Холниса РАҲМОНҚУЛОВА: БОШҚА ҲАЁТ (ҳикоя)

(ҳикоя)
У яшил майсага беҳол чўкди. Юрагида аччиқ алам бор эди. Чўккалаган кўйи
гўё кўкка қараб ўкирмоқчи бўлаётган шердек бошини баланд кўтарди.
Осмонда оппоқ булутлар сузиб юрарди. Атрофига оғир жимлик чўкди. Йўқ,
унинг овози ҳам чиқмади, аммо азоб қотиб қолган қорачиқларида бир
қўрқинчли нола бор эди… У қанча пайт шу ҳолда ўтирганини билмади. “Жар
туби жуда қўрқинчли!”. Ўзига келганида хаёлидан ўтган биринчи ўй шу
бўлди. Бу тасаввурдан ҳатто аъзойи бадани титраб кетди. Кейин ўзига ўзи
тасалли берди. “Ҳаётдаги қийинчиликлар бунданда даҳшатли. Мана бу яшил
майса ҳам бугун ундан бахтлироқ бўлса керак… Манов парқу булутлар эса
бир бирига хиёнат қилмаса, унинг дўстларига ўхшаб сотмаса керак. Манов
осмон бағрига қанча юлдузни сиғдиради! Булутлар бир бирига қўл
узатаётгандек, обрў талашаётган, мансаб учун бир бирини ейдиган жирканч
собиқ танишларидан мутлақо фарқли! Бу тошлар тош бўлса ҳам, бир
бирининг ортидан отилмаса керак…. Чарчадим, тўйдим баридан!”
У гандираклаганча ўрнидан турди. Боши ғувиллар, кучли оғриқ турганди.
Аммо ҳамон аламли ўйлар уни тарк этмасди. “Бошқача яшай олмадим.
Умрим бўйи хатога йўл қўйдим…”. Агар бир бор имкон берилганда эди, у
ҳаммасини тузатган бўларди! Бошқача ҳаёт кечирган бўларди! “Ёмон
одамлардан йироқда бўлармидим! Энди иложим йўқ, яшашга кучим қолмади.
Ҳаммасига нуқта қўйиш керак!”.
Жарлик туби кўринмас, ниҳоятда қўрқинчли. Шу тобда унда фақат йўқ
бўлиш ва муттасил таъқиб қилаётган изтироблардан қутулишдек ягона истак
мавжуд эди. Ана шу кучли хоҳиш қўрқувни бир муддат бўлсада,
яқинлаштирмаётган эди. У кўзларини чирт юмдию пастга сакради…
Йигит бир муддат азоб чекаман, сўнг у дунёга осонгина рихлат қиламан деб
ўйлаганди. Йўқ, у кутгандек бўлмади. Кўзларини очганида тепасида ҳамон
кўм кўк осмон парқу булутлари билан унга қараб турарди. “Менга нима
бўлди?! Ахир ҳозиргина…”. У шошиб атрофга аланглади. Ҳаммаси ўша ўша
эди. У жарлик тепасида, яшил майсалар устида ётарди! Ахир…ҳозиргина
пастга сакраган эдику? Наҳот тирик қолди? Ёки сакрадим деб хаёл
қилганмиди?!. Сархушлик сабаб унга шундай туюлдимикин? Йигит икки уч
қадам ташладию яна тўхтади. Ортига, жарлик ёқасига кўз ташлади.
Кўзларини чирт юмгани ва сакрагани аниқ ёдида… “Ҳозир кучли оғриқ
бўлади, шунга чидасам бас…”, сўнг эса елкадаги ташвиш деган улкан харсанг
тошдан буткул халос бўламан, деган ўй миясини сира тарк этмади. У ҳавода
бироз муддат пастлаганини, кейин нафас олиши енгиллашганини эслади.
Қандайдир енгил ҳаво оқими келиб қўшилганини ҳам хотирлади. Нима,
буларнинг бари рўёмиди?!.
У ўзига келолмай гандираклаб уйи томон кетиб борарди. “Ақлдан
озяпманми?”. Йўл йўлакай ёқимсиз танишларига дуч кела бошлади. Битирув
кечасида гап талашиб, уришиб қолган синфдоши ҳам кўзга ташланди.
Синфдоши бўлса уни кўрар кўрмас, одатдагидек икки чақирим наридан
айланиб ўтмай, югуриб келиб, қучоқлаб олса бўладими!
-Ие, қаерларда юрибсан? Гап-гаштак емоқчимиз синфдош болалар билан,
сени ҳам қўшиб қўйдик, — катта иш қилгандек илжайди у. — Эрта кечга,
меникига! Кутаман!
“Нима? Қанақа гаштак? Ахир шу синфдоши эмасмиди, у кўнгил қўйган
қизни йўлдан уриб, тортиб олиб, яна гаштакка қўшмаймиз деб, бошқаларни
ҳам кўндирган?”
Синфдоши уни ҳангу манг қилиб, елкасига дўстона уриб қўйдию йўлида
ҳуштак чалиб давом этди. У турган жойида қотиб қолди. “Нима бўлди?
Нимадир ўзгардими?!”.
Йигит тез тез юриб кўча бошига етди. Бу ерда доим томорқага чиқиб,
ҳаммани қаҳрли нигоҳлари билан кузатиб ўтирадиган ёлғиз момо ўтирарди.
У бу кампирни жинидан баттар ёмон кўрар, баъзида ҳатто ўзини шошиб
ўтаётган қилиб кўрсатиб, салом бермай ҳам ўтиб кетарди. Чунки кампир ҳеч
кимнинг саломига алик олмасди. Уни кўриб момо жойидан бир қўзғалиб
қўйдию секин уйига кириб кета бошлади. Илгари…мактаб даврида кампир
шундай қиларди. Момо дарвозадан кираркан, унга қараб жилмайиб
қўйгандек бўлди! Унга шундай туюлдими ёки…? Нималар бўляпти ўзи?
Уйига остона ҳатлаб кираркан, ҳар доим ошхонада куймаланиб юриб, у
келганда бироз кечикиб эшик очадиган хотини эмас….бошқа биров
турганини кўриб, қотиб қолди. “Бу ….ахир… У бу ерда нима қилиб
юрибди?!.” Бу унинг синфдоши, етишолмай бир умр армон қилган қиз эди! У
енгил дуррача танғиган, қўлида ликопча билан пешвоз чиқиб турарди!
-Ассалому алайкум, дадажониси! Ишдан келиб жуда чарчадим, шунга
кўчадан овқат олиб келиб иситаётгандим…
Аёлунингбурнигааста бармоғинитеккизиб,-уришмайсиза…- деди
эркаланиб.
“А?…Ким …дадажониси?!”
Аёл таннозларча бурилиб ошхонага кириб кетди.
“Нима? Мен… менинг…хотиним?!”
У эшик кесакисига ҳолсизгина суяниб қолди. Чиндан мутлақо бошқа ҳаётга
тушиб қолганини шу тобда англамасди.
“Менга нима бўлди? Мен ўзгардимми ёки атрофимдаги олам ўзгардими?
Чиндан ақлдан оздимми? Балки бу у дунёдаги ҳаётиммикин?! Нималар
деяпман ўзи!”
У эшиги тагида қанча пайт ўтирганини билмади. Кимдир, ҳа, кимлигининг
унга мутлақо аҳамияти йўқ эди шу тобда, уни ичкарига чақиргач судралиб
уйига кириб кетгани ёдида қолди…кейин нималар бўлганини яна эслай
олмади… У буткул карахт ҳолатда эди, ўзини сира бошқаролмай қолганди.
Гўё кимдир унинг бошига улкан гурзи билан ургану сўнг ўзга оламга
келтириб ташлагандек…Бир икки кунлик карахтликдан сўнг ўзини
шифохонада кўрди, энди тақдир ҳукмига кўнмаса бўлмаслигини ҳис қилди.
Аммо у буткул бегона оламга кириб қолган, саросимада эди. Шу тахлит бир
ҳафта ўтди…
Ҳаётида имадир юз берганини ички бир шуур ила сезди. Кечалари юм юм
йиғлаб чиқарди, бу саргардонликдан уни халос қилишини ёлвориб худодан
сўрарди. Сўнг бир нуқтага тикилганча жимиб қолар, наҳот менга яна бир
имкон берилди, деб ўйлар, бироқ шунақаси ҳам бўладими, деб ўйлаб сира
ўйига етолмасди. “Йўқликни истагандим, саргардонликка ташладинг, бу
кимсасизликка дучор қилдинг! Мен энди ҳеч кимга ўхшаб қолдим!” дея
уввос соларди. Шу тахлит бир ой ўтди…
Янги ҳаётига, балки бошқа ҳаёти десак тўғри бўлар, кўникиб кетаман деб
сираям ўйламаган эди. У тез орада бу ҳаётига боши билан шўнғиб кетди!
Ҳатто бошқа ҳаёти унга ёқиб қолди, десак ҳам бўлар. Чунки бу ҳаётида у
тақдир сабаб, эришолмаган барча орзуларига эришган эди!
Ниҳоят, ишга қайтди. Ишхонасига ҳовлиқиб етиб бориб, баттар ҳайратга
тушди, ўзини йўқотиб қўйди.
-Ассалому алайкум хўжайин!
Уни жинидан баттар суймайдиган раҳбари кўзлари тўла меҳр билан таъзим
қилиб турарди! Ёнида эса ўринбосари ялтоқланиб, кўзлари шира босгандек
ялтираб, қўли кўксида турарди. Кечагина ҳаммани оёқ учида кўрсатадиган,
бировнинг меҳнатини қадрлашни билмайдиган бу одамлар бугун унинг
қаршисида эгилиб туришарди! Манави бўйи узун, шими калта аёл бўлса,
уни салкам бузғунчи ва жанжалкашга чиқариб қўйган, ҳозир эса ноз
карашма билан чой тутиб турарди! Сочини сап сариққа бўяб олган тўлагина
анув аёл кечагина унга томоғини йириб ноҳақ қанча бақирганди! Бунисичи?
Рангпар, ўз пишиқлигини ўзи кўтаролмайдиган, шамол ким томондан эсса,
шунинг пинжига тиқилувчи бу чаённинг урғочисичи? Қисиқ кўзлари ялтираб
тиржайиб турарди. Уни совуқ тер босди. “Нима унинг устидан
кулишяптими? Бу ерда ҳам нимадир ўзгардими? Қачон ўзгарди?”. У
ишхонада доимо уни суяб, қўллаб юрувчи бир дўстини топмади, холос.
Қолган ҳамма бор эди.
-Кечирасиз, мажлисга ходимлар тўпланишди, кирасизми?
Котибанинг гапидан ҳушёр тортди, аста ўрнидан турди. Мажлисда
ўринбосари раҳбарнинг лойиҳаси халқаро компаниялар эътирофига сазовор
бўлганини, яқинда яхшигина сармоя киритилиб, ҳамкорлик ишлари бошлаб
юборилишини маълум қилди.
Уйга келиб, туни билан ухлолмай, тўлғониб чиқди. У бу ҳаётда ўзи орзу
қилган ҳамма нарсага эришганди. Қанча изланди, илм йўлини тутди,
тадқиқотлари натижаси баъзи бир ғаламис ҳамкасблари томонидан йўққа
чиқарилди неча бор. Бу ерда эса… У бу воқеаларнинг ўзгаришини сираям
хоҳламасди. Бу ҳаётида у жуда бахтли эди!
Шу зайлда йиллар ўтди. У ўтган ҳаётидаги ҳамма хатоларини четлаб ўта
бошлади. Манави заҳил юзли қўшниси кучуги экинни пайҳон қилгани учун
битта кесак отиб ҳайдаганига роса жанжал кўтарган, бор будини шилиб
олганди. Бу сафар кучукни эҳтиёт бўлиб қувлаб чиқди, кесак отишга юраги
бетламади. Деразадан мўралаб турган қўшнисини кўриб, юраги нақ тўхтаб
қолай деди. Унга дўстона кулиб қўйди. Ҳозир жанжал бошланади, деб юрак
ҳовучлаб турганди, йўқ ҳартугул, чиқмади. Синфдошлари билан гап-
гаштакка борди, суҳбатлашиб кўнгли ёзилди. Ҳатто уларга совға кўтариб
борди, айниқса, ўша ғаламисга. Хуллас, ҳаммаси жойида, у ниҳоятда бахтиёр
эди!
Лекин аста-секин буларнинг бари нимаси биландир… унинг жонига тега
бошлади. Атрофини ўраб турган ходимларнинг сохталиги, дунёни тутиб
тургандек ваъз ўқишга уста кишилар, унинг соясига салом берувчилар, ҳатто
севиб уйланган хотини ҳам! Ҳа, айниқса у. Ҳамма томонини тилла босган,
қиммат кийимларга бурканиб юрувчи бу аёл билан ўз хотинини солиштира
бошлади. Аввалги ҳаётида у ночоргина яшарди, хотини эса уни доим кулиб
кутиб оларди. Улар гарчи кўп гаплашавермасада, муносабатлари илиқ,
самимий эди. Хотинининг ширин овқатлар қилиб, уни кутиб ўтириши ўзига
ҳам ёқарди. Ҳеч қачон ҳадеб у йўқ, бу йўқ деявермас, камини тўлдириб,
бўлмаса, борига қаноат қилиб яшайверарди. Бу эса…э ўша севгисининг ҳам!..
Юрагининг қаеридир симиллаб кетди. Дўсти қани? Уни кўп суриштирди,
ишхонада “бизда ундай одам умуман ишламаган”, дейишди, ахир улар бирга
ишлар эдику? Нега атрофида фақат сохта одамлар? Манави ўзини даҳо деб
сановчилар бунча кўп ичишади? Бунча оёқлари ер кўрмаган? Бу хотин бунча
молпараст? У қачон шундай бўлишни орзу қилганди? Ўзи ҳам аста секин
шуларга ўхшаб бораверадими?“.
Ҳаммаси унинг жонига тегди. Бир кун шундай бўлади деб ҳеч ўйламаган
экан! Шунда бошқа ҳаётни орзу қилганига пушаймон еди! Тақдирга тадбир
йўқ дейишгани шу эканда! Шу зайлда кетаверса, бир куни портлашини ўзи
ҳам сезди. Ўшанда жуда кеч бўлади! “Мен бошқа ҳаётимни ҳам эплай
олмадимми? Йўқ, бу ерда ҳаммаси жойида… фақат ўзим… бошқа
эканман…Мен қилган энг катта хато бу тақдиримдаги ҳаётни эмас, бошқа
ҳаётни орзу қилганим экан! Бизни яратган бизга қандай ҳаёт ато қилишни,
нималарга қурбимиз етишию етмаслигини ҳам билишини писанд қилмабман,
ўйлаб ҳам кўрмабман! Фақат ундан қочишни, норози бўлишни билибман!
Инсон табиати жуда ғалати қурилган. Ҳа, айнан қурилган, бино бўлган.
Менга бошқа ҳаётимда аслида сираям ўрин йўқ экан! Мен унда жуда ёмон
одам эканман! У ҳаётимда ўзим орзу қилганларимга интилсам, бошқа ҳаётни
эмас, яхши ҳаётни кўзласам бўлмасмиди?!. Афсус…”.
Йигит бошини чангаллаб, афсус ва надоматларга қоришиб ўтирарди. Умри
ўтиб кетганига ачинди. Яна бошқа ҳаётида ўтказган умрига юраги ачишди.
Агар шу алфозда ўтираверса, барча айбларни бўйнига, зиммасига ортмоқлаб
ўтираверса, мумдек эриб кетишини сезардию лекин ўзини қандай тутишни
билмасди. Иккинчи умрини шамолга совурганча кетиб бораётгандек, эриб
битаётган шамдек ҳис этарди ўзини…
Секин ўрнидан турди, уйидан чиқаёти бэкинини пайҳон қилаётган қўшни
кучукка кўзи тушди. Катта кесакни олдию ғазаб билан унга отди. Бу ерни
аллақачон ўзиники қилиб олган ит гангиб қолди, вовуллашни ҳам унутиб,
ўзини тешикка урди. У енгил нафас олиб, деразага қаради. Қўшниси кўзи
қинидан чиқиб кетгудек бўлиб қараб қолган, оғзи пастга нақ икки қаричча
осилиб қолганди.
У яна жарлик ёқасида эди. Тепасида кўк осмон, оқ булутлар… Оёғи тагида
яшил майса. Гўё бу ҳаёти унга кулиб боқаётгандек. Лекин юрагида катта
қора доғ бор.
“Энди бошқа имкон йўқ… Ўз ҳаётимга қайтишга йўл йўқ. Мен қаттиқ
адашдим, пушаймонман. Энди ўлимгина мени қутқаради!!!”. У кўзларини
чирт юмди, ўзини пастга отди…
Кўзларини очганида боши узра ўша кўк осмонни, парқу булутларни кўрди.
Сакраб ўрнидан турди. “Наҳот яна ўлмадим?!. Тақдирнинг ҳазили бунча
қаттиқ?! Мен кимман, менга нима бўлди ўзи? Энди умрим тугагунча бу
азобни ҳар кун ичаман шекилли…”. Қаттиқ қайғуга ботиб, уйи томон
бораркан, ҳозир яна ўша ҳаётга қайтишни асло истамасди. У оёғини аранг
судраб босар, худди йўқ одамдек йўлга сингиб борарди…
Эшик зулфинини истар истамас тортди, ичкаридан “ҳозир”, деган шикаста
ва майин овоз эшитилди. У ҳайратдан қотиб қолди. Ичкаридан таниш чеҳра
кўринди, “Ассалому алайкум, узр, дастурхон безаётгандим”, дея қўлида
капгир билан…ўз хотини айбдорона жилмайиб турарди! У беҳол эшик олдига
йиқилди. Хотини хавотир билан югуриб келди, у аёлини тинчлантириш учун
ҳадеб кулиб қўл силтар, кўзларидан эса аччиқ ёшлари тирқираб оқарди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА
17.06.2015
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан