Алишер Айматли ижодидан: ШУҲРАТ АКА…
Шуҳрат ака
Мен Жиззахда ўқиб юрганимда хайработликларни каллакесарлар деб таърифлашарди. Шуҳрат ака айнан хайработлик. Лекин каллакесар эмас. Мақолакесар. Бўш мақола бўлса, бошдан-оёқ операция қилиб ташлайди. Ҳар қандай ёмон мақолани “одам” қилишга қодир. Етмишни қоралаб қолган бу инсон журналистиканинг ҳамма босқичини ўтаб бўлган. Ҳатто тепанинг об-ҳавосини ҳам яхши билади, у томонларда ҳам икки-уч йил ишлаб келган.
– «Қишлоқ ҳаёти”да ишлаганимда Аҳмаджон Мухторов бош муҳаррир бўлиб келди,- деган эди Шуҳрат ака. – У киши нафақат жасоратли журналист, балки нафис таъбли инсон ҳам эди. Унинг ўзи ҳам бир мухбирдан кам ёзмасди. Шунда биз Аҳмаджон аканинг мақолаларини кўп ўқирдик. Ёзганларимизда у яхши кўрадиган камёб сўзларни ишлатишга ҳаракат қилардик. Ҳатто бизда бу сўзларнинг рўйхати ҳам бор эди.
Мен Шуҳрат акани бир журналист сифатида билардим, аммо ўзини танимасдим. Президент девонида бир пайтлари журналистлар ўқуви ташкил қилинди. Ҳамма таҳририятдан вакиллар қатнашарди. Жабборовни мен илк бор ўшанда кўрганман. Семинар тугаб, охирида савол-жавоблар бўлганда, Шуҳрат ака берган саволлар семинар қатнашчиларининг кўпчилигини ҳайратга соларди. Дейлик, у айтардики, сиз фалон йили фалон йиғилишда бундай дегансиз. Бугун эса бошқача гапираяпсиз. Қайси бирига ишонайлик. Шунда кўпчилик домлалар каловланиб қоларди. Шуҳрат ака эса ўзининг тарихий хотиралари билан ҳаммани ҳайратга солишда давом этарди. Кўряпсизми, ўша даврдаги семинарда кўтарилган мавзулар эмас, Жабборовнинг чиқишлари эсда қолган. Лекторлар учун буям бир тажриба мактаби бўлар.
Ҳақиқатда ҳам, Жабборовнинг хотирасини ўрганиш бир неча докторлик диссертациясига лойиқ мавзу. Масалан, мен ўзимга Ҳукуматнинг бирор ўн йиллик ичидаги қарорлари керак бўлиб қолса, подшивкани варақлаб ўтирмайман, Шуҳрат акага айтсам, фалон йили, фалон числода, фалон газетада чиққан, дейди. Энди газетани олиб бемалол фойдаланаверинг. Ёки фалончининг тўйи қачон ўтган, десангиз, беш йил олдик кузда бўлганди, сиз машинанинг орқасида ўтиргандингиз, бирга бориб келдик, ёмғир ёғаётганди, рулда Фурқат Санаев эди, уч киши бўлганимиз учун икки лаган ош келди, бир лаган ошни сиз бир ўзингиз едингиз, дейди.
Шуҳрат аканинг танишлари жуда кўп. Деярли ҳар куни Шуҳрат ака билан ошга бориш мумкин. Шуҳрат ака ошга бормаган кунини кун ҳисобламайди. Аканинг уйи Дархонда жойлашган. Ҳар куни деразадан қарайман, дейди Шуҳрат ака, ошхонада ҳар куни ош. Ким ош бераяпти экан, нега мени айтмади, дейман.
Дарҳақиқат, биз тушликка чиқишни эсдан чиқариб қўямиз, Шуҳратга қойил қолиш керак, дейди Сафар Остонов, унинг саъй-ҳаракати билан жуда кўп ўртоқларимизнинг тўй ва маросимларига вақтида бориб келганмиз. Илгарилари эсимиздан чиқиб кетиб, кейин афсусланиб юрардик.
Шуҳрат аканинг таҳририятда ҳам тадбиркорлиги ва ташаббускорлиги билиниб турарди. Ёшларни жамоат ишларига жалб этиш, улар ўртасида ҳар хил турнирлар ўтказиш, тўй ва маросимларга оммавий сафарбарликни уюштириш, туғилган кунларни тантанали равишда ташкил қилиш каби масалаларни бир пасда ҳал қиларди, ҳеч қандай муаммога ўрин қолдирмасди. У бўлган жойда ҳамиша кулги, хушчақчақлик, латифалар авж оларди ва ҳозир ҳам шундай. Унинг юрагида бировга нисбатан заррача гина-кудурат бўлмаган. Бугун қайсидир мухбирни масъулиятсизлиги учун койиса, эртага у билан ёнма-ён ўтириб, овқатланиб кетаверарди. Шуҳрат аканинг танимаган “катта”си, билмаган арбоби йўқ. Нафақат билади, илгари қаерларда ишлаганлигини ҳам бирма-бир санаб беради, керак бўлса, бундан кейин қайси постларда ишлаши мумкинлигини ҳам башорат қилади. Шуларни ўйлар эканман, худо раҳмат қилгур навоийлик журналист Маҳмуд Мардиевни эсладим. Унда ҳам худди шундай қобилият бор эди. Ҳатто кулишлари ҳам ўхшайди. Бир кулса, портлаб куларди.
Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам ана шундай салоҳият соҳибидир.
– Мен Самарқандга борсам, баъзи тижоратчи синфдошларимни йилда бир кўрмайман,- дейди ёзувчи Ҳабиб Темиров. – Мабодо кўриб қолсам ҳам Шуҳрат акага салом айтинг, дейди. Бизлар тез-тез кўришиб турамиз, лекин даврани тараша ёқмасдан қиздирадиган одам, дейишади. Ҳалоли бўлсин!
Ҳа, бунақа эътирофларни мен ҳам бир неча бор эшитганман. “Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмасам!” Навоий ҳазратлари даврида ҳам шунақа салоҳиятли одам бўлганми, ёки келажакда мумкин бўлган инсонларга аталганми, ҳарқалай, рост гап. Шуҳрат ака ўзини ва ўз ўрнини топган одам!
Ҳозир баъзан ўйлаб қоламан. Биз қарийб ўн йил бирга ишлашдик, бўлим мудири бўлдим, масъул котиб бўлдим, бош муҳаррир ўринбосари бўлдим. Бизнинг орамизда конфликт бўлганми?Эслолмайман. Фақат у киши мендан бир марта жиддий хафа бўлганлигини биламан.
Вилоятларда “Халқ сўзи” кунлари ўтказилди. Бошқалар қатори мен ҳам 3-4 та вилоятда бўлдим. Учрашув тафсилотларини суратлари билан ёритдик. Эртаси куни эрталаб, менинг суратимни нега олиб ташладингиз, деди. Бундан менинг мутлақо хабарим йўқ эди. Ўзингизникини икки марта бердингиз, меникини олиб ташлабсиз, деди. Мен билмайман, мен кетгандан кейин бўлган ҳодиса бу, дедим. Хуллас, хафа бўлди – тушликкача, тушликдан кейин, тепада айтганимдай, ҳамма нарсани унутиб, ишга киришдик.
Дарвоқе, бу инсонни яна бир хафа қилганман. Лекин Шуҳрат ака менга ҳеч нарса демаган. Усмонов “Правда Востока”га ўтгандан кейин Жабборов “Халқ сўзи”га бош муҳаррир вазифасини бажарувчи бўлиб қолди. Шу пайтда мен ёшларни Кореяга ишга жўнатувчи идора ҳақида “Зирҳли қўрғон” деган кичик фельетон ёздим. Мақола газетага чиққач, катта шов-шув бўлди. Газетхонлардан жуда кўп мақолалар кела бошлади. Ҳатто мақола юзасидан Вазирлар Маҳкамаси қарор чиқарди ва газетани қўллаб-қувватлади. Шу орада менга баъзи идоралардан телефонлар бўлди, сиз бу ишга бекор аралашибсиз, у нарги идоранинг одами, зудлик билан бориб, ўша идора бошлиғининг мақоласини тайёрланг, мен тайинлаб қўяман, деб. Афсуски, мен ўз иродамга қарши бормаганман ва бормайман ҳам.
Демоқчиманки, газетадан тепанинг кўнгли тўлган бўлса керакки, Шуҳрат Жабборов яқинда бош муҳаррир бўлармиш, деган гап болалаб қолди. Шундай кунларнинг бирида мен Россия ва Ўзбекистон қўшма корхонасидан реклама материали тайёрладим. Корхона реклама учун таҳририят ҳисоб рақамига бир миллион сўм ўтказиб берди. Мақола чиққан куни тўполон бошланди. Шуҳрат ака билан икков ўша куни оқшом Вазирлар Маҳкамасига бордик. Шуҳрат ака ўзи кириб чиқди. Бош вазир ўринбосари А. Арипов Шуҳрат акага айтибдики, вазият оғир, тепадан топшириқ бўлган, муаллифга айтингки, чўчимасин, ҳаммаси жойига тушиб кетади, депти. Эртаси куни мени қоп-қора машина Бош прокуратурага олиб борди, мени у ерда ярим оқшомгача савол-сўроқ қилди. Кейин билишимча, қўшма корхонани прокуратура печатлаган, ҳаммасини тергов қилган. Хуллас, таҳририятга пул берган деган гап прокуратурага пора берган қабилида етиб борган. Ҳаммаси ҳал бўлгач, мени қўйворишди. Кейин реклама мақола тайёрламадим. Нимага шундай бўлди, ҳалигача тушунмайман. Тушунган бўлса, бир кун Шуҳрат ака айтиб берар.
Фақат шуни билдимки, Шуҳрат ака бош муҳаррир бўлармиш, деган гап шу ерда тамом бўлди. Агар мендан ўтган бўлса, Шуҳрат ака кечирар. Бир неча кундан кейин худди осмондан тушгандай Ўткир Раҳматов пайдо бўлди.
Шуҳрат аканинг нотиқлик санъати ҳам бор. Минбарга таклиф қилсангиз, икки соатлар чамаси одамларни оғзига қаратиб гапиради, жиддий гапларни ҳам латифага ўраб сўзлайди, одамларни зериктирмайди.
Менинг ичимда кимдир ўзимга савол беради:
– Шуҳрат Жабборовнинг ўтган асрнинг 70-80- йилларидаги жасорати қани? Унинг теша тегмаган услубдаги фельетонлари, таҳлилий материаллари қаерга кетди?
Ичимда яна бир овоз жавоб беради:
– Шуҳрат Жабборов амал отига мингандан кейин кўпчилик журналистлар қатори ёзмайди, одамларга ёзишни ўргатади.