Дадахон Ёқубов: Эл ардоғидаги хирург («Тиббиётимиз фидойилари»)
ЭЛ АРДОҒИДАГИ АТОҚЛИ ХИРУРГ
Узбекистонда олий таълим тизими ва тиббиёт сохасини ривожлантиришга жуда катта муносиб хисса кушган инсонлардан бири профессор Шамсиев Азамат Муҳитдиновичдир.
А.Шамсиев тиббиёт соҳасида дунё илмий жамоатчилиги томонидан тан олинган, болалар хирургияси фанини салмоқли илмий натижалари билан бойитган етук олим ва моҳир хирург.
Халкаро микёсда танилган, элимиз ардогидаки атокли ташкилотчи, мохир хирург, сермасҳул ва новатор олим, 1998 йилда “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби бўлган хамюртимиз А.Шамсиев Самарқанд (ҳозирги Навоий) вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. 1968 йилда Тошкент давлат медицина институтини тугатган. Врачлик фаолиятини Самарқанд вилоят Булунғур тумани марказий шифохонаси хирургия бўлимида бошлаб, сўнгра 1969 йилдан Самарқанд давлат тиббиёт институти клиникаси болалар хирургияси бўлимида врач-хирург вазифасида давом эттирди.
А.Шамсиев 1970 йилда Ростов давлат медицина институтига мақсадли аспирантурага юборилди, ва 1973 йил болалар хирургияси ихтисолиги буйича номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади. 1973-1976 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт институти болалар хирургияси кафедрасида ишни давом этди. У бу даврда клиниканинг болалар хирургияси бўлими амалиётига бир неча янги технологияли даволаш-диагностика усулларини жорий қилди. Шу сабабли клиникада бемор болаларни хирургик даволаш натижалари кескин яхшиланди.
Ёш олим бундан кейинги даврда ўзининг илмий тадқиқот ишларини давом эттириш учун 1976-1983 йилларда Украинанинг Донецк медицина институтининг болалар хирургияси кафедрасида хирург ординатор, кейинчалик докторант лавозимида ишлаб докторлик илмий ишини ниҳоясига етказди. 1983 йил СССР медицина фанлари академиясининг Педиатрия илмий текшириш институтида (Москва) “Болаларда ўткир деструктив пневмонияни даволаш” мавзусида докторлик дисертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
А.М.Шамсиев болалар хирургияси соҳасида илмий мактаб яратган атоқли олим. Унинг ташабусси ва раҳбарлигида 1989 йилда Марказий Осиёда ягона ҳисобланган 200 ўринли ихтисослашган кўп тармоқли “Болалар хирургияси илмий-амалий маркази” ташкил этиб, 25 йил раҳбарлик қилди. Марказ замонавий тиббий диагностик ва даволаш технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, ҳар йили 10-12 минг бемор болаларга юқори малакали ихтисослашган медицина ёрдами кўрсатилади, ва 6 мингдан ортиқ турли хил мураккаб операциялар бажарилади. Ушбу марказ нафақат Самарқанд вилояти, балки, регионда жойлашган бошқа вилоятлар аҳолисига ихтисослаштирилган юқори малакали болалар хирургияси йўналиши бўйича тиббий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Марказнинг торакал хирургия, кардио-хирургия, урология, чақалоқлар хирургияси бўлимларида янги технологияли мураккаб операциялар бажарилиб келинмоқда.
Профессор А.М.Шамсиев тиббиёт фанининг болалар хирургияси соҳаси бўйича ўзининг илмий-амалий мактабини яратган, дунёга танилган новатор олимдир.
Мазкур марказда 1991 йилда профессор А.Шамсиев томонидан Самарқандда илк бор ёш болаларда туғма юрак нуқсонлари бўйича операция мувафаққиятли амалга оширилган, ва ҳозиргача бажарилиб келинмоқда. Марказни бошқариш билан бирга олимнинг илмий раҳбарлигида 30 дан ортиқ тиббиёт фанлар доктори ва тиббиёт фанлар номзодлар тайёрланган. А.Шамсиев илмий ишланмалари ва у раҳбарлик қилган Самарқанд болалар хирургияси илмий-амалий маркази ходимлар жамоаси эришган ютуқлари хорижий мамлакатлар ва Республика микёсда соғлиқни сақлаш амалиётида кенг қўлланмоқда.
Бугунги кунда ҳам ҳар йили 100 дан ортиқ турли ҳажмдаги мураккаб операцияларни амалга оширади. Унинг болалар хирургиясига оид 50 дан ортиқ ихтироси ва 44 та рационализаторлик таклифи республикамиз ва Мустақил Ҳамдўстлик давлатлари амалиётида кенг қўлланилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологияларни ривожлантириш қўмитасининг 8 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳалари устида илмий изланишлар олиб борилган.
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, профессор Азамат Муҳитдинович Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институтига ректор этиб тайинланди ва бу лавозимда 15 йилдан ортиқ ректорлик вазифасини бажарди.
А.М. Шамсиевнинг ректорлик даврида Самарқанд давлат тиббиёт институтида жуда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бажарилди. Институт моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Институтнинг келажагини, яъни илмий-педагогик ва кадрлар тайёрлаш ишларини такомиллаштириш мақсадида янги факультетлар — Тиббий педагогика, Олий ҳамширалик иши, Стоматология, Тиббий профилактика иши, Фармация, Тиббий биология ва тиббиёт коллежлари ўқитувчиларининг малакасини ошириш факультетлари ташкил қилинди.
Профессор А.Шамсиев томонидан Марказий Осиё Олий ўқув юртлари миқёсида илк бор Самарқанд давлат тиббиёт институтида 2013 йилдан халқаро таълим стандартларига жавоб берадиган ўқитишнинг кредит-модуль тизими жорий этилган. Фанларни кредит-модуль тизимида ўқитиш учун 4,5-5 терабайт ҳажмдаги маьлумотлардан иборат масофавий электрон онлайн ўқитиш платформаси яратилган. Бу эса ўз навбатида чет эллик ёшларни институтга интилишини, қизиқишини янада орттиришга олиб келди. Бунинг натижасида 2013 йилдан буён Жанубий Корея Республикасининг кўплаб ёшлари Самарқанд давлат тиббиёт институтида таҳсил олмоқда. Платформа ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида талабалар турар жойлари ва ҳамма ўқув биноларида студентлар ва профессор-ўқитувчилар учун бепул Wi-Fi роутерларининг юқори тезликда доимий ишлаши таминланган.
Масофавий электрон онлайн ўқитиш жорий этилиши натижасида студентлар ва профессор ўқитувчиларининг электрон серверга кириб ўқиши бўйича Самарқанд давлат медицина институти Ўзбекистон ва Россия олий ўқув юртлари орасида охирги 5 йилдан буён доимий равишда биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
Бундан ташқари юқорида келтирилган жуда катта ижобий ишлар натижасида Самарқанд давлат медицина институти охирги 3 йил давомида (2017-2020 йиллар) Webometrics ва UniRank халқаро рейтингларида Ўзбекистон Олий ўқув юртлари орасида доимий равишда юқори 3-8чи ўринларни эгаллаб келди.
Барча кафедралар ва бўлимлар, ўқув заллари ва хоналари замонавий ўқув жиҳозлари ва ахборот-технология воситалари (компьютерлар- 1400 та ва мультимедия — 70та) билан тўлиқ таъминланди. Ҳар 3 нафар студентга 1 та компьютер тўғри келади, уларнинг 1000 дан ортиғи интернет тармоғига уланган.
Студентлар билимини баҳолаш ва назорат қилиш таьлим сифатини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, 2013 йилдан институт ректори А.Шамсиев томонидан баҳолашнинг 5 баҳолик ва 100 баллик тизими ҳамда уларнинг конвертация қилиш мезони ишлаб чиқилди. Айнан шу тизим Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан қабул қилиниб, Адлия вазирлигида тасдиқланди ва 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, барча олий таълим муассаларида амалиётга жорий этилди (Олий ва ўрта- махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 28 сентябрдаги 820-сонли буйруғи).
Ахборот-ресурс маркази республика ва чет элларда чоп этилган 25 мингдан зиёд янги авлод адабиётлари билан бойитилиб, электрон библиотека ташкил қилинган ва унда 15 мингдан ортиқ электрон ўқув адабиётлари яратилган. Шунингдек, профессор А.Шамсиев раҳбарлигида институтда хар йили бир неча бор медицинанинг долзарб муаммоларига бағишланган халқаро илмий амалий конференциялар ўтказилиб келинди ва институтнинг халқаро алоқалари фаол ривожлантирилди, 60 дан ортиқ нуфузли ҳорижий тиббиёт университетлари ва илмий марказлари билан алоқани мустаҳкамлаб, меморандумлар тузилган. Ҳамкорлик дастурларида АҚШ, Германия, Австрия, Англия, Италия, Испания, Португалия, Корея Республикаси, Сингапур, Россия Федерацияси етакчи медицина олий ўқув юртлари, илмий-текшириш институтлари ва клиникалари билан ҳамкорлик алоҳида эътибор қаратилган.
Охирги 3 йилда (2017-2019) институтда 42 диссертация (16 нафар фан доктори ва 26 нафар фалсафа доктори) ҳимоя қилинган. Ушбу йилларда 42 монография, 17 дарслик ва ўқув қўлланма, ва 10 илмий ишлар тўплами нашр этилган. Ушбу адабиётлардан 16таси профессор А.Шамсиев раҳбарлигида чоп этилган бўлиб, унинг илмий ишларига ихтибослик 1680 тани, Хирш индекси эса 22 бўлиб, бу кўрсатгич Ўзбекистонда медицина йўналиши бўйича энг юқори кўрсатгич ҳисобланади. Шунингдек, институт иқтидорли студентларидан 123 нафари Республика Фан олимпиадалари ва нуфузли танловларда, 41 нафари хорижий мамлакатларнинг нуфузли медицина университетларида ўтказилган Халқаро олимпиада ва илмий анжуманлар танловида олтин, кумуш ва бронза медаллари билан тақдирланган.
Институтнинг моддий-техник базасини янада ривожлантириш мақсадида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 февралдаги ПК-3507- сонли қарори бўйича смета баҳоси 34,5 млрд. сўмлик 800 ўринли ўқув биноси қурилиши ниҳоясига етказилмоқда.
А.Шамсиев 12 та илмий лойиҳаларга раҳбарликни амалга оширган. Шулардан амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларнинг 3 тасига бевосита илмий раҳбарлик ва 8 тасига умумий раҳбарлик қилган. Айни пайтда, Корея ва Ўзбекистон халқаро илмий ҳамкорлигидаги Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд вилоятида эхинококкоз касаллигини ўрганиш борасида халқаро илмий лойиҳага илмий раҳбарлик қилди ва унинг бажарилишида координатор бўлиб иштирок этди.
А.Шамсиев Европа болалар хирургияси Ассоциацияси, Нью-Йорк фанлар академияси, Буюк Британия Кироллиги Соғлиқни Сақлаш Ассоцияцияси, Россия болалар хирургияси Ассоциацияси, Россия хирурглар жамияти аъзоси, Грац медицина университети (Австрия) ва Тернополь медицина университети фахрий профессори (Украина), Россия медицина ва техника академиясининг ва Ижевск медицина Академияси фахрий академиги (Россия), Осиё эндоскопик ва лапароскопик хирурглар жамияти (ELSA) аъзоси.
А.Шамсиев жаҳон болалар хирургияси ривожига қўшган ҳиссаси учун Мустақил Ҳамдўстлик Мамлакатлари миқёсида соҳанинг энг юксак мукофоти – профессор В.П.Немсадзе номли халқаро мукофот билан тақдирланган ва хирургия соҳасининг олий мукофоти – академик А.В.Вишневский номли медалга сазовор бўлган.
А.Шамсиев ЎзФАнинг «Биология ва тиббиёт муаммолари» («Проблемы биологии и медицины») ва ЎзР ССВнинг «Доктор ахборотномаси» («Вестник врача») журналлари Бош муҳаррири, «Детская хирургия» (Москва) журнали, «Хирургия Узбекистана», «Медицинский журнал Ўзбекистана», «Педиатрия», «Тиббиётда янги кун» ва «Журнал теоретической и клинической медицины» нашрлари таҳрир ҳайъати аъзоси.
А.Шамсиев Тошкент педиатрия тиббиёт институти Ихтисослашган кенгаши аъзоси ва Самарқанд Давлат Тиббиёт институти Илмий Кенгаши раиси бўлган. ЎзФА Самарқанд филиали ташкилотчиларидан бири, унинг фаолияти давомида тиббиёт бўлими раҳбари, хамда академик В.В.Воҳидов номидаги Республика илмий-амалий хирургия маркази Ихтисослашган кенгаши аъзоси бўлган. Ҳозирги пайтда А.Шамсиев Самарқанд давлат медицина институтининг диссертация ёқлаш бўйича ихтисослашган кенгаш раиси (болалар хирургияси, педиатрия ва терапия соҳалари бўйича) бўлиб фаолият кўрсатиб келмоқда.
А.Шамсиев Ўзбекистон Республикасида таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари таълим стандартларига мослаштириш, малакали медицина мутахассислари тайёрлаш сифатини ошириш, Илмий педагогик кадрлар тайёрлаш, врачлар малакасини ошириш борасида кеча-кундуз тиним билмасдан ишлайдиган, инновацион ғояларга бой, ташаббускор ташкилотчи раҳбар сифатида институт жамоаси ва вилоят жамоатчилиги орасида катта обрў-эътибор қозонди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг 2019 йил 11 январь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тўғри овқатланиш тамойилларини ҳаётга татбиқ этиш, юқумли бўлмаган касалликларни келтириб чиқарувчи хавф-хатарларни эрта аниқлаш борасида Самарқанд давлат медицина институти ректори профессор Азамат Шамсиев зиммасига бир қатор долзарб вазифалар юклатилган эди.
Шунингдек, Президент ушбу сессияда, институтда тиббий таълимни ривожлантириш бўйича амалга оширган ишлар тўғрисида А.М.Шамсиевдан сўраганида, 2013/2014 ўқув йилидан бошлаб жаҳон таълим стандарларига мос кредит модул тизимида ўқитиш жорий этилганлиги, онлайн усулда масофавий ўқитиш яратилганлиги уларнинг малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, дунёнинг ривожланган мамлакатлари олий таълим муассасалари битирувчилари билан рақобатлаша оладиган кадрлар тайёрлашга етарли замин яратишга олиб келиши ҳақида атрофлича сўзлаб берганида, Муҳтарам Президентимиз бу янгиликка катта баҳо бериб, қўллаб-қувватлаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонида республикадаги барча олий таълим муассасалари 2030 йилга қадар босқичма-босқич кредит-модуль тизимида ўқитишга ўтиши белгилаб қўйилганлиги Самарқанд давлат тиббиёт институтининг тажрибаси оммалашганидан далолат беради.
Ҳозирги кунда профессор А.М.Шамсиев Самарқанд давлат тиббиёт институти Болалар хирургияси кафедраси профессори вазифасида ишлаб, илмий педагогик шогирдлар тайёрлаш, турли даражадаги оғир беморларни оператив даволаш ишларига муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Шунингдек, Самарқанд вилоят касаба уюшмаси ташкилотлари бирлашган кенгаши раёсати аъзоси сифатида тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ишларида фаоллик кўрсатмоқда.
Юқорида келтирилган маълумотларга ва институтда амалга оширилган катта ўзгаришларнинг натижаларига таяниб, шуни айтиш мумкинки, профессор Шамсиев Азамат Мухитдинович етарли даражада фаол ташкилотчи раҳбар, моҳир хирург, илмий-педагогик салоҳияти юқори, етарли катта ҳаётий тажрибага эга инсон, раҳбар сифатида институтнинг олдинги мавқеини нафақат тиклай олди, балки уни янада ривожлантириб, халқаро андозаларга жавоб бера оладиган кадрлар, шифокорлар ва юқори малакали илмий ходимлар тайёрлашни янада юқори чўққиларга кўтара оладиган олий ўқув юртига ва илмий масканга айлантира олди.
А.Шамсиевнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматлари инобатга олиниб, 1998 йил «Соғлом авлод учун» 2-даражали ордени билан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 1, 10, 15, 20 ва 25 йиллиги эсдалик нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги эсдалик нишони ва Ўзбекистон Республикасининг «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланган. Олий таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Самарканд вилоят хокими фахрий ёрликлари билан бир неча бор такдирланган.
Дадахон ЁҚУБОВ,
Ўзбекистон санъат арбоби, журналист.