Аҳли Расул Муҳаммад: «БАҚИР, ИЧИМ БЎШАТИБ ОЛАЙ…»
Аҳли Расул Муҳаммад:
«БАҚИР, ИЧИМ БЎШАТИБ ОЛАЙ…»
XX аср ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаларидан бири Муҳаммад Солиҳнинг қуйидаги шеъри, гарчанд ишқий мавзуда бўлса-да, бироқ менинг ижтимоий ҳис-туйғуларимга ҳамоҳанг бўлаётгандек туюлди. Мана ўша шеър:
ЭРТАГА ҲАМ
Эртага ҳам тузалмасам гар,
Чўкаверса агар кўзларим,
Эртага ҳам телбаникига
Ўхшайверса менинг сўзларим.
Эртага ҳам мендан ҳол сўрсанг,
Индамасам, бермасам жавоб,
Кўзларимда муаллақ турса,
Тураверса соқов изтироб.
Эртага ҳам одам бўлмасам,
Мен ўзимга келмасам агар,
Эртага ҳам ўлиб ўлмасам…
Қўлларимни боғла, биродар.
Қўлларимни боғлаб олиб бор
Ўша аёл ёнига мени,
Мени кўрсат: «Бу кимса мағрур,
Аммо севиб қолибди сени,
Сени севиб қолибди!» дея
Бақир, аямагин кучингни,
Бақир, ичим бўшатиб олай,
Ёниб бораётган ичимни!
Гап шундаки, бундан икки ой муқаддам ўзбекистонлик блогер Элдор Асановнинг «Асанов формати» телеграмм каналига тасоддифан уланиб қолдим. Ушбу каналнинг икки йиллик тарихи билан ғоят қизиқиб танишиб чиқдим. Тарихчи-филолог, журналист-блогер Элдор Асанов кенгқамровли дунёқараш, чуқур билим соҳиби сифатида мени ўзига мафтун этди. Унинг тил, маданият, халқ ва миллатлар тарихи, ўтмиш ва ҳозирги замон сиёсий-ижтимоий манзаралари илмий тавсифи мавзуларидаги мухтасар мақола ва этюдларидан ўзим учун жуда кўп янгиликларни олдим.
Топонимияга оид мақолаларидан бирини ўқирканман, Элдор Асанов худди менинг номимдан Тожикистондаги айни муаммо хусусида ёзаётгандек бўлди. Ва мен беихтиёр унга қарата юқоридаги шеър сатрларидан фойдаланиб ғойибона шундай дедим:
Бақир, аямагин кучингни,
Бақир, Элдор, бўшатиб олай,
Ёниб бораётган ичимни!
«Дунё ўзбеклари» нинг азиз мухлислари, Сизнинг эътиборингизга Элдор Асановнинг менинг ҳам дил дардимни ифодалаган мақоласини ҳавола этарканман, Тожикистондаги топонимик «таҳрир»лар Ўзбекистондагига нисбатан янада абсурдроқ эканини таъкидлаб қўймоқчиман. Яъни, бундай «таҳрир»ларда Элдор Асанов кўрсатиб ўтган жиҳатлардан ташқари яна бир ачинарли жиҳат мавжуд: Тожикистонда қанча тарихий ўзбекча жой номлари бўлса, (Кенгқўл, Ўроқли, Олтинтопган, Қайирма, Қуланбош, Табошар, Қуллиқўтон, Янгиқўрғон, Қазноқ ва ҳоказо) ҳаммаси ўша жойларга мазмуний-мантиқий жиҳатдан умуман алоқаси бўлмаган сўзлар билан алмаштирилган…
Марҳамат, энди Элдор Асановнинг мақоласини ўқийлик:
#ТОПОНИМИЯ
Жой номларини алмаштиришда эҳтиёт бўлиш кераклиги, иложи бўлса, тарихий номларга умуман тегиниш керак эмаслиги ҳақида кўп ёзаман. Майли, яқин ўтмишда идеологик сабабларга кўра қўйилган номлар ўзгарсин, лекин:
— идеологик ном ўрнига идеологик ном қўйилмасин. Киров совхози ўрнига Бахтобод қишлоғи бўлиши бу жойга ўзига хослик бағишламайди. Эсда қолмайдиган пафосли жой номи кўпайгани қолади холос;
— идеологик ном ўрнига имкон қадар тарихий ном тиклансин;
— тарихий номлар ўзгартирилмасин. Тўйтепа – тарихий ном.
Жой номи қайсидир валломатга “хунук”, “ҳақиқатни акс эттирмайдиган” кўриниши мумкин, лекин:
— жой номи бугунги ҳақиқатни акс эттириши шарт эмас – у тарихдан дарак. Ҳақиқатни акс эттирадиган, бугундан ўтмишга ёдгорлик бўлиб қоладиган жой номлари бор ўзи – янги қурилган бинолар (ҳа, биноларнинг ҳам номи бўлиши керак), кўчалар, туманлар, қишлоқлар. Марҳамат уларга янги ном ўйлаб топаверинг;
— жой номи “чиройли” бўлиши ҳам шарт эмас. У – тарих ёдгорлиги. Тарихий жой номини ўзгартириш тарихий бинони бузиб ташлашга тенг жиноятдир;
— бюрократларга “хунук” кўринган жой номи аслида унчалик хунук бўлмаслиги мумкин. Унинг тарихий маъноси бўлиши мумкин, ёки маъноси умуман бошқа бўлиши мумкин (омонимия деган ҳодиса бор ахир). Масалан, “Галатентак” аслида уруғ номи. Тентак қадимда салбий маънога эга бўлмаган – урушқоқ, жангари одамлар шундай дейилган. “Галадевона”-ку, умуман ижобий маънога эга бўлган (Девона Машрабни эсланг). “Яланғоч”, “Ингичка” (иккисиям “камбағал” маъносида) – уруғ номлари. “Така қишлоқ”да “эчки” маъносини берувчи сўз йўқ; така – уруғ номи. “Кўрпа қишлоқ” эса “ширвоз боқиладиган қишлоқ” дегани. Тарихий тилни, тарихий реалияларни билмай туриб, бугунги кундан, ўзининг саёз билимларидан келиб чиқиб жой номларини алмаштириш аҳмоқликдир.
Ahli Rasul Muhamad, [08.11.20 14:48]
Шунинг учун топонимияга бюрократлар эмас, профессионал тилшунослар, этимологлар, топонимистлар, этнографлар масъул бўлиши лозим.
Жой номи – жойнинг ташриф қоғози, бренди. У “чиройли”, “жарангдор” эмас, ўзига хос, тарих руҳи уфуриб турадиган даражада ғалати ва бироз тушунарсиз бўлиши керак. Токи эшитганлар қизиқсин, ҳайрон қолсин, маъносини тушунмасин, тушунтириш қидирсин. Жой номини тушунтириб бериш нафақат топонимия ва этимологиянинг, балки туризмнинг ҳам муҳим қисмидир. Ўзбекистонга келган турист аввало жой номининг маъносига қизиқади. Жой номининг афсонавий ва илмий талқинини эшитиш унга жуда қизиқ бўлади. “Тўйтепада ўтмишда анъанавий тўйлар уюштирилгани учун шу номни олган”, дейиш қаёқда-ю, “Биз жуда кучайиб, ривожланиб кетганимиз учун Нурафшон, яъни ёрқин деган ном бердик”, дейиш қаёқда. Қайси бири сайёҳга қизиқроқ бўлади? Қайси бири тарихни яхшироқ акс эттиради?
Тарихий номларни “чиройли”га алмаштиравериш ахийри абсурд вазиятга олиб келади. Тасаввур қилинг, Хоразм вилоятидаги барча номлар ўзгартирилди:
Фаровон вилояти. Туманлари: Бахтобод, Боғу Бўстон, Инновация, Келажак, Ёрқинобод, Гулзор, Гулобод, Бешташаббус, Юқорибешташаббус, Хурсандобод. Маъмурий марказ – Ислоҳот. Шундай бўлса, Хоразм вилоятининг бирор ўзига хослиги қоладими?
Жой номлари – тарихнинг бир бўлагидир. Тарихни унутмайлик. Вазиятни абсурдга олиб бормайлик. Топонимияни профессионалларга топширайлик.
@AsanovEldar
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ