Комилжон Шамсиддинов: МУЛЗАМ БЎЛГАН ЭЛЧИ НАҚЛИ (Ислом Каримов ёди)
МУЛЗАМ БЎЛГАН ЭЛЧИ НАҚЛИ
АҚШдаги кечган ва кечаётган сайлов машмашалари, уларга бизнинг муносабатимизни кузата туриб, нисбатан яқин ўтмишда ўзим гувоҳ бўлган воқеалар хаёлга келди.
Ўша даврларда биз – Президент фаолиятини ёритиб юрган аҳли матбуот битта нарсадан ҳайратда қолардик.
Масалан, дейлик, Ўзбекистон раҳбари Россияга олиймақом ташрифини амалга оширган куннинг эртаси ё индиниёқ океан ортидан – АҚШнинг ташқи маҳкамасидан вакиллар ва ёхуд мудофаага масъул ҳарбий қўмондонлар шоп-шалопини осилтириб келиб турарди, денг.
Аксинча, бошқа куни амриқолик бирор вазир-у вузаро келсаям, эртасиёқ, кетини совутмай бирор ўрис қабули олийга кириб чиқарди. Буни “Таъсир доира учун кураш” деймизми ё бошқами, уни баҳоламоқ — сиёсатчиларга тан. Лекин бизнинг билганимиз – шундоқ машваратларга гувоҳ бўларканмиз, “Эртага барибир кўришамиз-ку, хайрлашиб нима қилдик”, дея ҳазил-ҳузул қилиб юрардик. Ўрганиш бўлиб қолганди-да.
Икки қутбнинг бу – гоҳ пинҳон, гоҳ ошкор жанг-у жадали тугамаса керак, деб ўйлайман: токи бирор жиддий синов ёки сабаб бўлмагунча, токи йўналиш аниқ белгиланмагунча, токи қатъий бир танлов амалга ошмагунча… Дарвоқе, қай даражада бўлишдан қатъий назар, ўз сўзингни қўрқмай, тап тортмай айта олишдаям ҳикмат кўп. Бир хотирани эслайман…
…Ўтган асрнинг 90-йиллари. Океан ортидаги қудратли давлатнинг янги тайинланган элчиси – ишонч ёрлиғини топшириш учун Ўзбекистон Президенти қабулига кириши керак. Кун-соат белгиланган, ҳамма нарса қабул учун шай, масъуллар қаққайиб саф тортиб турган. Аммо не кулфатким, элчидан дарак йўқ-да. Кўпчиликнинг хаёлида “Бу қандай бедодлик, бутун бошли мамлакат раҳбари элчини кутиб турса” деган гап.
Нақ 10-15 дақиқадан сўнг тоқатларни тоқ қилган арзанда элчи ҳеч нарса бўлмагандек кириб келса, денг. Барчанинг – кимда қўрқув, яна кимдадир қизиқиш зоҳир бўлган юзида “Қани, Президент бу кўнгилсизликка қай муносабат билдираркин”, деган иштибоҳ. Шунда Ислом Каримов салом-аликдан сўнг ҳеч ким кутмаган гап қилди:
— Сизга, жаноб элчи, нима совға қилсам экан, деб кўп ўйлагандим. Қарангки, мушкулимни ўзингиз осон қилдингиз. Камина сизга — доим тўғри ишлайдиган, ҳеч қачон тўхтаб ёки бузилиб қолмайдиган соат совға қиламан…
Бу гапни эшитиб, элчининг шолғомдек қизариб кетган юзини кўрсангиз эди. Тўғри-да, ўзини билган, ҳурмат қилган одам, боз устига дунёдаги энг қудратли давлатнинг элчиси – ўзлари камписандроқ ҳисоблаган бир давлат раҳбаридан шундоқ дашном эшитиб турса, қай ҳолатга тушиши мумкин…
Раҳматли бобонинг – дипломатик мулозамат-у илтифотларни бир четга суриб, ўрни келганда ана шундай дангал гап қиладиган чапани одати ҳам бор эди.
Энди ўйлайсанки, ҳамма гап – устоз ёзувчимиз айтганидек, “нимани танлаб, нимадан воз кечиш”да бўлса керак. Қатъият ҳеч замонда қусур саналмаган…
“Ажаб замон-э…” туркумидан
Р.S. Сурат интернетдан олинди ва унинг биз юқорида ҳикоя қилган воқеага алоқаси йўқ.

-
-
Тўғри, билган одам билиб олаверади хатоларини, ачитибгина савалаб қўйган эканлар. Хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига, сиёсатда ловуллаб ҳам кетиб бўлмайди.Халқимизда шошган қиз эрга ёлчимайди, деган гапам борку?!..Энди совғага келсак, менам журналистик фаолиятим давомида (41 йиллик, шунинг роппа роса 30 йили тв «Сиёсат» студиясида) жуда кўп шундай воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Ҳукумат тадбирларида, айниқса, сайлов жараёнларида қанчадан қанча ҳамкасбларимни ва бошқа одамларниям, кейинги йилларда 8-март байрамида гуруҳ-гуруҳ аёлларимизнинг, (ҳатто уроқда йўқ, машоқла йўқ, хирмонда ҳозир) шундай совға олганларининг шоҳидиман. Қўлларида кўраман, дарров танийман. Такрор олганларирниям биламан…Гап совғадамас,…Соатларим кўп ,барака топгур Жамшидбегим бундан хабардор бўлгани учунми, чиройлиларидан опкеберган. Аммо йилларим борда, пешонамнинг тери бор… Юракнинг бир чети «жиз» этиб кетади. Нима дейсиз энди?!..Азага келган ўз дардиниям айтиб йиғлар экан…Соатни кўриб эсимга тушиб кетди…«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
-