Гуллаётган Фарғонам: Хайрулло Бозоров Шоҳимардонда…
Хайрулло Бозоров Шоҳимардонда…

Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров Шоҳимардон қишлоғида бўлиб, Ҳазрат Али мақбарасини зиёрат қилди, Ҳамза Ҳакимзода Ниё-зий музейи билан танишди. “Шоҳимардон” ва “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, жамоатчилик вакиллари билан учрашди.
Самимий мулоқот чоғида вилоят раҳбари мазкур қишлоқларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш юзасидан манзилли режалар ҳақида гапириб берди.
— Шоҳимардон сўлим табиати, шифобахш ҳавоси, зиёратгоҳ қадамжолари билан нафақат юртдошларимизни, ҳатто хорижий сайёҳларни ҳам ўзига жалб этган. Яқин келажакда бу ерда туризмни ривожлантирамиз, тарихий обидаларни мукаммал таъмирлаб, энг обод масканга айлантирамиз. Бунинг учун манзилли чора-тадбирлар белгиланган. Бунёд этиладиган дам олиш жойлари, маданият ва маърифат марказлари, тиббиёт муассасалари, албатта, халқимизга хизмат қилади, — деди вилоят раҳбари.
Мулоқот чоғида Хайрулло Бозоров аҳоли мурожаатларини тинглади. Муаммоларни тез кунларда бартараф этиш бўйича сектор раҳбарларига, дахлдор бошқармалар мутасаддиларига тегишли топшириқлар берди.
Хайр-эҳсон тадбирида Шоҳимардон ва ёрдонлик нуронийлар, фаоллар, кам таъминланган оилалар вакиллари бир дастурхон атрофида жам бўлдилар. Уйда ётган беморлар, якка-ёлғизларга ош, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Сўхда…
Бугун жойлардаги ислоҳотлар вақтни ҳам шошириб қўяётгани рост. Хусусан, анклав ҳудудда жойлашган Сўх туманида бўлган киши бунга гувоҳ бўлади. Давлат раҳбарининг жорий йил 8 августда қабул қилган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар босқичма-босқич ижобий ечимини топмоқда.
Қисқа вақт мобайнида туманда кенг кўламдаги ободонлаштириш, бунёдкорлик, йўл қурилиши, ҳудудларни муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш борасида амалий ишлар олиб борилди. Ўз навбатида, кичик саноат зоналарини ташкил этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали тараққиётнинг янги босқичига қадам ташланмоқда.
Қарорда белгиланган 5 та йўналишдаги кенг қамровли ишларнинг ижросига алоҳида эътибор қаратиляпти. Маҳаллаларда электр таъминоти яхшиланяпти, ичимлик суви тармоғини тортиш, асфальт ётқизиш ишлари давом этмоқда. Аҳолининг бандлигини таъминлаш, ижтимоий соҳа объектларининг моддий-техник базасини яхшилаш борасида ҳам салмоқли ишлар қилиняпти.
Ҳозирда кўмир конини ўзлаштириш, интенсив писта ва бодом боғи ташкил этиш, гипс маҳсулотларини қайта ишлаш каби йўналишларда инвестиция лойиҳалари тайёрланди. Келгуси йилда 65,2 миллиард сўмлик ана шундай йирик ишлаб чиқариш тармоқларини ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоровнинг туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари манзилли дастурига киритилган лойиҳалар ижроси билан танишуви “Чашма” маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркорлар, қурувчилар, аҳоли вакиллари билан учрашувдан бошланди.
Чашма булоғи атрофида рўй берган тартибсизликлар вақтида 3 та оиланинг уйи талафот кўрган эди. Айни кунларда улар учун янги уйлар қурилди. Хайрулло Бозоров бу ерда бўлиб, қўли гул усталар шаънига самимий фикрлар билдирди, халқимиз турмуш тарзига мос зарур қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Мазкур йиғин ҳудудида «Тарих» кўприги барпо этилаётган бўлиб, унга 2 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ ажратилган. Вилоят раҳбари бу қурилишни ҳам кўздан кечирди. “Зангат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 10-сонли мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, болажонлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Маҳалла эзгу қадриятлар маскани сифатида аҳолининг энг яқин кўмакчисига айланмоқда. Айни кунларда туманда 11 та маҳалла фуқаролар йиғини учун давлат-хусусий шериклик асосида хизмат хоналари қуриляпти. 4 та маҳалла биноси вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қад ростламоқда.
Вилоят раҳбари “Чумоқча” ва “Сариканда” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, янги бунёд этилган маъмурий бинодаги шароитлар билан танишди. Хусусан, Сариканда маҳалласида бугунги кунда 3 минг 500 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Тадбиркор Икромжон Сафоев томонидан давлат-хусусий шериклик асосида янги маҳалла биноси қуриб берилди. Бу ерда ходимлар учун барча шароитлар яратилган. Вилоят ҳокимлиги томонидан тумандаги 27 та маҳалла фуқаролар йиғинига компьютер жамланмалари топширилди ҳамда улар мебель ва бошқа жиҳозлар билан тўлиқ таъминланади.
«Сарибозорча» маҳалла фуқаролар йиғинида барпо этилган 29-ўрта таълим мактабининг очилиш маросими катта шодиёнага айланди. Мазкур мак-таб «Мирзақурбон» масъулияти чекланган жамияти томонидан 5 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ эвазига қурилди. Бу ерда ўқувчиларнинг замонавий билим ўрганишлари учун барча шароитлар яратилган. Вилоят раҳбари мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларга тўхталиб, мазкур янги билим маскани билан барчани қутлади. Мактаб жамоасига китоблар совға қилинди.
Сўх ўзининг қадамжолари билан ҳам машҳур. Ҳазрат Али, Маҳмуд Ғазнавий, Тошойна, Мозорбува каби зиёратгоҳлар доимо аҳоли билан гавжум. Вилоят ҳокими «Ҳазрат Али» зиёратгоҳида нуроний ота-хонлар билан суҳбатлашди. Шу ерда кам таъминланган оилаларнинг уч нафар фарзанди учун ўтказилаётган хайрия суннат тўйида иштирок этиб, тўй болаларни табриклади, уларга вилоят ҳокимлигининг совға-саломларини ҳамда банк муассасасида улар номига очилган омонат дафтарчаларини топширди.
Бугун сўхликлар Президентимизнинг эътиборини ҳис этиб яшамоқда. Айниқса, эҳтиёжманд оилаларга манзилли кўмак кўрсатиб келинмоқда. Бу гал ҳам 2,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган “Меҳр-саховат” карвони юзлаб оилаларни беҳад қувонтирди.
Вилоят ҳокимининг сўхлик қурувчилар билан учрашуви самимий ва очиқ мулоқот тарзида ўтди. Алоҳида массив танланиб, 10 та кўп қаватли турар жойлар қурилиши бўйича таклифлар ўртага ташланди. Бу борада мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,
Рустам ОРИПОВ.
Элёр ОЛИМОВ
олган суратлар.