"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Зафар Ҳакимов: Ўзбекистонда янги бир уйғониш даври бошланди…

Бош мақола, Маданият ва Санъат, Муҳокама учун мавзу | 17/12/2020 19:29-     11286 марта ўқилди

ЎЗБЕКИСТОНДА ЯНГИ БИР УЙҒОНИШ ДАВРИ БОШЛАНДИ

“Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади”, — деган эди Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўтказилаётган барча соҳадаги ислоҳатлар, ундан кўзланаётган натижалар ана шундай қиёсий ўхшатма қилишга асос яратади.

Нега айнан учинчи Ренессанс? Умуман бу атаманинг номланиши нималарни акс эттиради, деган савол туғилиши табиий. Французча – renaissance, итальянча – rinaseimento, “ri”– “қайта ёки қайта туғилмоқ” маъносида келади. Рениссанс– Европа маданияти тарихидаги, Ўрта асрлар маданияти ўрнига келган янги давр. У тахминан XIV аср бошларидан XVI аср охирлари ва XVII асрнинг дастлабки ўн йилликларини ўз ичига олади.

Ренессанс маданияти биринчи булиб Италияда бошланди. Италия сув йўли орқали бевосита ривож топган Шарқ давлатлари, хусусан, араб давлатлари билан яқиндан алокада бўлишга интилди. IХ- ХII асрларда Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари, мусулмон Шарқи маданиятининг юқори чўққига кўтарилгани тарихдан маълум. Италиянинг бу давлатлар билан иқтисодий- маданий алоқалари Европада Ренессанс маданиятининг вужудга келишида муҳим роль ўйнаган.

Инсоният тамаддунининг бу даври пойдеворини бунёд этганлар ичида бизнинг ота боболаримиз борлигидан фахрланамиз ва бу даврни Ватанимиз тарихининг Биринчи рененссанси деб қабул қиламиз.

Буюк шарқшунос, академик Н.И.Конрад ислом маданияти гуллаб-яшнаган даврни Шарқ ренессанси – Ғарб ренессансидан анча олдин ўтган давр деб баҳо берган эди. Бу ҳар икки оқимни улкан уммонларга қиёслаш мумкин. Ҳар бири чексиз олам, аммо улар учун умумий хусусиятларни тилга олиш лозим. Улар антропоцентризм, инсонпарварлик антик дунё маданиятини қайта уйғотиш, фалсафа, фан ва улар асосида ривожланиш тонгининг отиши, қомусий олимларнинг дунёга келиши, оламга янгича назар билан қараш каби хусусиятлардир. Форобий, Абу Али ибн Сино, Беруний, Фирдавсий, Рудакий, Бухорий, Аҳмад Югнакий, Махмуд Кошғарий, Замаҳшарий кабилар шу давр маданий юксалишининг қоялари, чўққиларидир. Хаттоки араб ҳалифаси Маъмун Ўрта Осиё олимларини халифаликнинг марказига олиб кетгани ва улар Бағдод академиясида илм учун хизмат қилганликлари тарихдан маълум, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Жавҳарий, ибн Мансур Марварудий каби олимлар шулар жумласидандир.

Мамлакатимиз тарихининг Иккинчи ренессанси –Темурийлар даври. ХIY асрнинг 60 йилларидан бошлаб мўғиллар хукмронлигига карши Амир Темур етакчилигидаги мустақиллик учун харакат Мовароуннахр ва Хуросонда кучли давлатнинг вужудга келиши билан якунланди. Бир асрдан сал кўпроқ давом этган бу мустақил давлат яна илм-фан, адабиёт- санъатнинг юксалишига имконият яратди. Мустақил бўлган халқ яна эркин нафас олиб, ўз ичидаги янги истеъдодларга шижоат, янги куч, илҳом бахш этди. Бу Х-ХII асрдаги бошланган Шарқ уйғониш даври –Ренессанси душман босқини натижасида узиб қўйилган Уйғонишнинг тикланиши, маънавий равнақнинг иккинчи босқичи эди. Бўғиб қўйилган маданий қудрат, маънавий куч яна қўзғалди.

Амир Темур буюк саркарда, улкан давлат арбоби бўлиши билан биргаликда ўта билимдон ва фозил инсон эди. Француз олими Алфонс де Ломартин ёзади: “ Дин, тиббиёт, тарих, ҳуқуқ ва астраномия соҳаларида Амир Темур ўта билувчан эди. Кўп ўқиган, Осиёнинг энг унумли уч (турк, араб, форс) тилини жуда мукаммал билган, зарофат ва қудрат ила ёзғувчи бир ҳукумдор эди… Оврупо на Искандарда, на Аттилада ва на Московия зафарини кучган янги фотих (Наполеон)да бундай даражали бир завқ иродани кўрган эмас!”

XV асрда Мовароуннаҳр, Хуросонда ва умуман Марказий Осиёда, хусусан Самарқандда фан ва маданиятнинг янгидан туғилиши Амир Темур ва унинг набиралари Муҳаммад Султон ва Мирзо Улуғбекнинг номи билан боғлиқ. Амир Темур ҳаётлиги даврида салтанатининг турли ерларидан Самарқандга келган Масъуд Тафтазоний, Сайид Шариф Журжоний, Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший ва бошқалар Самарқанд илмий мактабининг пойдеворига асос солдилар.

Ўзбекистон ҳудудида таълим тизимининг шаклланиши ва ривожланиши тарихини манбалар асосида таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, Ўзбекистондаги олий таълим муассаларини ташкил этилиш санаси Темурийлар даври, хусусан Улуғбек мадрасаси билан узвий боғлиқ бўлиб, унинг бевосита вориси Самарқанд давлат университетидир. Бошқача айтганда, Самарқанд-Улуғбек университетининг тамал тоши 1420 йили мадрасайи олиянинг очилиш маросимида қўйилган.

Таълим ва тарбия, фан, касбий ҳамда бошқа соҳалардаги яратувчилик, кашфиёт, иҳтироларни ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш, дунё айвонида рақобатлаша оладиган мутахассислар тайёрлаш, ҳар томонлама инсон манфаатларига ҳизмат қилувчи қудратли ва адолатли фаровон давлат яратиш анъаналаримизни қайта тиклаш бугунги куннинг асосий вазифасига айланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг даъватли сўзлари билан айтадиган бўлсак, Янги Ўзбекистон Мустақилликни қўлга киритгандан сўнг, Учинчи Ренессанс, яна бир уйғониш даврини бошлади. Бу уйғонишни Олий таълим соҳасидаги ислоҳатлар, жумладан Халқаро таълим стандартлари тансифи ўлчовлари бўйича таълим жараёнларини ташкил этиш, миллий таълим ютуқларини ҳалқаро даражада тадбиқ этиш масалаларида ҳам яққол сезишимиз мумкин.

Глобаллашув жараёни ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқишни ва рўёбга чиқаришни талаб қилади. 

Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва 2018 йил 25 январдаги «Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5313-сон, «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сонли фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сонли фармонлари ҳамда “Таълим тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши Янги Ўзбекистон таълим тизимини барпо этишда катта роль ўйнамоқда.

 Олий таълим тизимини ривожлантириш қуйидаги устувор йўналишлар асосида амалга оширилади:

– олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш;

– таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш;

– олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш;

– маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш вазифалари қўйилди.

Хусусан, таълимнинг ривожи билан бутун бир давлатнинг келажагини белгилаш мумкин. 

Республикамиздаги таълим соҳасининг ривожланишида биз албатта ривожланган хорижий давлатлар тажрибаларидан кенг фойдаланишга катта эътибор беришимиз зарур. 

Шу боисдан давлатимизда ташкил этилган дунёнинг энг салоҳиятли олий ўқув даргоҳларидан Англиянинг Вестминистр университети, Италиянинг Турин политехника институти, Сингапур менежментни ривожлантириш олийгоҳи, Жанубий Кореянинг ИНХА коммуникацион технологиялар университети, Россиянинг Губкин номидаги нефть ва газ университети, Ломоносов университети ва Г.В.Плеханов номли иқтисодиёт университети филиалларининг ташкил этилгани ҳам таълим тизимининг жаҳон талабларига мос ривожланиши омили ҳисобланади. 

Халқаро ҳамкорликни амалга ошириш доирасида АҚШ давлатида стажировка ўташ учун танлов эълон қилинди. Танловда республиканинг 20 та олий таълим муассасаларининг 500 нафар профессор-ўқитувчилари иштирок этди ҳамда 10 нафар танлов ғолиби саралаб олинди. Танлов ғолиблари 20 ҳафта давомида тажриба ошириш учун АҚШда бўлиб қайтишди. Улар асосан мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари учун зарур бўлган машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва кимё технологиялари борасида Америка университетларида мутахассислар тайёрлаш тизимини ўрганиш, касб таълими бўйича педагогик технологияларга эътибор қаратишди. Коронавирус пандемияси муносабати билан малака ошириш ишлари вақтинча тўхтатилди.

Маълумки, коронавирус пандемиясига қарши кураш жамият ташкилий тузилмалари, илм-фан мутахассислари, тиббиёт ва бошқа соҳа ходимларининг билим, тажриба, ахлоқий фазилатлари йиғиндиси бўлиши билан бирга, умуман инсон таълим тарбиясининг асосини ташкил этиши керак. Бу дегани узлуксиз таълим, яъни оила, мактабгача тарбия муассасалари, мактаб, олий ўқув юртлари, илмий муассасаларда ўрганиладиган асосий фан йўналишлари ҳаётни муҳофаза қилиш фанилари, шахсий ва жамоат гигиенаси, лойиҳалаштириш ва фаолиятшунослик каби билимлар билан тўлдирилиши лозим.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра инсон ҳаётини турли касалликлар ва техноген ҳодисалардан ҳимоя қилиш фаолиятини илмий лойиҳалаштириш орқали мутаҳассислар тайёрлаш вазифаси қўйилиши диққатга сазовордир. Ундан ташқари тиббиёт ходимлари ўз ҳизматларини аҳоли орасида олиб боради, билим ва тажрибаларини оширади,янги мутахассисликларни ўрганишади, моддий рағбатлантирилади. Бу ҳужжатда мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларда ҳам туб бурилиш ясаш кўзда тутилади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида ”Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги” факультети ташкил этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда: бир ой муддатда тегишли тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети фаолиятини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўрди;  ҳал этиладиган масала: Бугунги кунда 11 та тиббиёт олий таълим муассасаси фаолият олиб бориб, уларнинг айримларида “Тиббий профилактика” факультети мавжуд. Ушбу факультетда дарс машғулотлари ва амалиёт асосан даволашга (ихтисослаштирилган ёрдамга) йўналтирилган. Тиббий профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида (алоҳида қарор асосида) туман-шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида тиббиёт маълумотига эга бўлган валеолог, тиббий психолог, нутрициолог, диетолог, фармаколог, кинезиолог, реабилитолог, профпатолог лавозимларини киритиш режалаштирилмоқда.

       2021 йил 1 январга қадар тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида санитария-гигиена ва эпидемиология ҳамда микробиология йўналишидаги филиаллар, шунингдек халқаро факультетлар очилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонида соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги соҳасида юқори малакага эга олий маълумотли кадрларни тайёрлаш, ходимларни касбий ривожлантириш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда тиббиёт ташкилотлари, шу жумладан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини профессионал мутахассислар билан таъминлаш мақсади белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида Ўзбекистоннинг 10 та олий таълим муассасаси 2030 йилга бориб халқаро ташкилотлар мингталигидан жой олиши керак, деб белгилаб берилган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши бизни ҳалқаро стандартларда белгиланган марралар сари етаклайди, таълим сифати бўйича дунё андозалари даражасига олиб чиқади. Бу борада биринчи навбатда ЮНЕСКО томонидан 2011 йили қабул қилинган Халқаро таълим стандартлари тансифи меъёрларини миллий таълим анъаналарини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш муҳим аҳамият касб этади. Таълимнинг барча босқичлари билан бир қаторда 6-даражага мувофиқ бакалаврият, 7-даража магистратура ва 8-даражага кўра (ёки шунга тенг келувчи миллий таълим даражасига) биноан докторантура таълими талаблари ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш асосида таълим сифатини яхшилаш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида, шунингдек, Президентимизнинг 2019 йил 11 июлдаги “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан қуйидаги вазифалар белгиланган;

—18 та янги олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилади:

— 10 та маҳаллий олий таълим муассасаси;

— 3 та хорижий олий таълим муассасаси;

— 5 та давлат–хусусий шериклик шартлари асосида.

Қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш икки мартага оширилади.

18 та янги ОТМ ташкил этилиши ва қўшма таълим дастурлари кенгайтирилиши натижасида ёшларни олий таълим билан қамрови 25 фоизга етказилади.

Муҳандислик-техник таълим йўналишлари бўйича қабул параметрлари улуши 28 фоизга кўпайтирилади;

Бакалавриат таълим йўналишлари битирувчиларидан магистратура мутахассисликларига қабул қилинган талабалар улуши 10 фоизга оширилади.

Хорижий тажрибалар асосида талабаларда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида ОТМларда ўқув жараёни кредит-модуль тизимида такшил этилиб, таълим жараёнларини электрон таълим бошқарув тизими орқали назорат қилиш жорий этилади.

Мазкур фармонига кўра, йиллар давомида самарасиз фаолият кўрсатиб келган турли ташкилотлар фаолияти янгидан ташкил этилди. Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази тугатилиб, Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази негизида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази этиб ташкил этилди.

Марказ олий таълим тизимини янада ривожлантириш, таълим жараёнини ўқув-методик таъминлаш ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тадқиқотлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ўз фаолиятини бошлади. Бу билан Марказ Уставида кўрсатиб қўйилган, янги инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув таълим стандартлари ва ўқув адабиётлари яратилишига, олий таълимда кредит модуль миллий тизимини тадбиқ этишга кўмаклашиш, ҳорижий тажрибаларни ўрганиш, таҳлил ва жорий этиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини самарали йўлга қўйилишига, натижада халқаро меъёрлар билан рақобатлаша оладиган юқори сифатли таълим, олий маълумотли кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар, ишлама ва тажрибаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ҳамда кенг ёйиш вазифалари белгилаб берилди.

Таъкидлаш керакки, таълим стандартлари ва ўқув адабиётлари ишлаб чиқиш марказнинг асосий фаолият мезони саналади.

Бугунги кунда республикада 128 та олий таълим муассасаси мавжуд бўлиб, улардан 96 таси маҳаллий ҳамда 24 таси хорижий олий таълим муассасаси ва уларнинг филиаллари ҳисобланади. Жумладан, сўнгги 3 йилда янги 6 та олий таълим муассасаси, 17 та филиал ва 14 та хорижий олий таълим муассасаси филиали ташкил этилди.

Кадрлар буюртмачилари таклифлари асосида Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига 261 та таълим йўналиши ва 559 та магистратура мутахассислиги киритилди.

2020/2021 ўқув йилида 59 та олий таълим муассасасида сиртқи таълим, 10 та олий таълим муассасасида кечки таълим шакли жорий этилди.

Республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони бакалавриат таълим йўналиши бўйича 600 минг, магистратура мутахассислиги бўйича эса 20 695 нафарни ташкил қилиб, сўнгги 3 йилда 2 бараварга ошди.

Талабаларнинг 54,8 фоизи гуманитар ва педагогик, 25,2 фоизи ишлаб чиқариш-техник, 5,2 фоизи ижтимоий соҳа, иқтисод ва ҳуқуқ, 5,9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалиги, 4,4 фоизи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, 4,5 фоизи хизмат кўрсатиш билим соҳаларига оид таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича таҳсил олмоқдалар.

Магистратура талабаларининг 40,8 фоизи гуманитар ва педагогик, 23,3 фоизи ишлаб чиқариш-техник, 13,3 фоизи ижтимоий соҳа, иқтисод ва ҳуқуқ, 5,9 фоизи қишлоқ ва сув хўжалиги, 13,5 фоизи соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот, 3,2 фоизи хизмат кўрсатиш билим соҳаларига оид таълим йўналишлари бўйича таҳсил олмоқдалар.

2020/2021 ўқув йили учун қабул параметрлари бакалаврият кундузги шакли 103575 нафарни, сиртқи шакли 35350, кечки шакли 5025 нафарни ташкил этди, магистратурага 10 425 нафар талаба қабул қилинди.

Таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режаларини такомиллаштириш бўйича: 2020-2021-ўқув йили учун “Олий таълим йўналишлари ва крассифкаторига мувофиқ, 4 та таълим соҳалари бўйича давлат таълим стандартлари, 45 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 52 та магистратура мутахассисликларининг малака талаблари ҳамда ўқув режалари иқтисодиёт тармоқларининг соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилди, тасдиқланди ва келишувдан ўтказилди ҳамда олий таълим муассасалари ўқув жараёнига жорий этилди.

Марказ концепция доирасида белгиланган вазифаларни бажариш орқали Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантиришда қуйидаги натижаларга эришиш учун кўмаклашишни ва юқори илмий-ташкилий, амалий натижаларга эришишни назарда тутилмоқда.

Марказ хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, пуллик хизматлар кўламини кенгайтириш ва бошқа бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига олий таълим муассасаларида технопарк, форсайт, технологиялар трансфери, стартап, акселератор марказлари ташкил этилади ҳамда улар тегишли тармоқ, соҳа ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тадқиқ этувчи ва прогнозлаштирувчи илмий-амалий муассасалар даражасига олиб чиқилади ҳамда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантиришда амалий жиҳатдан илмий-ташкилий ишларда шартнома асосида иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси»га кўра, мамлакатдаги ОТМларнинг 85 фоизи 2030 йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши режалаштирилган. Масалан, 2020-21 ўқув йилининг ўзида мамлакатимиздаги 33дан ортиқ йирик ОТМлар кредит-модуль тизимига ўтиши таъминланди.

Сўнгги тўрт йилда мамлакатимизда 45 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 128 тага етди. Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун бир ярим миллионга яқин ёшларимиз ҳужжат топширди. Бу рақам ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўп демакдир.Бакалавриятнинг кундузги бўлимига 103575, сиртқи бўлимига,31 350 ва кечки бўлимига 5025 нафар талаба қабул қилинди.

Халқаро таълим стандартлари тансифига мос равишда сифатли таълим жараёнларини ташкил этиш, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш, ўрта ва олий маълумотли касб эгалари билан иқтисодиётни таъминлаш, илм–фан ютуқларини, ҳорижий мамлакатлар тажрибасини амалиётга тадбиқ этиш, провард натижада Мамлакатимиз фаровонлигини юксалтириш, дунё айвонида ҳар тарафлама қудратли давлатга айлантириш жамиятнинг энг долзарб масаласига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямизнинг 28 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида шундай фикрлар бор: “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда.

Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади”.

Олий таълимда олиб борилаётган туб ислоҳатлар ҳам Ўзбекистонда янги бир уйғониш бошланганидан дарак бермоқда. Чунки коронавирус пандемиясидан кейинги Дунё тараққиётининг асосий ғояси инсонга қайтиш, инсонпарварлик бўлади.

Тарихда бўлганидек, аждодларимизнинг илм, фан, маънавият ҳамда маърифатга чорловчи даъвати бугунги авлодларимиз ҳаёти ва фаолиятининг моҳиятига айланмоқда.

Зафар Тўлаганович Ҳакимов,

Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш Маркази директори.»

Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. ЎҚИТУВЧИНГИЗНИ ЭСЛАЙСИЗМИ? (1-октябрь — ўқитувчи ва мураббийлар куни)
  2. Ҳамроқул Асқар: МУШУК ҚАНИ ЁКИ ЧИМИЛДИҚ КЎРМАГАН НАШРЛАР…
  3. Муҳаммад (с.а.в) нинг замонавий илмда исботини топган 10 та одатлари
  4. ЎРТА ТУРК ТИЛИ ва АЛИФБЕСИ тўғрисида ФИКР ва ТАВСИЯЛАР
  5. Бахтиёр ШОҲНАЗАРОВ: «Озодлик ороли»- Кубанинг ҳозирги аҳволи…
  6. Дадахон Ёқубов: Американи қайта кашф этамиз!
  7. Хорижий тилларда ижод қиладиган ўзбекларни биласизми? Улар кимлар?
  8. Улуғбек Ҳамдам: ҲАДЕМАЙ ҚУЁШ ЧИҚАДИ…
  9. Дарё: АҚШга кўчиб кетган ўзбекистонлик машҳурлар…
  10. Дадахон Ёқубов: ОСМОНДА ОЙ, ҚЎЛИМ ЕТМАЙДИ… Бугунги ўзбек киноси ҳақида
  11. Алишер Айматли: САЛОҲИДДИН АКА…
  12. Дадахон Ёқубов: Финландияда дизайн таълими
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.