Алишер Айматли ижодидан: ИКРОМ АКА… (Ёднома)
Икром ака
Журналистлар билан бирга ишламоқ журналистика эмас, улар ҳақда ҳикоя қила билиш санъати – журналистика!
Алишер Айматли.
Икром ака бизнинг акамиз эмас, ўртоғимиз эди. Биз унинг 72 ёшга кирганлигини энди эшитаяпмиз. У ўзини ҳеч қачон баланд тутмаган. Мартабаси улуғлигини, ёши катталигини писанда ҳам қилмаган.
Кетдик, десалар ҳеч ўйланмасдан, шу ёш болалар билан бораманми, деб мулоҳаза ҳам қилиб ўтирмасдан кетаверган.
Икром ака Аҳмаджон Мухторов даврида ишга қабул қилинган. Аҳмаджон ака Икром акани яхши кўрарди ва ишонарди. Нега?
Негаки Икром ака ёзганларини биров қалам теккизадиган қилиб ёзмасди. Қалами ҳар томонлама чархланган эди. У катта мақола бўладими ёки кичик ахборот бўладими, фарқи йўқ, жуда пишиқ қилиб ишларди. Шу жиҳатдан ҳаммага ўрнак бўларди.
Таҳририятда ишлаган борки, Икром аканинг чиғириғидан ўтган. Ўзининг иқтисодиёт бўлимидагилар эса тоғорада ийланган хамирдай силлиқ бўлиб чиқишади. Уларни яна қайта ишлаш зарурати бўлмайди. Шунинг учун бўлса керакки, Икром ака яхши деб билган одамларга унинг ён-атрофидагилар ҳам бошқача назар билан қарашарди. Бир куни ёшлардан бири ёнимга ҳовлиқиб келди:
– Сизни Икром ака ҳурмат қилар экан, Болиев яхши журналист деб айтди.
Икром ака ҳамма билан самимий кўришарди. Бировга қаттиқ гапирганини кўрган эмасман. Аммо бир-икки сафар билдимки, жаҳли чиқса ҳеч кимни аяб ўтирмас экан. Демак, унинг жаҳлини чиқарадиган иш қилмаслик керак экан. Унинг бош муҳаррирлар Анвар Жўрабоевга ҳам, Аббосхон Усмоновга ҳам “керак бўлса ол газетангни” деб кабинетидан чиқиб кетган пайтларига гувоҳман.
Катта энам кўп такрорларди: яхшининг елкасида бир боғ янтоғи ҳам бўлади, деб. Икром ака ҳам шундай эди, мақтов ҳам меъёридан ошиб кетса, ёқтирмасди, демак у мақтов эмас, кесатиққа айланади. Шунда унинг елкасига қоқаётган қўлга янтоқнинг тикони кирарди. Яна эсимда бор, Навоийга Мир Жалолиддиннинг тўйига бораётганда Самарқанд ва Навоий чегарасида автобусимизни ГАИ тўхтатди. Ҳайдовчимиз ҳадеганда келавермади. Шунда Икром ака сакраб туриб, пастга тушди ва инспекторни шунақа сўкдики, бу сўкишга нафақат илон, крокодил ҳам пўст ташларди. Инспектор ҳайдовчига ҳужжатларни қандай берганлигини билмай қолди. Автобус бир пасда жойидан қўзғалди. Шундан кейин мен мабодо бирор муаммо туғилиб қолса, Икром акага кўп ҳазиллашаман: ака, боринг, бир сўкиб келинг! Икром ака кулади, индамайди, сигаретни бостириб-бостириб тортади.
Менинг эллик ёшлик юбилейимда Икром ака таҳририят ходимлари учун пастда ош қилди. Мана салкам ўн беш йил бўлаяптики, менинг кичик ўғлим Хондамир ўша ошнинг таъми ҳали ҳам оғзимда қолган, дейди. Бошқа пайтлари чойхоналардаги гурунгларда ҳам Икром ака бош маслаҳатчи бўларди. Қанча одамлигини айт, дерди. Кейин керакли барча маҳсулотларни грамм-граммигача айтиб берарди. Чинакамига фарғонача ош қиларди.
Икром ака бошдан-оёқ иқтисодиёт бўлимини ҳеч кимга бермади. Бермади эмас, Икром ака бор пайти ҳеч ким бу бўлимга даъвогарлик қилолмасди. Чунки Икром Ўтбосаровда иқтисодиёт бўйича бир фан докторининг илми бор эди. У бу мавзу бўйича янгиликларни ҳам кўп ўқирди. Шу туфайли айрим олимлар ёзган ишларини Икром ака чиғириғидан ўтказиб олганлигидан хабарим бор. Иқтисодиёт бўйича газетада босилган саҳифа-саҳифа материалларда, уларда Икром аканинг имзоси бўладими-йўқми, албатта, Икром аканинг қони бўлиши, табиий. У бўлимдагиларга халақит бермаслиги учун мақолани олиб, таҳририят ошхонасида ишларди. Биринчидан, унга ҳеч ким халақит бермайди, иккинчидан, у ҳеч кимга халақит бермайди. Сабаби у жуда қаттиқ чекарди. Айниқса, мақолаларни таҳрир қилиш чоғида бир-икки соатда бир пачка сигаретни чекиб ташлаган вақтлари бўлган.
Абдулла Ориповнинг Ғафур Ғулом вафотидан кейин ёзган марсиясида, нега мен шу сатрларни тириклик чоғида ёзмадим, деб надомат қилган жойи бор. Мен-чи? Мен ҳам энди ёзаман, деган пайтимда совуқ хабарни эшитдим.
Икром аканинг маҳалласида ҳам, дўст-жўралари ўртасида ҳам, таҳририятда ҳам обрўси яхши эди. Фарзандларининг тўйларида қатнашганман, кеннойини ҳам яхши биламан. Фарзандлари ҳам мўмин-қобил.
Илойим, Икром аканинг охирати обод бўлсин. У тириклигидаёқ жаннати инсон эди. Охирати ҳам жаннати ризвонда бўлсин!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ