Эркин Воҳидов: Юртнинг эгаси сен, зинҳор унутма!
Эркин Воҳидов,
Ўзбекистон халқ шоири
Дўстим, сен ўзни кўп хокисор тутма,
Ожиз бандаман деб эгиб юрма бош.
Юртнинг эгаси сен, зинҳор унутма!
Сен ўзинг давлатсан, азиз Ватандош!
Мустақил, мўътабар мамлакат сенсан.
Мамлакатда олий машварат сенсан.
Халқсан, ҳукуматсан, салтанат сенсан.
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!
Панада турмоқнинг фурсати эмас,
Бу тупроқ фақирлар турбати эмас,
Соҳиб бўл, давлатнинг – мурвати эмас,
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!
Ғайратсиз зотларга замонлар ёмон,
Жасорат йўқ ерда ёмонлар омон.
Давлат не – мардона бўлмасанг қалқон.
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!
Диёнатли ўтган наслу-насабинг,
Ноҳақликка бардош бермас асабинг.
Керагида бўлсин қаҳринг, ғазабинг,
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!
Юрт фарзанди асли ўзи юрт бўлур,
Кўзи чақноқ бўлур, қалби ўт бўлур,
Қаторда нори бор Ватан бут бўлур,
Сен ўзинг давлатсан, азиз Ватандош!
Мен деб кўкрак кериб юргувчи ўзинг,
Юртга соқчи бўлиб тургувчи ўзинг,
Буюк келажакни қургувчи ўзинг,
Сен ўзинг давлатсан азиз ватандош!
Бошқаси бекордир, азиз ватандош!
2013 йил, 2013 йил.
Шоир бўлсанг бўлсин қалбинг
Элга қурбон бўлгулик
Шоир бўлсанг, бўлсин халқинг
Сенга қалқон бўлгулик.
хххххххххххххххххххххххххххххххххххххххххххххххххххх
Эл суйган шоир Эркин Воҳидов қўлига ижод қаламини олганига ҳам олтмиш йилдан ортиқ вақт ўтди. Устоз шоирнинг шеъриятга ошно бўлишларида Ғайратий тўгараги, Миртемир семинари, Ўзбекистон Миллий университетидаги ижодий муҳит катта таъсир қилганлигини қўп марта эътироф этганлар..
Эркин Воҳидов шоир сифатида шаклланган эллигинчи йиллар ўрталари, 60 -йиллар бошлари жамиятда янги руҳ, янгича қарашлар қарор топаётган давр эди; адабиёт ва санъатда ҳам янгиланиш белгилари пайдо бўлди, ижод заминий ҳисларга, ҳақиқатга, инсон қалби манзараларига яқинлаша бошлади.
Бироқ бу жараён осонликча кечгани йўқ. Шоирнинг шеърлари 50-йиллар бошида ёзган табиат манзаралари ҳақидаги болаларча содда масъум сатрларидан тортиб, 1992 йили чоп этилган мардона, шафқатсиз ҳақиқат ёғдулари билан йўғрилган, ўзини чуқур тафтиш этган қалб туғёнидан иборат шеърларига қадар босиб ўтган ижодий йўлига назар ташланганда, бунга яна бир бора иқрор бўласан киши.
Эркин Воҳидов (таржимаи ҳол)
1936 йил. Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ўқитувчи оиласида туғилди. Тоғаси юрист Карим Саҳибоев қўлида тарбияланади.
1945-55-йиллар. Ўрта мактабда ўқиди, Островский номли ўқувчилар саройида шоир Ғайратий раҳбарлик қилган тўгаракка қатнайди.
Биринчи шеъри 7-синфда ўқиётган пайтида “Муштум” журналида чиқади.
1955-60 йиллар. ТошДУ(ҳозирги Ўзб.Миллий университети)нинг филология факультетида таҳсил олади.
1960-63 йиллар. “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир. “Буюк ҳаёт тонги” достонини ёзди.
1961 йил. Биринчи шеърлар тўплами – “Тонг нафаси” нашр этилди.
1962 йил. “қўшиғимиз сизга” шеърий китои босилди.
1963-70 йиллар. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, бўлим мудири, бош муҳаррир.
1963 йил. “Юрак ва ақл” шеърий тўпламини нашр эттиради.
1964 йил. Сергей Есениннинг “Форс тароналари”ни таржима қилади.
1965 йил. “Нидо” достони яратилади.
1966 йил. “Палаткада ёзилган достон” асарини ёзади.
1969 йил. “Ёшлик девони” китоби босилди, “Олтин девор” комедияси саҳналаштирилди.
1970 йил. “Чароғбон” шеърий китоби (ундан “Чароғбон” достони ўрин олган) чрп этилди.
1970- 75 йиллар. Немис шоири Иоган Волфганг Гётенинг “Фауст” трагедиясини таржима қилди.
1972 йил. “Қуёш маскани” достони ёзилди.
1975 йил. “Ҳозирги ёшлар” шеърий тўплами, “Бахмал” асари яратилди.
1975-82 йиллар. “Ёш гвардия” нашриётида муҳаррир.
1976 йил. “Муҳаббат” шеърий тўплами босилди.
1978 йил. “Тирик сайёралар” шеърий тўплами чиқди.
1980 йил. “Руҳлар исёни” достонини ёзди.
1981 йил. “Шарқий қирғоқ” шеърий тўплами яратилди.
1982 йил. “Кўҳи нур” достони ёзилди.
1982 йил. “Ёшлик” журнали бош муҳаррири.
1983 йил. “Келажакка мактуб” шеърий китоби яратилди.
1983 йил. “Шарқий қирғоқ”, “Руҳлар исёни” достони учун республика Давлат мукофоти берилди.
1986 йил. “Бедорлик” шеърий китоби чоп этилди.
1986 йил. Икки жилдлик “Сайланма” (“Муҳаббатнома” ва “Садоқатнома”) шеърий тўплами босилди.
1986 йил. “Истамбул фожиаси” драмаси яратилди.
1986 йил. Ўзбекистон халқ шоири унвони берилди.
1987 йил. “Шоиру шеъру шуур” китоби босилди.
1991 йил. “Ўртада бегона йўқ”, “Куй авжида узилмасин тор” шеърий китоблари босилди.
1991 йил. Туркия ёзарлар бирлигининг Юнус Эмро номли мукофоти соҳиби.
1996 йил. “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.
1999 йил. Ўзбекистон қаҳрамони унвони берилди.
2000 йил. “Ишқ савдоси” китоби чоп этилди.
2001 йил. “Шеър дунёси”, “Умрим дарёси” тўпламлари босилди.
2006 йил. “Ўзбегим” шеърий тўплами чиқди.
2010 йил. “Орзули дунё”, “Табассум” китоблари чоп этилди.
“Ўзбегим” қасидаси ҳақида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов бўлиб ўтган суҳбатларимиздан бирида шундай деган эдилар:
“Ҳақиқий ижодкор ўз халқининг фидойи ва содиқ фарзанди бўлади. Бу ҳамма замонларга, ҳамма халқларга хос удум. Эркин Воҳидовнинг талай асарлари бунга мисол бўла олади. Биргина “Ўзбегим”ни олинг! Ўз вақтида шоирнинг бошига кўп савдолар солган, “пешонасини ғурра қилган” бу қасидани ўзбекнинг гимни дейиш мумкин. Аммо бу оддий мадҳия, фахрия эмас. Ҳажми кичик асарда халқимизнинг минг йиллик тарихи, қувонч ва изтироблари ғоят табиий, ғоят теран акс этган. Бир мактабга борганимда бутун синф болалари “Ўзбегим”ни бошидан охиригача жўр бўлиб ёддан ўқиганини кўрганман ва халқимизнинг шундай шоири борлигидан фахрланганман…”
Нигора Умарова,
адабиётшунос олима.
Эркин Воҳидов шеърларидан намуналар
Шоирга мактуб
— Мен бир қизни севаман, аммо
Қиз дер: – Боринг, тошингиз теринг.
Шоир ака, сиздан илтижо,
Менга битта шеър ёзиб беринг.
Ўқисин-у ўша парвосиз-
Юрагида меҳр уйғонсин.
Қасамимга ишонмаган қиз
Ўша ёниқ байтга ишонсин.
Шундай ёзинг, токи қиз қалби
Эриб кетсин бўлса ҳамки тош.
Жонига ўт тушсин мен каби,
Оқиб кетсин кўзларидан ёш.
Ошиқда ишқ бўлса мукаммал
Маъшуқани этармиш шайдо.
Мажнунлигим англаб у гўзал
Зора севса бамисли Лайло.
Қучоғимга отилса дилбар,
Юрагимда армон қолмаса…
Ахир шоир шоирми агар
Бир юракни эритолмаса.
Шеър кутарман сиздан умидвор,
Ёрга етсам бахтли бўларман.
Йўқса менга ҳаёт не даркор,
Тоғдан ўзни ташлаб ўларман.
— Оҳ, бечора ошиқ укажон,
Андуҳларинг менга аёндир.
Ишқ-вужудни ўртаган армон,
Англаб бўлмас сирли жаҳондир.
Бир бевафо ишқида мен ҳам
Поёни йўқ дардга тўлганман
Шу дард менга тутқазган қалам,
Куя-куя шоир бўлганман.
На оҳимга парво қилган у,
На шеъримни назарга илган.
Неча дафтар тўлдирганману
Улар бари йиртиб отилган.
Укам, менга қилмагин ҳавас,
Юрагимда юз минг армонлар.
Бахтли бўлсанг битта шеър эмас,
Ёзиб берай сенга достонлар.
Ташбеҳларим қадрига етиб,
Ёринг кўнгли тушса жойига.
Менинг бор-йўқ ёзганим элтиб
Ташла ўша қизнинг пойига.
Бўлсин, укам, умринг чарағон,
Мен етмаган бахтга етгин сен.
Ёрингни ишқ деган бепоён
Осмонларга олиб кетгин сен.
Гул очди, деб, бир қалб сўзимдан
Баҳра олди, деб, биргина жон-
Рози бўлай мен ҳам ўзимдан,
Бу дунёдан ўтай беармон.
2011, апрель
Устоз Ғайратийга
Не бахтким, бизни устоз
Бир замон ашъорга ўргатмиш.
Нафосат деб аталган
Ул ажиб асрорга ўргатмиш.
Қалам тутгандин илк бор,
Бизни ўргатмиш садоқатга.
Навоий бирла Пушкин,
Саъдию Атторга ўргатмиш.
Қади ё бир ҳилол гўё
Йиғиб атрофга юлдузлар,
Жилою нур дарсин
Гумбази давворга ўргатмиш.
Не ҳайрат, ҳайратомуз –
Қуш бўлиб учсак, бизим устоз
“Лисонут тайр” бирла
“Ҳайратул аброр”га ўргатмиш.
Ким ўргатмиш демангким,
Ғайратий ул; Хайриддин, Анвар,
Томилла, Матлуба, мен,
Тўлқину Сайёрга ўргатмиш.
Эркин Воҳидов, 1972-1975
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ