Абдусаид Кўчимов: Адибнинг 20 йилдан кейинги илк китоби — Эврил Турон ёди…
АДИБНИНГ 20 ЙИЛДАН КЕЙИНГИ ИЛК КИТОБИ
Ўзанига сиғмай тўлиб-тошиб оқаётган дарё.
Баланд тоғларни кунпаякун қилмоқ қасдида пишқириб-ҳайқириб қирғоқларни ларзага солаётган асов тўлқинлар.
Ғайрати вужудига сиғмай кетаётган — “ичида деви бор” одам…
Ва Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон)…
Мамадали Маҳмудовга бу дунё торлик қилди — шу дунёда яшаб, шу дунёга сиғмади; шу жамият ичида туриб, шу жамият ўлчамларига бўйсинмади. Ўзи истаганча, ўзи хоҳлаганча эркин кун кечирди. Ҳеч кимга эгилмади, ялинмади, қуллуқ-хушомад қилмади. Ҳеч қайси куч, ҳеч қайси тўсиқ, ҳатто, ўн тўрт йиллик қамоқ азоблари ҳам ундаги жангари руҳни сўндиролмади. “Ўлмас қоялар” романига қарши туҳмат тошлари отилган ва М.Ваҳабов деган профессор томонидан унга “шовинист” тамғаси босилган оғир кунлар ҳам заррача буколмади иродасини. Жисмидаги бежилов шиддат ижодига кўчди. Ушоқ ҳикояларидан то қиссаю романларигача – ёзганларининг ҳаммасида унинг ўжар ва қайсар туйғулари, орзу армонлари аксланди. Ижодидаги бирда мунгли, бирда сирли оҳанглар, ҳеч қайси ёзувчиникига ўхшамайдиган шоирона тасвирлар, дабдурустдан юракларни сирқиратиб юборгувчи тимсоллар, ҳаққоний манзаралар, дардчил тафаккур силсилалари минг-минглаб ўқувчиларни мафтун қилди, неча милиёнларни сеҳрлайди ҳали яна. Ватанга, Миллатга бўлган оташин севги, адоқсиз садоқат – адибга куч берган қудратли тўлқинлар эди. Ўзбек учун жон беришга тайёр чин миллатчи, ватанпарвар шахс эди Мамадали Маҳмудов. У ҳали шўро шамшири кўз олдимизда қонсираб турган кунлардаёқ босмачилик ҳаракатини оқлаб чиқди. Бу ҳаракат аъзолари босмачи эмас – босқинчиларга қарши курашга бел боғлаган эрк ва озодлик курашчилари, ҳақиқий ватанпарварлар эканини юксак бадиий образларда қўрқмай, катта жасорат билан кўрсатиб, исботлаб берди. У барча асарларида ўз халқининг асл туйғуларини, руҳий оламидаги, феълу атворидаги фазилату кечинмаларни ич-ичидан ўрганди, эъзозлади ва гувраниб-эмраниб тасвирлади-ки, ёзганлари нафақат ўзбек насри тараққиётида алоҳида ўрин эгаллади, балки, туркий ва дунё адабиётида ҳам эътироф этилди, муносиб баҳоланди – жаҳон халқларининг ўттиздан ортиқ тилларига таржима қилинди.
Кучи, ғайрати ўзига сиғмайдиганларнинг ҳаёти бошқаларникидан кескин фарқ қилади – оғир кечади ҳар лаҳзаси: гоҳо ўзлари-ўзларига ташвиш сотиб олсалар, гоҳида кутилмаган хатоларга изн бериб, аччиқ қисматга дуч келадилар. М. Маҳмудов ҳам олағовур замонлар соясида юзага чиққан айрим “даҳоча”лар таъсирида адашди ва қарийб йигирма йил ана шу адашувларнинг аччиқ азобини тортди. Озодликка чиққанидан сўнг оғир хатосини зил изтироб ичида тан олди. Бу дунё билан видолашувидан икки ойча аввал Дўрмонда, Ёзувчилар боғидаги гурунгда: “Аттанг, эсим кеч кирди, кўзим кеч очилди”, — деган афсус-надоматлари қулоғим остида эшитилиб турибди ҳозир ҳам. Балки, бу сўзлар бундан йигирма йил аввал айтилганида… “Боғдон қашқири”, “Ўлмас қоялар”, “Қора дўлана”, “Ойнур” сингари яна неча-неча роману қиссалар адабиётимиз жавонини бойитган, маънавият хазинасини безаган бўлармиди…
Кайфияти баланд, димоғи чоғ, ҳаётдан мамнун, жўшқин ижод ҳолатида эди умрининг сўнгги кунларида Мамадали ака. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўразбой Абдураҳмонов ўн саккизинчи, мен ўн бешинчи коттежда турардик. Мамадали акани ўн учинчи коттежга кўчиб келганини эшитибоқ икковимиз кўргани бордик. Қорувли бир йигит билан ҳовлини тартибга келтираётган экан. Дарахтларнинг қуриган ортиқча шох-новдалари кесилиб, сандалбоп қилиб тахланган, ўйдим-чуқурлар текисланган; уй эгасининг севинчи чексиз, қоматига ярашиб турган яп-янги спорт кийими янаям бахтиёр, янаям ёш қилиб юборганди уни. Анча вақт гурунглашиб ўтирдик.
-
Ҳозир мендан зўр одам йўқ! – деб ёқимли жилмайди Мамадали ака. – Бирданига иккита домлик ва коттежлик бўлдим. Бошпанасиз, Чирчиқ деган шаҳарларда сарсон бўлиб юрувдим, Президентимизнинг ўзи Юнусободдан, шундайгина метростанция ёнидаги элитний домдан уч хоналик уй совға қилди. Ёзувчилар союзи бўлса, ҳам икки хонали квартира, ҳам мана шу коттежни берди. — Фақат пенсиямни тўғрилаш қийин бўляпти, — уйчан давом этди хиёл ўйга толиб. — Олти юзгаям етмайди, ишлаган жойларимдаги ҳамма ҳужжатларни йўқ қилиб юборишган экан қамоқдалигимда. Яна жимиб қолди. — Ҳаммаси тўғриланади, дейишди, — шашт билан давом этди кейин. – Ишлаш керак энди. Ватанда бўлаётган янгиланишларни ёзиш керак. Биргина Жиззахни ўзида бўлаётган ўзгаришлар унча-мунча китобга сиғмайди. Ҳали бир ҳафтаям бўлгани йўқ бориб келганимга. Вой-вў-ўй! Эртакка ўхшайди. Бундай тараққиётни кўрмаган кимсаларнинг кўзи оқиб тушади. Эссе ёзгандим “Олтин водий” деган. Сизни ЎзАда, “Ишонч” газетида чиққан. Шуни давом эттириб, катта китоб қиламан”.
Мамадали ака шу куни бизга яна бошқа кўплаб ижодий режалари тўғрисида гапириб берди. Биз ундан, ўзбек миллатининг келиб чиқиш тарихи; Зардуштий, Яҳудий, Буддавий, Насроний, Ислом динлари дунёга келмаган замонларда ҳам хунлар бўлгани, турк ботирлари жасурликни ўз аждоди – Хундан мерос қилиб олгани; туркий авлодимиз араб, юнон, эрон, рум, оссурий, ҳинд, хитойлардан кўп юз йиллар олдин, ҳали Оврўпо, Америка ухлаб ётган замонларда шаҳар-давлат қургани; ёзувни кашф этгани, мактаб очгани, шу алфавит — Шумер, Этруск ёзувлари асосида Еврей, Миср, Урарту алифболари вужудга келгани, қисқаси, ўзбекнинг тарихи жуда узоқ замонларга бориб тақалиши ҳақида “Дунё цвилизацияси бешиги” номли туркум эсселар ёзаётганини қизиқиб, маза қилиб эшитдик. Алпомиш достонининг пайдо бўлишига доир “Афсона ва ҳақиқат” асарини ёзиб, тамомлаганидан хурсанд бўлдик.
Йигирма йилча унутилган, бир умр миллатим деб ёниб куйган-у, аммо, миллий матбуотда бир қатор ҳам сўзи чиқмаган адибнинг тилидан бундай гапларни эшитиш ҳам қувончли, ҳам аянчли эди. Умрининг сўнгги йилларини маломат тошлари остида ўтказган ардоқли шоиримиз Абдулла Орипов: “Оҳ, инсон қисмати бунчалар чигал” деганда нақадар ҳақ эканига тирик гувоҳ бўлиб турар эдик учовимиз ўша дақиқаларда.
Чигалликни кўрингки, шунча йиллар четга суриб ташланган адиб бошқаватдан Ёзувчилар уюшмасига қабул қилинди, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” журналларида, “Ўбекистон адабиёти ва санъати”, “Ишонч” газеталарида ҳикоя, қисса ва эсселари чоп этилиб, бошида яна офтоб чарақлаб, ярақлай бошлаган дориломон кунларда бу ёруғ олам билан абадий видолашди. Адибнинг бой ва ранг-баранг адабий мероси таскин беради энди ҳаммамизга. Узоқ йиллардан буён чоп этилишини кутиб ётган гўзал асарлари жуда кўп унинг. “Академнашр” томонидан нашр этилаётган қўлингиздаги китоб суюкли адибимизнинг янги – йигирма йилдан кейинги биринчи китобидир. Бу китобнинг ўзига хос қимматли фазилатлари ҳақида мен ҳеч нима демайман. Фақат, Эврил Туроннинг ушбу китоби ҳаммамизга муборак бўлсин, уни ўқинг ва уқинг азиз ўқирманлар, дегим келади.
Абдусаид КЎЧИМОВ
16. 11. 2020 йил
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ