Гулпошша Эргашхўжаева: КАБИСА ЙИЛИ САБОҚЛАРИ…
Қадимдан ота — боболаримиз кабиса йили келганда, уни касофат йили, офат йили деб аташган эканлар. Инсоният ҳаётида кабиса йиллар кўп бўлган, аммо 2020 — йил кабиса йилларнинг энг мусибатлиси бўлиб, у тарихда улкан йўқотишлар ва чекловлар йили, мусибатли оғир йил бўлиб қолди.
Куни кеча биз 2020 – йил, кабиса йилини кузатдик, уни йил давомида чеккан азоблар, аламлар, ситамлар, айро тушган эркинлик, дийдор илинжи, йўқотишлар зинҳор — базинҳор бошқа юз кўрсатмасин, бошқа такрорланмасин дея орқасидан тош отиб, сув сепиб, аммо гина — кудратсиз кузатиб қолдик…
Эҳ, бу кабиса йилининг Дажжоли, ўзининг ажал ўқини беҳато урадиган, кўзга кўринмас тождор вирус бизни қанчадан — қанча улуғларимиздан, яқин биродарларимиздан, қариндош — уруғларимиз ва жигарларимиздан жудо қилди. Биз уларнинг жанозаларида қатнаша олмадик ҳам, ширин дийдор- армон дийдори бўлиб охиратга қолди, аламки, уларни урф- одатларимиз бўйича дафн қила олмадик ҳам, на юзларини кўрдик, на кафанлай олдик, салафанларда кўмдик…
Бу йилни ҳаммамиз саросимада, хавотирда, таҳдидли ва таҳликали вазиятда ўтказдик. Мамлакат иқтисодиёти ҳам жуда катта зарар кўрди.
Аммо бир ёмоннинг бир яхшиси бор деганларидек, Аллоҳ бизга кабиса йили тождор вирусини йўллаб, оғир синовларга дучор этиб, биз унутган кўп нарсалардан огоҳ этди, катта сабоқ ҳам берди.
“Дунё менинг мулким деган султонларга,
Олам молин сонсиз йиғиб олғонларга.
Айшу ишрат билан машғул бўлғонларга
Ўлим келса бири вафо қилмас эрмиш”
— деганларидай, биз Унинг қазо ва қадар салтанати остида эканимизни яна бир бор эслатиб қўйди.
Айтишларича, 68 ёшли бир бадавлат киши юрак хуружи билан касалхонага тушиб, 24 соат кислородда ётибди. Бемор ўзига келганида, унга 24 соатлик кислород учун 600 доллар тўлаши лозимлигини айтишибди, буни эшитган бемор алам билан ўксиб йиғлай бошлабди. Доктор хайрон бўлиб, нега йиғлаяпсиз, тўловга қурбингиз етмайдими деб сўрабди. Йўқ тўлайман, гап унда эмас, мен ғофил банда 68 йил Аллоҳнинг текин ва соф ҳавосини ютиб, бунга жавобан нима қилдим, ҳеч нима, мана шунга йиғлаяпман деган экан…
Ҳа, биз ҳам она табиатни, унинг соф ҳавосини қадрлай олмадик, табиатнинг сўлим масканларида яйраб маишат қилдик, аммо ўзимиздан уюм — уюм чиқиндилар қолдириб кетдик. Ҳавони ифлослантираётган завод ва фабрикаларнинг тутунларига, ҳавомизни тозаловчи улкан ва кўм — кўк дарахтларимизнинг кесаётганларга “бу менинг ишиммас” дея бепарво бўлдик ва бу бепарволик учун қаттиқ жазоландик. Қарангки, вирус нафас олишимиз учун зарур бўлган ҳавони сотиб олишимизга, дўппи тор келганда унга минглаб, миллионлаб сўмлар сарфлашимизга мажбур этди.
У олётган ҳар бир нафасимиз учун Яратганга ҳамд ва шукрона келтириб яшашга, интизомга, тозаликка, сабр –қаноатга, яшаб турган заминни қадрлашга ўргатди.
Неча йиллардан бери на маҳалла, на ОАВлари, на қабул қилинаётган қарорлар эплай олмаган тўйларимизни у бир зумда ҳал қилди — қўйди. Мана, исрофгарчиликларсиз, ким ўзарга чопмасдан, бинойидек 30 кишилик тўй қилсак ҳам бўларкан — ку!
У яна бизни бир — биримиздан чўчимасдан, хавфсирамасдан бағримизга босиб кўришиш ҳам, ниқобсиз нафас олиш ҳам, уйдан хотиржам чиқиш ҳам, ўзга юртларга бемалол саёҳат қилиш ҳам Аллоҳнинг Буюк бир неъмати эканлигини, бу зоҳирий ва ботиний неъматларни қадрига етиб, уни ақл ва қалб кўзи билан хис қилишга ўргатди.
Мана шу ҳаёт сабоқлари учун ҳам 2020 – йил, кабиса йилини ҳеч қандай гина- кудратсиз, тождор вирусингни бутунлай олиб кет дея кузатдик ва оддий карантин қоидаларига амал қилишни унутмаган ҳолда, яъни ниқоб тақиш, қўлни тез — тез совунлаб ювиш ва икки метрлик масофа сақлашни унутмаган ҳолда Сигир йилини эртанги куннинг ойдин умидлари билан, улкан режалар билан шодон кутиб олдик!
Азиз ҳамюртларим, масофа яқину дийдор узоқ бўлган яқинларим, биродарларим, қадрли опа — сингилларим, дарёдил дугонажонларим, хорижда илм илинжида, ижод илинжида, оила боқиш илинжида, Ватан соғинчида юрган қадрдонларим, биз интиқ ва умидвор кутган янги 2021 — йил ҳар биримизнинг хонадонимизга саҳоват ила қутлуғ келсин, муборак келсин! Аллоҳнинг марҳамати ила янги йилимиз дунёи жаҳонга саломатлик, хотиржамлик, тинчлик — омонлик, ривож, омад ва қувонч олиб келсин! Барака ва саҳоват тимсоли бўлган Сигир йилининг қадами қутлуғ, ташрифи хайрли бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин мен яхши кўрган яхши одамлар!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ