Норқобил Жалил: ЧЕГАРАДАГИ ТАЛОНЧИЛАР
ЧЕГАРАДАГИ ТАЛОНЧИЛАР

Бир танишим шу йилнинг мартида ҳув Россиянинг гадойтопмас Хакасия республикасига ишлагани кетувди. Бир ёқда кўп ўтмасдан пандемия бошланиб қолди, бир ёқда чегаралар тақа-тақ ёпилди.
Ҳар-ҳар замонда телефонда гаплашиб турдик. Яхшиман, биз томонларда одамлар кўпам карантинга амал қилаётгани йўқ, қурилишда ишлаяпмиз шериклар билан, ойлик бериб туришибди, деб қўярди.
Лекин негадир аввалгидек очилиб гаплашмас, дарду алами ичида эди.
Сабаби, авваллари Тошкентда ўзи қурувчилар бригадаси тузиб, туппа-тузуккина рўзғор тебратиб юрганди-да. Нима бўлдию, орада Россияга кетаманга тушиб қолди. Худонинг зорини қилишди яқинлари, бормагин, мусофир жойлар, шу пулни ўзимиздаям топасан, дейишди. Кўнмади, қайсидир «ўртакаш» каттароқ ойлик бераман, деб ваъда қилди шекилли, жимгина жўнаворди. Лекин бахтга қарши коронавирус балоси бошланиб, бутун дунё аҳли ваҳимаю васвасага тушди.
Хуллас, тегирмон тескари айлана бошлади ва кўрдикки, хорижда яшаётган, ишлаётган юртдошларимизни давлатимиз минг бир азоб билан ортга қайтара бошлади. Қанчаси самолёту поезд, автобусларда олиб келинди Бунинг учун ҳазилакам маблағ сарфлангани йўқ. Шундай бўлса-да, ҳали яна қанча ватандошларимиз мусофир ўлкаларда ноиложликдан ўз ризқ-насибаларини териб юрибди. У ёқларда аллақачон қиш бошланиб кетганига анча бўлди. Бир илож қилиб уйга қайтишга чоғланганлар орасида менинг ўша танишим ҳам бор эди.
Кечаги якшанба куни ўзи телефон қилди:
«Аввалроқ билет олиб қўйгандик. Аввал Абакандан Новосибирсккача уч ҳамқишлоқ икки соатдан кўпроқ самолётда учдик. Новосибирск аэропортида хизматчилар жуда яхши кутиб олиб, ҳужжатларни текширишди ва ҳеч қандай муаммо туғдиришмади. Кутиш залидаям ҳамма шароит яратилган. Кейин 21 ноябрь шанба куни кечқурун «Новосибирск-Ўш» рейси билан уч соатда Қирғизистонга учиб келдик. Тошкентга ҳафтада битта рейс борлиги сабабли билет топиш қийинроқ экан. Ўшга эса ҳар куни самолёт қатнови йўлга қўйилган. Хуллас, эсон-омон ўз она Ватанимиз сарҳадлари яқинига бўлса-да қўндик-ку, деган қувончдан бошимиз осмонда эди.
Аммо… Ҳамма «томоша» Ўш аэропортидан бошланди: қирғиз киракашлари бизни машинасига судраб кетишди. Талашиб-тортишиб, ҳар биримизни 1000 Россия рубли(ўзбек сўмида 130 минг сўм атрофида)га қирғиз-ўзбек чегарасигача оббориб қўйишга кўндирди. Буни қарангки, чегарагача бўлган масофа нари борса, 9-10 километр чиқаркан. Энди буёқда бизни янада даҳшатлироқ кўргилик кутиб турганини қаердан биламиз.
Сумкаларимиз кўтариб чегарадан ўтиш постларига яқинлашдик. Паспорт, коронавирус текширувидан ўтганлигимизни тасдиқловчи маълумотномаларимиз қўлимизда. Иккинчи постга келувдик ҳамки, биттаси қўлимиздан ҳужжатларни олдида, ўша жойдаги кабинага киритворди. Кабинада қўлларида дубинка, рациялар кўтариб олган учтаси, билмайман, божхоначими, мелисами, ҳар ҳолда ҳарбий эмас-да, «ташайсан-яшайсан» деб пул сўради очиқчасига.
Ялиниб-ёлвориб, зўрға 3 минг Россия рубли (ўзбек сўмида сал кам 400 минг сўм) га кўндирдик. Шундан кейингина паспортимизга ўтиш-қайтиш тўғрисидаги ойнали деразачада муҳр босилди. Ўзбекистон чегарасига кирганимиздан кейин кўзларимизга ёш келди. Ўзимизнинг йигитлар самимий кутиб олишди. Қирғиз чегарасидан ўтиш чоғида кўз ўнгимизда қанча йигитларни пулим йўқ дегани учун аямасдан уриб-тепиб ташлашди ва сумкаларини ағдар-тўнтар қилиб, телефонми, кийим-кечакми, қўлларига илинган нарсаларни талаб олишди»…
Бу гапларни осмондан олиб ёзаётганим йўқ. Мамлакатимизга асосан Россия федерацияси ёки қўшни давлатлардан мусофирчиликнинг минг хил азоб-уқубатларини тортиб қайтиб келаётган юртдошларимиздан айримлари бошидан кечирган воқеалардан айрим парчаларгина холос. Бу каби аянчли манзаралар ҳар куни ҳар соатда рўй бераётгани аниқ.
Шундай экан, бизнинг Ташқи ишлар вазирлигидаги мутасаддилар ҳамда бошқа масъул идоралар бу борада чегарадош давлатлар билан ҳамкорликда тегишли тартибда чоралар кўришлари лозимлигини таъкидлашни истардик.
Бугун қўшни Қирғизистон республикасида кечаётган сиёсий курашлар, турли партиялар ўртасидаги давом этаётган бош-адоғи кўринмаётган тортишувлар силсиласида юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир бўлаётгани ҳам эҳтимолдан холи эмасдир балки.
Ҳар қандай вазиятда ҳам биз ўзбекона нақл билан айтганда, «Қўшнинг тинч-сен тинч» деган ибратли ақидага ҳамиша амал қилиб келганмиз. Ўзаро ҳурмат, тотувлик ва ҳамжиҳатлик билангина бу каби муаммоларга биргаликда ечим изласак, ҳеч ким азият чекмайди.

Жуда долзарб мавзуни езибсиз. Бу купчиликни кийнаб келаетган дард ака
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан