Комилжон Шамсиддинов: ҲАҚНИНГ ҲУЗУРИГА КЕТГАН АКАМ!
ҲАҚНИНГ ҲУЗУРИГА КЕТГАН АКАМ!
Ёмон бўлаяпти. Ўлим кўп. Яна денг, кўнглингдан жой берган одамларинг, юрагингга яқин олганларинг, яхши кўрган, яхши билган инсонларинг – анави хасталик сабаб бирин-кетин бу оламни тарк этаверса, ёмон ботаркан, ичинг нураб боравераркан. Уларнинг ҳар бири – қалбингнинг, шу баробарда – азиз хотираларингнинг бир қисмига айланиб қолган ахир.
Куни кеча улар сафига акамдек азиз билган инсоним, бир қаричлигимдан яхши билганим, таниганим, эъзозлаганим – Беҳзод Зокиров қўшилгани эса… Эшитиб, “дод” деб, изиллаб йиғлаб юбордим. У одамни Самарқандда яхши билишарди, айниқса, зиёлилар, ижодкорлар қадрлашарди.
Унча-мунча одамниям, нарсаниям тан олиши мушкул бўлган буюк режиссёримиз Баҳодир Йўлдошев – “Менинг Қўрғондаги дўстим” дея иззатларди у одамни. Раҳматли Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Малик, Ҳалима Худойбердиева, Турсуной Содиқовалар “Беҳзоджон” деб еру кўкка ишонишмасди у кишини. Қарангки, акам ҳам улар изидан мангу дунёга йўл олди.
Ўйлаб қоламанки, Ўзбекистон солномасида энг ёш ҳоким бўлиб тарихда қолиш, 30 ёшида Каттақўрғондек – вилоятда Самарқанд шаҳридан кейинги шаҳарга раҳбарлик қилиш, қилганда ҳам, қўл учида ёки номига эмас, ростманасига, бутун борлиғини бериб, ўзиям тинмай, қўл остидагиларниям тиндирмай ишлаш, ўша алғов-далғов 90-йиллар бошида шаҳарни том маънода обод қилиб, ўнлаб бинолар қурдириб, юзлаб масканларни обод қилиб, минглаб кўнгилларга умид шамини ёқиб, сарбонлик қилиш…
Қай бирини айтай. Эҳ-ҳе, 30 ёшда йўлини топиб, дурустроқ касб-корни эгаллай олмаганлар қанча. Беҳзод ака – ростмана Худо берган, Худо юқтирган одам эди!
Кейин… Ноҳақликлар, одатда бўладигандек, истеъдодли, ишнинг кўзини билган одамни кўра олмаслик, ҳасад, бўҳтон, ҳокимликдан ҳам, Олий Мажлик депутатлигидан ҳам маҳрум қилишлар… Биринчи инфарктни ўшанда, ҳали қирққа кирмасдан олганди.
Аммо узлатга чекиниш – Беҳзод Зокировга хос эмасди, ундаги – маслагига сабот билан қолиш, бевақт ўтган отасидан ёдгор бўлган – етакчилик қобилияти бунга имкон бермасди. У ҳаммасини яна қайтадан бошлади – 40 ёшда. Бу гал ўзни – ижоддан топишга аҳд қилди.
Самарқандда “Эрудит” деган ижодий марказ ташкил қилиб, “Бекажон”, “Леди”, “Эрудит”, “Аъло кайфият” деган нашрларни очди. Уларнинг адади – ўз даврида неча юз мингдан ошиб кетди.
Ўзим гувоҳи бўлганман – “Бекажон” газетасига мамлакатнинг турли бурчакларидан хат ёзган муштарийларнинг мактубини ўқиб, боладек қувониб ўтирар, “Қаранг, одамлар бизга ишонишаяпти”, деб, янада ғайрат билан ишга киришиб кетаверарди.
Бугун “меценатлик” деган тушунча бизга энди-энди кириб келмоқда. Беҳзод акам буни ўтган асрдаёқ бошлаб, кўпларга намуна кўрсатган. Ҳали кўпчилик учун бу ғоя мисли эртакдек бўлиб туюлган дамларда – Самарқанд ва Каттақўрғонда телевидение очиб, қанчалаб одамларнинг ҳайратига сазовор бўлган. Ўрни келганда айтиб ўтиш бурчимки, камина, яъни иқтисод соҳасида таҳсил олган ва фаолиятини банкда бошлаган талабани – журналистикага йўллаган ҳам, қувватлаган ҳам – Беҳзод акам бўлади…
Шундоқ одам энди йўқ. Ёзаяпман-у, бўғзимга бир нарса тиқилиб келаяпти. Аламми у, ўзинг учун қадрдон бир одамнинг йўқлигига кўника олмаслик ҳиссими у, билолмаяпман. Ҳамюртларининг бағрини доғлаб кетган акам!.. Умрини меҳр-оқибатга бахшида этган акам!.. Илоҳим охиратлари обод бўлсин! Яшолмай кетган умрини, қувончларини – фарзандларига берсин! Боқий дунёга йўл олган акам, бундан буён – ўша обод қилган кўнгилларида, хотираларда яшайди! Шуниси таскин энди…
Ғалати ўхшашлик: бундан роппа-роса 4 йил олдин, кабиса йилида – айнан 2 сентябрь куни Биринчи Президент вафоти эълон қилиниб, бир кун ўтгач, жаноза ўқилганди. Энди эса айнан 4 йил аввалгидек – 2 сентябрь куни қазойи қадар етиб, 3 сентябрь куни кўҳна Самарқанд яна бир ўғлони билан мангуга видолашди. Бунда не синоат бор экан?..
Яратган Эгам, шу жонфидо бандангни ўз раҳматингга ол, сўроқларини осон қил, жойларини жаннатдан этгин!..
Юракни ҳувиллатиб кетдингиз-ку, Ака!..
Дарвоқе, мана бу сурат – шу йилнинг январь ойида, Беҳзод Зокировнинг 60 йиллик юбилейида олинганди. Ўшанда – дўстим, ҳамюртим Собир Шукуров билан Самарқандга қутлагани борганимизда, “Менинг икки шогирдим, икки қанотим” дея қанчалар қувонган эди.
Энди эса… Дийдор қиёматга қолишини – на мен, на Собиржон билибмиз…
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ