"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Акмал Саидов ҳақида Кун.ўз даги ижобий мақолага танқидий муносабат — Б.Жумаев

Бош мақола, Муносабат, Муҳокама учун мавзу | 30/12/2020 00:16-     12731 марта ўқилди

Ассалому алайкум, Исматбек!

Соғ-омонмисиз? Ижодий жамоангиздаги дўстларимиз ҳам сиҳат-саломатмилар?

Исматбек! Аввало, сизларга Мамадали ака ҳақидаги мақоламни эълон этганларингиз учун каттакон раҳмат! Ушбу битик илгариям «Дунё ўзбеклари»да босилгани боис, такроран юборишга истиҳола қилиб тургандим.

Яна айтмоқчи эдим-ки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг директори А. Саидовнинг «КунЎз» электрон оммавий ахборот воситасида эълон этилган «Акмал Саидов қандай қилиб, икки президент даврида ҳам ҳокимиятда қолмоқда?» сарлавҳали мақоласига муносабатан қуйидаги битикни тайёрлагандим. Шундан кейин, 22 декабрь куни уни айни чиқиш босилган мазкур сайтнинг электрон манзилига жўнатдим. Мана, 3 кундан буён қайта-қайта мурожаат қилишимга қарамасдан, «КунЎз» тарафидан ҳеч қанақанги жавоб бўлмади.

Бу орада кеча «Qalampir.uz» сайтида «Акмал Саидов кимларнинг хатоси Ўзбекистон халқаро обрўсига путур етказишини айтди» сарлавҳали мақола босилибди. Мен ушбу чиқиш тўғрисидаги фикрларимниям қўшга ҳолда, битикни қайтадан тайёрлаб, сизларга тавсия тариқасида юбораяпман.

Илтимос, у билан танишиб чиқсаларингиз, мабодо, лозим топсаларингиз — фойдаланасизлар, деган умиддаман.

Сизларга ҳаётий, фаолиятий ҳамда ижодий муваффақиятлар тилаб, эҳтиром билан:

Бердиёр ЖУМАЕВ.

Бердиёр ЖУМАЕВ,

халқаро журналист.

НОЖОИЗ МУДДАОЛАР, НОЎРИН ИДДАОЛАР…

«Акмал Саидов қандай қилиб икки президент даврида ҳам ҳокимиятда қолмоқда?» номли мақолани ўқиб…  

«КунЎз» электрон оммавий ахборот воситаси мухбири жорий йилнинг 19 декабрь куни, «Тошкент ёшлар форуми – 2020» доирасида ўтказилган ёшлар миграцияси масалаларига бағишланган халқаро конференциядан сўнг, берган саволларга Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг директори Акмал Саидов қайтарган жавоблар билан танишиб, очиғи, жуда ажабландим.

Жумладан: «Айтинг-чи, қандай қилиб, икки президент даврида ҳам ҳокимиятда қолмоқдасиз? Садоқат, тажриба ёки мослашувчанлик сабабми?» мазмунидаги сўровга айни вақтда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосари, ҳам академик рутбасидаги А. Саидовнинг жавоби қуйидагидай бўлган: «Мен ҳеч қачон мослашмаганман. Биринчи раҳбар даврида ҳам, иккинчи раҳбар даврида ҳам». 

Жаноб Саидов! Юқоридаги суҳбатингизда сиз ўзингизни, бамисоли, фариштамонанд одам қилиб кўрсатибсиз. Унақада: «Миллий тикланиш» партиясининг расмий матбуот нашри «Миллий тикланиш» газетасининг 2015 йил 21 январь сонида ўзингизнинг президентликка номзод сифатида эълон қилдирганингиз «Сайловчилар ишончини оқлаш катта масъулият» сарлавҳали мақолангизда, шахсий сайловолди дастурингиз бир четда қолиб кетиб, нуқул Ислом Каримовни улуғлаганларингиз ёдингиздами?

Мана, ўша мадҳиёналардан айримгина намуналарни келтириб ўтамиз: «Президент Ислом Каримов айтганидек, Конституция ва қонунлар асосида, партиялараро сиёсий рақобат ва қизғин курашлар руҳида бўлиб ўтган…», «сайловлар халқнинг ўз Юртбошиси атрофида мустаҳкам жипслиги, истиқлол йилларида юртимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаши ва эртанги кунга комил ишончининг ёрқин намойиши бўлди, дейиш учун тўла асос бор», «Каримовнинг «Ким-ки, асл демократияни кўрмоқчи бўлса, Ўзбекистонга келсин!» – деган сўзлари сайлов жараёнида ўзининг амалий исботини топди»…

Инсоф билан айтинг-чи: мана шу даъволарингизнинг ҳаққонийлигини бугунги кунларда ҳам тасдиқлай ва исботлай оласизми?!

Орадан икки ярим йил кечиб, 2017 йилнинг июль ойида ҳозирги президент Шавкат Мирзиёевга қарата: «Ўзбекистонда миллий парламентаризмнинг асосини яратган инсонлардан биттаси ўзингизсиз. Мен парламентаризм бўйича, конституциявий ҳуқуқ бўйича ўзимни мутахассис, деб билардим. Мундоқ қарасам, фақат, Олий Мажлисдан тушмаган эканман. Лекин маҳаллий кенгашлар даражасига… хаёлимга келмаган экан», шунингдек: «Сиз биз – депутатларга, нафақат, Қонунчилик палатаси, Сенатдаги, балки маҳаллий кенгашдаги депутатларга ҳам замонавий тилда айтганда «мастер класс» ўтиб бердингиз» – деган гапларингиз ҳам мослашувчилик эмасми?

Ҳар иккала ҳолатдаям билдирган мулоҳазаларингиз замирида самимийлик эмас, балки бошқа мақсадлар ётганлигини урғулаб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак ёки шундай эканлигини бошқалар билмайди-сезмайди, дея ўйлайсизми…

Энди, ўша суҳбатдаги: «Инсон ҳуқуқлари миллий марказига келишим ҳақида гапирсам, ўша пайтларда биринчи президент мени демократ, дерди.

Шунинг учун ҳам, бу марказга қўйгандир. Яхши эслайман, Ўзбекистон ўша пайтларда инсон ҳуқуқлари бўйича энг кўп танқид қилинадиган давлатлар қаторида эди. Бу қора рўйхатда салкам 20 йил турдик» жумласига тўхталсак.

Ҳурматли демократ! Ахир, Ўзбекистоннинг мазкур қора рўйхатга йигирма йиллаб тиркалиб қолишига, биринчи навбатда, мамлакат президенти тариқасида Ислом Каримов бўлса, иккинчи навбатда, республика инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг директори сифатида ўзингиз сабабчи эмасмидингиз?!

Сизнинг мамлакатимиздаги инсон ҳуқуқларини қай даражада «ҳимоя» қилганлигингизни 2013 йил 31 октябрда халқаро оммавий ахборот воситаларида ёйинланган: «Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Акмал Саидов БМТ минбарида бақирди» сарлавҳали мақоладан-да билиб олиш мумкин. Кўтараётган масаламизга, айнан дахлдор эканлиги боис, уни батафсилроқ келтирамиз:

«Давлат раҳбарларининг БМТнинг юксак минбаридан туриб бақиришлари ноодатий ҳол эмас. Аммо дипломатларнинг жазавага тушишлари камдан-кам содир бўладиган ҳодиса. Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов 30 октябрь, тушдан сўнг Женевада ўзини сўроққа тутган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқларга қарши қўмитаси аъзоларига бақирган ва столни муштлаш билан жавоб берган.

Мажлис иштирокчилари юқори мартабали ўзбек дипломатининг ўзини тутишидан ларзага келганликларини айтишмоқда. Мажлисда иштирок этган «Ҳюман Райтс Вотч» халқаро ташкилоти вакили Стив Свердловнинг айтиши-ча, жаноб Саидов қийноқлар билан боғлиқ конкрет саволларни жавобсиз қолдирган.

Стив СВЕРДЛОВ: – Ўзбекистон ҳукумат ҳайъати реал одамларнинг қийноққа солингани ҳақидаги жуда ҳам жиддий, аниқ ва батафсил саволларга бақириб-чақириш билан жавоб қайтарди. Бу бизни ларзага солди, аммо, ҳайратга солгани йўқ.

Улар қийноқлар бўйича мустақил, халқаро экспертлар олдида ўз далилларини айтиш имконига эга эдилар. Аммо буни томошага айлантиришди. Қийноқларга қарши қўмита ўзбек мулозимларидан сиёсий маҳбуслар, жумладан, қамоқдаги ҳуқуқ фаоллари қийноққа солинмаган, деган даъволарини аниқ далиллар билан исботлашни сўради. Аммо ҳукумат ҳайъати аниқ далилларни тақдим этиш ўрнига қўмита аъзоларини ҳақоратлади ва мажлисни сиёсийлаштиришга уринди ва қийноқларнинг мавжудлигини рад қилишда давом этди.

Би-Би-Си: – Қўмита ўзбек мулозимларидан Жаслиқ қамоқхонасининг нима учун ёпилмаганлиги ва қийноқ даъволарининг нега текширилмаётгани сингари аниқ саволларни сўраган. Уларнинг жавоблари қандай бўлди?

Стив СВЕРДЛОВ: – Жаслиқ қамоқхонасини ёпиш қийноқларга қарши қўмитанинг узоқ вақтдан буён тавсия этиб келаётган чораларидан биридир. Бу БМТ Қийноқларга қарши махсус маърузачисининг 2002 йилда берган тавсиялари орасида ҳам бор эди. Аммо, ўзбек ҳукумат ҳайъати раҳбари Акмал Саидовнинг бунга жавобини жавоб эмас, балки айблов, дея айтган бўлардим.

Жаноб Саидов: «Қийноқларга қарши қўмита Ўзбекистонга қандай яшаш кераклигини ўргатмаслиги керак!» қабилида жавоб қайтарди. Унинг айтиши-ча, Жаслиқ қамоқхонасидаги муаммо, фақат, об-ҳаво, иқлим шароитлари билан боғлиқ, холос.

У халқаро экспертларнинг Жаслиққа ҳаддан зиёд эътибор қаратишларидан норозилик билдирди. Аммо у ердаги маҳбуслар, жумладан, инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармоновнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларнинг биронтасига ҳам жавоб қайтаргани йўқ.

Би-Би-Си: – Жаноб Саидовнинг қўмита аъзоларига бақириб-чақиришини қандай баҳолаган бўлардингиз?

Стив СВЕРДЛОВ: – Бу ўзбек ҳукумати ўзининг халқаро мажбуриятлари борасида танлаган стратегияси, фалсафасини ошкор қилиб қўйди. Жаноб Саидов қийноқлар борасида дунёдаги энг етакчи экспертларни ўз ичига олган БМТ қўмитасини жиддий қабул қилиш, уларга профессионал муомала қилиш ўрнига жуда ҳам тажовузкор бир мавқени эгаллади ва ўшқира кетди.

Ишончим комил-ки, унинг бақир-чақирларини мамлакат ичкарисидаги ўзбеклар кўришганида, уларнинг ҳам ҳафсалалари пир бўлган бўлур эди. Нуфузли бир ташкилотнинг минбаридан туриб, жазава қилиш муаммони ҳал қилмайди, қайтага, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига жуда катта зарар етказади. Менимча, ҳукумат ҳайъати қўмитани қийноқлар ҳақидаги аниқ фактлардан чалғитиш мақсадида ўзини шундай тутди, аммо бу иш бергани йўқ».

Хўш, энди буёғига нима дейсиз, Ўзбекистон инсон ҳақ-ҳуқуқларининг бош муҳофазачиси, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи вице-спикери ҳамда академик жаноблари?!

* * *

Тағин, 24 декабрь куни «Qalampir.uz» сайтида «Акмал Саидов кимларнинг хатоси Ўзбекистон халқаро обрўсига путур етказишини айтди» сарлавҳали мақола босилибди. Унда сизнинг тилингиз билан уқтирилиши-ча,: «Ҳозирги кунда оддий терговчи, оддий прокурорнинг хатоси Ўзбекистоннинг халқаро обрўсига путур етказиши мумкин» экан. Ҳа, бу – жудаям тўғри таъкид ва танқид. Илло, мазкур муносабат билан, ушмундоқ сўроқ ўртага кўндаланг қўйилади: – Шахсан ўзингиз 1996 йилдан, яъни салкам чорак асрдан бери Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг директори лавозимида давлат ҳамда мамлакатга қанчалик обрў-эътибор олиб келдингиз?

Илгариям — ҳозир ҳам Ўзбекистонда инсоннинг ҳақ-ҳуқуқлари қайта-қайта бузилаётганлиги ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида тиқилиб кетган. Бироқ, мана шунақанги қонунбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширган ишларингиздан, мутлақо бехабармиз. Агарда, ана шундай саъй-ҳаракатларингиз, аслидаям мавжуд бўлса, бошқаларниям воқиф айлаб қўйинг, илтимос!

* * *

Юқоридаги далиллардан-да аён ҳамда намоёндир-ки, жаноб А. Саидов, ўзининг хизмат вазифаси тақозо қилганидек, фаолият кўрсатгани билан мақтана олмайди. Халқаро муҳокама пайтида, у киши томонидан: «…муаммо, фақат об-ҳаво ҳамда иқлим шароитлари билангина боғлиқ, холос»лиги таъкидланган — Жаслиқ турмасининг, жаҳаннамий зиндон тариқасида, аллақачон ёпиб ташланганлигиям бунинг битта исботидир.

Мазкур ўринда, Акмал Саидов Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратлари: «Ё аслинг каби кўрин, ёхуд кўринганинг сингари бўл!» – дея берган пандиятнинг ҳар иккала қисмигаям амал қилмаётгани маълум бўлади. У ўзини нечун ушмундоқ тутишининг баҳосини эса, А. Саидовни яхши билган ҳамда мазкур матн билан холисона танишган кишилар берадилар, деган умиддамиз.

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Намоз Нормўминнинг «Шиалар нимани истайди?» мақоласига танқидий назар
  2. Аҳмад Турон: Каримов даврига баҳо бериб, унинг асоратларидан қутулиш керак (5)
  3. Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Абдураззоқовга «Ўзбекистон овози» дан…
  4. «Иқтисодимиз навбатдаги монополистга бардош бера оладими?» — Карим Баҳриев
  5. Бердиёр Жумаев: Чироқчидаги қотиллик учун ким жавоб беради?
  6. Саидова прокурорга қарши: “Дин қўмитаси хулосасига эҳтиёж йўқ” — Қалампир.ўз
  7. Юлий Юсупов ислоҳотлар йўлидаги энг катта муаммо ҳақида — Кун.ўз нашри мақоласи
  8. Собиқ президент Атамбаев устидан чиқарилган ҳукм қоидами ёки ундан истисноми?
  9. Акмал Саидов: «Меҳнат иқтисодиёти» — барқарор ривожланиш асоси
  10. О.Латипов: Минг афсуски фейсбукка «болта» кўтариб кирадиганлар кўпайиб боряпти…
  11. ИИВ тизимидаги ислоҳотлар — Дунё Ўзбеклари нигоҳида
  12. Норқобил Жалил: Огоҳлик — Биз ҳалиям қўрқмаяпмиз…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.