"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Абдулла Орипов шеърияти: Менсиз қолганингда чидайсан, болам…

Абдулла Орипов: “Онажоним – шеърият!”, Адабиёт, Муҳаррир танлови | 06/11/2020 00:19-     12811 марта ўқилди

АБДУЛЛА ОРИПОВ: “МЕНСИЗ ҚОЛГАНИНГДА ЧИДАЙСАН, БОЛАМ…”

Admin

Behruz Hayitov

 

ТУҒМА НОДОН

 

Баъзи суҳбатдошнинг ўй-фикри ғалат,

Яшириб ўтирмай, очиқ-ойдин дер:

– Бош вазир эканлар Навоий ҳазрат,

Нега шундай одам ёзиб юрган шеър?

 

Саволлар чулғайди уни галма-гал,

Мияси тўлади мубҳам тутунга:

– Бобур вазир эмас, шоҳ экан тугал,

Нима керак бўлган шеър ёзиш унга?

 

Бундай суҳбатдошдан асрасин Худо,

У туғма нодондир, аслини билсам.

Гар Ватан ҳақида сўз кетса ҳатто,

Қанча беради дер, ҳимоя қилсам.

 

БАХИЛЛИК

 

«Мен!» деб бонг урасан шому саҳарда,

Гўё ҳаққонийдек айтар сўзларинг.

Ҳаммани бир хилда кўрсанг агарда,

Тешилиб қоларми сенинг кўзларинг.

 

Йўлнинг чеккасида мажруҳ бир инсон,

Мадад сўраб турар сендан эҳтимол.

Мабодо узатсанг унга парча нон,

Қўлларинг майишиб, бўлармикан шол.

 

Қаршингда турибди ёш бир истеъдод,

Балки оламшумул бўлажак даҳо.

Бир оғиз сўз айтиб, берсанг гар имдод,

Тилларинг кесилиб қолгаймикан ё?

 

Бир сиймо илмнинг бўлмиш сардори,

Балли, эл-юртига олиб келмиш шон.

Сен уни қутласанг кўплар қатори,

Чиқиб кетармикан танангдаги жон.

 

Афсуски, яхшилар тортади кулфат,

Ёмонлар ғолибдир, ётар қалашиб.

Йўқдир бундайларда зарра фазилат,

Инсон номин олган улар адашиб.

 

ЧИДАЙСАН, БОЛАМ

 

Жисмимни кўтариб турибди тупроқ,

Ернинг устидаман, йўқ зарра нолам.

Ўзи чорлар бир кун бағрига, бироқ,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

 

Ҳай дунё, ўзингни бир пулга сотдинг,

Калава топдинг-у, учин йўқотдинг.

Мен каби охири ғафлатда қотдинг,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

 

Инсон эзгуликдан топгай фароғат,

Нима зарур унга зулму қабоҳат.

Кимдир уриштириб, қилгайдир роҳат,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

 

Ерни ҳам, кўкни ҳам айладим тавоф,

Лекин ҳеч биридан чиқмади жавоб.

Бўғзимда «Нега?”, деб қотди бир хитоб,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

 

Дунёга боқмадим мен асло ёвдек,

Гоҳо тўсса ҳамки йўлимни ғовдек.

Ҳар ҳолда, гаплашдик икки соқовдек,

Менсиз қолганингда чидайсан, болам.

 

Bosh sahifa

Ўхшаш мақолалар:

  1. Йўлчиман манзилим уфқдан нари Ложувард денгизнинг тубига яқин — Абдулла Орипов
  2. Абдулла Орипов ижодидан: Мен ёмон кўраман… (Эълон қилинмаган шеърлар)
  3. Абдулла Орипов: Қариндошу эл-юртдан аввал, Сен тўкасан аччиқ-аччиқ ёш…
  4. А.Орипов: Агар ота бўлсанг, сенга муносиб, Таянч, асо бўлиб турарман, халқим…
  5. Абдулла ОРИПОВ шеърияти: ОНА ҲАҚИДАГИ ШЕЪРЛАР…
  6. Ҳар олган нафасинг ўзи ибодат, Қалбингда яшайди пинҳон муҳаббат — А.Орипов
  7. Абдулла Орипов ижоди: Ўзбекистон — Ватаним маним…
  8. Абдулла Орипов: Мангулик… Ислом Каримов хотирасига
  9. А.Орипов: Фақат ҳаммасини Ёдимга солиб, Кўриндинг кўзимга — Ўзинг, Ҳанифам…
  10. Абдулла Орипов: Осмондан қарама, Ердан қарама, Одамдек назар сол сен бу диёрга.
  11. Абдулла Орипов: Лолазор қирларда чопа билмасман, Ахир у мен учун армон эмасми?
  12. Абдулла Орипов: КУРСДОШЛАРИМГА
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.