Бош прокурорга мактуб: “ИССИҚЛИК МАНБАИ” КАЛАМУШЛАР ҚЎЛИДА…
РЕСПУБЛИКА БОШ ПРОКУРОРИ Н.Т.ЙЎЛДОШЕВ ДИҚҚАТИГА
“ИССИҚЛИК МАНБАИ” КАЛАМУШЛАР ҚЎЛИДА…
Уй – жой коммунал вазирлиги томонидан 2018-2019 йиллар давомида Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларида “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш Бошқармасига қарашли қозонхоналарга янги қозонлар қуриб берилган. Бу қозонларни ўрнатишда жиддий технологик нуқсонлар мавжуд деган важ билан ИЧ собиқ раҳбари Х.Мухиддинов “ўз аризасига” мувофиқ ишдан бўшатилган.
Шундан сўнг, 1996-2015 йиллари Ўзбекистон Республикаси Қуцролли Кучлари сафида хизмат қилган подполковник Рахимов Қудратжон Комилович вазирлик томонидан Тошкент вилоят “Иссиқлик манбаи” ИЧБ директори этиб тайинланган.
Қ.К.Рахимов ушбу лавозимга тайинланганидан сўнг, ўз сафдоши Набиев Лочин Хасанбоевични – ИЧБ директори биринчи ўринбосари, ҳарбий подполковник Ваҳобов Рустам Рисқибоевични кадрлар бўлими бошлиғи, собиқ ҳарбий Бахтиёр Менгноровни – бош муҳандис лавозимига тайинлаб, ААбдуразоқ Шахобуддиновни ИЧБ ҳуқуқшуноси, Аюбхон Таирович Мамаджановни юридик бўлим бошлиғи лавозимларига шартнома асосида ишга жалб этиб бошқармада ҳарбий “режим” ўрнатишдан бошлаган.
“Дунё ўзбеклари” халқаро интернет нашрининг аввалги сонларидаги очиқ мурожаатимизда Тошкент вилояти “Иссиқлик манбаи” Ишлаб Чиқариш Бошқармаси томонидан электрон биржа орқали сотувга қўйилган Красногорск қўрғонидаги 2, 3-сонли қозонхоналарни “АЛИ АКБАР БАРАКА ПЛЮС” МЧЖ сотиб олган бўлсада, ИЧБ янги раҳбари Қудрат Раҳимов қозонхонани демонтаж қилиш ишларини таъмагирлик мақсадида тўхтатиб қўйгани, хақида хабар берган эдик.
Электрон биржа орқали сотиб олганимиздан сўнг бизнинг мулкимизга айланган ускуналарни олиб чиқиб кетишимиз учун, дастлаб вазирликдаги ҳомийси Равшан Жўраевга бериш учун 10 000 АҚШ долари талаб қилган ва Бош прокуратура, Бош прокуратура қошидаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Ҳарбий прокуратура, ДХХ биргаликда тадбир ўтказган тадбир чоғида ИЧБ раҳбари Қ.Рахимовнинг муовини Санжар Едгоров 6000 АҚШ долларини пора сифатида олаётган вақтда қўлга олинсада қўйиб юборилган, ўша куни сўроқ қилинган Қ.Рахимов эса пора олиш учун унинг хизмат машинасида келган ўз муовинини танимайман деб ёлғон кўргазма бериб қутулган эди.
Лекин, бизнинг мурожаатимиз 11 ноябрь куни “Дунё ўзбеклари” нашрида чоп этилиб, Исмат Хушев Юзма – юз кўрсатувида алоҳида шарҳ берганидан сўнг, Бош прокуратура назоратигаолиниб, Санжар Ёдгоров қамоққа олинсада, унинг озодликда қолган шериклари ўз жиноий фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
Яъни, ўтган 3 ой ичида Қудрат Раҳимов танимаган Санжар Ёдгоров жиноий шериги Бахтиёр Менгноров билан ИЧБ тасарруфидаги моддий бойликларни ўзбошимчалик билан талон – тарож этиш билан шуғулланганлар. Хусусан, Нурафшон шаҳри, Чиноз, Қуйичирчиқ туманларидаги қозонхоналар ва Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳарчасидаги ПОЭСИ бойлерхонасининг металл конструкциялари ва турли диаметрдаги қувурлари демонтаж қилиниб, шундан 10-15 милион сўмлиги металломга топширилиб, бир неча 100 миллион сўмлик темир ускуна ва анжомлардан иборат моддий бойликлар тўғри бозорга сотувга чиқарилиб ўзлаштириб юборилмоқда.
Яъни, фаолияти тугатилган козонхоналарда ўрнатилган темир конструкцияларни металлом хисобига йуқ килиб юбориш жараёнида тахминан 100 тн металлом олиниши мумкин бўлган объктдан бор йўғи ўртача 10 тонна металлом топширилиб колгани шахсий манфат учун йуналтирилмокда.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг 01.07.2019 йилдаги 196-сонли, Тошкент вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг 13.05.2020 йилдаги 60-сонли буйруқларида моддий бойликларни белгиланган тартибда аукцион орқали сотиб ишчи ходимларнинг ойлик маошларидан қарздорликни ёпиш назарда тутилган бўлсада бошқарма бошлиғи Қудрат Раҳимов бош инженер Бахтиер Менгноров билан биргаликда Санжар Ёдгоров воситасида бир неча 100 миллионлик моддий бойликларни талон-тарож этишгани ҳолда энди уларни қалбаки ҳужжатлар асосида ўзга шахслар бўйнига илиб уларни жавобгар қилишга астойдил киришганлар.
Балким, ҳарбий соҳанинг устаси бўлган Қ.Рахимов бошчилигидаги собиқ ҳарбийлар “Иссиқлик манбаи” Ишлаб чиқариш Бошқармасини тўлиқ “ишғол” этганлари оқибатида стратегик аҳамиятга эга корхонада ушбу соҳа бўйича малакали мутахасислар деярли қолмаган.
Ҳарбийлар фақат ғалаба учун ҳаракат қилишади. Улар учун мақсадга етиш омиллари қандай бўлишининг аҳамияти йўқ. Ўз атрофига собиқ сафдошларини тўплаб, вилоят ишлаб чиқариш Бошқармасини каламушдай талаётган подполковник Қудрат Рахимовнинг давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни эгаллаб ўз устозининг қизи донишманд сиёсатчи аёл Беназир Бхуттони ўлдиртирган Покистон Бош вазири генерал Парвез Мушаррафдан деярли фарқи йўқ!
Қ.Рахимов ўз муовинини танимайман., деса лақмаларча ишонадиган, терговга чақирилган гумонланувчилар билан бирга чойхонада ош ейишдан ор этмайдиган, порахўрлик, давлат мулкини талон – тарож этиш жамият учун нечоғлик оғир жиноят эканлигини тушунмайдиган Қибрай туман прокурори ва унинг ходимларига ишонч йўқ!
Ҳурматли Ниғматулло Тўлқинович!
Юқорида келтирилган маълумотларга қонуний баҳо бериш учун Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилоят Қибрай туман бўлими томонидан қўзғатилиб Қибрай туман прокуратурасига юборилган 272483/2020-18-сонли жиноят ишини ўз назоратингизга олиб, Бош прокуратура томонидан холис текширув ўтказишингизни ва уюшган жиноятчилик ҳақида хабар берган фуқаро сифатида мени ва оила аъзоларимни қонун ҳимоясига олишингизни сўрайман!
Камоли эҳтиром ила –
М.С.Бекхўжаев
“АЛИ АКБАР БАРАКА ПЛЮС”
МЧЖ директори.
16.11.2020 й.
Телеграм: +99897- 707 11 18
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ