Муҳаммаджон Обидов: Газета ҳаммага, ҳар бир хонадонга керак!

“Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари журналистларининг Фарғона тумани аҳолиси билан юзма-юз мулоқоти
Газета ҳаммага, ҳар бир хонадонга керак!
Унда сиз-у бизнинг, жамиятимизнинг манфаатларига боғлиқ масалалар акс этади
“Фарғона ҳақиқати”—“Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти ижодий жамоаси барча шаҳар-туманларда муштарийлар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда. Бу борадаги илк учрашув Олтиариқ туманида ташкил этилган эди. Ижодий жамоанинг газетхонлар билан навбатдаги мулоқоти Фарғона туманида бўлиб ўтди.
Туман марказидаги “Маданият уйи”да ташкил этилган тадбирда туман фаоллари, мактабгача таълим, ўрта таълим, тиббиёт муассасалари ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқотни туман ҳокимининг ўринбосари Илҳом Тошпўлатов очди.
“Фарғона ҳақиқати” —“Ферганская правда” газеталари ташкил топганига 103 йил бўлди. Тарих зарварақларига битилган йилларда миллионлар минбарига айланган газеталар орқали вилоят ижтимоий-иқ-тисодий, маънавий ҳаёти кенг ёритиб борилди. Жамиятдаги оғриқ нуқталарга муносабат билдирилди. Газеталар қандай шароитда ва қанча тиражда чоп этилишидан қатъи назар, вилоятимиз кўзгуси сифатида ўз овозига ва нуфузига эга бўлди. Таҳририятда фаолият олиб борган устоз журналистлар қаламига мансуб турли жанрдаги мақолалар, ижодий асарлар ўз вақтида газетхонларга маънавий озиқ улашган. Таъбир жоиз бўлса, пишиқ-пухта, инсонларни маънавиятга, маърифатга чорловчи, давр ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсир кўрсата олган мақолалар ҳали ҳам аҳамиятини йўқотмаганини айтиб ўтиш жоиз. Бунга газеталар тахламларини кўздан кечириб, ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририяти Бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов газеталар тарихи, таҳририятнинг бугунги фаолияти, кейинги йилларда “мажбурий обуна” баҳонаси билан ихтиёрий обу-на ҳам йўқотилгани ҳақида фикр билдирар экан, оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги алоҳида ўрнига тўхталди.
— Замон шиддат билан ўзгариб бор-япти, — деди Бош муҳаррир. — Газетачилик ҳам ривожланиш босқичларини бошдан кечиряпти. Газета чоп этишдаги кўплаб техник қийинчиликлар бугун ортда қолди. Аммо унинг давлат ва жамият, халқ олдидаги маънавий масъулияти, юки кундан-кунга кучайиб бораётгани бор гап. Интернет, ижтимоий тармоқлар, одамларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини маълум маънода қондираётган бўлса-да, газетанинг жамият ҳаётидаги ўрни йўқолмайди. Интернетда ҳозир кўрган ахборотингизни бир неча соатдан кейин тополмайсиз, аммо газета саҳифаларига муҳрланган битикларни ўн йиллар, керак бўлса, бир неча аср ўтиб ҳам мутолаа қилиш мумкин. Дунё тажрибасини кузатадиган бўлсак, энг илғор технологияларни, жумладан, смартфонларни яратган Хитой, Корея, Япония мамлакатларида босма нашрлар ҳар куни миллионлаб нусхада чоп этилади. Уларнинг аҳолиси газета мутолаасига миллий тарбия, дунёқарашни кенгайтириш воситаси сифатида қарашаётганига ҳавас қилсак арзийди.
Матбуот, аввало, сиз-у бизнинг, жамиятимизнинг манфаатларига хизмат қилади. Газета орқали оилаларимизга нур, тарбия, ахборот кириб келади. Унинг ҳар бир сони – шу юртнинг тарихи демакдир. Қолаверса, газета соҳа фидойиларининг машаққатлари эвазига дунёга келади. Унинг қадр-қиммати, халқнинг унга эътибори ҳам шунга яраша бўлиши керак эмасми?!
Муҳаммаджон Обидов “Фарғона ҳақиқати” газетасининг сўнгги сонларида чоп этилган мақолаларга тўхталиб, уларда кўзга ташланаётган муаммолар, аҳолини қийнаётган масалалар қаламга олинганини айтиб ўтди. Халқимиз ҳаётининг фаровонлиги, жамиятдаги оғриқли нуқталарнинг камайишида журналист сўзининг аҳамияти ҳақида фикрлар билдирди.
Очиқ мулоқотда газетхонларнинг таҳририят билан доимий ҳамкорлигини ўрнатиш, газетанинг мазмун-мундарижасини кенгайтириш борасидаги фикр-мулоҳаза ва таклифлар тингланди.
Назиржон Қодиров, 29-умумтаълим мактаби директори:
— Президентимизнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанадаги нутқида айнан матбуот, босма нашрлар тақдири ҳақида куюниб айтган гаплари мени тўлқинлантириб юборган эди. Айниқса, таълим соҳаси ходимларини газета мутолаасига кенг жалб этиш, улар ўртасида ихтиёрий обунани йўлга қўйиш ҳақидаги фикрлари айни ҳақиқат бўлди. Ўттиз йилдан буён таълим тизимида меҳнат қилаётган бўлсам, матбуотнинг соҳамизга қанчалик керак эканлигини яхши англадим. Биз фарзандларимиз тарбиясини олди-қочди интернет хабарлари, ижтимоий тармоқлардан кўра, ҳақиқий маънавий тарбия, ишончли ахборот манбаи бўлган газетага ишониб топширамиз. Бу борада “Фарғона ҳақиқати” бизнинг ишончимиз ва меҳримизни қозонган. Шу ўринда бир таклиф, мен бошчилик қилаётган мактаб туманимизнинг Саткак қишлоғида жойлашган, унда санъат, адабиёт, спорт, ҳунармандчилик каби қатор йўналишларда ижод қилаётган иқтидорли ўқувчиларимиз таҳсил олишади. Улар эришаётган ютуқлар севимли газетамиз саҳифаларида ёритилса, соз бўларди.
Зиёдахон Абдуллаева, туман мактабгача таълим бўлими мудири:
— Туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари сўнгги уч йилда 34 тадан 119 тага кўпайди. Уларга болалар қамрови сезиларли даражада ошди. Соҳага оид янгиликлар, хусусан, вилоя-тимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида айнан давлат нашрлари орқали мукаммал танишиб борамиз. “Фарғона ҳақиқати”нинг янгиланган қиёфаси, сифат ва мазмун жиҳатидан бойиганлигини эътироф этишимиз керак. У фаолиятимиз самарадорлигини ошириш, тарбиячи ва методистларнинг ўз ишига ижодий ёндошишида ёрдам беради.
Анваржон Нурматов, 10-умумтаълим мактаби директори:
— Газета ҳар бир мактаб, ҳар бир педагог учун, албатта, керак. Унда кўтарилган мақола сабаб фаолиятимиздаги камчиликларни тўғрилаб борамиз. Бироқ обуна бўлган газетамиз қўлимизга ўз вақтида етиб келмаяпти. Ҳафталаб, баъзан ойлаб кечикадиган газетадаги ахборот ҳам эскириши, айрим мавзулардаги чиқишлар ўз аҳамиятини йўқотиши мумкин. Шу сабабли обунани қандай ва қайси почта билан ташкил этиш масаласи бизни ўйлантирмоқда.
Йиғилишда босма даврий нашрларни ўз вақтида обуначига етказиш зарурлиги, бу борада вилоятда фао-лият кўрсатаётган хусусий матбуот тарқатувчилар фаолияти қониқарли эмаслиги таъкидланди. Улар билан боғлиқ бу муаммо таҳририятлар учун ҳам оғриқли масала эканлиги, “Ўзбекистон почтаси” АЖ газетхонлар ишончига муносиб фаолият олиб бораётгани айтиб ўтилди. Биргина туман бўлимида унинг 12 та бўлинмаси, 38 нафар ходим бор. Ваҳоланки, на тайинли ходими, на иш офиси бўлмаган айрим хусусий обуна тўпловчиларга алданиб қолаётган обуначиларнинг иддаолари ўринли, албатта.
Учрашувда сўз олган туман халқ таълими бўлими мудири Умиджон Раимов, Лоғон қишлоғидаги 47-умумтаълим мактаби директори Соҳибжон Умрзақов, 12-давлат мактабгача таълим ташкилоти мудири Олтиной Аҳмаджонова, 1-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори Нилуфар Раҳимова, 19-умумтаълим мактаби директори Нигора Ғуломова таклиф ва тавсиялари асосида газетада янги рукнлар ташкил этиш, келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган мавзулар ҳақида таклифларини билдиришди.
Мулоқот давомида тумандаги 60 та ўрта таълим мактабининг журналисти-кага қизиқувчи ўқувчилар иштирокида “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганс-кая правда” газеталари бирлашган таҳририяти ва матбаа корхоналарида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилиши режалаштирилди.
Журналистлар туманда амалга оширилаётган эзгу ишлар, фаол тадбиркорлар, истеъдодли ёшлар, обод маҳаллалар, шунингдек, аҳолини ўйлантираётган масалаларга доир мавзуларни ёритишни мақсад қилишди.
“Фарғона ҳақиқати”— “Ферганс-кая правда” газеталари бирлашган таҳририяти ижодий жамоасининг очиқ мулоқотлари барча шаҳар-туманларда давом этади.
Рустам ОРИПОВ,
Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,
“Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбирлари.
Шерзод ҚОРАБОЕВ олган суратлар.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан