Дадахон Ёқубов: Финландияда дизайн таълими
Финландияда дизайн таълими
Бугунги кунда деярли дунёнинг барча мамлакатлари миллий ва саноат ишлаб чиқариш сиёсатини ташкил этишда таълим, фан, технология ва дизайн билан боғлиқ муаммоларга катта эътибор билан ёндошмоқда.
Кўплаб мамлакат ва худудлар ўзларининг бу борадаги дастурларини ишлаб чиққан. Бу дастурларнинг асоси бир бирига ўхшаш бўлиб, дизайнга, яъни лойиҳалаш маданиятига узлуксиз таълимни ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш, иқтисодий ўсиш, рақобатбардошликни таъминлаш, иш жойлари ташкил этиш ва бизнесни янада кенгайтириш ҳамда таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш қуроли сифатида ёндашилаётганини кўриш мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев таълим-тарбияга бағишланган видеоселектор йиғилишида аввало мактабларда ўқув юкламаси ва дарслар сонини қайта кўриб чиқиш, ўқувчиларни фақат ёдлашга эмас, балки фикрлашга чорлайдиган методика яратиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада Финляндия тажрибаси мисол қилиб келтирилди. Ушбу мамлакат умумий саводхонлик, табиий фанлар ва математика бўйича дунёда энг илғорлардан бири. Мактабда ўқитиш методикаси ўзгармаса, таълим сифати ҳам, мазмуни ҳам, муҳит ҳам ўзгармайди, деди Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат Финландиянинг таълим соҳасидаги ўзига хос тажрибаларини ўрганиш орқали бу мамлакатнинг таълим тизими ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари билан чамбарчас боғланганини тасаввур этамиз.
Финляндия иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатлар сирасига киради. Унинг ривожланишини таълим тизимига келиб тақалади. Мамлакатда дизайн, яъни лойиҳалаш маданияти омманинг мустақил равишда ўз билимлари ва тажрибаларини оширишда асосий омил бўлиб ҳизмат қилмоқда.
Фин дизайни тарихи XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошланади. 1870 йилларда миллий анъаналарни сақлаб қолиш ва саноат маҳсулотлари бадиий савиясини ошириш мақсадида Финландия бадиий – саноат жамияти, Бадиий саноат мактаби, Бадиий–Саноат музейи ва “Фин қўл меҳнати дўстлари” жамияти тузилади. Шу тариқа бадиий ижодиётнинг тармоғи ҳисобланган дизайн дунёга келади, унинг асосини эса миллий маданият анъаналари ташкил этади.
Финландияда дизайн соҳасига бўлган анъанавий муносабат мамлакат ҳукуматининг сиёсати ҳисобланиб, “миллий ўзигахослик кўрсатғичи” сифатида қаралади. Мамлакат ўз тарихининг мураккаб даврларида (ўтган асрнинг 20-30 йиллари ва уришдан кейинги даврда) архитектура, санъат ва дизайндан мадад қидирганлиги маълум.
Дизайндан миллий сиёсат қуроли сифатида аҳоли кундалик турмушини яхшилаш учун фойдаланилган. 1993 йили Финландия ҳукумати мамлакатни ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишларни белгилар экан, дунё бозорида юқори рақобатбардошлик белгиси сифатида дизайнга эътибор қаратади.
Дунё миқёсида фин дизайни етакчилигини таъминлаш, иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ниятида “Дизайн-2005” (Muotoilu-2005) давлат стратегик дастури ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Бу эса мамлакатда ишлаб чиқарилган товарларнинг ички ва ташқи бозордаги нуфузини таъминлаш имконини берди. Бу дастурнинг асосий мақсади қуйидагилардан иборат эди:
дизайн таълимини ривожлантириш;
дизайн соҳсидаги илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш;
фин компаниялари кенг қўллаши учун имтиёзлар беришни ҳисобга олган ҳолда дизайн хизматларини янада такомиллаштириш;
дизайнни миллий инновация тизимига интеграциялаш.1
2002 йили “Дизайн 2005” доирасида Миллий технология агентлиги томонидан “Шакл-2005” (“Muoto-2005”) дастури қабул қилинди. Унинг асосий мақсади халқаро миқёсда саноат дизайни аҳамиятини янада ошириш орқали фин корхоналари рақобатбардошлигини таъминлашдан иборат эди.
Технологик маҳсулотлар яратиш, ва дизайн борасида “ноу-хау”ни қўллаш, шу билан бирга дизайн амалиёти ва хизматларини халқаро даражага олиб чиқишга қаратилган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини қўллаб қувватлаш бош масала қилиб белгиланди. “Форма-2005” дастури бюджети 27 млн. еврони ташкил этди.
Дастур учун 18 лойиҳа танлаб олинди.Уларни рўёбга чиқаришда 13 университет ва тадқиқот ташкилоти, 60 компания ҳамда дизайнер бюроси иштирок этди. Дастур доирасида Финландия томони Чили, Аргентина, Янги Зеландия, Дания, АҚШ, Швеция, Норвегия, Буюкбритания, Эстония, Нидерландия, Исроил, Франция, Испания, Бразилия каби мамлакат дизайнерлари билан ҳамкорлик қилди.
Финландияда дизайнни вертикал бошқариш тизими мавжуд. Дизайн соҳасидаги барча таълим турларини ривожлантириш кўзда тутилган. Фундаментал университет, амалий политехника ва амалий ўрта таълим муассасалари ана шулар жумласидандир.
Дунёдаги энг нуфузли дизайнерлик мактабларидан бири Хельсинки санъат ва дизайн Университети саналади. Бу ўқув масканида 40 мамлакатдан келган 1600 талаба билим олади. Давлат томонидан Университет худудида ” Санъат, дизайн ва коммуникация воситалари шаҳри” ни бунёд этиш кўзда тутилган. Бу шаҳарда 15 минг киши яшайди, 200 та фирманинг маъмурий бинолари қад кўтаради. Хельсинки шаҳрида дизайн таълими бўйича қизиқарли машғулот ташкил этилди.
Финландиянинг уч олий ўқув юрти, яъни Технология Университети, Иқтисодиёт олий мактаби, Архитектура, дизайн ва санъат Университети талабаларини бирлаштириб, барча харакатларни жамлаб, креативлик университетини ташкил қилиш тажрибаси ўтказилди. Бир машғулот залига турли мутахассисликларга ўқиётган талабаларни, дизайнерлар, иқтисодчилар, мухандисларни тўплаб, уларнининг биргаликда билим олиши ва мулоқати учун чексиз имкониятлар яратиб берилди. Бу ерда келажакнинг универсал мутахассислари тайёрлана бошланди.
Тан олиш керак, фин дизайнерлари дунё анъаналарига кўр-кўрона эргашмайди, улар кўп соҳани ўзлаштирган мутахассислар етиштиришни ва миллий бренд ривожланишни афзал кўрадилар. Кейинги пайтларда фин дизайнерларининг шаҳарсозлик борасидаги ишлари бутун дунёда тан олинди. Шу билан биргаликда мамлакат дизайнини хақли равишда миллий хусусиятларга эга бўлган халқаро дизайн услуби деб атайдилар.
Дунёда Финландия қўлга киритган энг катта ютуқ уч кўринишга эга.
Биринчиси дизайн таълими, иккинчиси умумий таълим мактаблари, учинчиси эса буюмлар яратиш ва саноат дизайни борасидаги ютуқлардир. Бу дастурдаги энг муҳим йўналишдан бири дизайн соҳасидаги таълимни ривожлантириш саналади. Бу мамлакатда дизайн таълими борган сари техника ва бизнес бўйича билим бериш сари йўналтириляпти.
Финландия касб-техника таълими ўрта ва олий маълумот беришга мўлжалланган. Шу каби касб-ҳунар ўқув муассасасининг кўпчилиги маълум бир тармоқ учун фақат бир мутахассислик бўйича ўқитади. Замонавий техника воситаси билан жиҳозланган касбий билим юртларида 200 дан ортиқ фан йўналиши бўйича машғулот олиб борилади.
Фин мутахассисларини дунёнинг исталган жойда бажонидил ишга қабул қилади. Касб-техника таълими муассасаларидаги ўқиш икки йилдан олти йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Ўқув дастурига, албатта амалиёт киритилиши шарт. Ўқувчиларга имтиёзли банк ссудаси ва давлат нафақаси ажратилади. Ўқув юртларида таълим олиш бепул. Билим муассасаларининг ярми муниципалитет, учдан бири давлат ва қолгани хусусий шахсларга қарашлидир. Касб-техника ўқув муассасалари давлат ссуда маблағлари ҳисобига фаолият кўрсатади.
Дизайн соҳасидаги барча таълим турларини ривожлантириш назарда тутилади. Улар илмий университет, тажрибавий политехника ва амалий ўрта таълимдан иборат. Дизайн таълимининг стратегик масалаларига- илмий-тадқиқот ва концептуал прагнозлаш, лойиҳалаш методи бўйича мутахаасисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратади.
Бўлғувси мутахассис-дизайнерлар бозорни, ижтимоий муаммоларни, маданий инновация ривожини, дизайн-менежментни ўрганадилар. Финландияда дизайн бўйича 47 ўқув муассасаси таълим беради. Улардан 23 таси олий ўқув муассасаси саналади. Дизайн бўйича таълим берадиган олий ўқув даргоҳларидан энг каттаси Хельсинки санъат ва дизайн университети ҳисобланади. Унинг дизайн бўлимида 600 талаба билим олади ва 50 аспирант илмий изланишлар билан банд. Финландия таълим вазирлиги маълумотларига қараганда 2005-2010 йилларда 2500 нафар соҳа мутахассиси тайёрланган.
Улардан 37,5 фоизи саноат соҳаси дизайнерларидир.
Хельсинки шаҳрини дизайн таълими маркази деб аташлари бежиз эмас. Шаҳарда дизайн музейи ва ОАВлар ҳамда икки политехникум фаолият юргазади. Дизайнерлик дипломига эга бўлган мутахассисларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Мактаби 1995 йили Университет қошида ташкил этилган эди. Бугунги кунда у дизайн соҳасида 100 нафардан ортиқ фан номзодларини тайёрлади.
Helsinki Metropolia University of Applied Sciences / Хельсинки Метропролия амалий фанлар Университети ҳам ана шундай олийгоҳлардан бири саналади. Бу ерда эртанги кун маданият, бизнес, тиббиёт, ижтимоий ҳизмат ва технология мутахассислари тайёрланади.
Ўқув дастурлари:
- Факультетлар: бизнес, технология, дизайн.
- Мутахассисликлар: бизнес, менежмент, ахборот технологиялари, медиа инжиниринг, тўқимачилик дизайни, театр костюмлари дизайни, визуаль дизайн, график дизайн.
Ингилиз тилида олиб бориладиган дастурлар:
Бакалавриат:
- Европа бизнес— бошқаруви (European Business Administration)
- Европа менежменти (European Management)
- Халқаро бизнес ва логистика (International Business and Logistics)
- Қурилиш (Civil Engineering)
- Электроника (Electronics)
- Экотехнология (Environmental Engineering)
- Ахборот технологиялари (Information Technology)
- Медиа инжиниринг (Media Engineering)
Магистратура:
- Бизнес-информатика (Business Informatics)
- Тиббиёт бошқаруви (Health Business Management)
- Саноат менежменти (Industrial Management)
- Ахборот технологиялари (Information Technology)
- Фавқулотда ҳолатлар ва жонлантириш бўйича биринчи тиббий ёрдам ҳамшираси (Emergency and Critical Care Nursing).
Кириш имтиҳонлари:
- Бакалавриат: 18 ёш, ўрта маълумот ҳақидаги шаҳодатнома, TOEFL 83, IELTS 6.0., университет имтиҳони.
- Магистратура: олий маълумот, тансифнома, мақсад ҳақида баённома, иш тажрибаси, университет имтиҳони, TOEFL 92, IELTS 6.5.2
Саноат дизайни бўйича Халқаро кенгаш (Icsid) икки йилда бир маротаба дунё шаҳарларининг дизайн ечими бўйича кўрик танлов ўтказади.Ана шундай олий мукофотга Жанубий Кореянинг пойтахти Сеул шаҳри сазовор бўлган эди. Иккинчи сафар Италиянинг Турин шаҳри, 2012 йилда эса Финландиянинг пойтахти Хельсинки ана шу нуфузли мукофотни қўлга киритди.
2014 йилда “Дунё дизайни пойтахти” унвони Кейптаун шаҳрига берилди.
Хельсинки шаҳрининг бу мукофот совриндори бўлиши тарихига назар ташласак, кўрикда қатнашиш учун дунёдаги 40 шаҳар ариза берган эди. Финландия пойтахти саноат дизайнининг намунавий модели сифатида тан олинди. Шаҳар ижтимоий- иқтисодий ва маданий уйғунликда ривожланганлиги қайд этилди.
Стратегик дизайн ишламаларини яратишда кенг жамоатчилик қатнашди. Болалар муассасаларидан тортиб, амалдорларгача, талабалардан торитиб, хусусий тадбиркорларгача иштироқ этдилар.
Таклифлар 2011 йил давомида қабул қилинди. Уларнинг асосида “Хельсинки –дунё дизайни пойтахти 2012” дастурига тақдим этиш учун 300 та лойиҳа ишлаб чиқилди.
Маҳаллий аҳолининг фаоллиги туфайли дастур мавзулари ранг баранглик касб этди. Миллий саноатни ривожлантириш ва фуқаролар турмуш шароитини яхшилаш ниятида ҳомий компаниялар энг яхши лойиҳалар билан иштирок этди.3
2010 йили Хельсинки шаҳрида технология ва дизайн соҳасида мутахассислар тайёрлайдиган Аалто Университети очилди.
Санъат, дизайн ва архитектура олий мактаби–Аалто Университети санъат, дизайн, архитектура, аудиовизуаль коммуникация, тасвирий санъат ва эстетик таълим соҳасидаги Финландиянинг катта олий ўқув юртларидан биридир.
Университет учта олий ўқув юрти – Хельсинки Технология университети, Иқтисодиёт университети ва Санъат, дизайн ва архитектура институтларини бирлаштириш натижасида ташкил этилди.Уч соҳанинг бирлаштирилиши табиий фанлар билан ижтимоий фанлар ўртасидаги тўсиқни олиб ташлади.
Олий ўқув юртида тайёрланаётган мутахассисларнинг универсаллигини ва фикрлаш доираси кенглигини ҳамда бир нечта касбий йўналишларни билишини таъминлади. Бу эса дунё миқёсида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш шароитларини яратди.
Финландия дунёда иқтисодий жиҳатдан анча ривожланган давлат.
Аалто Университети ўзига хос ноёб ўқув масканидир. Бу ерда талабалар санъат, техника ва иқтисодиёт борасида билим оладилар, ўқиш машғулотлари ишмий тадқиқотларга қўшиб олиб борилади. Ўқишлар нафақат маъруза тарзида, балки вазиятларни ўрганиш билан боғлиқ амалий тарзда корхона ва цехларда ўтказилади, мутахассислар ўз тажриба ва малакалари билан ўртоқлашади.
Олийгоҳда мухандис, иқтисодий фанлар магистри, архитектор, ланшафт дизайнери ва санъат магистри дипломларини қўлга киритиш мумкин. Уч соҳанинг бирлаштирилиши таълим чегараларини олиб ташлайди.
Талаба шахсий ўқув дастурини ўзининг қизиқиши ва мақсадларига қараб режалаштириш имкониятига эга бўлади. Талабалар нафақат ўқиш соҳасида балки бўғувчи карьерасида ҳам муваффақиятга эришадилар. Уларнинг креативлиги ва танқидий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Ундан ташқари бу ерда учта соҳани санъат, техника ва иқтисодиётни бирлаштирган курслар ҳам мавжуд. Мисол учун, «Pack-Age» дизайн курсларида талабадан шоколад, қуруқ мева ва тақинчоқ учун бежирим ва пишиқ қадоқлаш буюмини яратиши талаб этилади.
Шу билан бирга курс давомида брединг, истеъмолчига мўлжалланган қадоқлаш буюми дизайнини лойиҳалаш кўзда тутилади. Шундай қилиб ишнинг муваффақиятини таъминлаш учун амалда барча соҳаларга мурожаат қилинади. Натижада дунёга келган маҳсулотда таълим жараёнида олинган амалий ва назарий билимлар ўз натижасини кўрсатади.4
Ҳозир Аалто Университетида олтита мактаб фаолият юргазади:
Санъат, Дизайн ва Архитектура мактаби 2012 йилда ташкил этилган.
Скандинавия мамлакатларида энг катта ва дунёда энг нуфузли ўқув маскани саналади. Мактабда дизайн, архитектура, рақамли медиа факультетлари мавжуд.
Кимё технологиялари мактаби энергия самарадорлиги жараёнлари, биоашёлар ва янги ашёлар, муқобил энергия манбалари, ҳамда янги дори-дармонларни яратиш соҳалари учун мутахассислар тайёрлайди.
Бизнес мактаби халқаро нуфузга эга бўлган Европадаги энг асосий бизнес мактабидир. У Скандинавияда бирданига учта: AACSB, AMBA ва EQUIS халқаро аккредитацияларига эга олий ўқув маскани саналади.
Электротехника мактаби анъанавий электроника, электротехника ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги тадқиқотлар билан биргаликда микро ва нонотехнология каби янги йўналишларда ҳам илмий изланишлар олиб боради.
Мухандислик мактаби иқлим ўзгариши, энергия сақланиши, табиат ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларида илмий-тадқиқот ишларини олиб боради.
Илмий мактаб фан ва технология соҳасига тадбиқ қилинадиган фундементал илмий тадқиқотлар билан шуғулланади. Улар орасида ҳисоблаш ва моделлаштириш методлари, ашёлар, ахборот ва компьютер технологияларинини ўрганиш ва тадқиқ этиш масалалари ўрин олган.
Жаҳондаги 200 та университетни қамраб олган халқаро тадқиқот натижаларига кўра Аалто Университети (Хельсинки) тез ривожланаётган ўқув юртлари бешталиги рўйҳатида киритилган. Текширув объекти сифатида олинган университетларда инновация ва тадбиркорлик бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрланган.
“Ёрқинлашиб бораётган юлдузлар” бешталигидан Окленд университети (Янги Зеландия), Мичиган университети (АҚШ), Қирол Абдулла номидаги илмий –технологик университет (Саудия Арабистони) ва Технион (Исроил).
Рейтингда биринчи ўринни Массачусетс технология институти (АҚШ), Стенфорд университети (АҚШ) ва Кембридж университети (Буюкбритания) эгаллаган.
Рейтинг Америка Массачусетс технология институти томонидан тузилган.5
Скандинавия мамлакатлари аҳоли фаровонлиги бўйича дунёдаги биринчи ўнталикка киради. Дунёда уларни ҳақли равишда “Дизайн мамлакатлари” деб аташади. Кейинги пайтларда Финландия ҳам барча соҳада “Мода мамлакатлари” сафига киришга интилди.
Мода ўзгарувчан бўлганлиги туфайли ҳамда кейинги пайтдаги технологияларнинг уйғунлашуви ва ривожланиши бунинг имконини бермади. Албатта, таълим ва фан ва бошқа ривожланиш кўрсаткичлари бўйича дунё мамлакатлари, айниқса ривожланган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, ижобий томонларини ҳаётимизга қўллаш биз учун заруратдир.
Аммо тараққиёт ўз жойида тўҳтаб турмайди.
“Учинчи Рениссанс” учун дунё тажрибаларидан фойдаланган ҳолда янги фан йўналишларини яратиш, бунда миллий, ҳудудий ва замонавий технологияларни ўрганиш ва кашф этиш орқали муваффақиятга эришиш мумкин.
Аммо ХХ1 асрда кашф этилган ва ихтиро қилинган ишламалар, янги технологияларнинг, айниқса Ахборот технологияларининг инсоният фаолиятида кенг қўлланиши, фикрий ғояларни моддийлаштириш билан боғлиқ бошқа технологияларнинг ва методларнинг тадбиқ этилиши, ақилли технологиялар ва сингуляр билимларнинг ривожланиши натижасида “лойиҳалаш маданияти–дизайн” атамасини “фаолият” атамасига ўзгартирилишини тақазо этмоқда.
Фан эса ФАОЛИЯТШУНОСЛИК деб номланиши мақсадга мувофиқ келади. Унда учта инсон фаолияти билан боғлиқ унвесаль йўналиш бирлаштирилиши назарда тутилади.
1. Лойиҳалаш маданияти, дизайн таълими, тарихи, назарияси, принциплари ҳамда уни ташкил этиш асослари.
2. Касбларнинг технологик асослари. Ахборот технологияларининг ривожланиши ва қўлланиш услублари. Бошқа технологик ишламалар.
3. Сингулярлик асослари. Кашфиёт ва ихтиролар яратишнинг тарихий зарурати, келажакни лойиҳалаш, инсон фаолиятини лойиҳалашнинг назарий асослари.
Шу ўринда янги ўқув предмети мақсадидан келиб чиқиб, назарий ва амалий натижаларни умумлаштириб, “ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” моҳиятини қуйидагича таърифлашни таклиф этамиз:
”ФАОЛИЯТШУНОСЛИК” –инсон фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методи демакдир”
Ушбу таърифимиз инсон фаолияти билан боғлиқ моддий ва маънавий оламни қамраб олади. Энди инсон маълум бир мақсадда ўз фаолиятини лойиҳалайди. Бунда инсон нарсалар оламини эмас, балки нарсалар олами муҳитини яратиш учун ўз фаолиятини лойиҳалашнинг технологик яхлидлик ва табиий уйғунлик методига мурожаат қилади.
Лойиҳалаш маданиятига эса таълим-тарбия туфайли эришилади. Фаолиятшунослик таълимининг моҳияти шундан келиб чиқади.
“Фаолиятшунослик” фани – инсон ҳаётий фаолиятини лойиҳалашнинг технологик жиҳатдан мақсадга мувофиқлик ва табиий уйғунлик методини ўрганиш ҳақидаги билимлар демакдир”.
Бу фанни методик фан йўналиши сифатида узулуксиз таълимнинг барча поғоналари, мактабгача, ўрта, олий ва академик йўналишларда мустақил равишда ўрганини талаб қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонуни талабларига монанд келади.
Давлатимиз раҳбари видеоселекторда таъкидлаганидек, дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиш ҳамда энг муҳими, бу жараёнларга педагогика йўналишидаги университет ва институтлар ҳам сафарбар қилиниб, педагог кадрлар тайёрлаш методикасини янгилаш, шунингдек, математика, физика, кимё, биология ва информатика фанлари бўйича чет эллардаги илғор дарсликлар чуқур ўрганиб чиқиш, ўғил-қизларнинг касбга қизиқишларини аниқлаш ва босқичма-босқич касбга йўналтириш амалиётини жорий қилиниш белгиланди.
Ҳудуддаги саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш корхоналари мактабларга бириктириш кўзда тутилади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда таълим тизимини комплекс ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш мақсадларига катта куч ва маблағлар йўналтирилмоқда.
Мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимлари, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятида сифат ўзгаришлари рўй бермоқда. Бу ишларда дунё тажрибаси, ҳусусан Финландия тажрибасини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Дадахон Ёқубов,
Ўзбекистон санъат арбоби
3 Иванова О. Хельсинки-лицо мирового дизайна. По материалам финской газеты «Kauppatie».
Журнал «Международная жизнь» 13.04.2012
4 .© 2010—2016 Фонтанка.FI