"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Бердиёр Жумаев: СУДХЎРЛИК – ЖАҲАННАМИЙ ХОРЛИК ВА ХЎРЛИК!

Бош мақола, Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 05/01/2021 22:12-     12563 марта ўқилди

Ассалому алайкум, Исматбек!

Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар? Янги – 2021 йилни ҳам муваффақиятли бошлаб олдиларингизми?

Исматбек! Сизнинг Самарқанддаги судхўрлар мавзусидаги долзарб туркум чиқишларингиз билан танишиб, ўзимнинг «Дунё ўзбеклари»да илгариям эълон этилган «Судхўрлик – жаҳаннамий хорлик ва хўрлик!» сарлавҳали битигимни, тавсия тариқасида, қайтадан юбораяпман.

Илтимос, у билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз, қуйидаги кузатиш билан биргаликда фойдаланасизлар, деган умиддаман.

Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:

Бердиёр ЖУМАЕВ.

М У А Л Л И Ф Д А Н

«Судхўрлик – жаҳаннамий хорлик ва хўрлик!» сарлавҳали мақолам бундан илгариям «Дунё ўзбеклари»да босиб чиқарилган ҳамда анча-мунча мунозараларга сабаб бўлган эди. Айни кунларда мазкур халқаро нашрда Самарқанддаги судхўрлар мавзуси муҳокама этилаётганлиги муносабати билан, ушбу битигимни такроран тавсия қилаяпман.

Шунингдек, масалага бевосита дахлдор эканлиги боис, олдинги муҳокама пайтида унинг иштирокчиларидан бирининг фикрига нисбатан билдирган мулоҳазаларимни-да қўшимча қилишим мақсадга мувофиқ кўринди.

* * *

Бердиёр ЖУМАЕВ,

халқаро журналист.

СУДХЎРЛИК – ЖАҲАННАМИЙ ХОРЛИК ВА ХЎРЛИК!

Қуръони Карим ҳамда Ҳадиси Шарифда

айни ҳаром амал ана шундай қораланган…

Судхўр – милтиқсиз овчи ёки пичоқсиз жаллоддир, у сенга вақтинчалик нонингни бериб, сўнгра, жонингни олгай.

СИДДИҚИЙ — АЖЗИЙ,

туркий маърифатпарвар.

*      *      *

Яқинда анча йиллардан буён кўришмаган эски танишлардан биттаси билан дучлашиб қолдим. Ўзаро салом—аликдан сўнг, мен сўрамасам-да, у дард-у ҳолини баён айлай кетди. Ўзининг тан олиши—ча, топган—тутганига қаноат этмасдан, хотинининг зўри билан, ўз таърифи—ча, тадбиркорлик (аслида, олибсотарлик) билан шуғулланишни ихтиёр этибди. Бунга етарли маблағи йўқлиги туфайли, яна хотинининг буйруғига мувофиқ, бир судхўр (унинг таърифига кўра – «процентчи»)дан ўттиз фоиз устамасини қўшиб қайтариш шарти билан олти ой муддатга анча пул қарз кўтарибди.

Бироқ, савдо-сотиқнинг йўлини билмаганлиги боисми ёинки эпини қилолмаганлиги сабабми – иши юришмабди, харидорларга мўлжалланган моллари  ўтмай, охир-оқибатда, боплаб «синибди». Анчадан буён қарзини тўлаш муддати ўтиб кетибди-ю уни фоизи билан қайтариш у ёқда турсин, бор сармоясиям шу ўртада йўққа чиқибди. Ўлганнинг устига тепган, деганларидек — бойиб кетаман, деган ниятда аввалги дурустгина касбидан-да бутунлай воз кечиб юборган экан.

Номи чиққан қудратли судхўрнинг эса, тўлов кечикаётганидан жазаваси қўзиб, қарзингни бир ой ичида «туққанлари» билан қўшиб тўламасанг, судга бериб, уйингни тортиб оламан ё қаматтириб юбораман, дея шарт қўйибди. Шу орада, икки-учта зўравонларини жўнатиб, танишимни роса калтаклатибдиям. «Энди нима қилсам бўлади, турмага тушаманми ёки бола-чақаларим билан кўчада қоламанми? Кўпни кўрган одамсиз, йўл-йўриқ кўрсатинг!» – деди омадсиз «бизнесмен» йиғламсираб. Унга ўзим билганча маслаҳат бериб, кўнглини кўтарган бўлдим. 

*    *    *

Яратган Парвардигоримиз ўзи такрор-такрор лаънатлаган, Ҳазрат Муҳаммад пайғамбаримиз энг ёмон кўрган гуноҳи азим – судхўрлик балоси ҳақида ёзишимга мана шу аянчли фожеий воқеа туртки бўлди. Зора, кимларгадир фойдаси тегар ёхуд сабоқ бўлар, деган ниятда ушбуларни битдим.

*    *    *

Дастлаб, мундоқ ўйлаб қарасам, «судхўр» истилоҳи, аслида, аниқ нима, дегани эканлигиниям тўлиқ тушунмас эканман. Манбаларни кавлаштириб кўргач, аниқладим-ки, «суд» форс—тожикча сўз бўлиб, бизнингча «фойда»ни билдираркан. Демак-ки, судхўр, бу – фойдахўр, яъники, наф—манфаат кўргувчидир. Шунингдек, «рибохўр» – деганлари ҳам айнан мазкур маънони англатади.

Яна билдим-ки, айни кўҳна ва разил иллат бизнинг замонларгача минг йиллар оша етиб келган ва айрим кимсаларнигина жуда бойитиб, аксар кўпчилик касларни эса, хонавайрон-дийдагирён этгувчи ўта ҳаром амалдир.

Хўш, борлиқ оламдаги энг инсоний дин ҳисобланган исломимиз судхўрликка қандай муносабат билдиради?! Оллоҳ таолонинг муқаддас Каломи – Қуръони Каримда таъкидланиши—ча, у қаттиқ қораланган гуноҳлар сирасига кираркан. Жумладан, «Оли Имрон» сурасининг 130—оятида уқтирилади-ки: «Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангизлар! Оллоҳдан қўрқингизлар, (шояд) нажот топсангизлар!». 

«Бақара» сурасининг 275-оятида эса: «Судхўр бўлган кимсалар қиёмат кунида қабрларидан турмайдилар. Магар, жин чалган каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Савдо-сотиқ ҳам судхўрликнинг ўзи-ку!» – деганларидир. Ҳолбуки, Оллоҳ савдо—сотиқни ҳалол ва судхўрликни ҳаром қилган. Бас, ким—ки, ўзига Оллоҳдан мавьиза (насиҳат) етгач, судхўрликдан қайтса, у ҳолда, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Оллоҳга (топширилади, яъни, Оллоҳ хоҳласа, афв этади) ва ким (судхўрликни) давом эттирса, улар жаҳаннамийдурлар ва унда абадий қолажаклар» – дея таъкидланади.

Шариат оламининг мўътабар уламолари сафидан ўрин олган Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Абу Абдуллоҳ Заҳабий-Шофеъий ўзининг «Гуноҳи кабиралар» («Кабоир») асарида мазкур оятни шундай шарҳлайди: «Яъни, улар (судхўрлар) Оллоҳ ҳаром қилган иш – судхўрликни ҳалол билдилар. Шу сабабли, қиёмат қойим бўлиб, Оллоҳ одамларни қайта тирилтирган вақтда судхўрлардан ташқари барча одамлар қабрларидан тезда туриб кетадилар. Судхўрлар эса, худди тутқаноғи бор одамдек, ўринларидан туришлари билан тағин йиқилаверадилар. Уларнинг дунёда судхўрлик орқали еган ҳаром нарсаларини Оллоҳ қиёмат кунида қоринларида кўпайтириб қўяди ва бу уларга оғирлик қилади. Улар турмоқчи бўладилар-у, бироқ, қайтадан йиқилиб тушаверадилар».

Шунингдек, «Бақара» сурасининг 276- ҳамда 278- оятларида Оллоҳ судхўрликдан олинган фойдани йўқ қилиб, судхўрга юқтирмаслиги, бундай кўрнамак гуноҳкорни севмаслиги айтилади. Илло, ҳеч қандай меҳнат қилмасдан, заҳмат чекмасдан кўрилган наф-манфаат ислом динимизда куфр ва ҳаром саналади ҳамда ўғирлик билан тенглаштирилади.

Замонавий исломий уламо Алоуддин Мансур мазкур оятларга нисбатан шундай муносабат билдиради: «Оллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади». 

Яъни, баъзи бир судхўрлар олаётган фоизлари билан бойиб кетаяпман, дея ўйлайдилар, лекин, атрофга қарасалар, кўп ҳолатларда мана шундай ҳаром йўл билан бойиган одамлар бир кунда ҳамма нарсадан мосуво бўлиб қолганларига тарих ва шу кунимизда беҳисоб мисоллар бор.

Судхўрликнинг фойдаси – йўқ бўладиган фойдадир, дейди Оллоҳ таоло ҳам. Аммо, қўлида бор одамлар яхшиликлар қилсалар, бировларга садақотлар қилсалар, уларга ўша садақотлари эвазига яхшиликларни, бойликни зиёда қилишини  меҳрибон Оллоҳимиз ваъда қилади.

«Оллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол, деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди». Мана шу юқоридаги оятлардан маълум бўлади-ки, судхўрлик динимизда қайтарилган, ҳаром қилинган иш экан.

Тағин бир ояти карима: «Эй, мўминлар, Оллоҳдан қўрқингиз. Ва, агар, чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз. Яъни, одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз». Мана, бу – динимизнинг нақадар мукаммал илоҳий дин эканлигига очиқ далолатдир. Демак, судхўрлик инсонга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда бермас экан. Аксинча, шарманда қилар экан.

Замондош аллома ўз сўзида давом этиб, таъкидлайди-ки: – Судхўрликнинг ҳаром қилиниши ҳикматини тўлалигича ёлғиз Оллоҳнинг ўзи билади. Лекин, масаланинг инсон ақли ҳам етадиган жиҳатлари бор, албатта. Масалан, киши ё ақлий ва ёки жисмоний меҳнат қилса ва ўша меҳнати эвазига бировдан ҳақ олса, ўша олинган ҳақ, албатта, ҳалол ҳисобланади. Лекин, аксинча, ҳеч қандай меҳнатсиз бировнинг нарсасини олса, бу – ўғрилик билан баробардир, ҳаромдир. Судхўр ҳам (масалан) берган 10 сўмини 12 сўм қилиб олар экан, ўша 2 сўмни меҳнатсиз олаётган бўлади.

Лекин, шунинг муқобилида қарзни ҳалол бериб, қанча берса, шунча қайтариб олса – Оллоҳ ҳузурида катта ажрларга мушарраф бўлади, чунки, бир ожиз одамни қийин соатда қўллайди, мадад беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Инналлоҳа маъдаддайин», яъни, «Оллоҳ таоло қарз берувчилар билан бирга бўлади, уларни балои қазодан асрайди» – деганлар. Демак, ҳалол қарз берувчилар, фойда эвазига эмас, савоб эвазига қарз берувчилар катта савобга эга бўладилар.

Пулини меҳнатсиз кўпайтиришни ўйлайдиганлар эса, ҳаром иш қилган бўладилар. Демак, судхўрлик жамият учун ҳам, ҳар бир шахс учун ҳам зиёнли иш экан.

Яна Яратганимиз шундай даъват этади: «Эй, мўминлар, Оллоҳдан қўрқингиз ва, агар, чиндан ҳам мўмин бўлсангиз судхўрликни тарк қилингиз! Агар, (фармонимизни) бажармасангиз, у ҳолда, Оллоҳ ва унинг Расули томонидан (сизларга) уруш эълондир!». Ушбу илоҳий ва ҳаққоний хитобга эса, ҳар қандай изоҳ ортиқчадир.

Табаррук Қуръони Каримдан кейинги асосий шаръий манбалар ҳисобланувчи Ҳадиси Шариф жамланмаларида ҳам судхўрлик Оллоҳга ширк келтириш билан баробар гуноҳи кабираларга тенглаштирилади. Муҳаддислар муҳаддиси – буюк бобомиз Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» ҳадислар тўпламида ушмундоқ ибратли мисол келтирилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Бу кеча тушимда икки киши (фаришта)нинг ҳузуримга келганларини кўрдим. Улар мени бир муқаддас жойга олиб бордилар. Йўлда бир қон оқар дарёга дуч келдик. Дарёнинг ўртасида ҳам, унинг қирғоғида ҳам биттадан одам бўлиб, дарёнинг қирғоғидаги одамнинг қўлида (анча) тош бор эрди. Дарёнинг ўртасидаги одам қирғоққа чиқишга ҳар қанча интилмасин, қирғоқдаги одам унинг оғзига тош отиб, турган жойига қайтарар эрди. Мен улардан (фаришталардан) «Булар ким?» – деб сўрагандим: «Қон дарёсининг ўртасида турган киши судхўрлик билан тирикчилик қилган одамдир» – деб жавоб беришди».

«Ал-жомиъ ас-саҳиҳ»нинг навбатдаги бобида: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ит учун ва қон олганлик учун ҳақ олишдан, баданга игна билан аломатлар чиздириш ва чизишдан ҳамда судхўрликдан қайтардилар» – дея огоҳлантирилади.

Яна бир улуғ муҳаддис бобомиз Абу Исо ат-Термизийнинг «Саҳиҳи Термизий» – дея номланган танланган ҳадисларида билдирилади-ки: «Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибо егувчи (судхўр)ни, уни едирувчиси (берувчиси)ни, гувоҳларини ва ёзиб турувчи котибларини Оллоҳ таоло лаънат қилади, дедилар». 

Кўриниб турибди-ки, нафақат, судхўрнинг ўзи, балки, ундан қарз кўтарган, бунга шоҳидлик этган ва мазкур олди-бердини қоғозга тушириб, хатлаганлар ҳам баббаравар гуноҳга ботадилар.

Энди эса, юқорида тилга олганимиз атоқли аллома имом Заҳабий-Шофеъийнинг «Гуноҳи кабиралар» китобида тилга олинган қатор ибратли ўгитларни келтиришни мақсадга мувофиқ кўрдик:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси қавм орасида зино ва судхўрлик авж олса, улар ўзларига Оллоҳнинг азобини ҳалол қилган бўладилар» (Абу Яъло ривояти).

Абдуллоҳ ибн Ҳанзала розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидладилар: «Кишининг билатуриб судхўрликдан еган бир дирҳами ўттиз олти марта зино қилганидан оғирроқдир» (Имом Аҳмад ривояти).

Баро ибн Озиб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Судхўрликнинг етмиш иккита тури бўлиб, уларнинг энг кичиги кишининг онасига яқинлик қилиши билан баробардир. Судхўрликнинг энг ярамаси эса, кишининг ўз биродари номусига тажовуз қилиши кабидир» (Табароний ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтган эканлар-ки: «Судхўрликда етмиш иккита гуноҳ бўлиб, уларнинг энг кичиги мусулмоннинг ўз онасига яқинлик қилиши билан баробар. Судхўрликдан топилган бир дирҳам ўттиздан ортиқ зино қилишдан оғирроқдир».

У киши яна шуни уқтирган эканлар: «Оллоҳ қиёмат кунида яхши-ю ёмонга туриш учун изн беради. Судхўрлар эса, бундан мустасно. Чунки, улар жин чалган — мажнун каби турадилар» (Ибн Абу Дунё, Бағавийдан ривоят).

Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу демишлар: «Фоиз олувчи (судхўр) ҳам, берувчи ҳам дўзахийдирлар».

Қатода розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Судхўрлар қиёмат кунида жинни ҳолида тириладилар. Бу уларнинг аломати бўлиб, маҳшаргоҳдагилар уларни шундан таниб оладилар».

Тағин тегишли манбаларда келтирилиши-ча: «Судхўрлар ўз қилмишларида ишлатган ҳийлалари сабабли, «шанба соҳиблари» каби маймун ва тўнғиз суратида қайта тириладилар». 

«Шанба соҳиблари» ҳадларидан ошган яҳудий кимсалар бўлиб, аввалига Оллоҳ уларни шанба куни балиқ овлашдан қайтарган эди. Улар ҳовузлар қазиб, шанба куни балиқларни уларга қамаб олишар ва кейинги куни овлар эдилар. Шундай ҳийла ишлатиб, ҳадларидан ошганлари сабабли, Оллоҳ уларни маймун ва тўнғизларга айлантириб қўйган эди. Судхўрлар ҳам турли ҳийлаларни ишлатадилар-ки, Оллоҳ таолога уларнинг бундай найранглари махфий эмасдир».

Аййуб Сахтиёний деган эканлар: «Улар (яъни, судхўрлар), худди ёш болани алдамоқчи бўлгандек, Оллоҳни алдамоқчи бўладилар. Агар, ишга онгли равишда ёндошганларида эди, ўзларига осон бўларди».

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Сендан қарздор киши бирор нарса ҳадя қилса, олма. Чунки, бу иш – судхўрликдир».

Ҳасан розийаллоҳу анҳу деганлар-ки: «Гарчи, бир киши сендан қарздор бўлса, унинг хонадонидан еган нарсаларинг сенга ҳаром бўлади».

Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу тағин ушмундоқ дея уқтирадилар: «Кимдир бир киши учун воситачилик қилса-ю унга (нариги киши) ҳадя берса, у (ҳадя) ҳаромдир. Қуйидаги ҳадис гапимни тасдиқлайди: «Ким бир киши учун воситачилик қилса, бунинг эвазига унга ҳадя беришса ва у ўша ҳадяни қабул қилса, батаҳқиқ, у судхўрлик эшикларининг каттасига яқинлашган бўлади» (Абу Довуд ривояти).

*    *    *

Минг таассуфлар-ки, ҳозирам мана шундай илоҳий тақиқларга ва аччиқ сабоқларга қарамай, Яратган Эгамизнинг қаҳридан ҳайиқмай, судхўрликни (рибохўрликни) бошқаларнинг кўз ёшлари, азоблари-ю уқубатлари эвазига бойиш манбаи қилиб олганлар-да анча-мунча топилгайдир. Айни кимсаларда раҳм-шафқат, деган нарсанинг ўзи йўқ ва уларнинг юраклариям тош ёхуд темирдан бўлса ажаб эмасдир. Бундайларнинг қарздорларнинг ўлган-тирилганлари билан, умуман, ишлари йўқ, уларга фақат ва нуқул фойда-наф-манфаат бўлса – бас! Айни боисдан, булар сингари ғаразли олди-бердиларнинг оқибатлари фожиавий тугаётган ҳолатлар ҳам учраб турибди.

Судхўрлар чорасиз ҳамда иложсиз қарздорларнинг ғам-қайғулари эвазига ва ҳисобига олаётган наҳсий фойдаларидан бойиб кетаяпман, дея ўйлайдилар, аслида, амалдаям вақтинчалик шундай бўлиши мумкин. Бироқ, кўпгина ҳолларда мана шундай ҳаром-хариш йўллар билан орттирилган бойлик-бадавлатликдан қутурганлар, тирикликларидаёқ, Худонинг ғазабига учраганлари йироқ-ёвуқ тарихдан ҳамда эндиги кунларимиздан-да яхши маълумдир. Уларнинг нариги дунёдаги хорликлари-ю хўрликлари хусусида эса, юқорида атрофлича ёритдик. 

*    *    *

Узоқ ва яқин кечмишимизда ашаддий судхўрлар кўплаб бадиий асарларнинг «қаҳрамонлари» бўлишган. Айниқса, улкан фаранг ёзувчиси Оноре де Бальзак (1799-1850) «Гобсек» ҳамда машҳур адибимиз Садриддин Айний (1878-1954) «Судхўрнинг ўлими» қиссаларида юқоридагидай «касб» эгаларининг жирканч башараларини ва ифлос турқларини аёвсиз фош айлаганлар.

Бальзакнинг Жан Эстер ван Гобсеки ҳам, Айнийнинг Қори Исмат — Қори Ишкамбаси ҳам судхўрлик касофатининг, очкўзлик-очофатлик, хасислик-зиқналик, пулга ўта ўчликнинг ёрқин тимсолидирлар. Мазкур «қаҳрамонлар» бежизга ёинки бекорга «гобсек» – «тириклайин ютувчи» ҳамда «ишкамба» – «қориндор балохўр» дея аталмаганлар. Уларнинг судхўрликлари-ю ҳаромхўрликлари,  алал-оқибат, ўзларининг олчоқ бошларини ейди, ифлос усуллар, наҳсий йўллар билан тўплаган, йиққан-терган беҳисоб бойликлари, мол-у дунёлари беэга қолиб, ўзлари итдан баттар хорликда ўлиб кетадилар.

*    *    *

Бундан анча йиллар муқаддам атроф-теваракда совуқ бир гап оралаб қолганди. Ўшанда «донғи тарқалган» судхўрлардан биттаси оламдан ўтгач, унинг ўлигини кўмиш жуда қийинчиликда кечибди. Айтишлари-ча, гўрковлар ўша судхўрга аталган қабрни қанча қазишсаям, гўр яна қайтадан торайиб келаверибди. Ушмундоқ фалокатга гувоҳ бўлган одамлар бундай даҳшатдан таҳликага тушганлари-ча, мозористонни ташлаб қочишибди.

Ушбу воқеанинг ҳақиқатан-да ҳаётда рўй берганлиги учун Оллоҳ таолонинг қаҳр-у ғазабига, қудрат-у ҳиддатига тан бермай илож йўқдир. Илло-ки, ёмонни ер ҳам сиғдирмайди, деганлари шу бўлса керак-да… Нимаям айта олардик: судхўрлардек ашаддий қаллоб—каззоб кимсаларга нисбатан Яратганнинг одилона хоҳиш—иродаси, ҳаққонийона жазоси ушбу турур.

*    *    *

Аммо, имконияти бор бадавлат одамлар мўмин—мусулмон биродарларига, улар эҳтиёжманд ёхуд муҳтож бўлиб қолганларида, моддий тарафдан мадад ва кўмак кўрсатсалар, уларга бундай холис ҳамда беминнат хизматлари учун бисёр яхшиликлар ёғилади, мўл—кўл савоблар ёзилади.

Тағин, тегишли диний ҳамда дунёвий манбаларда таъкидланади-ки, ким-ки, қарзни ҳалол бериб, уни ўшанча қилиб қайтариб олса, Оллоҳнинг марҳаматига-ю раҳматига сазовор этилгусидир. Негаки, унинг мушкул вазиятга тушган ёки оғир шароитда қолган ожиз ва бечора бандани қўллаб-қувватлагани Яратганга маъқул тушгайдир.

Қатор ҳадислардаям Тангри таоло холисона ҳамда одилона қарз берувчилар билан бирга бўлиши, уларни балолардан асраши -қазолардан сақлаши уқтирилади. Шундай экан, ҳалол қарз берувчилар, савоб эвазига қарз берувчилар Парвардигори оламнинг яхши кўргувчи бандаларидир, суйгувчи қулларидир.

*    *    *

Шундайин муҳим муносабат туфайли, Оллоҳимизга нохуш ёинки хуш келадиган ушмундоқ ҳаром ҳамда ҳалол амаллар хусусида ёзар эканмиз, ҳеч қайси бандасини жаҳаннамий ва дўзахий «касб» эгалари — судхўрларга муҳтож ҳамда қарам, муте ва тобе этмаслигини, мазкур борада адашганларга ва гумроҳларга имон-у виждон ҳамда инсоф-у тавфиқ ато айлашини Яратгандан сўраб-тилаб қолгаймиз.

* * *

Мансур исмли ёхуд шундай тахаллусли дўстимизга!

«Судхўрлик – жаҳаннамий хорлик ва хўрлик!» сарлавҳали мақоламга нисбатан билдирган муносабатингиз билан танишиб, сизга жавоб қайтаришни лозим топдим.

Аввало, таъкидламоқчиман-ки, мен арабларнинг ёинки бошқа халқларнинг эмас, балки, ислом динимизнинг судхўрликдек балои қадим — гуноҳи азимга нисбатан ҳукм-у иродасини ёритмоқчи бўлдим.

Бунда, сўнгги даврларда урчиб кетаётган мазкур ҳаром амал билан шуғулланаётган якка шахслар — хусусий кимсалар кўзда тутилгандир.

Айни мавзуни тадқиқ этиш жараёнида бошқа эътиқоддаги қавмларнинг ҳам судхўрликка муносабатларини, баҳолуқудрат, ўрганиб чиққанман ва мақола ҳажми катталашиб кетишини инобатга олган ҳолда, уларни қўшмагандим.

Жумладан, тарихий гувоҳликларга кўра, жаҳондаги бошқа йирик динларнинг муқаддас китоблари: христианларнинг «Инжил» («Евангелие»)ида, яҳудоларнинг «Таврот»и («Ветхий завет») ва бошқаларида ҳамда буддавийларнинг «Типитака»сида ҳам судхўрлик инсониятнинг бошига мислсиз фалокатлар-ҳалокатлар келтирган ва келтирадиган улкан фожиа сифатида кескин қораланган ҳамда турли йўллар, турфа усуллар билан уни чеклашга уриниб келинган.

Фақат, «Таврот»дагина: қарз бераётганингда ўз яқинларингдан устама олмасдан, бегоналар (яъни, бошқа миллатлар вакиллари)дан фоиз ундир, деган маънодаги гап бор экан-у, кейинчалик, яҳудийлар бу насиҳатгаям амал этмай қўйишибди.

Судхўрлик бўлмаса, иқтисодиёт ривожланмайди мазмунидаям гап қилгансиз-ки, аслида, унинг иқтисодий тараққиётга зарари бўлса бордир-ки, аммо, фойдаси мутлақо йўқ!

Қачонки, судхўрлар «хизмати»дан чорасиз ва иложсиз одамлар жони ҳамда моли эвазига — уларни гаровга қўйган ҳолатда фойдаланар эканлар, ундан жамиятга қандай манфаат бўлмоғи мумкин, ахир?!

Шунингдек, арабларда бу нарса авж олганлиги тўғрисидаги фикрларингизгаям қўшила олмайман.

Негаки, араб давлатларида шариат қонун-қоидалари асосида фаолият юритадиган 176 та ислом банклари ташкил этилган бўлиб, улар, ҳатто, олган кредитларини қайтариб тўлаш имконияти бўлмаган мусулмонларнинг қарзларидан ҳам кечиб юборишлари ҳақида ўқигандим.

Аслида, хусусий судхўрликка барҳам бериш мақсадида барча давлатларда банк тизимлари  шакллантирилган.

Демак-ки, ушбу гуноҳи кабирани на иқтисодий, на сиёсий ва на ўзга томонлама на оқлаш, на ёқлаш мумкин эмасдир.

Мен мазкур ўринда «Турон» тахаллусли дўстимизнинг судхўрлик касофатларини мактаблар ва бошқа ўқув юртларида тушунтириш, «Одобнома» дарсларига ушбу хусусда сабоқлар киритиш юзасидан таклифларини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Эътирозларингиз-у эътирофларингиз учун раҳматимни қабул айлагайсиз.

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Хасанбой боксни Ислом акадан, Руслан штангани Мирзиёевдан ўрганган демайлик
  2. Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга Америка Қўшма Штатларидан
  3. Ўзбек гўштхўрми ёки… гўсхўрми? — Озодлик
  4. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришлар ҳақида
  5. 10 йилликнинг 50 одами, жумладан, 7 давлат раҳбаридан бири! — Б.Жумаев
  6. Кун.ўз: Украинадаги ўзбек тадбиркори билан суҳбат…
  7. Раҳимжон Ирисов: Тарихнинг ёзилмаган сахифасидан…
  8. Отабек Тошев: Хитой ва Коронавирус. Ҳолат ва оқибатлар ҳақида ўйлар
  9. Каримберди Тўрамурод: Адолат чиройли сўз… (Байрамали юртига қайтсин!)
  10. Гулзамон Акбар: МЕНИНГ УСТОЗИМ («Ўтганлар ёди» туркумидан)
  11. Ватанни ёзув билан севмайдилар! (Тошкент шаҳар ҳокимига очиқ хат ўрнида)
  12. Абулқосим Мамарасулов: Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов масаласида
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.