Сайди УМИРОВ: СЎЗНИ УЛУҒЛАГАН ИНСОН… (МАҲМУД САТТОРОВ ЁДИ)
Сайди УМИРОВ: СЎЗНИ УЛУҒЛАГАН ИНСОН… (МАҲМУД САТТОРОВ ЁДИ)
Сўзни улуғлаган инсон
Таниқли ношир, моҳир публицист, иқтидорли олим Маҳмуд Сатторов шу кунларда қутлуғ 60 ёшини қаршилаётир.
У ҳозир Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослашган “Адолат” нашриётига раҳбарлик қилиш билан бирга, қатор илмий-публицистик мақолалари, адабий-бадиий асарлари билан журналистикамиз, публицистикамиз ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.
Куюнчак ҳамкасбимизга сермаҳсул ижод, мустаҳкам соғлиқ тилаб, машаққатли фаолиятида омад ёр бўлсин деймиз.
Маҳмуд Сатторов — таниқли ношир, публицист, олим. Унинг миллий матбаачилигимиз, журналистикамиз саҳнига кириб келиши ўтган асрнинг 70-йилларига тўғри келган эди. Ўшанда университетни битириб, уч йил муаллимлик қилган ёш йигит “Ўқитувчи” нашриётига келиб таниқли ношир Наримон Ҳотамовга ҳам илмда, ҳам иш фаолиятида шогирд тушди.
Ёш мутахассисда нашриёт муҳаррирлари учун зарур бўлган икки истеъдод кўзга ташланарди: биринчиси, узоқ туман мактабида ишлаб, муайян тажриба орттиргани бўлса, иккинчиси, ижодкорлик қобилияти эди. Шу икки хислати боис, қолаверса, тинимсиз изланишлари натижасида орадан йиллар ўтиб, Маҳмуд Сатторов ношир, муҳаррир, журналист сифатида етилди, таниқли ижодкор олимлардан бирига айланди. У ўз фаолияти давомида фақат нашриёт муҳаррирлиги билан чекланиб қолмай, бир неча рисолалар, китоблар ёзди. Айниқса, унинг “Миркарим Осим”, “Ватан осмони”, “Олис юлдузлар жилоси” каби китоблари тез орада зиёлилар тилига тушди.
Ўтган асрнинг 80–90-йиллари, истиқлол арафасидаги ижтимоий ҳаёт бугун кўпчиликнинг хотирасидан ўчгани йўқ. Матбуотда миллий тил, адабиёт, қадриятлар, урф-одату халқ удумларини тиклаш учун катта кураш бошланган пайтлар. Ана шу жараёнда Маҳмуд Сатторов ҳақиқий ўзбек зиёлиси сифатида фидойилик кўрсатди. Бу борада бир-икки мисолни келтириш кифоя. Хусусан, собиқ «Ёш ленинчи» (ҳозирги «Туркистон») газетасида муаллифнинг «Жалолиддин Мангуберди» номли салмоқлигина очерк-эссеси босилди. Ўша даврда собиқ тузум мафкураси учун Жалолиддин Мангубердини миллий қаҳрамон сифатида улуғлаган бу асар гўё саратонда қор ёққандек гап эди. Зудлик билан очерк изидан муаллифни миллатчиликда, бошқа халқларни камситишда айблаб, жавоб мақола чоп этилди. Хайриятки, фидойи зиёлилардан академик Бўрибой Аҳмедов ва ёзувчи Маҳкам Маҳмудовнинг “Нур ва зулмат кураши” номли чиқиши эълон қилиниб, “Жалолиддин Мангуберди” мақоласи нур рамзи сифатида “оқлаб” олинди…
Яна бир мисол. Маҳмуд Сатторов бадиий адабиётда тарихда ўтган миллий қаҳрамонларимизни улуғловчи, аждодларимиз жасорати, ватанпарварлик руҳи билан суғорилган асарлар ва улар муаллифлари бадиий маҳоратини таҳлил этувчи номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Лекин унинг илмий ишини кўролмайдиганлар ҳам топилди. Натижада ана шу “дўст”лар ёрдами билан олим ўз диссертациясини бир мунча кечикиб, қийинчиликлар билан ёқлади.
Маҳмуд Сатторовнинг публицист ва ноширлик фаолиятининг ибратли жиҳати шундаки, у тоталитар тузумнинг сўнгги йилларида, истиқбол кўнглига умид солгани сабаб ўзбек миллатининг тили, урф-одати, анъаналари, йўқолиб кетаёзган қадриятлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Ўзбек удумлари”, “Ўзбекнинг гапи қизиқ” каби китобларини ёзди. Адиб бу мавзуларга асос бўлган кузатишларини дастлаб турли газета-журналларда эълон қилиб, ёшлар онгига сингдириб борди. Сўнг уларни китоб ҳолида нашр қилдирди. Мана, орадан шунча йил ўтибдики, бу китоблар қайта-қайта нашр этилиб, халқимизга хизмат қилиб келмоқда.
Қаҳрамонимиз кейинги йилларда Адлия вазирлигининг Ўзбекистонда ҳуқуқий маданиятни такомиллаштириш мақсадида фаолият олиб бораётган “Адолат” нашриёти раҳбари сифатида ўз ижодини ҳуқуқий-маърифий мавзуларга қаратди. Нашриёт томонидан чоп этилган “Ўзбекистон ҳуқуқшунослари”, “Давлат ва миллат рамзлари” туркумидаги оммабоп китоблар бугунги кунда ёш авлод ҳуқуқий маданиятини шакллантиришда муносиб хизмат қилиб келмоқда.
Адиб ижоди кенг қамровлидир. У ёзган мақолалар, китоблар номларига эътибор берадиган бўлсак: “Ўзбек удумлари” — элшунослик, фольклор-этнография, “Ўзбекнинг гапи қизиқ” — тилшунослик, “Ватан осмони” — бадиий публицистика, “Олис юлдузлар жилоси” — адабиётшунослик, “Инсон эрки — олий ҳуқуқ” — ҳуқуқшунослик, “Доира сеҳри” — санъатшунослик, “Тоғлар гавҳари” — геология-минералогия соҳаларига мансуб асарлар сифатида бугун ўзбек китобхони кутубхонасини бойитиб турибди.
Касбим тақозосига кўра, кўп йиллардан буён публицистлар ижодини кузатиб келаман. Кейинги йилларда кўп ва хўп ёзаётган публицистларимиздан бири, шубҳасиз, Маҳмуд Сатторовдир. Ношир қўл ураётган мавзуларнинг долзарб ва қамровдорлиги, тилининг бой ва жозибадорлиги унинг тарих илми, этнография, фалсафа ва, албатта, адабиётдан чуқур хабардорлигидан дарак беради. Ана шу ижодкор дўстимиз, халқ қадриятлари ҳаётийлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ҳамкасбимизга янги-янги ижодий муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Сайди УМИРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат