Муҳаммаджон РАҲМОНОВ: Тиниб тинчимас талаба укам Исмат Хушевга
Муҳаммаджон РАҲМОНОВ: ТИНИБ ТИНЧИМАС ТАЛАБА УКАМ ИСМАТ ХУШЕВГА
Талаба укам Исмат Хушевга
Муҳаммаджон Раҳмонов
…Бемаҳалда тақиллар эшик,
Ва кўринар таниш бир чеҳра.
Кириб келар хонамга тирик –
Ҳаяжон, завқ у билан бирга.
Қичқирар у остонаданоқ,
Усти боши шалаббо, башанг:
– Ташқарида ёмғир, дўл, чақмоқ
Сиз бўлсангиз, яшанг-е, яшанг…
Уникидир доим уй тўри,
Таклифни ҳам турмайди кутиб.
Тиниб тинмас ўсмир сурури,
Қўяр мени тамом ганггитиб.
Дам кулади, дам берар савол,
Баланд қўйиб овозларини.
Ҳушёр тортар кўриб бир маҳал
Столдаги қоғозларимни…
Жилмаяда гуноҳкорона
– Борай энди, мен кетдим, хайр…
Жўнайди у яна мастона,
Кўчаларда этгали сайр.
Термуламан маъюс ва карахт,
Анчагача у кетган издан.
Ёмғир – вақт, дийдор – вақт, гул ҳам – вақт,
Ошаяпмиз бизлар ўттиздан…
1980 йил. Тошкент.
“Дунё ўзбеклари” учун махсус
Юқоридаги суратда: Муҳаммаджон Раҳмонов (чапдан иккинчи) Тоштемир Шарипов, Абдулла Орипов, Исмат Хушев ва бошқалар Тошкентнинг “Вуз городок” шаҳарчасида…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ