"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Мақсуда Эргашева: Очиқ дарвозадан мўралаганда… (Уйда ўтирган аёллар)

Бош мақола, Ватандан хабарлар, Воқеа ва ҳодисалар | 13/11/2020 22:56-     10839 марта ўқилди

Мухаммаджон Обидов

Image may contain: one or more people and indoor
Фарғона ҳақиқати
Очиқ дарвозадан мўралаганда…
Уйда ўтирган аёл қандай юмушлар билан банд?
Ноябрнинг салқин ҳавосида суви селгимаган кўчалар оралаб бораётсак, эшик хатлаган Зоҳида янга қўлидаги пақирларини қўйдида, бизга пешвоз чиқди. Кўришганимиздан сўнг:
— Уй ишлари билан чарчамаяпсизми? — дедим ҳовли томонга ишора қилиб.
— Кун кўрингунча рўзғорни сарамжон қиламан, — дейди у рўмолини тузатганча. — Кейин бемалолчилик. Тикувчиликдан оз-моз хабарим бор. Қанийди, тикув машинам бўлса-ю, рўзғорнинг ками-кўстига қарашсам, дейман.
Ҳа, аёл зоти ана шундай муштдек жонини қирққа бўла оладиган мўъжизакор хилқат. Бир этак боласи билан ҳам дунёнинг ишини тахт тиндираман, дейди.
Риштон туманидаги Қалайнав қишлоғида Зоҳидахон каби 120 нафардан ортиқ аёллар уй ишлари, болалар тарбияси билан банд.
Ариқ бўйида гурунглашиб турган қишлоқ аёлларининг кўнгил кечинмаларига қулоқ тутиб, дилингиз яйрайди.
— Аёлни уй ишлари билан енгиб бўлармиди, — дейди Мухтасар Розиқова. — Лекин тўрт деворнинг супур-сидири ҳам хотин кишини нуратиб юборар экан. Рўзғор, болалардан ортиб, ўзим қизиққан касб-ҳунар билан шуғуллангим келади. Ёшлигимдан компьютерга қизиқаман. Маҳаллага яқинроқ жойда ўқув маркази очилса эди, жон деб ўқиган бўлардим.
Болаларининг ҳўл пайпоқларини печкада қуритиш хаёли билан тонг оттирадиган бу муштипарларнинг орзулари оқар сувдек беғубор.
— Маҳаллада ўтадиган тўй-тўйчиқнинг пишир-куйдири мендан ортмайди, айланай, — дейди Шоҳсанам Эргашева одамохунлик билан. — Қўшни келинлар бизга ҳам ўргатинг, деб эси кетади. Қанийди, қишлоғимизда кичикроқ бўлса ҳам қандолатчилик цехи очсам, аёлларга пазандачилик сирларини ўргатиш учун шароит бўлармиди…
Бу қишлоқда Шоҳсанамой пиширган варақи сомса-ю қатламаларининг қатини санаб ҳисобидан адашганлар кўп экан. Шу тобда суҳбатга қўшилмай турган ёшгина аёл маъноли жилмайиб, сўз бошлади.
— Ўтган йили моддий етишмовчилик, бошпанасизлик сабаб уйимиздан жанжал аримай қолди, — дейди Сурайё Дадабоева. — Ватансизлик одамни пароканда қилар экан. Шукур, бизга маҳалла фуқаролар йиғини томонидан МФЙ идорасининг бўш турган иккита хонасини ажратиб беришди. Ҳозир шу ерда икки болам билан яшаб, 3 сотих майдонда деҳқончилик қиляпмиз. Эрта баҳордан бери картошка, пиёз, сабзи ўзимиздан чиқиб, бозор сўрамадик. Ҳозир саримсоқпиёз, кўкатлар ҳилпираб ётибди. Декабрнинг охирларига сотишни мўжаллаяпмиз. Яна нима қилсам турмуш ўртоғимга ёрдам, рўзғорга ҳарна бўларкин деб, уйқум қочади.
Маҳалла оралаб юриб, якка тартибдаги тадбиркор Сахобилло Ҳайдаровнинг кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга ихтисослашган цехида 30 дан зиёд хотин-қизларнинг чинни буюмларга нақш чизиб, зар босаётганларига дуч келдик.
— Нафақада бўлсам ҳам кунда шу ерга ошиқаман, — дейди Раъно ая рўмолини пешонасига тортиб. — Ишлаш учун шароитлар яратилган, энг муҳими, иссиқ овқат узилмайди. Ҳар ўн беш кунда иш ҳақини оламан. Одам меҳнат қилган сари янгиланаверадида, қизим.
Қишлоқнинг такрорланмас файзи, бу ерда ҳамманинг ўз иши бор. Қия очиқ дарвозалардан мўраласангиз, Дилдорахон гулюз патирларни тандирдан узаётгани, Равшаной 3 та Алпомишнинг кийим-бошини ювиб, дорга илаётгани, Шоҳиданинг кўкатларни тоқалаётганини кўрасиз. Нарироқдаги ҳовлидан эшитилаётган чақалоқ йиғиси Зайнаб бувининг алласига қўшилиб, қирларнинг этагидан акс-садо беради.
У бахтни суяди қўллари билан,
Қошлари ўсманинг шаробидан маст.
Бехос кулгичининг инжуларией,
Минг бор ёмғир бўлиб ювсанг арзимас.
У кулиб йиғлайди, йиғлайди кулиб,
Изини бағирлаб тўлғонади йўл.
Тонглари мудраган кенг кўчаларни,
Сув сепиб уйғотар этаклари ҳўл.
Ипак рўмолига ҳуснини тугиб,
Ҳаёли сирпанар нигоҳларидан.
У пастак сўрида сочини ўрар,
Райҳон таъми келар дудоқларидан.
Тонгга кўйлак тикар, шомга дастрўмол,
Этакларин ўпиб гуллайди шамол,
Супурги тутганча саҳар мардондан,
Дунёни поклайди қишлоқда аёл.
Дилшода ЭРГАШЕВА.
«Фарғона ҳақиқати» газетасидан олинди

Ўхшаш мақолалар:

  1. Шавкат Мирзиёев: Шифокорларнинг ўз касбига садоқати, меҳнати – жасорат!
  2. Бўка. Фермерлар семинарда. Карантин қоидалари бу районга тааллуқли эмасми?
  3. Аброр Мавлонов: Давлат хавфсизлик хизмати ташкил этилганига 2 йил бўлди…
  4. Шароф Убайдуллаев: “Каримовнинг расмини ётоғингизга осиб қўйинг”
  5. Бош муҳаррир И.Хушевга: “Бу аёл ҳам менга ўхшаб қийналган экан…”
  6. Довул учирган Бухорога Мирзиёев борди. Каримов бормас эди. Нега? — Озодлик
  7. Ўзбекистон: Журналист Анора Содиқова нима учун ишдан кетди? O’zbekiston
  8. Президент сўхликлар йиллар давомида қийналиб яшагани ҳақида гапирди — ЎзА
  9. Қўшниларнинг шакар заводлари касодга учраб бўлди. Навбат Ўзбекистонгами?
  10. Президент коронавирус борасидаги ишларни танқид қилди ҳамда огоҳлантирди
  11. Фарғонада сохта ДХХ ходими қўлга олинди
  12. Бош прокуратуранинг фуқаролар қабулхонаси олдида одамлар пикет уюштирди
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.