Бахтиёр Олламуродов—-: ОДАМ ҚАМАШ ЎЙИНИ КИМНИНГ БИЗНЕСИ….
ОДАМ ҚАМАШ ЎЙИНИ КИМНИНГ БИЗНЕСИ….
“Оила даврасида” газетаси. 20 октябрь, 2020 йил.
«Дунё ўзбеклари» Бош муҳаррири Исмат Хушевга
Ҳурматли Исмат ака!
Сизнинг жонли эфирингизни ва “Дунё ўзбеклари” интернет газетасини мунтазам кузатиб борамиз. Айтиш жоизки, юртимизда бир қадар оғир кечаётган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни халқимизга холис етказишдаги хизматларингизни билган билади. Президентимиз томонидан халқимиз турмушини енгиллаштириш йўлида катта ишлар қилинмоқда. Аммо, хайрли йўлларда тўсиқлар барча замонларда бўлгани каби ҳозир ҳам бўлмоқда. Яъни, Каримов режими давридаги каби, қамалиши, обрўсизлантириши режалаштирилган шахсларга қарши фитналар ҳозир ҳам давом этмоқда. Лекин, битта ижобий жиҳати, шу пайтгача юртимиздаги негатив жараёнларни Сиз каби жонкуяр инсонлар, хориждаги муҳожир сиёсатчилар ва журналистлар ва блогерлар танқид қилиб келгану, расмий матбуот ва ОАВ “соқов ва кар” бўлиб келган бўлса, бугунга келиб, айрим расмий нашрларнинг ҳам тиллари калимага келиб, қулоқлари эшита бошлади. Шунинг кичкина бир исботи тарзида ўзимнинг мақоламни йўллаяпман.
ОДАМ ҚАМАШ ЎЙИНИ
Ёҳуд куч ишлатар идоралар то ҳануз сохта жабрдийдалардан такроран фойдаланишмоқдами?
Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятинингт Қарши шаҳрида бир шахснинг бошқа бир фуқародан уни иккиламчи қора металлолом базасига тарозибон қилиб қўйиш шарти билан саксон минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олингани ҳақидаги шов-шувли хабар тарқатилди. Ушбу мавзуда мулоҳаза юритиш олдидан яқин ўтмишда бўлиб ўтган шунга ўхшаш, ҳар ёдга тушганида дилга ғашлик солувчи бир воқеани тағин бир бора эслагим келди. У маҳаллар “Инсон ва қонун” газетасининг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири эдим.
2008 йили ҳузуримга ана шундайлардан бири, Олтинсой туман пегадогика коллежи директори Эркин Қобилов деган йигит келиб кўмак сўради. Вилоятнинг катталари ишлаб турган одамнинг номзоди бирёқда қолиб, унинг ўрнига учта номзодни Тошкентга – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ўтказилажак директорлик танловига тавсия этишибди. Ҳатто номзодлардан икки нафари муқаддам судланган кишилар экан. Журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида Сурхондарё вилоят ҳокимининг мазкур соҳа бўйича ўринбосари қабулига кирдик. Бошқарма раҳбариятининг номзодлардан икковини судланганини атай яширгани ошкор бўлиб қолиб, ҳоким бобо уларни қаттиқ уришиб берди. Хуллас, директор ўз амал-вазифасида қолди.
“Энди душманларингиз кўпайди ука, иложи борича нафсингизни тийиб, рўза тутиб яшанг, эҳтиёт бўлинг!” деб маслаҳат бердим. Чунки, вақтинча ён бергани билан, номзоди ўтмай қолганларга қўшилиб вилоят ҳокимлиги ҳам Эркинбойга тиш қайраб қолганини сезган эдим.
Хуллас, бу шубҳа бежизга эмас экан, иккинчи қабул мавсумида кўзлари бежо бир аёл Эркинбойнинг қабулига кириб биратўла икки нафар қизини ўқишга киритишини айтиб каттагина пул таклиф қилади. Директор ҳозир имтиҳонлар тест усулида эканини айтиб, агар қабуллардан сўнг қўшимча ўрин беришса, ўйлаб кўришини айтади. Аёл: “Буни нима қилай?” деб бир даста пулига ишора қилади. “Ўзингизда қолаверсин, ҳозирча сизга ёрдамим тегиши ҳам аниқ эмас…” дейди директор. Аёл эса, индамай ташқарига чиқиб, пулни бошқа хонада ёзув-чизув қилиб ўтирган, асли “ўзларидан” бўлган компютерчи боланинг тортмасига соларкан, “Директор буни сизга бериб қўйишимни тайинлади!” дея шошганча чиқиб кетади. Орадан ярим дақиқа ҳам вақт ўтмасидан директорнинг хонасига бостириб кирган ҳуқуқ-тартибот ходимлари ҳалиги пулни излай бошлайдилар. Аёл “тадбир пули” компютерчи болада эканини айтгач, унинг хонасига отилиб киришиб, гўё уни қамоққа олиш билан пўписа қилгандек бўлиб, ундан директорга қарши кўрсатма оладилар.
Кейинчалик маълум бўлишича, директорни “қопқон”га туширишга ёрдам берган “жабрдийда” аёл ана шундай ифлос фитналар билан мунтазам шуғулланиб келган, “отасиз ўсган икки нафар етим эгизак” қизларини ўқишга киритиб қўйишда ёрдам сўраб, бир неча ўқув юртлари раҳбарларини панжара ичкарисига тиқдирган экан. Судда адвокатнинг: “Нега муқаддам ёлланган сохта гувоҳдан фойдаланилди, бу ахир, қонунга зид-ку?” деган саволи жавобсиз қолган ўшанда.
Жиноят қонунчилигида айблаш ва жазо тайинлашда тергов ва суд органларининг муқаддам бу ишда фойдаланилган, яъни ёлланган гувоҳлару “жабрдийда”нинг кўрсатмаларини мақбул далил деб топмасликлари қатъий белгиланганига қарамай, бундай ўйинлар то ҳануз давом этаётгани кишини таажжубга солади. Кимдир “Давлатдан ўмараётган миллионларингни ошкор қиламан!” дея адолат ҳақида жар сола бошласа, дарров бир ёллланма ҳожатбарор уни тегишли органларнинг қопқонига тушириб бераяпти.
Хўш, бундан кўпроқ кимга фойда? Халққами, икки марта яхшилаб қорин тўйғазган ва ифлос ишлари учун чойчақа олаётган сохта жабрдийда “қулоқ”қами, ё уни ёллаганларгами? Балки, йирик коррупционерларнинг яқинига ҳам боролмаганларидан сўнг, “суяк-саёқ териб юрган кичкина жониворларни” овлаб, юқорига ҳисобот бериш, ўзларини ишлаётган қилиб кўрсатишдир, бундан мақсад? Умуман, бели бақувват зўрлар билан қасдлашиб қолган бир “пешка”нинг ортидан фитна уюштириб қамоққа олиш каби ўйинлардан давлатга нима фойдаю халққа нима фойда? Шу билан хаётимизни норозиликларга тўлдириб юборган бадбўй коррупциянинг сассиғи камаймоқдами?
Энди, мавзуимиз муқаддимасида келтирилган бир кимсани саксон минг доллар пора эвазига металлолом базасига тарозибонликка ишга жойлаштириш шарти билан “чўтал” олаётганда ушланган ҳожатбарор воқеасига келсак.
Пора олишу фирибгарлик жиноятлари билан айбланаётган Чироқчининг Лангар қишлоғилик Отабек Собиров(тергов жараёнлари кетаётганлиги боис исмлар ўзгартирилган) исмли тадбиркор зиёли ва илм аҳлидан экан. Айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Савол туғилади: ҳар томонлама ҳавас қилса арзигулик инсон қандай қилиб чиркин нафс ўйинларига аралашиб, тузоққа тушиб қолди? Аввало, ҳар бир инсон ҳам адашгувчи банда.
Шубҳасиз, порахўрлик жиноятлар ичида энг оғир жиноятлардан бири ҳисобланади. Демак, шундай оғир жиноятни фош қилишда ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам бермоққа бел боғлаган инсон софдил ва беғараз, чин маънода жабрдийда ҳам бўлмоғи лозим эмасми?
Келинг, энди Отабек Собировни алдаб панжара ортига тиқдирган Даврон Маҳкамов(исм-шариф ўзгартирилган) шахсига бир назар ташлаб кўрайлик. Хўш, жабрдийда қиёфасига кириб олган бу кимсанинг ўзи ким, аслида? Унга нисбатан 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган, яъни қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилганлик айби билан иш очилган, аммо жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2004 йил 13 октябрдаги ажримига кўра жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1 моддасига асосан, яъни ярашилганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилган. Чирчиқ ҳарбий судининг 2007 йил 20 сентябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодексининг 285-модасининг 1-қисми билан айбли топилган, яъни, у бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш, яъни мунтазам хўрлаш, азоб бериш, соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш жиноятини содир қилгани учун Жиноят кодексининг 72- моддасига асосан 1 йил синов муддати белгилани, шартли ҳукм қилинган. 2012 йилда Даврон Маҳкамов яна бир қанча иснодли жиноятлар содир этган. Яъни ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш(жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган;) фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш (жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисмининг “б”бандида кўзда тутилган;) шунингдек, 277-модданинг 1-қисмида кўзда тутилган, яъни безорилик жиноятларини содир қилганликда айбланган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2012 йил 20 сентябрдаги ажримига кўра, мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига асосан тугатилган.
Шунчалар жиноятларни содир қилган кимсанинг шахсига тергов органи ҳам, суд ҳам эътибор бермаганлиги кишини ажаблантиради. Ахир у қонунларимизга зид равишда иш бўйича жабрдийда деб кўрсатилган. Чунки, у судланувчилардан на маънавий, на жисмоний, на маънавий жабр кўрган!
Ўрни келиб қолганлиги учун яна бир фактга диққатингизни жалб қилишимизга тўғри келади. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2012 йил 1 ноябрдаги ҳукми билан икки нафар Ички ишлар ходимлари—Суюнов Камол Рўзимуродович ва Рўзиев Лазиз Қўзиевичлар судландилар. Бу ишда ҳам мана шу ишда ҳам Даврон Маҳкамов “жабрланувчи” ролини ўйнаб берган.
Яна бир мисол. Жабрланувчи ролини ўйнаб, архитекторларни тегишли идораларнинг қармоғига илинтириб берган Даврон Маҳкамов ер олиш ҳақида ҳеч қандай ариза ёзгани йўқ. Унинг мақсади уй қуриш эмас, балки ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётган туман архитекторини қаматиш бўлган.
Буни қарангки, сохта жабрланувчи Даврон Маҳкамов қўйган тузоққа тушиб қамалган архитекторга ҳукм ўқилганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, (2014 йил 13 апрелда) ўзи товламачилик жиноятини содир этиб, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2014 йил 20 июндаги ҳукмига кўра Ўз Р ЖКнинг 165-моддаси 2 -қисми “в”банди билан айбли топилиб 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўша кўрилган ишда Даврон Маҳкамов маслаҳати билан жиноят йўлига кирган унинг жиноий шериги вилоят хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғига “Аввалги архитектор менинг айтганларимни қилмаганлиги учун қамалди” дея қўрқитиб, ундан товламачилик йўли билан 2000 АҚШ долларини ундирмоқчи бўлаётганида ушланиб, қамоққа олинганлиги баён этилган. Яққол кўриниб турибдики, бу кимса илгарилари ҳам ҳуқуқ-тартибот органларининг “қўлларидан суяк олиб”, “қулоқлик”ни мунтазам касбга айлантириб олган экан. Отабек Собировга қадар ҳам жуда кўп кишиларни алдаб тузоққа туширган. Жумладан, Қарши туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ҳалим Нодиров (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳамда шу идорада ва туман Якка тартибда уй-жой қурилишини мувофиқлаштириш бўлимида мутахассис бўлиб ишлаган Аҳмад Тошбоев(исм-шарифи ўзгартирилган)ларни ҳам найранг билан тузоққа туширишда “Беғараз дастёрлик” қилган. Демак, шунча ишларда “бош ролда” бўлган бу инсоннинг яна бир ишда жабрдийда бўлиши қанчалик қонуний ҳисобланади?
Бу ерда мақсадни ҳам, албатта эътиборга олиш керак, бизнингча. “Жабрдийда”нинг мақсади нима эди ўзи? Металлолом базасига тарозибон бўлиб ишга киришми, ё “кўзланган бир одамни ҳуқуқ-тартибот органларига ўлжа қилиб овлаб беришми?
Айбланувчи Отабек Собиров ўз бошига тушган кўргулик ҳақида бундай дейди: “Менинг қон билан кирган асосий айбим, одамларга тез ишонаман. Ўзим қабул қилаётган қурилиш иншоатини “Эшон бобо, сиз хўп деяверинг, кейин ўрнини ўзимиз қоплаб берамиз…” деб жуда катта кредит қарзи билан менга ўтказиб юборишди. Аммо, банк мутасаддилари лафзларида турмади. Катта миқдорлаги қарздорлик менинг бўйнимда қолиб кетмасин деб, уларнинг устидан Бош прокуратура, Виртуал қабулхона ва бошқа идораларга ариза ёзавердим. Банк мутасаддилари негадир қарзларни асосий айбдордан ундириш ўрнига менинг бўйнимда қолдириш пайида эдилар, шекилли, “Индамай юрсангиз кам фоизли кредит берамиз” деб ҳам анча муддат алдаб юришди. Бошимга тушган шўришимда ҳам бежиз эмасга ўхшайди…” деб ўйлаяпману, аммо қисматимда бор экан, деб ўз-ўзимни ҳам юпатиб турибман…”
АЛҚИССА: Тергов ва суд ишига аралашма, ҳалақит берма, деган темир қонунларни ҳурмат қиламиз, албатта. Аммо, терговни олиб бораётганлар нима учун айблов хулосасига ўзи ёллаган, муқаддам бир талай жирканч жиноятлар содир этган пасткаш одамга бир неча ўн марталаб “жабрдийда” ролини ўйнататиб, ҳеч қандай мансаби йўқ инсонни “ундан саксон минг АҚШ доллари талаб қилган” деган тутуриқсиз жумлаларни киритмоқда? Бу жирканчу сохта жабрдийданинг мақсади нима бўлган ўзи? Хуллас, буларнинг бари бир одамни узоқ муддатга қамаш учун қасддан уюштирилган саҳна ўйини эмасмикан, деган шубҳага борасан, киши.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
мустақил журналист.
“Оила даврасида” газетаси.
20 октябрь, 2020 йил.
https://od-press.uz/
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ