ЎзА: Собиқ прокурор нега судга мурожаат қилди?

ЎзА сайтида жорий йил 2 март куни “Шайна” жиноий тўдасини қўлга олган Қашқадарё прокурори ҳибсга олиниб, ертўлада қийноққа солинди, нега?” сарлавҳали видеоматериал эълон қилинган эди. Унда бир қанча жиноий тўдаларнинг кирдикорларини фош қилган, ишчанлиги боис ҳамиша яхши тавсифланган Қашқадарё вилояти прокурори биринчи ўринбосари Фарҳод Шаймановнинг тақдири ҳақида сўз борганди.
Фарҳод Шайманов ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўз касбига садоқат билан ёндашиб, давлат ва халқ мулки бўлган ер ости бойликларини кўп йиллар давомида жуда кўп миқдорда талон-тарож қилиб келаётган жиноий тўданинг кирдикорларини ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда фош этиб, уларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлашга ҳисса қўшган бўлса-да, адолатсизлик қурбони бўлганди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар сабабли, Олий суд томонидан буткул оқланган эди.
Мазкур материал эълон қилингач, собиқ прокурорнинг кейинги тақдири, ҳуқуқларининг тикланиши, масъул идора-ташкилотларнинг унга нисбатан муносабати қандайлиги тўғрисида мурожаатлар бўлди. Шу боис, биз полковник Фарҳод Шайманов билан яна боғландик.
Полковник Фарҳод Шайманов даъвогар сифатида асоссиз буйруқлар чиқаргани, ноқонуний ишдан олишгани учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасини жавобгар сифатида белгилаб, Олий судга мурожаат қилганини маълум қилди.
Бу иш Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судида кўриб чиқилди. Очиқ суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), “Эзгулик” жамияти аъзолари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Суд мажлисида даъвогар Ф.Шайманов жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, қўшимча жавобгарлар Тошкент шаҳар молия бошқармаси ва Тошкент вилоят молия бошқармасига нисбатан ишга тиклаш, моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси ва буйруқларни ҳақиқий эмас, деб топиш ва лавозимга тиклаш ҳақидаги қўшимча даъво аризалари билан мурожаат қилган.
Даъвогарнинг айтишича ва келтирилган далилий ҳужжатларга кўра, жиноий тўда жиноятини аниқлаган ва уларнинг ғаразли фаолиятига чек қўйган мутахассисни Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг (ўша пайтда Р.Қодиров) Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига 2006 йил 18 январдаги мурожаатида Фарҳод Шайманов малакали ва тажрибали ходим сифатида ижобий тавсифланиб, кўплаб вилоятларда самарали фаолият юритгани қайд этилган ҳолда уни эгаллаб турган Қашқадарё вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод қилиб, Сурхондарё вилоят прокурори ўринбосарлигига тайинлаш (лавозим туширилиши) учун розилик сўралган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 92-моддасига кўра, “Бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин.”
Судья Х.Қурбонова даъвогардан Жиноят ишлари бўйича судга моддий ва маънавий зарарни ундириш бўйича мурожаат қилган-қилмаганини сўради. Ф.Шайманов моддий зарарни ундириш учун судга мурожаат қилгани, аммо бу борада ижобий ечим топмаганини қайд этди.
Жавобгар томон – Бош прокуратура вакили А.Айтмуродов даъво аризани қисман тан олишини, даъвогарнинг ишга тиклаш ва буйруқларни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги даъво талаби бўйича бир ой муддат ўтгани ҳақидаги даъво муддатини қўллаган ҳолда мазкур даъво талабини рад қилишни, етказилган моддий зарарни ундириш ҳақидаги даъвоси оқлов ҳукмини чиқарган Жиноят ишлари бўйича судга боғлиқ бўлгани учун бу даъво юритувини тугатишни, маънавий зарар бўйича мурожаат қисман қаноатлантирилишини сўради.
Аммо у ҳозирги вазиятда ҳам даъвогарни қоралайдиган ҳеч бир ҳужжат мавжуд эмаслигини қайд этди. Ф.Шайманов асоссиз ишдан олинган, айбланган собиқ прокурор сифатида бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги мустақиллик, эркинлик, Президент томонидан таклиф қилинаётган янгича сиёсат боис, ўз ҳуқуқларини тикласа бўлишига ишончи комил бўлгани учун мурожаат қилганини айтди.
Судья Хуршида Қурбонова ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан адолатни тиклаш учун исбот бўлувчи ҳужжатларни бир неча бор сўраганини, жавобгар томон вакили даъвогарни қоралайдиган, салбий фикрли ҳеч қандай ҳужжат мавжуд эмаслигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси ФПКнинг 72, 220, 249-251-моддалари қўлланилиб, суд қарор қилди.
Даъвогар Ф.Шаймановнинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, қўшимча жавобгарлар Тошкент шаҳар молия бошқармаси ва Тошкент вилоят молия бошқармасига нисбатан ишга тиклаш, моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъво аризаси ва буйруқларни ҳақиқий эмас деб топиш ва лавозимга тиклаш ҳақидаги қўшимча даъво аризалари қисман қаноатлантирилди.
Даъвогар фойдасига 100 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди. Буйруқларни ҳақиқий эмас, деб топиш ва лавозимга тиклаш ҳақидаги қўшимча даъво аризаси мурожаат қилиш муддати ўтгани боис рад этилди.
Шунингдек, ҳал қилув қароридан норози томон, белгиланган муддатда апелляция тартибида шикоят, прокурор протест келтиришга ҳақли.
***
Суд ўз сўзини айтди. Бу қарордан кимдир рози бўлди, кимнингдир кўнгли тўлмади.
Судда иштирок этган, жараёнларни кузатиб турган бир журналист сифатида менда ҳам айрим мулоҳазалар туғилди.
Аввало, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият барпо этилаётганини таъкидламоқчиман. Юртимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар туфайли инсон эркин, фақат қонунларга риоя қилиб яшайдиган ҳуқуқий давлат қурилмоқда. Бундай жамиятда ҳамма нарса инсон учун бўлади. Ҳар бир фуқаронинг ўз имкониятларини рўёбга чиқариши, орзу-ниятларига етиб яшаши учун қулай муҳит яратилади. Ривожланган дунё шундай яшамоқда.
Суд қарори шу йўлда бизда ҳам дадил қадамлар қўйилаётганини билдиради. Зеро, бундан бир неча йиллар илгари Бош прокуратура билан судлашиш, унда маълум бир натижаларга эришиш тасаввур қилиб бўлмайдиган воқелик эди. Бугун эса кўрдикки, бу ҳол мумкин экан.
Аммо, афсуски, Фарҳод Шаймановга ўхшаган – ноҳақ жабр чеккан, таржимаи ҳолига нотўғри “қора чизиқ” тортилган кадрлар ҳаётимизда учрайди. Фарҳод Шайманов ҳам мавжуд муҳитга мослашиши, жиноят олами билан муроса қилиши ё “келишиши” мумкин эди. Балким шунда тинчгина ишлаб юрган, балки лавозими бир поғона кўтарилган бўлармиди?
Лекин ундай бўлмади. Чунки у бунақа тарбия топмаган. Ўз вазифасини ҳалол бажарди, касбига, уни прокурор қилиб тарбиялаган халқи, Ватанига хиёнат қилмади.
Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ қилинаётгани, ҳақиқий адолат ҳимоячисига айланаётгани ноҳақ айбланганлар, айби исботланмай умри ўтганларда умид уйғотди.
Шайманов шундайлардан бири. Янги Ўзбекистон – янги жамият қураётган юртга Фарҳод Шаймановга ўхшаган инсонлар доимо керак бўлади.
Барно Мелиқулова, ЎзА