Умида Абдуазимова: АБДУЛЛА ОРИПОВ… («Ўтганлар ёди» туркумидан)

«Кеча оқшом фалакда
Ой бўзариб ботганда»…
Сизнинг уйингизда кўзимда ёш қотиб қолди, Абдулла ака!
Сизга оддийгина қилиб, шундай мурожаат қилардим. Биз ижодкорлар бир — биримизга қариндошдеклигимиздандир бу?..
Эллик ёшга тўлганимда айнан Ёзувчилар уюшмаси биносида мени қутлаганингиз, шахсан мезбонлик қилиб, давра бўйлаб, менинг ёнимда меҳмонларга «Ҳуш келибсиз!» деб юрганларингиздандир балки, ёшларимнинг кўзимда айланганча, туриб қолгани?.. «Зомин»у, «Ақча кўл» тадбирларига беш-олти марталаб етаклаб бориб, тўрга чиқариб, ёшларга устозлик даражасида олқаганларингиздандир, эҳтимол?..
«Умида, энди болаликни йиғиштиринг. Шаҳдам бўлинг, салобат ҳам керак, ёшга яраша»,- дердингизу, давраларда мен ҳақда гапира туриб, «Умида самимияти, боладек беғуборлиги билан қадрли», — деб сўз бошлардингиз.
Англардим, дили билан тили бир болаликка ташналигингизни! Болалар нашрларида ишлашимга урғу бериб, соддалик, бетакрорлик, беозорликни қидирардингиз, мендан…
Катта мажлислардами, тепа сахналардами, қаерда бўлманг, ўткир нигоҳларингиз менга тушганига, бош ирғаб сўрашишга имкон топишларингизга қойил қолардим ва буни кимларгадир айтгим келарди. Аммо ўша «кимлардир» ҳам ўзига бефарқ эмаслигингизни билдирганида тан қолардим, яна Сизга!
Рост гап, биз «ўқишдан қолган», катта-кичик муаллифларнинг турли жилд ва хажмли китобларини шундай варақлаб, гап нима ҳақда кетаётганини англаб олган пайтимизда, Сиз бошловчи-ю, «етук»ларнинг китобини синчиклаб ўқиган, вақтли матбуотда чоп этилган асарлардан тортиб, радио ва телевиденида кўринаётган катта-ю кичик ижодкорларгача ҳаммасини танир ва тинглар эдингиз!
Сафарлар, учрашувлар, тадбирлару бир дастурхон атрофида кўп бор ўтириб шунга амин бўлдимки, Сиз на фақат шоир, балки дунё файласуфларининг фикру қарашларини «сув қилиб ичиб юборган» олиму, алломасиз!
Наздимда, Сиз ҳаётсиз! Осмонингиздаги ой ҳам тиллақошдек ярим ярақлаб турибди.
Яхшиларнинг умри узоқ бўлади, дейишади. Қилган ишлари, айтган гаплари, қолдирган оқил фарзандлари-ю, боқийликка муҳрланган асарлари билан, албатта! Бир менингмас, менингдек Андижону Навоий, Фарғонаю Самарқанд…ижодкорларига далда бўлиб, янада яхши асарлар ёзиши кераклигига «писанда» қилиб турганларингизни кузатганман неча бор.
Ардоқли, инжиқ қайсар ва эркатой ижодкор сифатида айниқса, Қорақалпоғистондан қайтар пайтимиз ўзлигингизни намоён қилганингиз ҳам ҳеч эсимдан чиқмаса керак!
Учрашув ва меҳмондорчиликлар хатто аэропортда ҳам давом этган. Ёш ижодкорларнинг шеърини тинглаб, дўмбирасини қайта ва қайта чалдириб, уларни хаяжонлантириб, ўзингиз ҳам хайратланиб шеър ўқишингизга махлиё катталар хатто самолётни-да маълум соатга тўхтатиб турганди!
Ҳа, Сиз яхшиларнинг яхшисисиз, яхшиларимиз аро, Абдулла ака!
Энди ўзингиз ҳам абадиятга йўл олдингиз, яқинларингизга дил бериб, йўл бериб, ака…
Хатто олиб турган нафасимизни ҳам қайтариб турарканмиз, келдикми, кетишимиз аниқ.
Яна аниқки, Сиз халқ қалбида қайнар булоқ бўлиб, ёзган асарларингиз билан йиллар, асрлар оша яшаб, ОЙдек тўлинлашиб бораверасиз…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан