Танишинг — Сирожиддин Пўлат: Соҳиби Қудрат Ўзинг, Қувват ато этгил менга!!!
«Дунё ўзбеклари»дан:
Сирожиддин Пулат асли тожикистонлик.
Уфа давлат университетида ўқийди, филология факультети талабаси.
Бўш вақтларида хшигина шеърлар ҳам ёзади.
Бугун унинг ижодидан намуналар эълон қилдик.
Ўқиб, фикр қилиш Сизга, доно фикрингизга ҳавола…
Сирожиддин Пўлат шеърлари (2019- 2020 йиллар маҳсули) .
Илтижо
Соҳиби Қудрат Ўзинг,
Қувват ато этгил менга,
Ҳакими барча дардсан
Сиҳат ато этгил менга.
Қувгил юракдан ваҳмни
Осон битиргил заҳмни,
Табиблар тиғи остида
Журъат ато этгил менга.
Жоним санчар… оҳ дегум,
Минг бора Аллоҳ дегум,
Ўғилларим бахтин кўрай
Муҳлат ато этгил менга.
Ўттизимда ўтин бўб
Кул бўлмайин Раббано,
Марди майдон айлагил
Шўҳрат ато этгил менга.
Кўп истадим, кўп истадим,
Халқима тарёк эсам,
Хақ йўлингда энг аввало
Нусрат ато этгил менга.
Гоҳ дўсту душманимдан
Норизолар бўлмишам,
Барини кечирмишман
Раҳмат ато этгил менга.
Девон этай ашъорларим,
Қувонсин дўст, ёрларим,
Бу синовингдан ўтказ
Шиддат ато этгил менга.
Ҳақ каломинг, Дўст, Ҳабибинг,
Ҳурмати Аллоҳ, Аллоҳ,
Руҳу танга малҳуму
Шаффат ато этгил менга.
10.08.2020й.
Уфа шаҳри, 21 касалхона.
Билурмизми
Гуллар чиройин сўлганда билурмизми?
Дўстлар қадримизни ўлганда билурмизми?
Нечун бани Одам англамас Ҳақ амрини,
Ё иблис йўлдан уриб кўлганда билурмизми?
Нолаву зордан не наф вақт ўтса бесужуд,
Ёшлик шавқини пир бўлганда билурмизми?
Умр неъматлигин биз қачон англаюрмиз,
Лаззатин Жоми Жам тўлганда билурмизми?
Сирожиддин ўзлигинг англаш они етибди,
Аллоҳ уни бир баргдай юлганда билурмизми?
22.10.2020 йил, Уфа шаҳри,
студентлар шаҳарчаси
Сенинг
Эй Ватан соғинмишам
Ҳар неки боринг сенинг,
Ўпиб кўзимга суртсам кош,
Ҳар гулу хоринг сенинг.
Не гўзал юртлар кезиб
Сайру сафо этиб юргум,
Вале ҳеч сайру саёҳат
Босмас хуморинг сенинг.
Даҳри дунда Мир Алишер
Заҳираддин дод айлади,
Кўрмадим олам аро
Ҳеч бир безоринг сенинг.
Англадим ушбу умри
Кўтаҳимда Раббано,
Битган эркан манглайимга
Хусни нотакроринг сенинг.
Не ерда бўлсам мудом
Ўйлагайман эрта – кеч,
Кўтариб туғинг фалакка
Ҳифз этсам оринг сенинг.
Аллоҳ умрим этсин узун
Хизматинг этай бисёр,
Сўнгги орзуим маскан
Этсам мозоринг сенинг.
Сирожиддин ўғлингдирман
Виждоним бирла қасам,
Бахтлидирман бўлолсайдим,
Содиқ хизматкоринг сенинг.
Нафсим
Нафс деган упқон мани ӯлдуради,
Қалбим ичра хавасни тӯлдуради.
Не гузаллар бирла айш сургум келур,
Роҳи шайтон сори бас юрдуради.
Ўзидан айлаб жудо ҳар бандани,
Рӯзи маҳшар юзларин сӯлдуради.
Намруд улдур, фиръавн хам бир ӯзи,
Мисли Қорун шармисор қилдуради.
Воҳ улким измида қолса абад,
Холига маймунларни кулдуради.
Аҳриманлик касбидир амморанинг,
Замин узра тухми бад ундуради.
Аллох — Аллох Сенга қулман сақлагил,
Деб эдим нафс ëндику, гумбурлади!
Бугуннинг ғазали
Ким яшар бир бурда қотган нон деб,
Ким яшар лек ҳам шараф шон деб.
Ким яшар қултум сувдан маҳрум ўлиб,
Ким яшар барра гушту булён деб.
Ким яшар ҳасрат билан, кулфат билан,
Ким яшар майхурлигу жонон деб.
Ким яшар тинчлик тилаб Худодан,
Ким яшар ғавғо тилаб, қон деб.
Ким яшар халқ дардини дардим дея,
Ким яшар тўй, томошо, имкон деб.
Ким яшар орзу билан, уммед билан,
Ким яшар хаж этишни унвон деб.
Ким яшар хайру саховат учунким,
Ким яшар зарру зевар ҳар он деб.
Ким яшар урён танин ёпмоқ учун,
Ким яшар қасру кўшку айвон деб.
Ким яшар чиркин танин парваришлаб,
Ким яшар руҳин поклаб, Яздон деб.
Ким яшар ботилга ботиб бу кун,
Сирожиддин лек яшар иймон деб.
25.10.2020 Уфа ,
Дӯстлар
Душман тошидан ëрилса бошинг,
Оқмаси мумкин томчи кӯз ëшинг.
Қонлар жорий бӯлар, гоҳ селобалар,
Қалбингга санчса тиғ дӯст ë сирдошинг.
Нурли, қуëшли, чароғон дамлар ҳам,
Зулматга чӯкар, зим — зиë қоронғу…
Роббим сен танҳо айлагилки карам,
Банданинг ошига қӯшилмасин оғу.
Муҳаббат, севгисиз диллар порадир,
Душман ҳам, дӯст ҳам майли бор бӯлсин.
Инсон табиатнинг шоҳ асаридир,
Ким одам одамга мададкор бӯлсин.
Илоҳо бошлар ëрмасин ҳеч ким,
На душман, на дӯстдан кӯз ëш оқмасин.
Қарға – қарғанинг кӯзин чӯқимаслар,
Одам — одамга ҳеч ëмон боқмасин…
Дейман яна мен душман тошидан,
Оқмаси мумкин томчи кӯз ëшинг.
Қонлар жорий бӯлар, гоҳ селобалар,
Қалбингга санчса тиғ дӯст ë сирдошинг.
Боболар
Эшаев Қурбон бобом хотирасига
Йиллар ӯтсада, аср ӯтсада,
Янграгай кӯй, қӯшиқ наволар.
Сӯнмагай юлдузи самода,
Абадий тирикдир боболар!…
Фарзандим, ибрат ол улардан,
Ҳа, босган йӯллари қонлидир.
Эрк учун курашиб жон олиб,
Жон берган инсонлар шонлидир!
Босқинчи, ёвузлик, қиронлар,
Ер узра офатдир, кулфатдир.
Бетараф қараса кимдан – ким,
Хоиндир, нодонга улфатдир.
Кечириб бӯлмайди сотқинни,
Душманга кимдан – ким гул тутса.
ӯғлоним инсонмас ул кимса,
она юрт, Ватанни унутса!
Шарафли наслмиз ҳеч шаксиз,
Бизларни эркалар саболар.
Юрт учун курашиб жон олиб,
Жон берган бизларнинг боболар!…
Ватан
Ватан, тушларимда кӯраман сени,
Намоëн бӯласан гул, лола бӯлиб.
Оҳ , мен нақадар севаман сени,
Чун майни ëқтирган пиëла бӯлиб.
Ватан, тушларимда кӯраман сени,
Кӯзларим унгида бир қиз, жувондай.
Сингиб кетганман сенга бутунлай,
Сен балки синггансан юракка қондай.
Ватан, тушларимда кӯраман сени,
Отамдай улуғсан, онамдай сӯлим.
Сени синглимдай ëдга оламан,
Сени муҳаббатим деб эслаб юргум.
Ватан, тушларимда кӯраман сени,
Сен хотир дафтарим ëрқин саҳфаси.
Бориму оримсан юртим, маëғим,
Боболар мероси, отам тӯҳфаси.
Ватан, тушларимда кӯраман сени…
Сабр
Қалбим юлдузга тўла осмон эди,
Ўчиб бормоқда олислаб, милтираб.
Ёки гуллар очган бир бўстон эди,
Бугун тўкиляпди қуриб, ҳилпираб.
Ҳаётни севардим, мусаффо осмонда,
Булутлар чақишин ўйламасдим ҳеч.
Болалик, ёшлигим ўтди бир онда,
Куз …
Олтин куз…
Бўлди энди кеч…
Олов калбимда чўглар суняпди,
Ҳаёт, бу шунчаки бир матоҳ экан.
Кўнгил бу савдога охир кўняпди,
Ўттиз ёшим асли тешик, ямоқ экан…
Мен энди ўзимга тилайман сабр,
Яшаб ўтсак керак шону шуҳратсиз.
(Ахир шону шуҳрат бизга бир қабр)
Бу дунё ёлғончи, дунё фитратсиз.
Қалбим юлдузга тўла осмон эди…
****
Ойнингда нури тўкилар сим –сим,
Қуёш бобонинг нурлари сўнар.
Абади нима ҳам қолади, ё ким,
Аллоҳу Акбар!
Кўз очиб – юмганча ўтибди ҳаёт,
Қарасам ёнимда ҳисоб палласи.
Ўттизга кирибман о ҳайҳот,
Аллоҳу Акьар!
Излабман, сизлабман нокасни,
Отамни, онамни этмабман қадр.
Қулоқлар битибди, эшитмай сасни,
Аллоҳу Акбар!
Шоир бўлишни орзу қилибман,
(Шоир бўлмасингдан бурунроқ сен ўл!)
Ҳар не зотларни Худо билибман,
Аллоҳу Акбар!
Энди орзуим этмаклик сабр,
Бўлмасам дерман юртим гадоси.
Тегса бас қишлоғим адиридан бир қабр,
Аллоҳу Акбар!
Аллоҳу Акбар!
Аллоҳу Акбар!
Аллоҳу…
Рўмолингиз қани қизгина?
Боғ оралаб юрсангиз гуллар очар,
Тоғда оҳу уялиб сиздан қочар,
Қуёш кулиб бошингизга нур сочар,
Юрак айтар, юрак дейди ой юзгина,
Рўмолингиз қани, қани қизгина?
Бир боқишда сизга мафтун бўлибман,
Лайлидирсиз, мен-чи Мажнун бўлибман,
Сочингиздай ортингиздан юрибман,
Нима дейсиз бунга юзи қирмизгина,
Рўмолингиз қани, қани қизгина?
Хаёлларим сизга парвоз этади,
Сизни кўрсам кўнглим яшнаб кетади,
Сизни қучиш қачон насиб этади,
Сизни фақат, сизни деймиз бизгина,
Рўмолингиз қани, қани қизгина?
Сиз Кумушга ўрнак бўлар эдингиз,
Атлас кўйлак, рўмол билан билингиз,
Энди гўзал мен айтганни қилингиз,
Илтимосим яна сиздан бир сўзгана,
Рўмолингиз ёпиб юринг эй қизгина!…
Сочлар
Узун сочлар сиртмоқ бўлса майлига,
Қўлим унга тароқ бўлса майлига,
Ортидан зор, титроқ бўлсам майлига,
Узун сочинг, узун сочинг кесма ёр,
Юрагимни, юрагимни эзма ёр!
Узун – узун сочга дилим боғланар,
Бир чамандай кўрсам кўзим чоғланар,
Кессанг агар бори жоним доғланар,
Узун сочинг, узун сочинг кесма ёр,
Юрагимни, юрагимни эзма ёр!
Барчинойлар меросидир узун бўй,
Қирқта этиб ўриб юриш билиб қўй,
Кесар бўлсанг аввал дилим тилиб қўй,
Узун сочинг, узун сочинг кесма ёр,
Юрагимни, юрагимни эзма ёр!
Мовий кўзли, хилол қошли санамлар,
Сочинг кўриб этиб қолсин аламлар,
Мен танладим рози бўлсин дадамлар,
Узун сочинг, узун сочинг кесма ёр,
Юрагимни, юрагимни эзма ёр!
Ўзбекман
Тўқсон олти уруғи бор ўзбекман,
Дўрман, Лақай, Қарлуғи бор ўзбекман,
Гуллар очган қўриғи бор ўзбекман,
Оламда бир довруғи бор ўзбекман.
Мозийга боқ ёрқин юлдуз бизники,
Амир Темур, Улуғбек сиз, бизники,
Бобур босиб ўтган оёқ из бизники,
Навоийдек улуғи бор ўзбекман.
Широқлари орини сотган эмас,
Алпомиши тулпорини сотган эмас,
Қодир бахши торини сотган эмас,
Осмон қадар мен туғи бор ўзбекман.
Отабекдай Кумушига содиқ ёр,
Раъно каби Анварига вафодор,
Ота – бобо дуолари кўз тумор,
Юрагида ўт , чўғи бор ўзбекман.
Бухорони орзу қилар қанчалар,
Самарқанд деб интилади қанчалар,
Тирмиз хокин кўзга суртар барчалар,
Хорижда бир оғриғи бор ўзбекман.
Ўзбек элим сенга шараф шон бўлсин,
Шавкатларинг зиёси нурафшон бўлсин,
Бахтинг кулсин, душманларинг қон бўлсин,
Ҳар онингда қуллиғи бор ўзбекман.
1 – июн тонги
Каҳкашонда милт – милт ёнар бир юлдуз ночор,
Каҳкашонда унинг ҳам билинмас ўрни бор!
Каҳкашонда бу юлдузнинг орзулари кўпдир,
Қат – қатида дурру, инжулари кўпдир.
Каҳкашонда бу юлдузча сўнаятгани йўқ,
Ё бўлмаса битигига кўнаятгани йуқ.
У нурини таратмоқда милтираб бўлса ҳам,
Унга ўрин ато қилмиш Яратган Эгам!
Не – не ёруғ юлдузлар ўчиб борарлар,
Ўчганларин жойин албат шулар оларлар.
Миллиард йиллар ўтиб ўша митти, ёш,
Юлдузча не ажаб нур сочса чун қуёш.
Туркий элим
Еру Осмон ичра бир дона элим,
Олтин , ёқут каби дурдона элим,
Паҳлавоним, полвон, мардона элим,
Туркий элим, туркий элим, турк элим,
Аврупою Амрико сендан хавфда,
Ул араб , Чин, Осиё сендан хавфда,
Ҳинду Эрон, Россиё сендан хавфда,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Душманларинг кўп бу кун бирлаш энди,
Сен хоқон бўл, султон бўл, кураш энди,
Ярашмайди сочилиб яшаш энди,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Қирғиз, қозоқ, ўзбегу туркман дема,
Озару уйғур, башқир, турксан дема,
Тотор, чуваш, қумуқ яна бир неча,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Қир – адирга итларни ўрлатмагил,
Сулувларинг ғанимга хўрлатмагил,
Босқин элни ўзингдан тўрлатмагил,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Ром этгансан энг аввал тулпорларни,
Эгнингга қўндирган лочин, сорларни,
Бошини олгансан не киборларни,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Думбираю, тору қурай чалолган сен,
Оҳ, йиғлатиб дилни най чалолган сен,
Қубуз, карнай, ҳам сурнай чалолган сен,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Дунёни лол этар сен чизган нақшинг,
Санасам тугамас, шоир, олим, яхшинг,
Кўпайсин куйчи, жиловчи , бахшинг,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
Тилагим чароғон бўлсин йўлларинг,
Иноқ бўл, маҳкам тут, қўлларинг,
Кўпайсин Сирождай улларинг,
Туркий элим, туркий элим, турк элим.
23.10.2020 йил.
Синфдош қиз
(ҳазил шеър)
Ўн олтида эдик ўшанда,
Севишгандик мактаб чоғимиз.
Синфдош қиз чекка гўшада,
Бол тотганди илк дудоғимиз.
Ўн еттида афсус жудолик,
Орамиздан от солиб ўтди.
Бошқа битта бахти қаро лек,
Қўлларингдан қувониб тутди.
Аммоки ул йигит ҳам қолиб,
Бошқасига тегиб кетдинг сен.
Икки йигит кўнглини олиб,
Сўнгра бошин эгиб кетдинг сен.
Ўттиз ёшга кирибмиз букун,
Ҳали – ханўз ўшасан ишон.
Синфдош қиз тўртта эрга сен,
Тегиб – чиқдинг айтгин-чи қачон?
31.10. 2020,
Уфа, студентлар шахарчаси
Есаму ўлсам!
Канторга борсам
Ултирар бир кас.
«-Ассалом, раис»,
Чиқмагай ҳеч сас.
«- Хўш нима хизмат»,
Деб сўрамайди.
Ва ё мен томон,
Бир қарамайди.
Бу нима ҳолат,
Нима кўргулик?
Йиғлагинг келар,
Гоҳо кулгулик.
Мен англаб етдим,
Муддаосини.
Билиб ҳам олдим,
Дард – давосини.
Уни-да вирус
Асир қилибди.
Мансаб курсиси
Басир қилибди.
Фикрида бир ўй,
«- Ўзим бор бўлсам,
Ўзгалар ҳаққин
Есаму ўлсам!»
Докторга борсам
Оппоқ ҳалатда.
У кутиб олди,
Нохуш ҳолатда.
Сўнгра сўради:
«- Нима дардинг бор,
Ва ё нимадан
Чекасан озор?!»
Айта бошладим,
Бошидан сўзлаб.
Оғриқ жойимни
Кўрсатиб бўзлаб.
Бирор жойимни
Текширмади аммо.
Кастим, шимимни
Ечдирмади ё.
Табибда ахир
Ёзарди нелар?
Ўзи билару
Худойим билар.
Қўлимга қоғаз
Узатди ногоҳ.
Юрак тубидан
Сачради бир оҳ.
Юзтага яқин
Дармон битибди.
Ўзича мени
Ташхис этибди.
«Хизмати» учун
Ўн доллар бердим.
Ўзимча сўнгра
Ўйланиб дедим:
«Пулни олсаму
Бас, яйраб юрсам.
Не бўлса – бўлар
Есаму ўлсам!»
Бозорга борсам
Олиб сотарлар.
Бариси қўлдан
Ушлаб тортарлар.
Йўлим йўқотдим,
Ер чангиб қолди.
Кўзларим тиниб,
Бош гангиб қолди.
Алдоқчилар бари
Шу ерда экан.
Қароқчилар бари
Шу ерда экан.
Бирни устига
Ўн баробар сотар.
Баралла яна
Бақириб айтар.
« -Келинг олмага,
Олмама олма!
Олмай армонда
Яна қолманг-а!
Хурмою анор
Ўзимникидир.
Ананас банан
Қизимникидир!
Хосилни бари
Хўжалигимиздан
Ишлаган бунга
Жўжаларимиз ҳам.
Даллол дегани
Бир айёр тулки.
Фойда қидирган
Пир маккор тулки.
Сувнинг ўрнига
Қасам ичади.
Уятсиз ўлгур
Иштон ечади.
Хўроз товуқ ҳам
Олиб бўлмайди.
Олиб сотардан
Бахтинг кулмайди.
Хуллас бу ерда
Бир «ғоя» билсам:
«-Ўлжани тутиб
Есаму ўлсам!»
Гапни кўп чўзиб
Нима қиламан.
Қаерга борсам
Энди биламан.
« -Орттириб бойлик,
Ўйнасам – кулсам.
Беш кунлик дунё
Есаму ўлсам!».
Сирожиддин Пўлат,
Тожикистон Республикаси
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ