Ҳусан Эрматов: Энг ёмон Ватанпарвар… (Мамадали Маҳмудов ҳақида)
Мамадали Маҳмудов ҳақида нималарни ёзишим мумкин?
Мен бу улуғ адиб, жасоратли шахс, элнинг диёнати дейишга лойиқ одам ҳақида бир нарса дейиш, бир қоғоз хотира ёзишга нечоғли маънавий ҳақдорман ва ёйинки, у одамнинг адабиёт соҳасидаги хизматларини баҳолаш қувватига эгаманми?
Менга Мамадали Маҳмудов, яъни Эврил Турон ҳақида бир нарса ёзиб беришимни сўрашганидан бери бошимда шу саволлар ғужғон ўйнайди.
Назаримда, бирон киши ҳақида бир гап айтишдан аввал бу саволларга ҳаммамиз ҳам жавоб бериб кўришимиз лозим.
Эврил Туронни бутун дунёга тарқаб кетган ватандошларимиз яхши билишади. Мен уларчалик билармиканман? Мамадали Маҳмудовнинг ўз даврида катта шов-шувга сабаб бўлган асарлари унинг кимлигини айтиб турибди…
Мен эса, ўзимни ўзбек журналистикасининг навқирондан баландроқ вакили (ёш маъносида) санаб бу одам ҳақида кўп нарса билмас эдим.
Ростан ҳам…. мен уни яқинда танидим. Бўлса йигирма йил ўтгандир. Илк бор уни 1999 йилги феврал воқеалари ҳақида яратилган ҳужжатли фильмда кўрганман. Қандайдир тунд одамдек таассурот уйғотган, биров билан келишиши жуда қийин шахс сифатида намоён бўлган эди ўшанда. У бир неча бор уринишлардан кейингина фильмга “яроқли” интервью беролган. Афсуски, ўша интервьюнинг аслида қандай тафсилотлар билан олинганини сўраб кўрсам бўлар экан. Энди кеч…
Йиллар ўтди. Унинг учун қанча узоооқ чўзилган йиллар… 2017 йилда “Ишонч”да иш бошлаганимдан сўнг бир куни бизни таништиришди. Кейин аста-секин мен бу забардаст қалб соҳибини унинг ёза бошлаган эсселари, чиқишлари орқали яқиндан таний бошладим.
Гап фақатгина у ёзган нарсалардагина эмас. Эътироз билдиришга шошилманг. Аслида бутун адабиёт ўқийдиганлар унинг узоқ йиллар илгари яратилган романлари, қиссаларини баланд баҳолашади. Ҳар кимнинг ўз баҳоси бор.
Масалага бошқа ракурсдан ҳам қараб кўргим келди. Мен Мамадали Маҳмудовни энг аввало чин дўстлари борлиги учун ҳурмат қила бошладим. Биласизми, Мамадали Маҳмудовнинг номини айтишдан ҳам қўрқиб яшаган одамлар ҳали тирик. Бу ном баралла эмас, шивирлаб айтиларди, анови, деб имо ишора билан билдиришарди у ҳақидаги фикрларни…
Шунчалик ваҳимага аслида асос бўлганми? Маҳмудовнинг жуда катта принципга эга шахс бўлганини ҳаёти, тақдири, аччиқ қисмати айтиб турибди ҳам бироқ. Аслида бу принципнинг замирида бировга, бирон шахсга, нисбатан қасд бўлганми, миллатга қарши, унинг тинчлиги, осойишталигига қасд бўлганми? Мана шу саволга тасдиқловчи жавоб йўқку! Йўқ ўша қўрқувга асос. Маҳмудов жасоратли, тўғри сўзни баралла айтишдан қайтмайдиган ботир инсон эди. У ҳаётининг сўнгги йилларида ҳам бирон маротаба маддоҳликка бурилмади. У ўзгармади.
Энди нега бундай деганимни асослашга уриниб кўраман. Унинг қиёматли биродари Содиқ Ибрагимович Холиқулов бўлади. Кўп йиллар Ирригация институтида ишлаган, ўта тўғри сўз ва чўрткесар, дарвоқе, улар бир-бирларига характери жуда яқин одамлар, Содиқ ака билан бир суҳбатдош бўлган одам балки ўзининг ҳаётий принципларига ҳам тузатишлар киритиб юборса ажаб эмас. Бу ҳавойи гап эмас. Мени кўпроқ мана шу жиҳат қизиқтиргани бекоргамас.
Икки оғизгина Содиқ акани мақтаворсам. Етмишинчи йилларда Содиқ ака Москвада кандидатлик диссертацияси устида ишлаб бир-икки йил қолиб кетади, кейин Кремлнинг деформатив истиқболи билан боғлиқ ўта жиддий тадқиқотларда ҳам иштирок этади. Қаранг, ўша йилларда Кремлга шақшайиб кириб-чиқиб, яна ўрганишлар натижаларига хулосаларини ўтказиб юрган одам бу киши. Ўзбекнинг жўмард боласи!
Яна денг, унинг бир ҳарбий хизматда орттирган Хамид деган учувчи дўсти ҳам бўлиб, у собиқ СССР бўйлаб учган. Содиқ Ибрагимовичнинг одамохунлиги сабаб, жуссалари бир-бирига тенг бўлгани боис, бир комплект учувчи кийими Содиқ акага совға қилиинган. Ишонасизми, Содиқ ака ўртоғи билан аэропортларга ғўддайиб кириб чиқиб юраверган. Учган ҳам, айтишича, учувчининг кабинасида ўтириб шаҳарларни роса кезган.
Мана шу одам Мамадали ака ўша қоронғу кунларни бошдан кечирган йилларда бировдан чўчимай, сиёсатидан ҳадиксирамай қамоқхоналарга ҳам бориб юрган. Оиласи, фарзандларигача сўроққа тортилган, ажабо, лекин дўстидан воз кечмаган. Нега, шунчалик одамнинг қадри тушиб кетаётган бу даврда бу қадар оқибатнинг боиси нима эди? Боиси, Мамадали Маҳмудов осонгина воз кечиб кетавериш мумкин бўлмаган шахс эди, асл инсон, садоқатли дўст, жасоратли қалб эгаси эди.
Ундан воз кечиш жуда оғир иш эди.
Назаримда, Мамадали аканинг сийратида шунақа бир бемисл давлат бор эди. У бўлса ўлгунча садоқат билан борадиган дўст бўларди, бўлса ўлгунча курашдан тўхтамайдиган жангчи бўларди. Мана шу жойида унинг асл қиёфаси, сийрати кўринади. Унинг “Олтин ўлка” деб номланган эссесини олинг. Бу эссе она юртга жуда ва жуда катта соғинч билан битилган асар бўлди. Унда Жиззах ва Самарқанд элининг асл одамлари, асл бўлганда ҳам тоза қалбли ўзбек ўғил-қизларининг одамий қиёфалари меҳр билан қаламга олинган. Бир сафар Мамадали акадан бу қиссани Сиз асли қачон ёздингиз, деб сўраганимда, бунга кўп йиллар бўлдиёв, дея жавоб берган эди.
Нақадар оғир гап…
Эсседа ўлмас ҳақиқатлар кўп. Энг катталаридан бири бизнинг яхши халқ эканимиздир. Воҳанинг қишлоқларида ҳалиям меҳмонни кўрса уйида нимаси борини ўйламай хурсанд бўлиб меҳмонни хонадонига чоралайдиган, меҳмонга ўзи битта бўлса шуниям сўйиб бир меҳрини тўккиси келадиган одамлар йўқ бўлиб кетгани йўқ. Подшонинг амрини вожиб биладиган, ҳар бир янгиликдан ҳикмат излаб яшайдиган ўта бамаъни кишилардан иборат. Кейин ўта самимий. Ўша самимият баъзида қаҳрга айланиб кетмаслиги керак.
Унда чатоқ…
Шу эсседа бир ҳаётий ўта муҳим ҳақиқат ҳам тилга олинган. Пойтахтни Ғаллаорол ва Самарқанд ўртасидаги кенгликларга кўчириш. Буни баъзилар Тошкентни кўчириш деган тасаввурда тушунди, аслида ундай эмас. Биз ўтган тўрт йиллик жадал қурилишлардан сўнг яққол кўряпмизки, Тошкентнинг шу гавдаси, шу қувватига (мен унинг коммуникацион, инфраструктуравий қувватини назарда тутяпман) қанча юк ортиш мумкинлигини бироз англагандек бўляпмиз.
Чунки ҳаво ҳарорати кескин совиб кетгач, газ босими пасайиб кетди, электрнинг чўғи пасайди, сув масаласида ҳам қатор муаммолар бўй кўрсатиб турибди. Айтинг, айтинг бундан-да ёмони оқава сувлар йиғиладиган қувурлар тиқинга тўлиб қолмасин. Ахир биз ўнлаб йиллар, балким чорак асрданам кўпроқ вақт илгариги ўлчамлардан келиб чиқиб тортилган қувурлар орқали сув ичамиз, газ тармоқлари ҳам отамзамондан қолган қувурларга чиққанича келади.
Биз эса йилдан йилга баробарга ортиб бораётган табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжимизни ҳисобга олгимиз келмаяпти. Ҳар тугул бироваракайига маҳалларни бузиб кўп қаватли уйлар қуриш бироз тин олди. Ҳой, ахир бу кетишда нафас олгани ҳаво ҳам етмай қолмайдику…
Эврил Турон шундай гўзал мамлакатнинг пойтахти бунчайин кўплаб муаммолар гирдобидан узоқроқда, ишлаш ва яшаш учун қулай шароитларга эга, кенг ва равон кўчалар, бундан ярим аср кейинни ўйлаб қурилган, фундамнтал иморатлар бўй кўрсатган, замонавий пойтахт бўлиши орзу қилгани нотўғри эдими?
Ахир Америка Қўшма Штатларининг пойтахти ҳам мамлакатдаги ўнлаб шаҳарлардан кичик-ку, ёки Туркия пойтахтини олинг… Булар дунёвий фикрлаш, эртанги кунга уйғоқ назар билан қарашнинг белгиси бўлса керакдир…
Ёзувчи, шоир, журналист деганда кундалик воқеликларни ёзиш вқа уларни ёритишдан бошқасига салоҳияти етмай қийналадиган ҳамкасбларимиз кўпайиб кетган бир замонда, очиғи, “Ишонч” газетаси эълон қилган бу янги замон асарини кўпларга тушунтиришнинг ҳам имкони бўлмади.
Не тонг… Унинг муаллифи ҳам орамизда эмас.
Мамадали Маҳмудовни билмайдиган одамлардан бири менман. Қолганларга жавоб бера олмасман…
Эврил Турончасига Ҳусан Эрмат жаноблари
Охиратингизни берсин, ака….
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ