Тошкент шаҳар ИИББ журналист калтакланишига оид хабарга муносабат билдирди
Тошкент шаҳар ИИББ журналист Алишер Рўзиохуновнинг калтакланишига оид хабарга муносабат билдирди

Бугун журналист Алишер Рўзиохунов ўз телеграм каналида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг истеъфо беришини сўраганди. У ИИВ ходимларининг фуқароларни ҳақоратлаб, калтаклашлари ҳали ҳам давом этаётганини билдирган.
“Вазир Бобожонов, илтимос истеъфо беринг, негаки сизнинг ходимларингиз фуқароларни ҳақоратлаб, калтаклашда давом этяпти. Сиз тизимни ўзгартира олмаяпсиз” — деб ёзади журналист.
Тошкент шаҳар ишки ишлар бош бошқармаси журналист билан содир этилган ҳолат юзасидан муносабат билдирди:
“Ижтимоий тармоқларда Кун.уз интернет нашри журналисти Алишер Рўзиохунов 22 дан 23 октябрга ўтар кечаси ички ишлар органлари ходимлари томонидан калтакланганлиги хақида маълумотлар тарқалмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур маълумот ўрганиб чиқилиб, воқеада иштирок этган барча ходимларнинг ҳамда фуқаро А.Рўзиохуновнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Шу ўринда барча фуқароларимиздан, блогер ва журналистлардан, ўз мавқеини рўкач қилиб ички ишлар органлари ходимларининг ишларига халақит бермасликларини, ижтимоий тармоқларда ўзи билан содир бўлган воқеаларни бузиб талқин этиб оммага номойиш қилмасликларини сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Шундан сўнг Алишер Рўзиохунов ўз саҳифасида яна бир бор ўз фикрини билдирди ва хусусан шундай ёзади:
Тошкент шаҳар ИИББ мен билан юз берган ҳолат бўйича барча томон ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилади, деб айтяпти-ю, аввалдан хулосани ҳам тақдим этяпти. Демак, мен содир бўлган воқеани бузиб талқин этганман?! Мен мазкур ҳолатда ИИБ ходимларига бирор марта журналист эканим рўкач қилмадим, ишхонам тилга олинмади ва ўзимни оддий ҳайдовчи сифатида тутдим. Шаҳар ИИББ муносабати, текшируви қандай якунланишини башорат қилиб ўтирмайман, барча гап очиқ-ойдин ёзилган.
Холислик учун айтаманки, бу ҳолат ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги муносабат сифатида кўрилиши лозим.
Тўғри, агар журналистлигим, масалани жамоатчилик эътиборига ҳавола этишим мумкинлигини ходимлар англамаганда, вазият жиддий тус оларди, деб ҳисоблайман.