Абдулла Орипов шеърияти: Ҳаётни сев, Борлигича сев…
ҲАЁТНИ СЕВ
Ҳаётни сев,
Борлигича сев,
Бир ён кулба, бир ён қалъалар.
Осмонларнинг дарғасиман, деб
Учиб юрар лочин, қарғалар.
Ҳаётни сев,
Шодлик, кулфатда,
Бир ён оғу, бир ёнда табиб.
Бир ёнингда ғаним, албатта,
Бир ёнингда дўстлар бор, ҳабиб.
Ҳаётни сев,
Ёзми, қаҳратон,
Ҳар лаҳзада шукроналар айт.
Ҳатто Ҳажга боргину, шу он
Совимаган тўшагингга қайт.
Ҳаётни сев,
Тўйиб ва тўйиб,
Ота-онанг, фарзандинг қадар.
Десинларки, сен кўнгил қўйиб,
Сўнг ўзинг ҳам бўлдинг мўътабар.
Ҳаётни сев,
Боғлагин қанот,
Фазога ҳам учгин таваккал.
Қаттиқроқ сев, сени шул ҳаёт
Ёмон кўриб қолмасдан аввал.
2016 йил 12 январь