Умида Абдуазимова: Қорақалпоқ хотиралари… (Сафар таассуротлари)
1. АЭРОПОРТ
Мен ҳурсандман!
Ҳурсанд бўлмай бўладими, ижод аҳлини эҳтиром билан самолёту тезюрар поездларга ўтқазиб ҳали у вилоятга, ҳали бунисига олиб боришса…
Ҳурсандлигимни самолётдан тушибоқ, тележурналистларга баён қилдим:
«Қорақалпоғистон эт билан тирноқ каби бир-биридан ажралмас ўзимизнинг гўша!
Танловларга ҳайъат аъзоси бўламанми, иқтидорли қорақалпоқ ёшларининг билимини синайманми, ҳамиша мендан юқори баҳони олишади улар!
Аму тўлқинларидек сержозиб овоз соҳиблари, қадди бастига миллий либослар ярашган дутору дўмбирани қойиллатиб чалиб, куйлаб берадиган норғул йигитлар, дилбар қизларини ҳавасим келиб томоша қиламан. Илмий баҳслар ғолиби, спортчи, Зулфиячи… улар!
Бундай тадбирлар эса дарёлар ирмоқлардан пайдо бўлгани каби, илк танишувимизни табассумдан бошлаб, меҳр ришталаримизни банду бандлайди! ..»
Карнай ва сурнай чалиб, нон, туз билан кутиб олган мезбонларнинг миллий куй ва қўшиқлари аэропортга файз киритди. Беиҳтиёр содда ва самимий қардошларимга қараб туриб, бу масканга илк келган кунимни эсладим.
Ўшанда ёшлар ташкилоти томонидан уюштирилган сафаримиз Хоразмга эди. Тунда учган самолёт ярим кечаси Урганчгамас, Нукусга қўнибди, денг. Буни самолётдан тушгач билибмиз…
Ҳуллас, учоғимиз ёқилғисини ростлаб, ўзини таъмирлаб олгунча, мен аэропорт нозирига Сафарниёз Алланиёзов деган журналистни танийсизми? У собиқ курсдошим эди, — дедим.
Ярим соат ўтмай ички ишлар формасида ёнимда Сафарбой пайдо-да!
Ҳамкасбим Муқаддас Абдусаматова нуқул кулади, «Тунги учда ҳам «пирский стол», «шашлик»у «чебуреки»ни «олинг-олинг» деб еб.
«Қорақалпоғистонда совет давлати йўқ, балки эртага учар самолёт, балки индинга»…
Сўнг «Ақчакўл оқшомлари» байрамига келдим. Тўкин дастурхон, тўкилиб сўзлашлар хатто аэропортда ҳам давом этган. Бир неча марта стюардессалар келиб учиш вақти бўлди, деб мезбонларни имлайди. Мезбонлар эса қайта ва қайта қаҳрамон шоиримизга шеър ўқитиб, олқишлар ёғдириш, учиш вақтини ортга оғдириш билан банд!..
Сувлар тиниб, одамлар ўзгариб, ҳамма тартибли «қолип»га тушган десам, қаёқда!
Соат 16 да рўйҳатидан ўтказган самолёт, билмадим, 20 да учди-ёв!
Бизга нима, «Боинг»нинг юмшоқ ўриндиқларида «смс» ёзиб, ёки бир -биримиз билан суҳбатлашиб ўтирсак ўтирибмиз-да!
Хижолатли стюардессалар эса қайта ва қайта узр сўрашади, ўн бир нафар йўловчини кутишаётганини айтишиб.
Ҳа, ўша «йўловчи»лар МЕГА ОШдан татиб кеч қолиб кетишди-ёв!..
Ҳуллас, 21.30да Нукусга қўндик ва бизни тантана билан кутиб олган «ўзимизникилар» сабаб, бунга кўндик.
Ҳа, айтганча, самолётдаги соатлаб суҳбатлар ўз йўлига-ю, «Муҳокама қилиб бўлмас аёлингни» деб бошланадиган шеъримни осмону фалакда ёздим ва таниқли актриса Гулчеҳрахонга ўқитдим. Ўшанда ортимиздан сонсиз ёқут чироқларини ёқиб, Тошкент кузатиб турарди…
………..
Муҳокама қилиб бўлмас аёлингни,
Чунки уни пешонангга тиккан тақдир.
Эрингдан сўз айтсанг жамлаб хаёлингни,
Мақтаб сўйла иллатларин қилиб таҳрир.
Аллоҳ берган неъматингни олсанг тилга,
Томсин фақат бол — шарбат лаб, даҳанингдан.
Фарзандингнинг камчилигин ёйиб элга,
Оқланмоққа уринма йўқ баҳонангдан.
Чунки унинг вужудида оқар қонинг,
Унинг айби сенинг айбинг, тарбиянгдир.
Унга бердинг қонга қўшиб парча жонинг,
Тили тилинг, дили дилинг, онг миянгдир.
Ўзинг қурган иморатнинг қусурлари,
Иссиқ-совуқ, оташ, захи ўзингники.
Одамликдан чиқмоқнинг кўп усуллари,
Арзинг, қарзинг, тарзинг ўғил — қизингники.
Мақтовдан наф йўқдир, аммо танқид қилиб,
Ҳаётингга разм солсанг кони фойда.
Ота-она, бола ўзин ўрнин билиб,
Очиқ юзли бўлса ҳамма иш жойида!
Сабр қилмоқ учун умр қисқа деган,
Шукр қилиб ниятига етгусидир.
Бу дунёда ҳамма бирдек меҳмон экан,
Меҳмон кетгач мезбон нима дегусидир?!.
Умида Абдуазимова.
2 ҚИЯ-ҚИЯ ҚАЛПОҒИМ
Ота-боболаримиз Қизил Ўрдага қиз берган, Тўрткўлдан келин қилган, Ўзганда жияни яшаган, Жамбилда холаси, Мўйноқда аммаси ёки тоғаси…
Демак бир-бирини сен қирғиз, қорақалпоқ ёки қозоқ деб ажратмаган.
Негадир Сарвиноз билан суҳбатлаша туриб шу фикр ўтди хаёлимдан.
Қадди — қомати келишган, оқ юзли тележурналист қизнинг миллати қорақалпоқ экан!
Ойсулув, Қизбиби бўларди аксарият қорақалпоқ қизларининг исми.
Ҳозир Шахноза-ю Нилуфарлари кўпайибди.
Қувончбек, Давлатбек исмлари Санжар, Шохрухларга алмашибди. Аниқроғи, исмларимиз ҳам бир ҳиллашяпти. Аммо Қора Ўзакдаги қизлар ҳам, йигитлар ҳам ўз қўшиғи билан маст.
«Қия-қия қалпоғим,
Менинг қорақалпоғим», -деб куйларди бир йигит.
— Нега қорақалпоқ деб аташган?
Саволимга аграр коллежининг ўқитувчиси ўз тилида савол билан жавоб берди.
-Ўзбекларда қандай бош кийимлар бор?
— Дўппи, телпак…
Бизда эса беш хил бош кийим кийишади. Қалпоқ, такъя, телпак… ҳуллас санай кетди.
Назаримда саноғи ўнга етди-ёв!
Дастлаб қалпоқ кичик бўлган. Иссиқ иқлим сабаб қора кигиздан тикилган, атрофи кенг, иссиқ ва совуқдан сақлаш учун кийиладиган қалпоқлар ичида такъяси ҳам бор, олишган бостириб!
Бошини сақлаб, қўша бош кийим кийган қардошларимиз овози ҳам, қўшиғи (қўшиқ деб шеърни айтишади), сози ҳам, олимона аниқ фикрлашлари ҳам бежиз эмас экан-да!
Бир қиз ўз қўшиғини айтиш учун изн сўради. Эга кесими жойида, қофия туроқлари мос, асосийси фикри теранлигини намоён этди.
Очиғи унга қойил қолдим, «Жиянларим» деган янги китобимни совға қилиб туриб исмини сўрадим қайта ва қайта. Барибир англай олмадим.
Ўзбекчасига «Оқ кийик дегани»,- деб маъносини айтди. Ҳуллас у билан суратга тушдим, бўлажак Зулфихоним қизисан. Шеърларингни, йўғ-нй, қўшиғингни ёзавер, — дедим.
3. АЙЛАНАЙИН, ТАКЪЯНГДАН!
Раҳматли Ибройим Юсупов бир шеърида,« қорақалпоқни мақтама. Мақтасанг чопонини ечиб беради. Энг сўнгги нонини ҳам сенга илиниб, якка-ю ягона отини сўйиб едиради, ўзи пиёда юриб,»… деб ёзганди.
Пиёда қолиш даҳшат, назаримда! Нукусдан Қора Ўзакка қарийиб тўқсон чақирим юрдик.
Меҳмонлар «Коптива»га чиқсин, деб туришди мезбонлар. Ўша «Коптива»-ю «Прадо»си ҳам , Жаноб Расулнинг «Лабингда помада…» деб куйлаши ҳам мени чалғита олмади, атрофдаги гўзаллик хаяжонидан…
Қаердадир расм кўргандим, тўп-тўп ранг-баранг гуллар тоққа-да туташиб кетганини. Эртак бу, ясама расм бу, дегандим, ҳавас билан узооқ тикилиб! Ана, ён-атрофимда расм ҳақиқат бўлиб турибди, денг! «Жълғын» лар тўп — тўп бўлиб гуллаб ётибди, бинафшаранг гулларини қучиб олгинг, ўзингни устига отиб, ётгинг келади!..
Аммо, илон бор-да!
— Илон бор, деди ҳайдовчи ҳаёл суриб. Ҳамма нарса бор, олтинлари ер остида, мана бунақа гуллари ер устида…
-Бўри ҳам борми?
Бўри йўқ, лекин тулкилар кўп.
— Одам тулкидан, асрасин!
Негадир меҳмондорчиликлару, мактаб ва коллежда илк учратган қардошларим орасидан унақасини топмадим. Борни бор, йўқни йўқ, дейди, ҳаммаси. Айримларимизга ўхшаб ўнг қулоғини чап қўли билан, елка, бўйнининг устидан айлантирииб ушламайди.
Йўқса, баскетболчи қизнинг шода-шода медаллари ҳақида сўрасам, ерга қараб, райондан ўтолмадим. Мактаб, маҳалла берган буларни, дермиди?
Шу коллеж тадбиркорига қойил қолдим. Беминнат ўсадиган ёввойи супургини девор қилиб, кифтини келтириб тарошлаб, ўртасига гурвак қовунларни экибди.
Ҳуллас гала концерт, мактаб ва коллежлардаги учрашувларни якунлаб, дастурхонга фотиҳа ўқидик ва кутилмаганда, эркакларнинг барига нақш солиб тўқилган «оригинал» тўн, ва миллий қора қалпоғини кигазишди. Аёлларга эса, (телефон солишга нақшли чўнтаги бор экан, шу кийганимча ечмадим) нимча ва…бошимизга такъя беришди. Бир оға келиб, кийибоқ бошимга қуббадек ўрнашган, берган оромидан ечгим келмай қолган қизил такъямни тўғрилаб қўйди.
Қизлар унинг попугини чап тарафга, аёллар эса ўнг тарафга қилиб кияркан!
Қаранг, ясан-тусанда қизми, келинни ажраттирмай бизни қийнаб кийиниб қўядиганларга сабоқ бу!
«Авесто» битилган қадимий мамлакат аҳлига тасаннолар!
4. ЖАННАТ ЙЎЛИ
Қаердадир жаннат йўли довулли, — деган сўзни ўқигандим. Машаққатлидир, меҳнат талаб қиларлидир, балки…
Аммо Аллоҳ буюрганини қилса, буюрганини олади инсон.
Беруний туманига кириб борарканмиз, бу тарафларнинг ҳар ҳолда серсувлиги унинг кўкаламзорлигидан далолат эди.
Баҳорда яшнаган майса, гуллар ёзга келиб қовжираб қолмабди, Қора Ўзак ёки Қўнғирот туманларидаги «туз»лаб ётган ерлар каби.
Аммо дам олиш куни, яъни якшанба бўлгани сабаб, на мактабга, ва на биз боришимиз аниқ бўлган коллежга биз кутганчалик кўплаб тингловчи-ю томошабинлар…келмабди!
Аксарияти ёш бола «муҳлис»ларга, ўзларини тинчита-тинчита, сўзимизни айтиб, қўшиғимизни куйлаб…кўнгил тўлмай қайтдик.Аммо одатга айланган ҳисобот йиғинимиз — «Галаконцерт»га ҳар ҳолда тўпланибди одамлар.
Нега якшанба куни болаларни чақириб, айнан мактабда ёки коллежда ташкиллашди-я, учрашувни улар?
Пахта даласига, меҳнат майдонларига олиб боришса бўларди-ку!
Чўл пахтасининг терими авжида. Баҳонада биз ҳам ҳиссамизни қўшиб қайтармидик?..
Ахир шунча ҳаракат, мана бунча …ҳаражат билан пойтахтдан жўнатишган бизни. Маданият ва санъат, адабиёт намоёндаларининг вазифаси эл кўнглини кўтариш, кўнглидагини билиб олиб, қайта ва қайта кўтариш…
Юртимиз раҳбари одамлар ичига боринг, ичидагини билиб, ёрдам беринг, — деб бежиз айтмаяптилар. Айниқса адолат сўзини кўп ишлатадилар.
Одамларни ҳаётдан рози қилмасак адолатданмас, дейдилар…
Берунийнинг йўлида жойлашган Султон Увайс бобонинг мақбарасини зиёрат қилишга кириб негадир адолатни, ҳақни маёқ қилганларни Ҳақ умрини узу-ун қилсин, — деб дуо қилдим. Офтобнинг остида ётган яманлик авлиёнинг ҳаққа чақирганидандир бу, неча асрларки унинг қошига ҳақпарварларнинг оқиб келиши?..
Шу пайт ўн ёшлар чамасидаги болакай ёнимга келиб салом берди. Алик олиб, ибодатимни давом эттиришга чоғлансам, қўлини узатиб, кўришяпти, денг.
Сўнг дўсти, опаси, буваси…
Ҳуллас, эътибор бердим, Қорақалпоғистонда албатта қўлни қўлга бериб саломлашишар экан!
Душманни дўст қилиб, дўстни кўпайтирадиган бундай саломлашиш беалик қолмайди.
Қорақалпоғистон оби ҳавосига кўниб ва садоқатига кўндириб яшаётган қардошларимиз ариқларида сувлар айқириб оқсин. Дарахтлар қон томири оби ҳаёт сабаб, жизғанак қилувчи офтоблари соялансин, сойлари тўлиб, дарёлари мавжлансин.
Оролимиз эса ўзанини топиб, қумга чўккан кемалари харакатга тушсин!..
Ҳа, дарахт шохига қуш қўнса ҳам изли-қутли қўнсин, — дейишади. Қадамларимиз қутли келсин!
Қўлинг бер, қўлинг бер…
Қўллар туташди!
Энди биз дарёмиз,
Кўллар туташди!..
5. НИЯТ
Тахтакўпирнинг чекка қишлоғида яшайди бир гимнастикачи қиз.
Унинг меҳрибони, паноҳбони онаси бор ёлғиз..
Ягона ва биру бор — Аллоҳ мадаткори, ҳаловатли ҳамроҳи, тинимсиз машқ ва ҳалол меҳнатларининг нажоткори.
У қайсидир йили қайсидир танловда ғолиб бўлибди.
Гимнастикачи қизгинага катта беллашувда маҳорат ва малакасини кўрсатиш учун пойтахтга йўлланма берилибди.
Аммо хоким ажратган пул йўлкирасининг ярмига ҳам етмасмиш.
Нима қилиш керак?
Албатта, таваккал Аллоҳга!
Она телевизорини сотиб, йўл чиптасини олибди, музлатгичини сотиб, егуликка атаб, киссасига ақчасини солибди.
Буни қарангки, у биринчиликни олиб келибди. Туманнинг ғурурига, қорақалпоқ элининг фаҳрига айланибди!
Кечагина Тахиятош туманига айланган Хўжайлидаги педагогика билим юртида ҳам қўша — қўша ғолиблик нишонларини бўйнига тақиб олган ёшлар кўп экан.
Эшитишимча хоким бува ҳар бир спортчининг кунлик таомномасини текшириб турар экан. Шунинг учун Рустами достондек «штангист»лари дунё бўйича кучлиларнинг кучлиси сифатида олтинчи ўринда турганмиш!
Беиҳтиёр «харажат»ига пул тополмай юрган қанча-қанча тўп сурару, биттада «накаут» қилар мушт урарлари бор эди, дедим халқимнинг. Иқтидорлиларининг сараларига имкон яратайлик, токи, карислардан йиқилдик, араблардан қолиб кетдик… деб юрмай, эзилиб. Бунинг учун айтайлик, спортчисига ҳамма эътиборли бўлиши керак, Тахиятош хокимидек, «Сен ҳар куни икки кило гўшт еяпсанми?,-деб сўраб, олдига ўн тўрт кишининг таомини қўйиб!..
Ахир япон олими айтганидек, Ўзбекистон ҳар борада биринчи ўринга чиқиб олади, чунки унинг аёллари ичмайди, қизлари чекмайди.
Илоҳим, шундай бўлсин!

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
Я могу дать вам то, что есть у меня — КРЕПКИЙ И УПРУГИЙ ПОЗВОНОЧНИК!
Я подготовил для вас комплекс упражнений для укрепления тела, спины и позвоночника, который поможет уверенно укрепить все тело, избавиться от болей в спине, повысить подвижность и энергичность всего тела.
Нажмите на ссылку чтобы вступить в группу и не пропустить начало трансляции.
Узнайте, как попасть на урок здесь….
Также на нашем канале вы найдете дополнительные упражнения для укрепления спины, который уже сейчас находятся в свободном доступе в нашей группе.
Приходите к нам, подписывайтесь к группе и выполняйте все указанные рекомендации и тогда вы почувствуете новое состояние своего тела в котором нет места боли, слабости и печали.
https://cirbis.ru/fowey/
https://www.youtube.com/channel/UCLCL1iESQH5Vdt-HjS67V5g?view_as=subscriber