Ғофуржон Мирзаев: Сирдарёда инглизмас, ўзбеклар яшайди-ку!
ҒОФУРЖОН МИРЗАЕВ:
СИРДАРЁДА ИНГЛИЗМАС, ЎЗБЕКЛАР ЯШАЙДИ-КУ!
Бу мавзуда кўп ёздик, хўб ёздик. Барибир тўхтамаймиз. Қачондир кўр кўзлар очилар. Лекин Сирдарёнинг Сир дарёлигини амалда исботлаётган заҳматкаш, ғайратли ҳокими Ғофуржон Мирзаевга раҳмат айтгим келди.
Сабаби, бу «ташаббус» оммавий тус олганида, эсласангиз Тошкент вилоятидан чиқаётиб Сирдарё ҳудудига кираверишда, йўл иккига айрилган жой устида «Ай лавью Сирдарё» деган беўхшов, бемаъни ёзув кўзга чиққан чипқондек турарди.
Ўша суратни биз газетамизда коллажлар ичида ҳам эълон қилгандик. Орадан кўп ўтмади.
Ўша арт-объект ўзгартирилди: «СИРДАРЁГА ХУШ КЕЛИБСИЗ!»
Очиғи, айримлар учун арзимасдек туюлгувчи бу ўзгаришдан шахсан мен суюндим. Куни кеча эса Сирдарёга йўлимиз тушди. Сирдарё туманидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида Сирдарё вилоят ҳокими ташаббуси билан муассасадаги доимий яшовчилар учун Янги йил арафасида эҳсон дастурхони ёзилди. Интернат директори Дилшод Пайзиллаевнинг изоҳ беришича, кейинги бир йил ичида бу ерда жуда катта қурилиш-ободончилик ишлари амалга оширилибди. Шу ерда вилоят ҳокими билан учрашдик.
— Мен вақт, имкон топдим дегунимча 250 нафар юртдошимиз яшаётган ушбу Мурувват уйига келиб кетаман. Сабаби, одамни юраги жунбушга келади, соғлиқ, инсонийлик деган улуғ тушунчалар қадрини англайсиз. Уларнинг ҳам сизу биздек тўрт мучаси соғломи одамлардек яшашга ҳаққи борку, тўғрими, лекин Аллоҳнинг синови деймизми, тақдирми, шундай қисмат битилган экан, бир лаҳза ҳам уларни беэътибор қолдирмоққа йўл қўймаслигимиз керак, — деди Ғофуржон Мирзаев…
Яна бир ажойиб тантана устидан чиқдик. Сирдарё тумани марказида бизнес акселератор мажмуаси фойдаланишга топширилди. Мажмуа жуда қисқа муддат — етти ойда қуриб битказилди. Энг муҳими эса, Вазирлар Маҳкамасининг ёшларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишни уйғотиш, уларни иш билан таъминлаш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида қабул қилинган тегишли қарори асосида ташкил этилган мазкур касб-ҳунар маркази мамлакатимиздаги илк ўқув-амалий маскани ҳисобланади.
Муассасанинг асосий вазифаси тадбиркорлик субъектларига ўз бизнесини юритишда яқиндан ёрдам бериш, илғор ахборот, инновацион ва педагогик технологиялар ёрдамида тадбиркорлик курсларини ташкил этишдир. Яъни, «акцелерация»- бизнесга ёрдам берамиз деганидир.
Мулоқотлар орасида мавзуни секин «Сирдарёга хуш келибсиз!» ва катта йўл устида Гулистон шаҳрига кираверишдаги соф ўзбекона лутф уфуриб турган миллий даъваткор шиорларга бурдим. Ва яна Муҳаммад Юсуфнинг «О, ота маконим. жонажон ўлкам!» деган гўзал сатриниям ҳамма кўрадиган жойга ёздирилгани хайрли иш бўлганини қистириб қўйдим гурунгга.
Ғофуржон Мирзаев кулимсираб қўйди ва секин изоҳ берди:
— Ҳув, ўша, Сирдарё вилоятига киришдаги «ай лавю»сини ўзгартиргач, қарасам, бошқа ёқларгаям дуч келган жойга . инглизча ёзув қўйиб ташланган экан. Энсаси қотади одамнинг. Кимга керак инглизча ёзув, майли, ҳозир замон талаби, халқимиз, ёшларимиз бу тилни ўрганяпти, рус, немис, хитой, япон, корейс ва бошқа тилларни ҳам эгаллашга интилиш кучли. Лекин нима учун ўзимизни асл миллий ўзбекча жарангдор ва юракка яқин сўзларимиз турганда қаёқдаги «I love… «ни ишлатишишимиз керак? Сохта, алламбало маъно ташувчи юракнинг кимга кераги бор, айтинг-чи!
Масалан, Сирдарёда инглизлар яшамайди, тўғрими, ҳаммаси ўзбеклар ва шу Ватанимиз фуқаролари, бошқа қардош миллатлар бўлса, уларга қизиғиям йўқ бунақа ажнабий тилдаги шиорингиз. Бундан кўра ўзбек тилида ёзилган бўлса ҳар қандай сайёҳ қизиқиб томоша қилади…
Сирдарёдан бошланган ибратли ташаббус биринчи навбатда Марказий Осиёдаги энг гўзал пойтахтлардан бири азим Тошкентда ҳам давом этмоғидан умидвормиз. Бунинг учун жуда катта ақл ё маблағ талаб қилинмайди, аксинча, озгина миллий ватанпарварлик тушунчасидан хабардорлик етиб ортади деб ўйлайман. Яна такрорлаймиз, Ватанни сохта, қуруқ, бемаъни ёзувлар билан севиб бўлмайди!
Норқобил Жалил,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист,
“ХХI аср” газетаси бош муҳаррири
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ