Алишер Айматли ижодидан: “ХАЛҚ СЎЗИ» АСКАРЛАРИ…

“Халқ сўзи” аскарлари
Мана бу суратдаги йигитларга бир эътибор беринг.
Бу менимча, 1991 ёки 92- йил. Мен Тошкентда яшаб, журналистиканинг нонини ейман деб, яхши ният билан келган йигитларнинг бири Нуротанинг Қизилчасидан (чапдан ўнгга қараб) – Ўрол Содиқ, бири Сурхондарёнинг Шўрчисидан – Юсуф Ҳамид, бири Навоийнинг Аллонидан –Жалолиддин Сафоев, яна бири Қашқадарёнинг Касбисидан – Фурқат Санаев. Орқада туриб буларнинг сафига қўшилсамми, қўшилмасамми, деб ўйлаб турган йигит душанбелик – Исмат Худоёр бўлади.
Булар “Халқ сўзи” газетасининг устунларидир. Улар йўқ жойдан газета ярата олган, газетани халқнинг севимли нашрига айлантиришга муносиб ҳисса қўшган фидойи инсонлардир.
Бугун газетани муайян идораларнинг расмий бюллетенига айлантириб, унинг сифатини эмас, сонини оширишга бел боғлаган шаввозлар эмас, айнан мана шу йигитлар байрам қилишга ҳақлидирлар.
Газетани газета қилиш учун улар куч-қувватидан, ёшлигидан айрилдилар. Суратда кўриб турганимиз навқирон йигитларнинг олди пенсияга чиқди, ўша пайтда ҳали уйланмаганлари бобо бўлишди. Бугунги кунда уларнинг аксариати катта идораларни бошқармоқда, кўпчилигининг қабулига кириш учун бир ҳафта олдин навбатга ёзилиш керак.
Улар ҳеч нарсага муҳтож эмас, улар бу ерда ишлаб, орден олмади, унвон олмади, ҳечқурса, севимли газеталарининг юбилейида елкаси тўн кўрса, қандай ярашади. Улар бошқа жойда ишлаганлари билан “Халқ сўзи”нинг чинакам аскарларидир, ўтмиш кунларини улар ҳеч қачон унутмайдилар.
Албатта, илк фидойилардан кўпчилиги бу ерда йўқ. Улар ҳам агар юбилей нишонланадиган бўлса, давранинг тўрида ўтиришга ҳақлидирлар. Уларни санаб бўлмайди. Санаса баракаси учади, деган гап бор. Шунсиз ҳам жуда кўпчилиги орамизда йўқ.
Ўтганларнинг жойларини жаннатдан қилсин, илойим. Уларга хатми Қуръон бағишласа, янада яхши.
Мана бу суратни кўзим тушиб, ўз жигарларимни кўргандай бўлдим. Улар газетада югурдакликдан, мусаҳҳиҳликдан, мухбирликдан иш бошлаганлар. Улар катта ҳаёт йўлини босиб ўтишди. “Халқ сўзи” деса, ҳаммасининг юраги жиз этади.
Орқа фондаги уч қаватли бино уларнинг ҳам ишхонаси, ҳам уйи эди. Улар бу ерда кечаю кундуз меҳнат қилардилар. У вақтда компьютер йўқ эди, у вақтда чақа-чақ машинка бор эди, у пайтда интернет йўқ эди, у вақтда қўрғошин таширдик.
Шу йигитларнинг иродасига балли!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ