Алишер Айматли ижодидан: МИХЛИ АКА
Михли ака
Михли аканинг чўнтагида кўп пул юрганини кўрмаганман. Йўл пули, овқат пули, яна бир-икки сўм.
Қизиғи шундаки, мабодо сизнинг пул излаётганингизни билиб қолса, менда ҳам бир-икки сўм бор, деб чўнтагини ковлайди.
Аслида бошқа журналистлар ҳам обод эмасу лекин мен бу ерда Михли аканинг сахийлиги ва одамохунлигини айтмоқчиман.
Аслида бу инсон ҳамма фарзандларини уйли-жойли қилган, ҳеч нарсадан ками йўқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, етмиш ёшгача ишлади, ҳозир пенсияда, пенсияни ҳам “зил”дай қилиб олади. Ҳалиям чол-кампир болаларига ёрдам бериб туради.
Бир куни Америкадан Михли акага телефон қилдим. Ҳол-аҳвол сўрадим ва менинг китобимни олдингизми, дедим. Ҳа, олдим, деди. Ва бироз паузадан кейин, “Китоб яхши эканку аммо кампирга бергандим, бир шеърингизни сизга атаб ёзибди шоир”, деяпти.
– У ерда ҳаммаси тўртликларку?
– Ҳа, мана буниси:
Сиз аёлни арра деманг,
Саҳал қаҳрга тўлса.
У аррага айланажак,
Ёнида тўнка бўлса!
Кулиб юбордим.
– Хафа бўлманг, Михли ака, бошқалар ҳам менга шундай деб телефон қилишмоқда.
– Демак, сиз мақсадга эришибсиз, баракалла!
Михли акани мен илгари эшитганману аммо билмасдим. “Халқ сўзи”га ўтгач ҳам ўз кабинетида хонанишин бўлиб ўтирарди. Тез орада яхши мақолалари билан танилди, летучкаларда бамаъни фикрлари билан кўзга ташланди. Салоҳиддин ака билан олдиндан таниш экан чоғи, беихтиёр бизнинг даврамизга ҳам кириб келди. Ҳазилни кўтарадиган, ҳазилга ҳазил билан жавоб берадиганлар хилидан экан. Тез орада “ўзимизники”га айланди-қолди. Менинг охурим кўтарилгунча, Сергели автобусида бирга қатнардик. Автобус ҳам яхши нарса, ишхонада гапириб бўлмайдиган нарсаларни ҳам бемалол мулоҳаза қилиш мумкин. Дейлик, бош муҳаррир ундай, муовини бундай деган гаплар. У одам борини гапиради, бировни ғийбат қилмайди. Мен Михли ака билан кўп ҳазиллашаман, шахмат ўйнаймиз, овқатга ҳам бирга тушамиз, хуллас, шундай бўлиб қолдики, бир-бировимизсиз зерикамиз. Баъзан ҳазиллашаман, Михли ака етмишга яқинлашаяпсиз, ҳалиям миқ этмайсиз, бир ёш, навқирон, ишга чанқоқ ходимнинг ўрнини эгаллаб ўтирибсиз, жойни қачон бўшатасиз?
– Э, ахмоқ бола, секинроқ гапиринг, биров эшитмасин,– дейди.
Михли ака етмишга кирса ҳам жуда ғайратли эди. Бир ишга шўнғиса, қаттиқ ишларди. Газета учун ажойиб, ўқишли материаллар тайёрларди. Кейин билсам, ака илмий иш билан ҳам анча шуғулланган экан. Шўролар даврида илмий иш қилиш жуда ҳам оғир бўлган. Кўпгина ёшларни унинг иқтисодий жиҳатлари чақиб ташлаган. Михли аканинг устози профессор Матёқуб Қўшжонов бўлган. Илмий иши салкам тайёр бўлганда, рўзғори ҳам катталашиб қолган, иқтисодий жиҳатдан қийналиб, журналистикага ўзини урган. Табиийки, бора-бора илмий ишдан ҳам кўнгли совиган. Ишдан зерикмаслиги ва чарчамаслиги ана шундан, вақтида яхши чиниққан, эскичасига айтганда, “ҳужра кўрган”.
Исмат Михли акага баъзан ҳазиллашиб қолади. Матёқуб Қўшжоновнинг иккита шогирди бор. Бири Михли ака, иккинчиси Маҳмуд Саъдий. Икковида ҳам бир фан докторининг билими бор. Иккаласи ҳам диссертация ёқлаш ўрнига домлага ақл ўргатади, йўл кўрсатади.
– Э, ахмоқ бола,- дейди Михли ака.
Михли ака Салоҳиддин ака билан тенгқур. Гапи ҳам яхши келишади. Бири бирини қаттиқ ҳурмат қилади. Аммо негадир Михли ака Салоҳиддин акадан бир-икки йил олдин пенсияга чиқди.
– Михли документини икки йил катта қилиб олган, йўқса иккаламиз тенгқурмиз,- дейди Салоҳиддин ака.
Демак, қачондир Михли аканинг ўзи гуллаб қўйган. Йўқса Салоҳиддин ака қайдан билади.
Автобусда кетаётганда Михли акага секингина гапираман:
– Михли ака, пенсияга яқинлашиб қолдик, бир-икки йил олдинроқ чиқишнинг иложи борми?
– Э, ахмоқ бола,- дейди ва дераза томон ўгирилиб олади.
Михли ака газетага кунлик мақолалардан ташқари кўпгина бадиий-публицистик асарлар ҳам яратди. Айниқса, ўтмишдаги дунё ва ўзбек алломалари, саркардалари ҳақидаги солномалар шулар жумласидандир. Эҳтимол, уларнинг барчаси битта рукн остида китоб бўлиб ҳам чиққандир. Чунки уларни нашриётга топширганлигидан хабарим бор.
Михли аканинг ёзувчи ва шоирлар, умуман, адабиёт арбоблари орасида ҳам обрўйи анча баланд эди. Кўпчилиги билан тенгқур, айримлари билан бирга ишлаган, айримларининг асарларига тақризлар ёзган, хуллас, улар Михли аканинг талантига алоҳида эътибор билан қарар эди. Абдулла Орипов ҳам, Эркин Воҳидов ҳам, Примқул Қодиров, Худойберди Тўхтабоев, Саъдулла Сиёев ҳам Михли акани тез-тез йўқлаб турарди. Биз уларнинг шахмат ўйнашига ва айни вақтда беназир суҳбатларига ташна эдик.
Михли ака бир ишласа, бош кўтармай ишлаши ҳақида гапириб ўтдик. Унинг яна бир одати бор эди. Агар ёзганлари сал ўзига манзур бўлмаса, аяб ўтирмасди. Саҳифа-саҳифа мақолаларни қайта ўқишда устига чизиб ёхуд йиртиб ташлар, қайтадан ёзарди. Биз эса, сиз бу туришда таҳририятни банкрот қиласиз, қаранг, қанча қоғознинг бошига етдингиз, деб ҳазиллашардик. У ўзиникига ҳам, ўзгалар материалига ҳам бир хил назар билан қарарди.
Шахматни яхши ўйнарди. Айниқса, Абдуҳошим Мадатов билан ўйнаган партияларига ярим таҳририят мухлислик қиларди. Ҳар доим шахматни олиб, стол устига тахларкан, Абдуҳошимни назарда тутиб:
– Анави бемазани чақиринглар, — дерди.
Бир куни таҳририятга Михли акани излаб раҳматли Саид Ахмад келган экан, бироз ўтиб, адиб билан Михли ака менинг хонамга кириб келди. Бир ҳикоя ёзган экан, мен ўқиб турдим, Саид Ахмад эшитиб турди ва керакли жойларини тузатди, сўнг хайр-хўшлашиб, пастга тушмоқчи бўлди. Бош муҳаррир котибаси Умида пастга кузатиб қўядиган бўлди ва қўлтиғидан ушлаб олди. Саид Ахмад котибага қараб:
– Маҳкамроқ ушла қизим, йўлда кампир-пампир чиқса, мени сендан тортиб олиб қўйиши мумкин,- дейди.
Гур этиб кулги кўтарилди.
Ҳа, ўша даврлар, чиндан ҳам, тарихий даврлар эди. Ҳозирги даврлар бўлганда эди, ҳаммасини расмга муҳрлаган бўларми эдик.
Исмат Худоёровнинг яна бир ҳазили бўларди.
– Михли ака,- дер эди у,- негадир сизнинг услубингиз билан катаконларнинг услубида қандайдир ўхшашлик бор, ё раҳбарларга яхши кўриниш учун атайлаб шунақа руҳда ёзасизми, бизга ҳам ўргатинг, — дер эди толмовсираб.
– Ҳа, бемаза болая, катталарнинг ишига аралашма,- дерди Михли ака.
Машинадан кўра автобусда келиш маза. Михли ака 58-автобусга мендан кўра 4-5 бекат олдинроқ ўтиради. Одам кўп. Бир амаллаб Михли ака ўтирган жойга яқинлашаман, бош ирғаб саломлашамиз. Йўл узоқ, гап топилаверади, гурунг давом этаверади. 3-4 бекатдан кейин Михли аканинг ёнида ўтирган йигит безовта бўла бошлайди, бироз ўтиб, менга жой бўшатади.
– Ўтираверинг, ҳечқиси йўқ, туриб кетавераман,- дейман унга ва қўшиб қўяман: ёнингиздаги одамга ўхшаб без бўлиб кетавермайсизми?
Йигит баттар қизаради, Михли ака эса нашъа қилиб кулади. Мен ўтиргандан кейин ҳам ўзини тутолмайди. То таҳририятга еткунча силкиниб-силкиниб кулади. Ёмон сўкдингиз, дейди.
Шунинг учун бир-биримизни излаймиз, гурунг туфайли йўлнинг узоқлиги ҳам билинмайди.
Мен ўша кунларни қўмсайман. Ўша пайтларда кун ҳеч ўтмагандай бўларди. Бизнинг энг яхши кунларимиз ўша кунлар экан. Тошкентга борсам, энг аввало, Михли акани, Салоҳиддин акани излайман, уларнинг суҳбатидан куч-қувват оламан, ўтган кунларни хотирлаш нақадар ёқимли!
Жалолиддинни соғинаман, Исматжонни кўргим келади, Ойбекжонни, Юсуфжонни қўмсайман, улар билан суҳбатимиз ҳеч қачон адо бўлмайди, эслашаверамиз-эслашаверамиз, гарчанд айрим воқеалар бот-бот қайтарилсада, ҳеч кимнинг меъдасига тегмайди, ҳеч ким бир-биридан хафа ҳам бўлмайди.
Шундай қилиб, Михли Сафаров ёзувчидан кўра зуккороқ, журналистдан кўра меҳнаткашроқ, олимдан кўра ақллироқ, одамдан кўра одамохунроқдир.

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан