Ўзбекистон Президентига: Тадбиркордан 500 000 АҚШ доллари талаб қилишган…
ТАДБИРКОРДАН 500 000 АҚШ ДОЛЛАРИ ТАЛАБ ҚИЛИБ 25 КУН ҚИЙНАШГАН…
СУРАТДАГИ ТАДБИРКОР АЛИШЕР ПАЙЗУЛЛАЕВДАН БОШ ПРОКУРАТУРА СОБИҚ ТЕРГОВЧИСИ Ф.САТТАРОВ 500 000 ДОЛЛАР ТАЛАБ ҚИЛИБ 25 КУН ҚИЙНОҚҚА СОЛГАН, ЖИБ ТОШЕНТ ШАҲАР СУДИ СУДЬЯСИ ШОАЗИЗОВ БИТТА ҲУКМ БИЛАН ТАДБИРКОРНИ ҲАМ ОҚЛАГАН ҲАМ 12 ЙИЛ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТГАН…
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИ Ш.М.МИРЗИЁЕВГА
———————————————
Ваколатлари дарожатида чора
кўриш учун нусхалари:
Олий суд раиси К.Комилов,
Бош прокурор Н.Йўлдошев,
Олий Мажлис “Омбудсман” раҳбари
У.Муҳаммедов, Олий Суд раиси К.Комилов,
Адлия вазири Р.Давлетов,
ЖИБ Тошкент шаҳар суди раиси Б.Исломов,
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари
“Эзгулик”ташкилоти раиси А.Ташанов, Ўзбекистон
Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилоти раиси И.Адилов,
«Дунё ўзбеклари» халқаро нашри Бош муҳаррири Исмат Хушев, “Human.uz” Ахборот портали,
“Қалампир Уз” таҳририяти ва барча ОАВга
Ўзбекистон Республикаси фуқороси, туҳмат
айбловлар билан 12 йилу 6 ой озодликдан
маҳрум этилган тадбиркор Алишер
Тахтамуратович Пайзуллаевнинг онаси
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани,
Мудофаачилар кўчаси, 13 -уйда яшовчи
06.05.1945 йилда туғилган Пайзуллаева
Карима ва Яшнабод тумани Ҳаваскор кўчаси
23-уйда яшовчи 28.09.1966 йилда туғилган
Нуриддин Абдусаломович Сандибоев
(тел: 99 824 88 92) томонидан
—————————————————
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИГА
ТАКРОРИЙ ОЧИҚ МУРОЖААТ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22, 26, 35, 43, 44, 93-моддалари талаблари асосида, Бош прокуратура собиқ терговчиси Ф.Саттаров айбсизлиги аён бўлган ўғлим А.Т.Пайзуллаевни ғайри қонуний усулларда тергов қилиб, уни асоссиз жиноий жавобгарликка тортгани ҳамда ёпиқ судда чиқарилган адолатсиз суд ҳукми ва ажрими тўғрисида.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўта муҳим жиноят ишларни тергов қилиш 18-бошқармаси собиқ терговчиси Ф.Саттаров чақирганида ўғлим А.Т.Пайзуллаев Рачик Шабанов деган адвокати билан борганида: — сен олий раҳбариятга тегишли танишларинг орқали ноқонуний бойлик орттириб қимматбаҳо хориж машинаси сотиб олиб ҳеч кимни менсинмай қўйгансан., деганида ўғлим: — мен бир камбағал оила фарзандиман, тадбиркорлик билан шуғулланаётганим учун опамнинг машинасини вақтинча миниб юрипман, менинг Сиз айтган олий раҳбариятга дохил ҳеч қандай танишларим йўқ ., деб жавоб бергач: — яна чақирсак бир ўзинг кел., деб қўйиб юборишган.
2019 йил 08 февраль куни кечқурун Паркент бозори ёнидаги кафе ёнида қозоғистонлик дўстлари билан турган ўғлим Алишерни Ф.Саттаров 5- 6 нафар ниқобли шахслар билан бирга қўлига кишан, бошига қоп кийдиришиб Гвардейскидаги ДХХ ҳибсхонасига олиб боришиб: — сен ким билан ўйнашаяпсан, биз қандай хоҳласак шундай кўргазма берасан., деб ёнидаги шериклари билан сўроқ қилишни бошлаган.
Воқеадан хабар топган Р.Шабанов ДХХ идорасига етиб борганида Ф.Саттаров адвокат тақдим этган ордерини йиртиб, ўзини ҳайдаб чиқарган. Адвокат кеч соат 11 ларгача кетмай ўтирганидан ғазабланган Ф.Саттаров: — Алишер ҳамма жиноятини тан олди, энди сенинг сўроқ протоколига қўл қўйишинг қолди., деб уни ичкарига олиб кирганида бутун аъзойи бадани моматалоқ бўлиб кетган Алишерни кўрган адвокат Шабанов: — сенинг бу қилмишларинг ҳақида Бош прокурорга шикоят киритаман., деганида терговчи: — эй армянский тварь, тебе жить надоело., деб ҳақорот этгач, ранги оқариб кетган ва ярим тунда уйига қайтган адвокат эртаси куни уйида ўлик ҳолда топилган?! Соппа – соғ, ўз оёғи билан МХХ конторасига борган Р.Шабановнинг сирли ўлими сабаблари ўрганилмаганлиги боис, сўроқ баённомасида номи бўлса, марҳумнинг имзоси сохталаштирилган бўлади…
Адвокат иштирокисиз 08 февраль куни кечаси тергов ҳаракатлари ўтказилсада суд ҳукмида 2019 йил 09 февралдан қамоқда сақланаётган дейилган. Терговчи Ф.Саттаров: — укангга телфефон қил, машинангни олиб келсин., деб таъзийқ ўтказавергач 10 февраль куни қизим Нилуфар Пайзуллаеванинг шахсий мулки бўлган, ўғлим фирма директори бўлишидан анча олдин марҳум отасидан мерос қолган пулга сотиб олинган 01U598CB давлат рақамли “Renge rover autobiography” русумли автомашинани жиноят қуроли деб чиқарган қарори билан таништирмасдан Бош прокуратура ҳовлисига киритиб, ўғлим Алишерга Ўз.Р.ЖКнинг 243-моддаси билан жиноят иши қўзғатган.
Шундан сўнг, терговчи Ф.Саттаров ўғлимнинг фирмасида тинтув ўтказиб, “Фонон” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси билан ўзаро ҳамкорлик битими асосида Кореядан 2 500 000 АҚШ доллар инвестиция киритиш бўйича тузилган шартномани рўкач қилиб: — 500 000 АҚШ долари талаб қилишаётгани., ҳақида телефон орқали тушунтиргач, унга қизим Нилуфар: — ярим миллион доллорни қайдан топамиз., деганида Алишер: — опа не қилай шу пул берилмаса бу ердан тирик чиқмайсан., дейишди деб йиғлаб юборганини адвокатимиз Б.А.Қодировга айтиб: — ҳибсда ўтирган ўғлимга товламачилик қилган терговчи Ф.Саттаровга чора кўриш ҳақида Бош прокурорга шикоят топширинг., десакда у: — фойдаси йўқ., деб ҳеч қандай ҳеч қандай қонуний ҳаракат қилмади, терговчининг жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарори нусхасини ҳам: — бу ишни Бош прокуратура махфийлаштирган экан., деган баҳона билан бермасдан кейинчалик биз билан алоқани узиб қўйди.
Ҳолбуки, шу адвокат иш билан танишгач: — тергов ҳужжатлари сохталаштирилган., суд залидан оқлаб чиқараман., деб ваъда берганди. Адвокатнинг бу мужмал жавобидан сўнг, Алишер ҳарбий эмас, демак у билан бирга тергов этилаётган ҳарбий ёки давлат сирига дахлдор бирор шахс борки, иш махфийлаштирилган., деган ўйда хавотиримиз янада ошди…
Қизим Н.Пайзуллаеванинг Бош Прокурор О.Муродовга ёзган шикоятига Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосари И.Ш.Ишимовнинг 2019 йил 29 апрелдаги жавобига кўра, унинг мурожаати Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш Бошқармаси бошлиғи Ш.Р.Мухемаджонов, яъни бевосита Ф.Саттаровнинг раҳбарига юборилсада, ҳеч қандай ижобий ўзгариш бўлмади.
Бизга кейинчалик маълум бўлишича, терговчи Ф.Саттаров ўғлим Алишернинг айбсизлигини била туриб, унга: — сен Корея Республикаси Сеул шаҳри худудида жиноят содир этгансан., деб, Корея фуқароси Пак Ок Суб номидан тайёрланган уйдирма ариза асосида дастлабки Ўз.Р.ЖКнинг 243-моддасига қўшимча моддалар қўшиб, юзлаштириш жараёнида Корея фуқароси Пак Ок Субнинг: — А.Т.Пайзуллаевга пул бермаганман, шартнома бўйича ҳам ҳали бир цент ҳам ўтказилмаган эди., деган кўргазмасини инобатга олмасдан, ўз қарорида: — Пак Ок Субни жабрланувчи., деб эътироф этиб, ўзи ғараз ниятда сохталаштирилган айблов хулосасини “махфий” грифти билан судга юборган.
Собиқ Бош прокурор И.Б.Абдуллаев иши ортидан терговчи Ф.Саттаров жавобгарликга тортилгач, янги теровчи Э.А.Хайруллаев 2019 йил 06 майда ўғлим билан учрашувга рухсат берди.
ЖИБ Тошкент шаҳар суди раиси Б.Исломовнинг 2019 йил 28 майдаги жавоб хатида: — Алишер Тохтамуротович Пайзуллаев ЖКнинг 168-моддаси “в” банди билан айбланган ва иш ёпиқ судда кўрилади., дейилган. 2019 йил 29 май кунги ЖИБ Тошкент шаҳар суди судьяси Д.Шоазизов раислигидаги суд мажлисига ўғлим Алишерни олиб келишганида озиб кетганидан жуссаси 5 синфда ўқийдиган ўғлиникидай бўлиб қолганини кўриб барчамиз йиғлаб юбордик?!
Соғлиғи яхшимаслигига қарамай Алишер суд мажлисида мардона туриб: — терговчи Ф.Саттаров шериклари билан бирга ундан у танимайдиган олий раҳбариятга яқин инсонларга қарши кўргазма беришни талаб қилиб МХХ ҳибсхонасида 3 кун муттасил уриб, оч қўйиб қийноққа солишгани, бошига қоп кийгазиб Тошкент шаҳар ИИБ ҳибсхонасига олиб боришганида сўнг 22 кун мобайнида қийноққа солишиб, Корея фирмаси билан шартнома тузилсада ҳеч қандай пул келиб тушмаганлигини айтса ҳам, ишонмасдан 500 000 АҚШ доллари олиб келишсин., деб дўстлари ва оила аъзоларига қўнғироқ қилишга мажбурлагани., ҳақида гапириб, айбсизлиги, ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум бўлгани, жиноий даромадни легаллаштириш, фирибгарликга оид иқрорлик кўргазмалари ғайри инсоний усуллар билан олинган бўлсада, лекин жиноят ишида бу айбловларни тасдиқловчи бирор далил мавжуд эмаслигини., инкор этиб бўлмас важлар асосида баён қилди.
Май ойидаги суд мажлисида тергов органи жабрланувчи дея эътироф этган Корея фуқароси Пак Ок Суб: — А.Т.Пайзуллаевни танимаслиги, учрашмагани, жабрланувчи эмаслиги, даъвоси йўқлигини терговчига ҳам айтгани., гувоҳ сифатида жалб этилган Пак Дук Син: — А.Т.Пайзуллаев билан яхши мақсадда шартнома тузганларини., айтиб, рус тилини билмасликлари туфайли: — ўз кўрсатмалари тўғри таржима қилингани аниқ бўлиши учун корейс тилидаги таржимаси матнини ҳам жиноят ишига тикиб қўйишни., илтимос қилдилар.
Судья Д.Шоазизов ҳам холис туриб: — ЖПКнинг 23–моддасига асосан гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт бўлмасада, судланувчи А.Т.Пайзуллаевнинг айбсизлиги суд тергови жараёнида тергов органи жабрланувчи деб эътироф этган даъвогар Пак Ок Суб ва унинг гувоҳи ҳамда адвокати иштирокида тасдиқлангани., айтиб бу ҳақда фикр сўрганида Тошкент прокуратураси бўлим прокурори Э.Хўджамов ҳеч бир асоссиз суд раисидан суд мажлисини тўхтатиб, бошқа кунга қолдиришни сўради.
Орадан 20 кунлар ўтиб 2019 йил 29 июль кунга тайинланган суд мажлисига “жиноят иши махфийлаштирилган” деган важ билан бизни киритишмади?!
ЖИБ Тошкент шаҳар суди судьяси Д.Шоазизов раислигида ўтган 2019 йил 29 июль кунги очиқ суд мажлиси ҳукми “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ НОМИДАН ҲУКМдан кўчирма.,” деб аталаши билан ҳам диққатга сазовор!
Ушбу, бор йўғи 2 варақ ҳукмдан кўчирманинг биринчи варағининг “АНИҚЛАДИ” деган алоҳида бобида: — Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 454-457, 462, 463, 465-468, 471-473- моддаларига амал қилиб, судлов ҳайъати ҲУКМ ҚИЛДИ: — Пайзуллаев Алишер Тахтамуратович Ўз.Р.ЖКнинг 243-моддаси билан унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани, содир этилган жиноятларга дахли бўлмагани сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 2 ва 3-бандларига асосан оқлансин., дейилган.
Ушбу суд ҳукмидан кўчирмада қайд этилган Ўз.Р.ЖПКнинг ”Ҳукм турлари” деб аталмиш 462-моддасида: — Суд айблов ёки оқлов ҳукми чиқариши мумкин., дейилган.
Агар, процессуал кодекс талаби шундай бўлса, у ҳолди битта судья раислигида ўтган суд ҳукмининг биринчи варағи: — оқлов, иккинчи варағи: — озодликдан маҳрум этиш тўғрисида., эканлиги одил судлов прокуратура буюртмасини ноилож бажараётганидан дарак бермайдими?!
Агар, соғлом ақл билан таҳлил этилса, Ўз.Р.ЖПК 457-модда 1-қисмида: — судланувчи айбли деб топилаётган қилмиш ҳақиқатдан содир этилганми., дейилгани, жабрланувчи деб эътироф этилган Пак Ок Субнинг ўзи: — ўртада ҳеч қандай олди берди бўлмаган., даъвом йўқ., деб кўргазма бергани, бошқа жабрланувчи ё даъвогар мавжуд бўлмагани ҳолда судья Д.Шоазизов қандай асосга кўра: — судланувчи А.Пайзуллаевга 12 йилу олти ой озодликдан маҳрум оздликдан маҳрум этиш жазоси тайинлансин, А.Пайзуллаевдан жабрланувчи Пак Ок Суб фойдасига 1.000 000 (бир миллион) АҚШ доллори ундирилсин, аъшёвий далил деб эътироф этилиб, Бош прокуратура маъмурий биноси ҳовлисида сақланаётган, 1.176 000 000 сўмга баҳоланган 01U598CB давлат рақамли “Renge rover autobiography” русумли автомашина сотувга чиқарилсин ва тушган пуллар етказилган моддий зарарни қоплаш учун жабрланувчи Пак Ок Суб фойдасига ўтказилсин., деган ҳукм чиқарилганлиги ошкора туҳмат ва адолатсизликдан ўзга ҳеч нарса эмаслиги аён бўлади!
Суд ҳужжатларидаги ана шу мантиқий зиддиятни кўра била туриб, 2019 йил 24 сентябрь куни судья А.Туробов раислиги, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим мудири А.Хайруллаев иштирокида ўтгган ёпиқ суд мажлисида ЖИБ Тошкент шаҳар суд Аппеляция судлов ҳайъати ҳам адвокат Г.Гулямов келтирган асосли важларни на рад этиш, на эътироф ҳақида бирор фикр билдирмасдан биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида бор йўғи бир варақ ажрим чиқарди?!
Тергов органи “Жиноий даромадларни легаллаштириш.,” яъни ЖКнинг 243-моддаси бўйича айб эълон қилиб, қизим Нилуфар Пайзуллаеванинг шахсий мулки бўлган автомашинасини аъшёвий далил сифатида олиб қўйган, суд ҳукмида А.Пайзуллаев қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги учун., ЖПКнинг 83-моддаси 2, 3-бандлари билан оқланиб, жиноий даромадни легаллаштириш жинояти содир этмаганлиги тасдиқлагани ҳолда, ушбу суднинг ўзи яна қандай асосга кўра ушбу машинани сотувга қўйиб ҳеч қандай даъво талаби бўлмаган хориж фуқароси фойдасига ҳал этмоқда?! Бу аҳмоқона мантиқсизлкни англаш учун олий маълумотли юрист эмас виждонини сотмаган ҳалол инсон бўлиш керак!
Яъни, ушбу ҳукм ва ажримларни имзолаган судьялар ўғлим Алишер билан шартнома имзолаган инвесторни ғайри ихтиёрий жабрланувчига айлантириш орқали Ўзбекистон давлати судини кореялик тадбиркор кўз ўнгида шарманда қилди?!
Ҳозир изимнинг машинаси аукционга қўйилган, ушбу адолатсиз ҳукмдан норози жаноб Пак Ок Суб ҳеч қандай даъвом йўқ., деб Кореяга кетди, ўзбек тадбиркори Алишер Пайзуллаев эса қамоқда?!
Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўз тажрибангизда битта ҳукмда ҳам оқлов, ҳам озодликдан маҳрум этиш чораси ифода этилган суд ҳужжатини кўрганмисиз?! Маъшум 37-йилдаги тройка судларини эслатувчи қатағонлар Сизнинг БМТ минбаридан Ўзбекистон судлари халқаро ҳуқуқ стандартларига амал қилади., деган баёнотингиздан сўнг ҳам судьялар Сиз каламушлар деган Ф.Саттаров каби терговчиларнинг сохта айбловларини ёпиқ судларда кўз юмиб тасдиқлашда давом этмоқдалар?!
Токи, бундай махфийлаштирилган грифтлар, ёпиқ судлар ҳукми билан Ўзбекистонга инвестиция олиб кирмоқчи бўлган ўғлим Алишерга ўхшаган тадбиркорлар ёш умрларини қамоқда ўтказар экан Сизнинг оламшумул ислоҳатларингиз амалга ошмоғи ҳам шубҳаликдир!
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўта муҳим жиноят ишларини тергов қилиш бошқармаси собиқ терговчиси Ф.Сатторовнинг ўғлим А.Пайзуллаевни 24 кун қийноққа солиб Олий раҳбариятга дохил шахсларга қарши кўргазма беришни талаб этиши, бу иш буюртма асосида ташкил этилганлигини англатсада, суд терговида муҳокама этилмаган ушбу ҳолатга аниқлик киритиш бўйича Бош прокурор Н.Йўлдошев ҳам ҳеч қандай чора кўрмасдан, “отписка” жавоблар юбориш билан машғул?!
Ушбу сансалорликларда И.Б.Абдуллаевга оид иш бўйича қамоққа олинган Ф.Саттаров жиноий шерикларининг қўли бор деб ўйлйман.
Мен кекса, касалванд аёл ҳолимда Бош прокуратура терговчиси махфийлаштирган жиноят ишидан ҳатто нусха олаолмайдиган ожиз адвокатлар билан ўғлимни бу туҳматлар чангалидан қандай қутқазишим мумкин?!
12.06.2020 йилдаги мурожаатимизга (мурожаат рақами 49043-s/20
текшириш коди 5624afcf8c) на Олий суд, на Бош прокуратура ҳеч қандай қонуний чора кўрмади?!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида қайд этилган: — Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Конституция ва қонунларга риоя этилишининг кафилидир., дейилган қомусий талабга асосан Сиздан:
— Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўта муҳим жиноят ишларини тергов қилиш 18-бошқармаси собиқ терговчиси Ф.Саттаров томонидан ўғлим А.Т.Пайзуллаевга нисбатан сохта далиллар асосида қўзғатилган 17/19-11-сонли жиноят иши бўйича тўпланган барча хужжатлар жамламини Бош Прокуратура маҳкамаси ихтиёрига чақириб олиниб, шахсан ўз назоратингиз остида, ушбу хабарномада сўралаётган рад этиб бўлмайдиган асосли важ ва ҳолатларни суриштирув-тергов йўли орқали холис ўрганиб, айбсиз айбланган ўғлим Алишерни ноинсоний усулларда қийноққа солган терговчи Ф.Саттаровнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, аниқланган қилмишига яраша қонуний чоралар кўрилишида.;
— тергов давомида аъшёвий далил сифатида олиб қўйилган 01 U 598 CB давлат рақамли “Renge rover autobiography” русумли автомашинани унинг хақийқий эгасига қайтариш ва ўғлим А.Т.Пайзуллаевга оид сохта жиноят ишини қайта кўриб чиқиб, адолатсиз суд ҳукми бекор этилиб, оқлов ҳукми чиқаририлишида амалий инсонпарварлик ёрдам кўрсатишингизни сўрайман!
Терговчи ва судьялар ўзаро тил бириктирган ҳолда содир этган жиноий қилмишлар ҳақида Хабар берувчи, тадбиркор айни пайтда маҳкум А.Т.Пайзуллаевнинг онаси:
К.Пайзуллаева
19.11.2020 й
тел. 99 880 58 58, уй. 71 286 17 70
Н.А.Сандибоев
Ишончли вакил +998 99 8248892
Иловалар:
ЖИБ Тошкент шаҳар судининг 29.07.2019 йилдаги ҳукми ва ЖИБ Тошкент шаҳар суди Аппеляция инстанциясининг 24.09.2019 йилдаги ажрими, Н.А.Сандибоевга берилган нотариал ишончома ва мурожаатларимизга юборилган “отписка” жавоблардан нусхалар. Жами: 7 варақдаги ҳужжатлар Бош прокуратурага топширилган.
Ваше обращение было успешно отправлено в Виртуальную Приемную Президента Республики Узбекистан!
Внимание!!! Сохраните следующие данные
Номер обращения | 112544-s/20 |
Код обращения | a44857872b |