Алишер Айматли: Жоним тарк этади мени бир куни…
Туш
Жоним тарк этади мени бир куни,
Ҳатто хотиним ҳам билмай қолади.
Кейин тилларимнинг чиқмайди уни,
Мана шу кўзларим кулмай қолади.
Руҳим учмоқ бўлар зангор кўк сари,
Гуноҳларим қўймас уни бемалол.
Абдулла шоирнинг ўз шогирдлари,
Худди оёғидан тортгани мисол.
Келишар ошнолар мўмин ва ғариб,
Негадир уларнинг ёришмас таъби.
Муҳаммад Юсуфни жарга итариб,
Ҳеч нарса билмаган дўстлари каби.
Кўраман, юрибди ана шоҳ, миршаб,
Ноилож сукутда турибдилар тек.
Қанча одамларни ватандан ҳайдаб,
Бугун ҳеч нарсани билмаганидек.
Мен томон қўллар ҳам чўзилар минг-минг,
Гўёки меҳрини тутмайин дариғ,
Тожиддин Раззоқ ҳам Рауф Парпининг,
Барча қарзларини узгани янглиғ.
Қайси оқимдансан, келади ҳуриб,
Қўлларимга кишан тақади хушхол.
Исмат Хушев менинг соқолим кўриб,
Тарки дунёчи деб ўйлаган мисол.
Бобожон, туринг дер, неварам ногоҳ,
Бидиллар, лабига тегмайди лаби.
Уйғониб кетаман бегард, бегуноҳ,
Жилмайиб кўз очган чақалоқ каби.

Нима учун узоқларга кетганингизни билмасаканман?!..
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан