Бухоро шаҳар прокурори мурожаати бўйича идоралараро комиссияси тузилди
Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида келтирилган важларни ўрганиш мақсадида идоралараро комиссия тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси маълум қилди.
Хабар берилишича, Жасур Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Комиссия таркибига Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди.
«Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Жасур Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади.
Текшириш натижалари бўйича қўшимча равишда хабар берилади», — дейилади Халқ қабулхонаси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 11 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг мурожаати акс этган видео пайдо бўлди. Видеода шаҳар прокурори унга нисбатан айни пайтда хизмат текшируви олиб борилаётгани, унинг якунлари бўйича қонун бузилишлар аниқланган тақдирда бунинг учун жавоб беришга тайёрлигини айтган. Жасур Фозилов ўз видеомурожаатини Ўзбекистон Президентига ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга йўллаган. Унинг сўзларига кўра, хизмат текширувига сабаб бўлган мурожаат бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга алоқадор бўлган тадбиркор томонидан қилинган. Мурожаатда прокурор Президент Администрацияси раҳбаридан мазкур ҳолатни назоратга олишни сўраган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг 11 декабрдаги баёнотига кўра, Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани муносабати билан у 2 декабрь куни вазифасини бажаришдан вақтинча озод қилинган. Бунга Бухоро шаҳридаги тадбиркорлардан бирининг прокурор Фозилов устидан ёзиб берган шикоят аризаси сабаб бўлган.
Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозилов масаласида.
Ҳақиқат шундаки, президент порталига арз қилсанг, ҳар қандай мурожаат тегишли вазирликка, сўнг вилоятга, сўнг туманга, сен ўша – устидан арз қилган ташкилотингга қайтиб келаверади.
Бу одатий ҳолга айланиб улгурган.
Маълум бўлишича, тадбиркорнинг Жасур Фозилов устидан ёзган хати ҳам президент порталига жўнатилган ва у ердан бош прокуратурага ўтказилган. Одат бўйича, мазкур арз Бухорога, шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг ўзига жўнатилиши керак эди. Аммо… бу сафар Бош прокуратура томонидан ноодатий тарзда иш тутилган. Бош прокуратура ўзи Бухоро шаҳар прокурори устидан текширув уюштирган ва прокурорни вақтинча хизмат вазифасини бажаришдан четлатган.
Бу жуда шубҳали, негаки, одатга хилоф иш тутилмоқда.
Жасур Фозиловни ишдан четлатмасдан текшириш қилаверса ҳам бўлар эди, негаки, текширувни бош прокуратуранинг ўзи олиб боряпти. Яъни, Жасур Фозилов ўз тепасида турган ташкилот устидан ҳеч қачон арз қилиш тугул, текширувга босим ҳам ўтказа олмасди.
Буни бош прокуратуранинг қовун тушириши деб баҳоласа ҳам бўлаверади.
Хуллас, бош прокуратура жудаям шошма-шошарлик билан иш қилган. Нега бунчалар шошишганини энди нуфузли комиссия ўрганиб чиқса керак.
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ,
Жиззах вилояти Зарбдор тумани Бўстон шаҳарчаси.