Алишер Айматли: ЖАЛОЛИДДИН АКА…
Жалолиддин ака
Биз ўтган асрнинг 90-йилларида ҳозирги газеталар биносининг учинчи қаватида ишлардик. Мен “Совет Ўзбекистони”, Жалолиддин ака “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарига ишга жойлашганмиз. Бу Навоий вилояти тугагандан кейинги йиллар эди. Навоийда биз бирга ишлашганмиз. Унга довур Жалолиддин ака вилоят ун маҳсулотлари комбинатида ишлаган. Адабиётга бўлган ихлоси туфайли таҳририятга келиб қолган. Бу ҳақда ўзи шундай ҳикоя қилади.
– Эркин Воҳидовнинг бир китобига тақриз ёзганман. Ўзимча уни қайта-қайта оқ қоғозга кўчириб, конвертга уч-тўртта марка ёпиштириб таҳририятга жўнатганман. Орадан бир ойлар ўтиб, газета маданият бўлими мудири Болиевдан мактуб олдим. Жўраларим ўртасида, маҳаллада фалончининг ўғлига редакциядан хат келибди, деган овоза тарқалди. Ҳеч ўзимга сиғмайман, қанот боғлаб учиб кетгим келади. Хатни олиб, қайта-қайта ўқийман, авайлаб ён чўнтагимда сақлайман. Бир кун мактабнинг олдидан ўтаётсам, ўқитувчимиз кўриб қолди ва мактаб ҳовлисига олиб кирди. Ўқувчилар ҳовлида нимагадир йиғилишган экан. Ўқитувчи
мени болаларга таништирди ва мактабимиз фахри, деб эълон қилди. Менга таҳририятдан хат келганлигини айтиб, ўқувчиларга ўқиб бер, деди. Мен тутила-тутила ўқий бошладим:
“Ҳурматли Жалолиддин Сатторович!
Сиз юборган тақриз билан танишиб чиқдик. Жуда самимий ва зукколик билан ёзилган. Газетага бўлган эътиборингиз учун катта раҳмат. Эркин Воҳидов мамлакат бўйича машҳур шоир. Бизнинг назаримизда, бу мақолани республика матбуотига, хусусан, “Ёшлик” журнали ёки “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига юборсангиз мақсадга мувофиқ. Самимий салом билан, газета маданият бўлими мудири Болиев”.
Қарсак бошланди. Мен уялганимдан ерга кириб кетай дейман. Кейин мактаб директори келиб ярим соат мен ҳақимда гапиради. Яна қарсаклар. Ўшанда таҳририятнинг кучини билдим. Эркин Воҳидовдан ҳам кўра ўзимни машҳур сеза бошладим. Эртага таҳририятга бориб мактуб учун миннатдорчилик билдиришга ҳамда маҳалла ва мактабдаги воқеаларни гапириб беришга аҳд қилдим. Таҳририятга борсам нима дейишимни, гапни нимадан бошлашимни ўйлаб бордим. Жалойирча шевада гапириб юбормайин деб, кўпгина гапларни ёдлаб олдим. Таҳририят биносига келиб, иккинчи қаватга кўтарилишим билан “Маданият бўлими” деган ёзувга кўзим тушди. Кўзим тушдию, оёғим қалтирай бошлади. Ўйлаб, ёдлаб келган гапларимнинг ҳаммаси эсимдан чиқди. Эшикнинг тирқишидан қарасам, ичкарида иккита моҳирўй ўтирипти. Эҳ, Болиевга маза экан, деб ўйладим, ичимда. Мен ун заводида тегирмоннинг чангини ютиб юрган эканман. Шу пайт кимдир келиб эшикни очди ва менга нима хизмат, деб сўради. Мен нима дейишни билмай, шошганимдан Болиевнинг олдига келгандим, дедим. Болиев бугун навбатчи, тушдан кейин келади, деди. Ичимда, э хайрияте, йўқ эканлар, дедим.
Бир-икки йилдан кейин у таҳририятга ишга келди. Тиришқоқлиги билан тезда кўзга тушди. Лекин у масъул котиб ўринбосари бўлганлиги учун умри босмахонада ўтарди. Иши ҳам, романлари ҳам ўша жойда кечган.
Исмат Худоёров деган валломат кўп ҳазиллашади: Дарвин жаноблари маймундан одам ясаганлари каби Болиев тегирмончидан журналист тайёрлаган, деб.
“Совет Ўзбекистони”да Мунира опа деган ажойиб журналист бўларди. Бир бўлимда ишлардик. Сизлар ака-уками, деб сўрарди, биздан. Чунки “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси билан ёнма-ён ишлардик. Жалолиддин ака ҳар ярим соатда мендан хабар оларди, гурунглашардик, чекишардик.
– Ҳа, дердим мен, — фақат она бошқа, мен онамга ўхшаганман, у отамга ўхшаган, қизларни яхши кўради.
– Ўзиям чиройли йигит,- дейди Мунира опа,- синглим бўлганида берардим.
Мен бир йил бўлмасдан “Халқ сўзи” газетасига ўтиб кетдим. Орадан 2-3 ой ўтиб, Азим Суюннинг бўлимида Жалолиддинни кўрдим. “Халқ сўзи”да унинг кўпқиррали фаолияти бошланди. Бу бўлимда у маънавиятга дахлдор кўплаб ўқишли материаллар эълон қилди. Тўғрисини айтганда, Азим Суюн катта шоир эди, катта арбоб эди, лекин катта журналист эмас эди. Бўлимнинг барча юки Жалолиддиннинг бўйнига тушди. Жалолиддин, яхшилаб ўқидингизми, дерди Азим Суюн (раҳматли) тахлам-тахлам тайёр мақолаларни қўлига оларкан, мен сизга ишонаман, дердию, ўқимасдан имзо чекарди.
Биз бир йилдан кўпроқ Навоийдан Тошкентга қатнадик. Биздан автобус ҳам, поезд ҳам, самолёт ҳам, йўловчи машиналар ҳам қолмаган. Ҳар икки ҳафтада уйга қатнардик. Гоҳ бирга, гоҳ алоҳида. Йўлда қизиқ ҳангомалар кўп бўлади. Жалолиддин ака бир-икки бор ухлаб қолиб, Бухорога ўтиб кетиб қолган. Бир марта самолётга мен брон қилган билетга кечикканим боис у учиб кетиб қолган. Шундай қилиб, бир-биримизга ёрдам бериб, бир-биримизни чув тушириб юрардик. Бир гал жамоа бўлиб Бахмалга бордик. Яхши дам олдик. Қайтишда анча кеч бўлиб қолган эди. Хаёлимга бир фикр келди.
Автобус ҳаммамизни йўл-йўлакай тушириб кетаётир. Жалолиддин ака тушар чоғи ҳамма билан бош ирғаб хайрлашди. Мен жойимдан туриб, у билан қучоқлаб хайрлашдим, у даставвал ҳайратланди, кейин хурсанд бўлди. Хайрлашаётиб, қизлардан олган бир жуфт зиракни чўнтагига солиб қўйдим. У ҳеч нарсани сезмади.
У уйига – еттинчи қаватга чиқиб, эшик тугмасини босади ва кута бошлайди. Шу пайт қўлларини чўнтагига солса, зирак! Лифтнинг эшиги гоҳ очилиб, гоҳ ёпилиб турган эди. Ўзини лифтга уради, шу пайт уйнинг эшиги очилиб, келин кўринади, лифтда нима қилаяпсиз, чиқинг, дейиши билан лифт юриб кетади. Худога шукур, дейди, Жалолиддин ака ва пастга тушиб, қоронғида зиракларни узоқ-узоқларга, қайтиб келмайдиган томонларга отади.
Буларнинг ҳаммаси, албатта, ҳазиллар эди. Зеро, ҳазиллар бу зерикарли ҳаётга зеб бериб турадиган, кайфиятни кўтарадиган, аммо кўнгилга тегмайдиган ҳаётий
стимуллардир.
Жалолиддин ака шу орада қаттиқ ишлади. Яхши-яхши мақолалар эълон қилди. Конкурсларда қатнашди, ғолиб бўлди. Энг муҳими, у журналистикани ҳар тарафлама ўзлаштириб олган. Жуда кўпчилик журналистикани мақола ёзишдан иборат деб билади. Газетанинг котибияти бутунлай бошқа олам. Уни билмаган одам тўлақонли журналист эмас. Шу боис у кейинги мустақил фаолиятида ҳам қийналмай ишлади.
У ижарама-ижара яшаб, иккита қиздан кейин ўғилли бўлди. Исми Жаҳонгир. Ўша ўғлини уйлантирганига ҳали бир ой ҳам бўлганича йўқ. Негадир Жаҳонгир бизни тўйига айтмади.
Тепадагилар яхши инсонни, меҳнаткаш кадрни дарров билишади. Дарров девонга чақириб олишди. У ерда ҳам ўзини кўрсатди. Ўша ердан “Фидокор” газетасига бош муҳаррир бўлиб ўтди. Партия газетасини ҳам қизиқарли қилиб чиқарди. Жамоага яхши журналистларни тўплади.
Хуллас, айни вақтда Жалолиддин ака “Севимли” телевизион каналини бошқармоқда. Тез орада телевизион эшиттиришлар структурасини ҳам эгаллаб олди. Ҳарқалай, мен шуни биламанки, унга ҳеч ким ёрдам берган эмас. У ўз кучи, ўз илми ва ўз муомаласи билан шу даражага эришди. Балки айримлар мен бўлмаганимда бу даражага эришолмасди, дейиши мумкин. Агар инсоннинг ўзида бўлмаса, улар биз ёрдам қилдик, аммо тортолмади, дейиши аниқ эди. Ҳеч кимни бировнинг тасаллисига зор қилмасин!
Жалолиддин Сатторовичнинг умр йўлдоши Роҳила бу гапни айтса арзийди. Ҳақиқатда ҳам, рўзғорнинг ҳамма юкини елкасига олиб, Жалолиддин акани давлат ишларига тўла сафарбар этган, оила ташвишларидан озод қилган аёлга таҳсинлар айтса арзийди. Демакки, Жалолиддин аканинг ҳамма муваффақиятларида Роҳила опамизнинг юз фоиз иштироки бор. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди!

Ассалому алайкум. Алишер ака, аввало ширин хотираларни эслатиб ва шунинг қаторида эътироф ва ҳурмат учун раҳмат. Мақола баҳонасида дўстларимиз, устозларимиз Сиз ва менга биладираётган самимий фикрлари учун ташаккур.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан