Зойир Зиётов: БУНТАРЬ («Ўтганлар ёди» туркумидан)
Бу сўз Кремль корчолонлари томонидан Мамадали Махмудов (Эврил Турон) га нисбатан айтилган сўз. Унинг маъноси ўзбекчада “исёнкор” бўлса керак. Аслида унинг исёнкорлигини инкор этиб бўлмайди. Кремль шунда адашмаганди…
Мамадали Махмудовнинг ҳаётдан кўз юмганига кўп ҳам бўлган эмас, унинг бу серташвиш дунёни тарк этганига ҳамон ишона олмайман. Аниқроғи кўника олмайман. У миллатнинг фахри, миллат қаҳрамони. Туркий халқларнинг отаси бўлишга давогарлик қилади, унинг исёнкор фаолияти….
Мамадали Махмудовнинг ижодий ишлари, ҳаёти мукаммал ўрганилмоғи лозим, бунга шубҳа қилмайман.
Мен ижод аҳлидан касби-коримга кўра узоқ киши бўлсам-да ёшлигимданоқ уларга яқин бўлишимга шароит яратилганди – Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “8-март” колхозида ўтган аср етмишинчи йилларида раислик қилгандим. Менга ўхшаш раислар республикада сонмингта эди, бироқ менинг Совет Иттифоқда энг ёш раислигим ва хўжаликни иттифоқда танилгани ёзувчи, шоир, журналистларни эътиборига тушди. Мамадали Махмудов ака шундай журналистларнинг биринчиси бўлиб колхозга келганларидан эди. Уни Иштихон районининг газетаси (“Колхоз ҳаёти”) бош муҳаррири Зайниддин Бахриддинов бошқариб келганди. Бу иккала дўст билан мени боғлаб турган нимадир бор эди. Балким бу ҳамфикрликдир.
Колхознинг боғи бўларди. Машҳур боғ. Колхознинг қароргоҳи ҳам шу боғда жойлашган, унда Шароф Рашидовдан бошлаб республиканинг ҳамма раҳбарлари ҳар йили меҳмон бўларди. Ёзувчи, шоир, журналистлар ҳатто рассомларни ҳам колхозга жалб қиладиган жой ҳам шу сўлим боғ эди. Улар кўпинча келиб бир ҳафта туриб ижод ҳам қилардилар. Қароргоҳда меҳмон бўлмаган кун қарийб бўлмасди, шу сабаб қозон доимо қайнаб турарди. Ижодкорлардан кимлар бўлганини айтишдан кўра кимлар бўлмаганини айтиш осонроқ. Шулар орасида Мамадали Махмудов колхозга тез-тез ташриф буюрадиган дўстлардан бири эди.
Мамадали Махмудов билан биринчи танишувимиз қизиқ бўлганди. Ўша пайтлар у киши “Саодат” журналида ишларкан ва митти ҳикоялар ҳам ёзар экан. Ўтирганимизда митти ҳикоялари чоп этилган “Саодат” журналими ёки алоҳида китобчаними менга совға қилди, уни варақлаб туриб бир ҳикояни аввалига овоз чиқармай, кейин овоз чиқариб ўқидим. Унинг мазмуни шуки, темир йўлдан бир қизалоқ ўтаётиб ўйин билан бўлиб поезд келиб қолганини сезмай қолади. Шу пайт бир йигит қизалоқни қутқариб қолади-ю ўзининг бир оёғи поезд ғилдираклари остида қолади… Исмларидан маълумки (ҳозир уларнинг исмлари ёдимда қолмаган) қизча ўрис қизи, йигит эса ўзбек. Ҳикояни ўқиб тугатгач бироз сукут сақлаб, муаллифдан сўрадим:
— бўлган воқеами?
Мамадали (у вақтлар бир биримизни фақат исмимизни айтиб чақиришардик, жуда кўп йиллар ўтиб унинг мендан беш-олти ёш катта эканлигини билдим) эса “Руслар ўзбекларни қулликда, аросатда ушлаб турсалар ҳам ўзбеклар русларнинг ғамини ейди, уларни бало-қазолардан қутқариб келади” деди. Кейин орага сукунат чўкди, Мамадали ака ҳам Зайниддин ака ҳам бу гапларга менинг муносабат билдиришимни кутаётганди.
Мен:
— юқори синфда ўқиётганимда, бир куни отамдан “ота Ўрта Осиё Россияга ихтиёрий қўшилганми, улар юртни босиб олганми?” – деб савол бердим.
— Отам нега бундай ўйлашимни сабабини сўради, мен фикрларимни тушунтирдим.
— Шунда отам отаси (Мусо бобомиз) қатнашган Зирабулоқ жангини ҳикоя қилиб берди-ю, мени бу чигал тарихга аралашмаслигимни, китобда нима деб ёзилган бўлса шундан четга чиқмаслигимни уқтирди.
Бу мавзу Мамадали аканинг жони дили экани билиниб қолди. У юзида қувонч ва ҳайрат билан тикилди, кейин ўрнидан туриб икки қўлини чўзиб менга юзланганда мен ҳам ўрнимдан турдим, аввалига қўл бериб кўришдик, кейин қучоқлашдик. У нуқул қойилман, қойилман, дерди. У мени ўзининг ҳамфикри экани билан қутларди. Мамадали дарсликлардаги Ўрта Осиёни Россияга ихтиёрий қўшиб олинган, дейилганига ишонмаслигим сабабини сўради. Мен, “эсланг ўша китобда Веращагинни чизган расми ҳам бор эди, унда Рус аскарлари Самарқанд бозорида оддий савдогарни бошига қилич солаётгани, унинг кўзлари косасидан чиқиб кетаёзгани, нарироқда эса бир нечта калла думалаб ётгани тасвирланган” бу ҳолат ихтиёрий қўшилганини англатадими?, дедим.
Хуллас бу суҳбатга Зайниддин ака ҳам қўшилиб уччаламиз Россиянинг мустамлакаси эканимизни ошкора муҳокама қилгандик ўшанда. Ваҳоланки ўша пайтда бу мавзуда ошкора муносабат билдириш Совет давлатига душманлик, деб қаралар ва унинг жазоси оғир бўлиши муқаррар эди.
Менимча шундан бошлаб Мамадали ака Миллий озодлик ҳаракатига гоҳо зимдан гоҳо очиқчасига киришиб келди. Отамни фикрлари уни қизиқтириб қолди. Зайниддин Бахриддинов отам билан тез-тез суҳбатлашиб турарди ва Мусаев бобо тирик тарих, дерди. Отам ЧорРоссияси замонасида (1894) йилда туғилган бўлиб бобомиз ҳикоялари орқали Россиянинг биринчи босқинчлик уруши воқеаларини яхши биларди. Мустамлакачиликка қарши ошкора курашган Номоз ботирни эса шахсан таниган, унинг тарихини ҳам жонли ҳикоя қилиб берарди. Босмачилик ҳаракатини, айниқса Очил эшон гуруҳини фаолиятини яхши биларди. Ўзи эса Қора-дарё райони раҳбари сифатида 1937 йилда “Файзулла Хўжаевнинг думи”, деган айблов билан қамоққа олинган. Сталинга кетма-кет ёзган хатлари оқибатида қамоқдан озод қилмаганди. Қамоқдан чиққан отамнинг Совет тузумидан хафсаласи пир бўлган, лекин ҳар ким билан ҳам бу мавзуда суҳбатлашавермасди.
Мамадали Махмудов Зайниддин ака орқали отамнинг яқин суҳбатдошига айланди. Бу суҳбатлардан ҳар сафар журналист дафтарчасини тўлдириб оларди. Кейинчалик ёзган асарларида отамнинг ҳикояларидан кенг фойдаланганини менга ўзи айтиб бериб, бобонинг мутлақ хотирасига қойилман, эллик-олтмиш йилги воқеаларни йили, ойи, куни ва соатигача эслаб айтиб беради, дб ҳайратга тушарди.
Мамадали ака билан энг яқин бўлган давр бу жўшқин ёшлик даврларимиздир, бу мени раислик даврим эди. У киши колхозга тез-тез келар баъзан бир ўзи баъзан бошқа ижодкорлар билан биргаликда. Мен эркатой раис эдим, ўзимнинг шахсий “жигули” машинамдан ташқари менга янги “волга” ва УАЗик машинаси хизмат қиларди. Мамадали ака келганда (агар колхозга юқоридан раҳбарларнинг келиши кутилмаётган бўлса) гоҳ у гоҳ бу машинада “журналистик сафар” билан чиқиб кетардик, бу биз ошкора фикрлашимизга қулай имконият эди. Умуман олганда Мамадали ака мустамлакачиликка қарши фикрларини давраларда ошкора гапириради, “босмачилик” сиёсати ҳам совет тузумининг уйдирмаси эканини қўрқмасдан гапира бошлаган биринчи ёзувчи бўлса керак. “Боғдан қашқири” китоби бунга мисол бўла олади.
Мамадали аканинг зўр хислатларидан бири, кўришган одамга мақтов сўзи айтиб сўрашарди, бу юксак маданиятлилик белгиси эмасми? Йиллар ўтиб қариган чоғида ҳам шу одат йўқолмабди. Авваллари бир-биримизни фақат исимизни айтиб чақирардик,кейинги кўришганларимизда мен Мамадали ака дейдиган бўлдим у киши эса Зайир Зиёт жаноблари, дейдиган бўлибди. Менинг назаримда менга нисбатан ўта чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиш у кишида бир умр сақланиб қолгандек туюларди.
Яна бир ажойиб ҳислати ҳақида айтмоқчиман. Мен Тошкентга турли сабаблар билан тез-тез бориб турардим. Ҳар сафар борганимда Мамадали ака бошчилигида ёзувчи, шоирлар, журналистлар билан албатта учрашиб, “дом молодёжи” ресторанида гурунг қилишимиз одат эди. Бу албатта раиснинг ҳисобидан бўлиши табиий. Бир сафар Ўзбекистон телевидениясига чақирилганимда менга СССР Ленин комсомоли мукофоти лауреати берилгани эълон қилинишига тўғри келди. Телевидения биносидан Фарҳод Бобожонов билан чиқанимизда аввал келишиб қўйганимиздек ижодкорлар тўпланишиб турган экан. Бу жойни “шоирлар хиёбони”дерди. Шу ерда суратга тушдик, унда Фарҳод Бобожонов, Маҳкам Махмудов, Рауф Парфи, Рауф Жалил, Азим Суюн, Анвар Тоғаев ва бошқалар бор. Лекин Мамадали Махмудов йўқ. У “дом молодёжи” ресторанида ўзи ҳисобидан жой буюртма бериб ўтириш ташкил қилиш билан овора эди. Ўтириш пулини мен тўлаб қўйишимни олдини олиш учунгина шу расмга тушмай қолганига ҳамон афсусланаман.
Турон, туркий халқлар, Туркистон каби сўзларни биринчи бўлиб Мамадали ака қўллай бошлади. Бу ўз ўзидан аждодларимиз тарихини ўрганишга чорлар эди. Бироқ бу мавзуда манбалар йўқ ҳисоби. Фақат саксонинчи йилларни охиридан бошлаб айрим манбалар пайдо бўла бошлади. Мен узоқ хориж сафарига кетганимда Мамадали Махмудов “Ўлмас қоялар” асарини “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилибди. Сафардан қайтганимда журнал оммадан йиғиштириб олинган экан. Муаллифни Шароф Рашидов қамоқдан сақлаб қолибди. Саксонинчи йилларда мен Москвага бўйсунувчи республика ташкилотининг раҳбари эдим, Мамадали ака ўшанда Ўлжас Сулаймоновнинг “АзиЯ”сини менга совға қилди. Совға қилди-ю маъноли қараб “бу сизни қизиқтиради” деди. Уни ўн йилча такрор такрор ўқиб юрдим. Кейин Махкам Махмудов “Кичик Эдда”ни совға қилди, уни ўқийвериб ўттиз фоизини тушундим, таржимоннинг ўзи рус тилига таржима қилиб эллик фоизини тушунгани мени хотиржам қилди. Кейин ўзим ҳам Москвадан бошқа адабиётлар қидириб топа бошладим. Мамадали ака менга китобни берганда вақт топсангиз қадимги аждодларимиз тўғрисида бирор нарса ёзарсиз, деб қўярди ҳар замонда. Ўрганаётган манбалардан туркий халқлар тарихи жуда қадимги ва энг қадимги тарих эканлигига ишонч ҳосил қила бошладим, бироқ унинг устида ишлашга вақт етишмасди.
Тўқсонинчи йилларда Мамадали Махмудов қамалиб қолди. Қизиқ, мустабид тузум даврида уни қамоқдан сақлаб қолишди, аммо мустақиллик учун жон-жахди билан курашган,ўзбек тилини давлат тили деб қабул қилдиришга эришган ўз ўғлонини мустақил давлат қамаб қўйди. Бу ҳеч қандай мантиққа тўғри келмасди.
Шуларнинг аламига нафақага чиққан йилим аввалдан тўплаб юрган маълумотлардан “Турон қавмлари” китобини чоп қилдирдим. Зудлик билан. Турон эли душманлари ҳам ғафлатда қолди. Абдулла Орипов китобни қўлга олиб, юзига суртиб тавоб қиларкан, йиғлаб “халқимиз шундай китобни Махмуд Қошғарий бобомиздан сўнг минг йил кутишди”, деди. Бунга Фарход Бобожонов гувоҳ. Яна тўрт йил ўтиб “Шумерлар ва Турон қавмлари” китобимни чоп қилдирдим. Бу менинг азалий орзуим эди. Шундай асар ёзишимни Мамадали ака ҳам кутаётганди, чамамда. Мамадали Махмудовни Нобел мукофотига тақдим этилган тавсиямда ҳам асарларим у кишининг қамоқдалигига қасд қилиб ёзганимга урғу бергандим.
Мамадали Махмудовнинг шу китоблар ҳақидаги фикри менга ниҳоятда мароқли бўлиши билан бирга у киши аждодларимизнинг жуда қадимги тарихи ёзилишидан хурсандчилигини чеки йўқлиги мени янада қувонтирарди. Шу йили чоп этилган “Қуёш боласи” романимга ёзган сўз бошида бу ҳақда шундай ёзади.
Тарихни севса ҳам, балки, бу соҳада улуғ ишлар қилишига ишонмаганлар? Шу боис борлиғида туғён ураётган истакни бўғиб келгандир? Ёхуд орзуси ушалиши учун қулай фурсат кутгандир? Қайдам?…
Профессор Абдураҳмон Ражабнинг: “Ҳали ўзбек тарихчилари очмаган, очишга жазм этмаган қўриқни очган олим” деган гапи таъсири ва ўзимнинг тийиқсиз қизиқувим сабаб, “Шумерлар ва Турон қавмлари” китобини қайта-қайта ўқидим. Ундан кўчирмалар олдим. Ҳатто шу асар таъсирида “Дунё цивилизацияси бешиги” деган эсса ҳам ёздим.
Яширмайман. Буни ёзишда қийналдим. Фактлар ўрамида бошим ғовлаб кетди. Минглаб далиллардан кераклиларини эссемга олишда ва уларни зарур ўринларда ишлатишда эл тилида айтсам, она сутим оғзимга келди.
Мен кичик бир эссени ёзишда шундай қийналган бўлсам, Зойир Зиёт “Шумерлар ва Турон қавмлари”дек йирик китобни битишда қанчалар заҳмат чекканини тасаввур қилиб кўринг. Ахир, бу етти-саккиз минг йил аввал кечган шонли кечимишимиз-ку…
Шу ҳақда фикрларканман, тарих фанлари доктори, академик (турон фанлар академияси академиги, Оврупа табиий фанлар академияси академиги) Ҳайдарбек Бобобекнинг ушбу сўзлари хаёлимни забт этди:
“Энг қадимги аждодларимиз – Шумер (Сумер)лар ва Этрусклар (Турксаклар) тўғрисида китоб ёзиш – игна билан қудуқ қазишдек оғир. Бунинг учун юзлаб илмий китоблар ўқиш, уқиш, тадқиқ қилиш ва сўнг улардан ўз ёзилажак асарига (Шумерлар ва Этрускларга тааллуқли) зарурларини ажратиб олиши лозим. Бу афсонавий меҳнат, чидам, сабр-тоқат, ирода талаб қилади. Бунинг учун одам ўзига қаттиқ ишониши, тинимсиз изланиши керак.
Мен Зойир Зиёт феълида шу фазилатларни кўрдим. Унинг ҳар бир асари ўзбек илм-фани ва адабиётида воқеа бўлган, бўлиб қолаверади”.
Мен Зойир Зиётнинг китобларини қунт билан ўқиб чиқдим. Уларни бирма-бир таҳлил қилгач: “Бу – улуғ меҳнат ва иқтидор самараси” дедим ўзимга ўзим. Шунда, ихтиёрсиз бир тарзда Турон Фанлар академияси Президенти Ҳайдарбек Бобобекнинг сўзларига қўшилдим: “Тўғри талқин, тўғри баҳо”.
Ўйлайман ва ўзимни ўзим саволга тутаман: “Менимча, Шумерлар ва Этрусакларга тегишли юзлаб китобларни топиш, ўқиш, ўрганиш қийин кечган бўлса керак? Бунинг учун йиллар керак. Пул керак…” Шунда профессор Абдураҳмон Ражабнинг гапи хотирам туманларидан сизиб чиқди: “Зойир Зиёт Россия, Оврўпа, Америка кутубхоналари ва архивларида бош кўтармай ишлаган. Унинг ўз сўзи билан айтсам, телба бўлар даражада ишлаган”.
Ирригация ва мелиорация бўйича етук олим, тарихсевар инсон Содиқ Холиқул ҳам Зойир Зиёт тўғрисида шунга яқин фикр билдирган: “Тоққа чиқмасанг дўлона қайда?” дейди эл. Барча ютуқларнинг очиқичи: меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат. Зойир Зиёт меҳнатсиз ҳаётни ҳаром” дейди.
Сўз бошида Эврил Турон Абдурахмон Ражабов билан Содиқ Ибрагимович Холиқуловни бежизга тилга олмаган. Улар садоқатли дўстлари рўйхатининг бошидан жой олган дўстлардир. Абдурахмон ака ёзувчининг болаликдан бирга ўсган, бир синфда ўқиган қадрдони бўлиб унинг оиласидан доимо хабар олиб турган, қамоқдалигида юракдан қайғурган чин инсон эди. Содиқ Ибрагимович эса Эврил Туроннинг ҳаммадан яқин дўсти ҳатто у қамоқдалигида ҳам ҳеч кимдан қўрқмасдан, тап тортмасдан қамоқхоналарга ҳам бориб кўриб келарди.
Биз кўпинча Мамадали акани уччаламиз биргаликда кўришга борардик. Содиқ Ибрагимович билан Эврил Турон нарди ўйнамаган учрашув деярли бўлмасди. Иккала дўст охирги учрашувда нарди ўйнамади… Ўша учрашувдан сал олдин таниқли олим, профессор Абдурахмон Ражабов тўсатдан вафот этди. Бунга ишониш жуда қийин бўлди, бу биз дўстлар учун чинаккам фожиа эди. Эврил Турон бу айрилиққа чидай олмади. Билмадим, шу сабаб бўлдими қамоқдан кейинги касалликларидан эндигина оёққа туриб олганда яна тўшакка ётиб қолди. Содиқ ака билан ҳафтасини икки уч мартта боришимиз одатга кириб қолган эди, бизларни ҳам келтирмай қўйди. Бизларни хавфсизлигимизни ўйлаб ҳам шундай қилган экан. Охири мажбуран боришимизни билдирганимиздан сўнг ноилож рози бўлди.
Нақадар ўзини тетик тутса ҳам устоз билан кўришганимизда унда қандайдир ўзгариш бўлганини сезмаслик мумкин эмасди. Гап орасида “фейсбукдаги мақоламни ўқидингизми”, деб мендан бир неча марта сўради. Мен ҳар сафар ўқиганимни айтиб мақом бўйича ўз фикрим билан уни юпатишга ҳаракат қилмайин у бошим чарчаган, деб боҳона қилиб эшитгиси келмасди. (Мақолада қайсидир бир туман ҳокими бир бечорани ер-мулкига зарар етказгани ҳақида бўлиб, бу воқеа уни ларзага солганди). У ноҳақликка ҳеч ҳам чидай олмас, ўзини қаерга қўйишни билмасди. Ўзганинг дарди унингҳам дарди эди.
Ўша куни Содиқ ака билан ҳам ҳазил ҳузил қилмади, нарди ҳам ўйнамади. Бизлар лол эдик. Ҳалиги ҳоким машмасидан чалғитиш учун бошқа суҳбатга тортишга бир неча марта ҳаракат қилсам ҳам тингламасди. Шунда ҳам одоб билан “бошим чарчаган”, деб суҳбатлашгиси келмади. Мамадали ака, — деди у кишига юзланиб, бу сафар қатъият билан – Ойнур романингизни ўқиб роса қаттиқ таъсирланганман. Ойнур исмини Айнурдан олгансиз, тўғрими?
Эврил Турон бирданига чеҳраси очилиб менга тикилди-да, “унинг сурати борми?”- деди. Одатимга кўра ҳамма суратларни телефонимда сақлаб юраман, уларнинг орасидан бундан салкам эллик йил аввал тушган Айнурнинг суратини кўрсатдим. Мамадали ака унга узоқ тикилиб қолди, бу қизнинг тақдири қандай бўлди, деб сўради. Мен унинг тақдири яхши бўлганини, турмуш қургани, шаҳарда уй олиши учун ёрдам берганимни қисқача гапириб бердим. Унинг кайфияти сал бўлса ҳам ўзгарганини сезилди, “Яхши хабар билан мени хушнуд қилдингиз Зойир Зиёт жаноблари, ахир у сизнинг қизларингизни тарбиялашда астойдил хизмат қилган-ку. Унинг бахтли ҳаёт кечиришини жуда ҳам истардим, тўғри романимга Ойнур номини шу Айнурдан олганман”. Охирги суҳбатимиз шу эди.
Икки кундан сўнг касалхонага зудлик билан олиб кетилганини Ватан, Сабоҳатдан билдик. Ватан бир марта отасининг олдига зўрлик билан киришга улгурди. Кейинги кун буюк ёзувчи, туркий халқларнинг ардоқли дўсти ва ҳимоячиси вафот этди. Бир умр туркий халқлар озодлиги учун курашиб келган,уларни ҳимоя қилиб тенги йўқ асарлар яратган инсон ўзини ҳимоя қила олмади. Ёки ҳимоя қилгиси келмади.
У яшаши керак эди. Ўн етти йиллик зулм, қамоқ уни мажруҳ қилиб бўлганди. Барибир фарзандлари Сабохат ва Ватан отасини оёққа тургизиш учун кўп захмат чекдилар. Айниқса, Эврил Туроннинг энг оғир кунларида ёрдам берган Гулзамон Акбарнинг ёрдами беқиёс. Бундан бутун жаҳон аҳли ҳам хабардор.
Президент уй совға қилди, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тиклади. У халқаро Турон фанлар академиклигига сайланди. Аста-секин эсселар ёзиб ижодга киришаётувди…..
Эврил Туроннинг ижодкор замондош дўстлари, устозлари ва шогирдлари буюк ёзувчи тўғрисида яхши мақолалар ёзаётир. Менинг сўз бойлигим унчалик эмас, шунинг учун ўқувчилардан узр сўрайман. Ўлим ҳақ, унга шак келтириб бўлмайди, лекин барибир мен Содиқ ака билан кўришиб кўзда ёш билан дўстларимиз Эврил Турон ва Абдурахмон Ражабовни хотирлаб ўтирамиз….
Зойир Зиётов,
Халқимизнинг 6-7 минг йиллик шонли тарихини ёритган
(“Турон қавмлари”, “Шумерлар ва турон қавмлари”, “ “Наврўз – мозийдан садо”)
ва бошқа асарлар муаллифи, академик
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
ЭВРИЛ ТУРОН ХАКИДА БОР ХАКИКАТНИ ЮИЛИБ ТУРГАНЛАР ХАМ( ЁЗУВИЛАР,
ШОИРЛАР,
ЖУРНАЛИСТЛАР……КУЙИНГ ЧИ ЖУДА КУПЧИЛИКГА ЭВРИЛ ТУРОН АЙТГАНЛАР ХАМ УРУСИЯ ХУКУМАТИ УРТА ОСИЁНИ КИРГИН КИЛИБ БОСИБ ОЛГАН, ХОССТАН УЗБЕК ХАЛКИНИ БЕАЁВ КОНИНИ ОКИЗГАН,
ИЛМ АХЛЛАРИНИ ИЗСИЗ ЙУК КИЛГАН,
ВА ХАКАЗООЛАР ДЕЙИЛСА…..
БАЛКИ КУРКУВДАНДИР (МОЛУ ЖОН БОЛА Ю ЧАКА ДЕГАНДЕК)…ХАКНИ АЙТИШДАН КУРКАДИЛАР.
БУ ХАМ ЕТМАГАНДЕК АКЛИ КУСУРИГА СУЯНГАН КАРИМОВ БОШЧИЛИГИДАГИ РАХНАМОЛАР УЗБЕК ХАЛКИНИ БАТАМОМ КУЛ КИЛИБ БЕРИШДИЛАР.
ЭНДИ БУ КУЛЛИКДАН КАЧОН ВА НИМА ВА КИМ САБАБ БУЛИБ ОЗОД БУЛИШ ХУДОЖОННИ УЗИГАГИНА АЁНДИР.
ХОССТАН ХОЗИР УЗБЕК ЁШЛАРИ ХУДДИКИ РУСИЯ БУЛМАСА ОЧ КОЛАМИЗ….ИШСИЗ КОЛАМИЗ ХАМ ДЕБ ОЧИК АЙТУВЧИЛАРИ ХАМ КАМ ЭМАСДИР.