Хосият Бобомуродова——: Эврил Турон хотирасига («Ўтганлар ёди» туркумидан)
ЭВРИЛ ТУРОН
“Оғзинг тўла қон бўлса ҳам, душман олдида тупурма”, дейдилар. Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) ҳақида ўйлаганимда шу мақол ёдимга келади. Унинг дардлари жуда кўп эдики, қора қонлар бўғзига қадар келган эди.
Ўн саккиз йил ўзи севган ватандан, оиласидан, фарзандларидан айрилиқда яшаш, қуёшга, ҳавога интизорлик, эркига, қўлига солинган кишанлар азобини чекиш, оёқларининг бармоғини кесиб туз сепганларига чидаш осонмиди?!
Мен уни узоқ йиллар кўрмаган эдим, чорак асрми, билмадим. Мен кўрганда унинг сочлари қора эди, мағрур эди, қадди тик эди. Юраги ҳам, тишлари ҳам бутун эди. Унинг асарларидаги руҳдан ҳайратланар эдим. У миллатини, эркини тинмай ҳимоя қилар эди. Унинг жанжалкашлигига кўп тушуниб етавермас эдим… Аммо жуда кўнгилчан, ҳар кимга, ҳар доим ёрдам беришга тайёр эди. Бировга бекор озор бермас, саховатли (кучи етганча) эди. Мен унинг битикларини ва қалбини танир эдим.
Илк сўзидан бошлаб, сўнг сўзларигача Ватан деди, миллатим деди, ўзбегим деди. Ҳатто қизларининг бирини исмини ҳам Ватан деб номлади.
Унинг мукофотлари ҳам, унвонлари ҳам йўқ. Фақат энг оғир турма – “Борса –келмас” да олган сонсиз жароҳатлари, еган калтаклари, товонига сепилган тузлари бор холос.
Шоҳлар ҳам одамларни бахтли ё бахтсиз қилишга қодир экан. Бири Мамадали Маҳмудовнинг ёшларга оловдек таъсир қилишидан қўрқиб, келмайдиган жойга жўнатди. Бирининг адолатли қўллари уни қутқарди, эрк берди. У турмадан чиққанида қайта-қайта яраланиб, инфаркт олган юраги, эзилган вужуди ва сўнмаган умидлари бор эди.
Унинг исёнларга тўла ҳайқириқларини бутун дунё адолатпарварлари таниди ва тан олди. Турмадан чиқиб ҳам тинч турмади. Шундай аччиқ ҳақиқатларни ёзардики, одам фикр билдириш у ёқда турсин лайк тугмачасини ҳам босишга қўрқарди. Менинг машқларим ҳақида фикр билдиришга ҳам вақт топган эди.
Ҳамма гапларим шундан иборат эмас, мен Эврил Туронга ўхшаб, қўрқмас шер эмасман…
ЭВРИЛ ТУРОНГА МАРСИЯ
Йиғла, миллат,ўғлинг Эврил Турон кетди,
Чинорларни чайқалтирган бўрон кетди,
Яна қачон келар шундай мард ўғлон,
Номи мангу ўчмас бўлиб сурон кетди.
Шер отар дейдилар, овчининг зўри,
Минг йилга етарди қалбининг қўри,
Ногоҳда ўради ўлимнинг тўри,
Сиғмайин тор жаҳонга ур, ён кетди.
Золим фалак, бағринг бунча тош,
Мажнуна тол, кўтарсангчи, бош,
Эркталаблар қандоқ берар дош,
Эврил ўғлинг бағри тўла қон кетди.
Юз ўттиз йил топталди эрким деди,
Бош бўғиним – миллатим, турким деди,
Бош эгмагин, ғурурим- кўрким деди,
Суяшмадик қаддин, ярим жон кетди.
Оғзи тўла қон бўлса ҳам тупурмади,
Отлиқларнинг оғилини супурмади,
Ҳолидан нолишни ҳеч эп кўрмади,
Оҳким, етмиш томирда исён кетди.
Элини уйғотиб, ухлашга кетди,
Жалолиддин шоҳни йўқлашга кетди,
Тупроқ тўшак, ёстиғи тошга кетди,
Еру кўкка сиғмаган осмон кетди.
Ҳосият Бобомуродова, шоира.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ