ўрғонди обдон Қуръону, Инжил, Авестою, Талмуд шайх,
Қурди масчит, синагога, черковни тепасига ўрнатиб бут шайх.
Дунёға солди жар: ҳамма динға эркинлик бор бу жаннат ўлкада,
Билолмайсан: мусулмонми, насронийми ё бўлмаса жухуд шайх?
Тавоф этди Каъбани, аммо билмайди Фотихаю, Қунут шайх,
Ўзи билар гуноҳлари буюклигин бамисоли тоғдайин -Ухуд шайх.
Не учун ўз халқига зулм этур, тақдирларин адолатсиз этуб ҳал,
Ўйлайдими Фиръавндай, “мен ўлмасман, абадман” деб ёхуд шайх?!
Салтанатни этурмен деб фаровон, сақламади субут шайх,
Омма юпун, кияр бўздин йиртиқ –ямоқ, ўзи бўлса мовут шайх.
Маддоҳлари мақтар уни, оддий халқ бўлса-чи, кўп норози,
Амалдору, фуқаро орасинға солиб қўйди шундайин тафовут шайх.
Таъқиқ этди муслимларга адо этишга маъракаю- мавлуд шайх,
Намозхону , тақводорни деди “бу вахобий ёки аниқ хизбут” шайх,
Оқибатда қочди Ватандин иймон ва жон сақлайман деғонлар,
Бори шуки, ул туфайли оламда ўзбекнинг юзин қилди шувут шайх.
Ўзин билар барчадан доно, ақлли, бамисоли пайғамбар Ҳуд шайх,
Чиндин ақли расо бўлса, кўрарди тахтдин кетишга тараддуд шайх.
Қайда дейсан, қўзғалмас тахтиравондин-қандай ширин шайх бўлуш,
То абад истайди Расул қолиб, ўз номига эшитишни дуруд шайх.
Этмади бир ибодат, ҳаромдун парҳез – қилмади ҳеч зухуд шайх,
Жаллодларин номин эшитса титратади одамларда Вужуд шайх,
Ватан тўлди қулоқларға, посбонларға ва золим миршаблариға,
Ўзин кўкдаги лочин билар, аслидачи сариқ тожли – ҳудҳуд шайх.
Хақсизлигини билди дунё- ўрус, араб, ҳатто тайгадаги Ёқут шайх,
Не учун топган экан у, келиб-келиб Туркистонда таваллуд шайх.
Ишсизлиқдин сочилди башарға миллат, бўлиб қаро мардикор,
Қилди оламда аларни — “чурка, черный, чучмек ё Джамшут”, шайх
Ўзинг иссиқ тахтда-ю, қавминг ёқур ўтун, кўмур, мазут шайх,
Ўтунға кетди бари, қолмади давлатда ўрик, олма, шотут шайх.
Ёнилғига бисёр давлат, кетди у дардисар арзон-гаров ўрус томон,
Қишда элинг кўзи ёшлануб, искар ўтундин чиққан аччиқ дуд шайх.
Мискин қавми орзу қилар-бўлсайди Қуръондагиедк Толут шайх
Аммо тутди йўлин тутгандайин Фурқондаги Жолут, шайх
Эй халқ бошингни тик тут, сабр қил, мустабид бўлмассан абадий,
Сени бир кун енгар халқ ичидин чиққан “ манжаниқли Довуд” шайх.
Ихтиёр этмасангда ани — кетишингга энди етди мавруд шайх,
Эҳтимол кутар энди сени ёлтироқ, тилло ҳалли тобут шайх.
Барча шайхлар қолур тарихда, ўз амалига қараб олур халқдин баҳо,
Сен хам олурсан ўз баҳойинг- гуноҳларинг жуда бисёр мавжуд шайх.
Авом кўзи қаро қонғо тўлди, ўзинг амаллаб ҳаммасин овут шайх.
Хақиқий амир бўлсанг гар, худди Темурдай ўзингни тут шайх.
Билгин Темур бобом руҳи фалакдин қараб турур чекуб изтироб,
Халқингга қил доим адолат- Амирнинг сўзуни ёдингда тут шайх.
Вақтики энди кутар ўз устидин адолатли маҳкама- одил суд шайх,
У ҳам ожиз банда, гуноҳкордир, эммушдир хомдин сут шайх.
Халқ сўрайди ундан қилмишиға, хиёнатиға, амалига жавоблар,
Бўлмас энди бунда ҳеч замонлар мамнуну-шод ва масъуд шайх.
Элим, битди буни ўзингга маст ўғлинг-бўлмоғойдир хушнуд шайх,
Дарҳол қама, зиндонбанд эт, ўлдирғони гирибонимдан тут шайх.
Хар бир бошға бор ўлим, шайхга тик гапириб, майли қурбон бўлой,
Хақ гапириб ўлғон афзал, ёлғон бўлса айтғонларим гар- унут шайх.
*-бирон қавмнинг раҳбари маъносида
2009 — 2015 йиллар. 2020 йил 12 декабрда тикланди.
© Талант Александеров.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ