Шусиз ҳам чирқираб ётибди дунё, Ўлса ўлибди-да битта Алишер…
Йиғлама
Мен ўлсам, хотинжон, йиғлама асло,
Ўғил-қизларингга куч бер, далда бер,
Шунсиз ҳам чирқираб ётибди дунё,
Ўлса ўлибдида битта Алишер.
Миллатнинг забардаст фарзандлари бор,
Эркин ака кетди – элнинг кўнгли тўқ.
Касал бўлиб ётди неча куз, баҳор,
Бирор кимса хабар олганича йўқ.
Ҳижратда жон берди Абдулла Ориф,
Шогирдлари тортди ўз оёғидан.
Яқинлашиб бўлар на дўст, на ҳариф,
Қуртлар оқиб ётмиш ки димоғидан.
Айтинг, не айби бор Омон аканинг,
Ҳақни қойиллатиб айтишдан бошқа.
Наҳот, чор тараф ғам, тўрт томонда мунг,
Эй замон, бошингни уравер тошга.
Бировлар йиғласа бировлар кулар,
Атайлаб синарлар бардошларини.
Ичдилар симириб неча ўн йиллар,
Ҳалима опанинг кўз ёшларини.
Юртда Истиқлолнинг офтоби отди,
Энди биров келиб ичмагай қонинг.
Аммо, ўн етти йил зиндонда ётди,
Эврил Турон деган адиб ўғлонинг.
Буни айтмасам ҳам биласан мўтти,
Менга кўзларингни қилаверма лўқ.
Ўзбекнинг забардаст боллари кетди,
Бирор кимса ҳали йиғлагани йўқ.
Дейдилар, юз йилда туғилар талант,
Миллат номи билан ўсар, баландлар.
Шуни ҳам эсингдан чиқарма, эй дўст,
Демакки, юз йилда ўлар талантлар.
Осмондан осилиб тушмади бир кас,
Шундоқ ёнимизда улғайди, ўсди.
Ахир, бирортаси бегона эмас,
Бировнинг ёридир, бировнинг дўсти.
Кўчага чиқади футболчи ютса,
Боксчиси урса байрам қилади.
Эркину Абдулла, Омони ўлса,
Ҳамма жим!
Шуниси алам қилади.
Мен ўлсам, хотинжон, йиғлама асло,
Ўғил-қизларингга куч бер, далда бер,
Шунсиз ҳам чирқираб ётибди дунё,
Ўлса ўлибдида битта Алишер.

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
Имон ҳайқириғи бу! Ким-кимларнингдир юзларига тортилган аччиқ тарсаки бу!!!
Rahmat, Alisher aka, ko‘p yashang.
Assalomu alaykum, ajoyib she’r! Suratingizni ko’rib xursand bo’ldim, Chunki yuzinguzdan hoji bobolarning nuri bor. So’g’ bo’ling, ijodingizga muvaffaqiyat tilayma.
Xudoyberdi ESHMANOV.