ёхуд кечиккан куз ва эрта тушган қиш ҳақидаги ӯйлар
Эссе
Кеч куз билан эрта қиш кураш тушарди гӯё. Кечки пайт турган кучли қорбӯрон ҳали сарғайган баргларидан тӯлиқ қутула олмаган дарахтларни қоплаб, ажиб манзара касб этарди шу тобда…
У ёнида сурункали буйрак дарди зӯридан «инқиллаб-инқиллаб» уйқуга кетган хотинини уйғотиб юбормаслик учун хона эшигини сассиз очди ва тор йӯлак бӯйлаб балконга чиқди.
Уйнинг тӯртинчи қаватида туриб, ташқарига боқди. Чироқлар ёруғида қор ажиб манзара касб этиб ёғарди. Бино ҳовлисида турган машиналар, аллақачон, оқ кӯрпага бурканганди.
Балкон — унинг севимли жойи. Айниқса, тунда. Уйқуси қочдими, секин бу ерга ошиқади. Ва ёқимли хотиралар оғушига чӯмади. Аслида уни ӯша хотиралар бу ерга чорлайди.
Кеч куз эрта келган қишга қанчалик ӯрнини бӯшатишни истамаса-да, лекин қиш қишлигини қилаётганди. Ҳаво унчалик совуқ эмас, аксинча, биринчи қорда қандайдир тафт борга ӯхшарди.
«Қиш эрта тушди, охири бахайр бӯлсин», — унинг фикридан шу сӯзлар чақиндек ӯтди…
…У баҳорни яхши кӯради. Бу туйғу унга болалигидан таниш. Йиллар сурони ортида қолган болалиги ёши ӯтган сайин хотирасида янада ёрқинроқ, ранглироқ тарзда жонланаверади. У балконда ӯтирганлигини ҳам унутди. Ёқимли хотиралар уни тӯла-тӯкис ӯз бағрига олганди.
…Ана бир гуруҳ ӯсмирлар қишлоқларининг кун ботаридаги тепаликларда қӯзиқорин теришмоқда. Бир муддат олдин даҳшат солиб момоқалдироқ гумбурлади, чақмоқ чақнади ва орқасидан шаррос ёмғир қуйди. Узоқ давом этмаган ёмғирдан сӯнг шамол булутларни қувиб кетди-ю, чарақлаб қуёш чиқди. Улар — бир тӯда ӯсмирлар дарҳол қӯзиқорин теришга чиқишди. Катталар: — «Момоқалдироқнинг овозига қӯзиқоринлар ерни «порт-порт» ёриб чиқади», — дейишарди.
Дарҳақиқат, эндигина униб чиққан, баҳор ёмғиридан ҳӯл бӯлган ӯт-ӯланлар орасида қӯзиқоринлар кӯзга ташланарди. Албатта, у жуда чаққон эди ва тенгқурлари орасида ҳамиша энг кӯп қӯзиқорин терарди. Кейин… Уйда оналари қӯзиқорин қовуриб берарди. Ҳозир у балконида ӯша қӯзиқорин қовурманинг ёқимли ҳидини туйгандек бӯлди…
…ӯсмирлик пайтида ӯт ӯришни ёқтирарди. Кӯп ӯтмай, қӯзиқорин терган тепаликлардаги ӯт-ӯланлар бӯй чӯзиб қоларди. Улар гуруҳ-гуруҳ бӯлишиб, эшакларига миниб, ӯт ӯришга чиқишарди. Баҳор серёмғир келган пайтлари қуёш нури тушадиган тепаликларнинг ӯтлари белга урарди. У ӯтлар ичида ӯзлари яшайдиган мавзеда «қатраборон» деб номланадиган ӯтни ӯришни хуш кӯрарди. Бӯйи ярим газ келадиган, барглари сийрак, лекин пояси мустаҳкам бу ӯсимлик шиға-шиға уруғ боғларди. Ҳали ям-яшил бӯлган бу ӯтни моллар иштаҳа билан ерди. Кечки пайт подадан қайтган сигир, қӯй-эчкиларининг маза қилиб «карт-карт» этиб қатраборон чайнашини кузатишни ёқтирарди у. Ортиб қолган ӯтларни эса қуритиб, қишга хашак ғамларди. Қуритилган қатраборон қишда мол учун тайёр ем эканлигини жуда яхши биларди. Моллари эса, кун сайин таналари ялтиллаб, этларига эт қӯшаётганлиги унинг кӯзини қувонтирарди.
У болалигида мол боқиш, ӯт ӯриш, томорқага ишлов беришни жуда ёқтирарди. Бу хислат унга соқолига оқ оралаган раҳматли отасидан ӯтганди. Отаси ҳам ёши бир жойга борганлигига қарамай, томорқада ғимирлагани-ғимирлаган эди. Гӯдаклигидан отасининг ёнида катта бӯлгани учун меҳнатдан ҳеч қачон чӯчимасди, аксинча, соатлаб ишлашдан зерикмасди.
Баҳорнинг тезда чекиниши, ӯрнини саратон эгаллаши ва колхоз сойларига буғдой сепганлиги учун моллардан эмин қолган тепаликлардаги ӯт-ӯланлар тезда қуриб қолишини жуда яхши биларди. Шунинг учун бӯлса керак, фурсатдан фойдаланиб кӯпроқ ӯт жамғаришга шошиларди.
Унинг эшаги жуда бақувват эди. Икки боғ ӯтни ип билан боғлаб юклагач, унинг устидан қолганларини боғламай ғамларди. Эшагининг бӯйнига осилиши билан жонивор бӯйнини юқори кӯтарарди. У эпчиллик билан ӯтлар ғарами устига чиқиб оларди. Жуда кӯп ӯт юклаганидан эшакнинг устида худди туяга мингандек сезарди ӯзини. Кейин тепалик ва пахтазор пайкалларини ажратиб турадиган катта канал ёқалаб йӯлга тушарди. Каналда баъзида сув шу қадар кӯп бӯлардики, у сувга тикилиб, беихтиёр сесканиб кетарди. Кӯприкдан ӯтишда канал сувининг нақадар даҳшатли эканлигини ҳис этарди. Каналнинг остидан ӯтган сув гирдоб ҳосил қилиб, айланиб-айланиб оқарди. Тушга яқин тенгқурлари мазза қилиб чӯмилишади унда. У ҳам кӯприк устидан сувга калла ташлашда маҳоратли эди. Аммо ҳали эндигина қуёш найза бӯйи кӯтарилган пайт. Ҳаво унчалик қизиган эмас. Устига устак бир ӯзининг катта каналда чӯмилиши хавфли эканлигини у жуда яхши тушунарди. Лекин барибир сувдан кӯз узолмасди. Худди ҳозир чӯмилмаса, бунга бошқа имкон бӯлмайдигандек туюларди унга. У ички хавотир билан эшагини канал бӯйига боғларди. Юрагида ҳадик-хавотир билан секин сувга тушарди. Туш пайтидагидек каналнинг ӯртасигача сузиб бормасди. Бунга журъати етмасди. Туш маҳали бошқа. Унда бу ерда кӯпчилик чӯмилади. Ҳозир эса, катта каналнинг сувига бир ӯзи тушиши унинг юрагида хавотир уйғотарди. У зудлик билан канал четида чӯмилиб олгач, яна эшагига минарди-да, уйлари сари равона бӯларди. Эшак устида эса, ӯзининг қӯрқмаслигидан, атрофда ҳеч ким бӯлмаган катта каналда бир ӯзи чӯмилганидан фахрланиб борарди. У иккинчи сафар ӯтга келганда, тенгқурларига қӯшиларди. Энди бу томони — кӯпчилик, хавотирга ӯрин қолмасди.
Ҳозир тӯртинчи қаватдаги балконда туриб, болалигида катта каналда бир ӯзи чӯмилганлигини эслаб, жуда таваккал қилганлигини юрагидан ҳис қилди. Ёши бир жойга бориб қолганлигига қарамай, ҳозир ҳам ӯзининг журъатли эканлигидан мамнун бӯлди.
Эҳ-ҳе, қанча яхши дамлар эди. Болалигида қӯл телефони, компютер, интернет, ижтимоий тармоқлар йӯқ эди. Бу нарсалар ӯша пайтлар кӯпчиликнинг ухлаб тушига ҳам кирмасди. Энди-чи, интернетсиз ҳаётни тасаввур қилишнинг ӯзи — имконсиз. ӯзи ҳам интернетга боғланиб қолган, мудом ижтимоий тармоқларга киради. Маълумотлар шунчалик кӯпки, чарчатиб қӯяди кишини. Жаҳон бӯйлаб тарқалаётган тожли вирус. Вирусни юқтирганлар, унинг асоратидан ҳалок бӯлганлар. Пандемия туфайли нарх-навонинг ошиб кетганлиги. Аммо уларнинг бариси қуруқ, бирор-бир ҳис-туйғудан маҳрум хабарлар. У кӯпинча интернетдан қочиб, болалик хотираларига «шӯнғийди»…
Кеч куз билан эрта қиш қонталаш кураш тушишарди гӯё.
У — ёши бир жойга бориб қолган кечаги болакай беғубор болалик хотираларига чӯмиб, ӯша ҳаловатли дамларни хаёлида тӯртинчи қаватдаги уйининг балконига «кӯчирганди». Қор ёғиши авжга миниб, бутун борлиқ оппоқ тусга кирганди.
Ичкаридан қулоғига элас-элас келган «инқиллаш» уни ӯз ҳолатига қайтарди. У беғубор болалик баҳорининг эрта тушган қиш қорбӯронига сингиб кетаётганлиги ва кечиккан куз билан курашга тушаётган эрта келган қишнинг нафасини ҳис этиб, балкондан шошиб хотини ётган уйга йӯналди…